1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Биринчи мусулмонлар

20:43 / 19.12.2017 8808 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломга биринчи бўлиб Хадийжа онамиз кирдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари бўлиш билан бирга, Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи иймон келтириш шарафига ҳам муяссар бўлдилар. Шу билан бирга, иймон йўлида улкан хизматлар ҳам қилдилар.

Ёшлардан биринчи бўлиб Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу иймонга келдилар. У киши ўша пайтда ўн ёшда эдилар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг оталари Абу Толиб қийналиб қолгани учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўз қарамоғларига олган эдилар.

Кейин Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу иймонга келдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуллари эди. Аммо у зот уни озод қилиб, ўғил тутган эдилар.

Катта кишилардан биринчи бўлиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу иймонга келдилар. У киши Қурайш қабиласида катта обрўга эга эдилар. Ўткир ақллари, мурувватлари, адолатлари ва бошқа олий сифатлари учун кўпчилик ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуни яхши кўрар ва ҳурмат қилар эди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзлари иймонга келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима иш қилиш кераклигини сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам «Одамларни Исломга даъват қил», дедилар. 

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг дастлабки даъвати самараси ўлароқ, ўша пайтда Қурайшнинг ашрофларидан бўлган, кейинчалик саҳобаларнинг улуғларига айланган ва жаннатга киришларига башорат берилган ўн кишининг бешталари – Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос ва Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳум иймонга келдилар. 

Яширин равишда олиб борилаётган даъват таъсирида аста-секин бошқалар ҳам Исломга кира бошладилар. 

Дастлабки мусулмонлар ичида Абу Убайда ибн Жарроҳ, Арқам ибн Абу Арқам, Усмон ибн Мазъун, Убайда ибн Ҳорис, Саъийд ибн Зайд, Хаббоб ибн Артт, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Аммор ибн Ясир, Суҳайб Румий каби эркаклар ва бир неча аёллар бор эди.

Дастлабки мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан яширин равишда учрашар эдилар. Улардан бирор киши ибодат қилмоқчи бўлса ҳам, ҳеч ким кўрмайдиган пана жойга беркиниб олиб, ибодат қилар эди.

Мусулмонларнинг сони секинлик билан кўпа­йиб борди. Уларнинг адади ўттизтача эркак ва аёлдан иборат бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арқам ибн Абу Арқам розияллоҳу анҳунинг уйларида йиғилишлар ўтказишга амр қилдилар. У зот мусулмонлар билан ўша ерда сирли равишда учрашар, керакли таълим-тарбиялар берар эдилар. Орадан маълум вақт ўтиб, мусулмонларнинг сони қирқтачага етди.

Биринчи мусулмонлар ичида турли тоифадаги эркак ва аёллар бор эди. Кўпчилиги асосан, ёшлардан иборат бўлган бу мусулмонлар ичида обрўли бойлар ҳам, камбағаллар ҳам, араблар ҳам, араб бўлмаганлар ҳам, аслзода қурайшликлар ҳам, би­ровнинг қули бўлганлар ҳам, осиёликлар ҳам, овруполиклар ҳам, африқоликлар ҳам бор эди. Бундан Ислом барчанинг дини, тенглик дини, биродарлик дини, адолат дини, инсонпарвар дин эканлиги кўриниб турарди.

Муҳаққиқ уламоларимиз ўша пайтларда мусулмонларга икки маҳал, икки ракъатдан намоз ўқиш фарз бўлганини таъкидлайдилар. Бунга улар «Fофир» сурасидаги «Эртаю кеч Роббингга ҳамд ила тасбиҳ айт» оятини далил қиладилар. 

Шунингдек, Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қилинган «Аввалда намоз икки ракъат-икки ракъат фарз қилинган эди. Кейинчалик сафарда шу бўйича қолдирилиб, ҳозир бўлганда яна икки ра­къат зиёда қилинди», деган маънодаги ривоят ҳам бор.

Ҳар бир мусулмон қуёш чиқишидан олдин икки ракъат, қуёш ботишидан олдин икки ракъат фарз намоз ўқир эди. Нафл намозни эса хоҳлаган вақтида хоҳлаганича ўқийверарди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломга одамларни уч йил давомида яширинча даъват қилдилар. Мусулмонлар бу муддат ичида ўз иймонларини кофирлардан беркитиш учун барча чораларни кўрар эдилар. Уч йилдан сўнг, янги мусулмонларнинг иймони сайқал топиб бўлганидан кейин Исломга ошкора даъват қилиш фурсати етди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ҳаё, сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади. Бошқача қилиб айтганда, .Ҳаё айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб, ўзини паст олиш ва ўзгаришдир,.Уламолар ҳаёни давоми...

5286 20:44 / 09.05.2017
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар Кишилар ўзаро муносабатда мулойим сўз, очиқ юзли бўлиши керак. Яхшига ҳам, ёмонга ҳам, бидъатчига ҳам, суннатга давоми...

1907 09:10 / 07 январь
2007 йилда Сурияда Қуръони Каримнинг энг катта нусхасини ёзган яманлик хаттот Заки алҲошимий Ислом маданияти ва санъати марказларининг нуфузли мукофотларига давоми...

1525 09:10 / 23.12.2021
Бу дунёда ҳаёт кечирар эканмиз, ўзимиз учун энг суюкли инсонларни намунаибрат қилиб оламиз ва уларга ўхшашга ҳаракат қиламиз. Аммо шуни таъкидлаш лозимки, биз давоми...

10295 16:44 / 30.09.2017