1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Жаҳон майдонида буюк ватандошимиз эътирофи

09:49 / 23.09.2017 4348 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинким, буюк алломалар юрти бўлмиш жаннатмакон Ватанимизнинг дунё ҳамжамиятида тутган ўрни тобора юксалиб бормоқда. Чорак асрки, халқимиз инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшган аждодларига муносиб авлод бўлиш йўлида, бунёдкорлик ва тараққиёт йўлида дадил қадам ташлаб бормоқда. Эндиликда қадим ва навқирон Мовароуннаҳр диёрида яна ўзликка қайтиш, қадриятларни тиклаш шамоллари эсиб, муқаддас динимизнинг шиорлари баралла айтилмоқда, юртимиз раҳбари халқаро майдонларда сўзларини меҳрибон ва раҳмли Роббимизнинг исми билан, исломий салом билан бошламоқдалар, юксак минбарлардан туриб дунё халқларига ояти карималардан, ҳадиси шарифлардан истишҳод келтирмоқдалар. Зеро, мўмин-мусулмонлар ҳар бир муҳим амални доимо «Бисмиллаҳ» билан бошлайдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эътиборли ҳар бир иш «Бисмиллаҳ» билан бошланмас экан, унинг охири кесикдир», деганлар.

Куни кеча ватанимизнинг Ислом оламидаги, жаҳон ҳамжамиятидаги асл мавқеи тикланаётганига, жаҳон миқёсидаги нуфузи ортиб бораётганига ёрқин мисол бўла олувчи яна бир муҳим тарихий воқеанинг шоҳиди бўлдик – юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-мажлисида нутқ сўзладилар.

Бу тарихий нутқ Ватанимизда олиб борилаётган чуқур ислоҳотларнинг, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатларнинг ўзига хос сарҳисоби бўлди. Бу хайрли ишларнинг «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган шиор остида олиб борилаётгани, 2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилингани, янгиланиш жараёнларининг ҳаракатлар дастури белгилаб олингани, Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан тўла ҳамоҳанг эканини таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари нафақат минтақамиз миқёсида, балки дунё миқёсидаги муаммоларни, жумладан, Орол муаммосини, Афғонистон муаммосини кўтардилар, биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифа тинч-осойишта, иқтисодий тараққий этган Марказий Осиё эканини, Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори эканини айтдилар, ушбу ғоят нозик масала бўйича ўтган йигирма олти йил давомида биринчи марта ижобий натижаларга эришилганини, шу қисқа вақт мобайнида минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратишга эришилганини айтиб ўтдилар.

Аммо энг муҳими, юртбошимиз ушбу юксак минбардан туриб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарихида биринчи бор жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл моҳиятини баралла эълон қилдилар, мусулмонларнинг, хусусан, улуғ алломаларимизнинг Ислом равнақига, жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида таъкидладилар. Айниқса, буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳ ҳамда у зот тўплаган, Ислом оламида Қуръони Каримдан кейинги иккинчи мўътабар масдар деб эътироф қилинган «Саҳиҳи Бухорий»нинг зикр қилиниши сўнгги юз йилликдаги дунё тарихида улкан воқеа бўлди.

Президентимиз сўзларида давом этиб, улуғ алломаларимизнинг бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, Ислом таълимотини кенг ёйиш мақсадида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази каби зиё масканлари ташкил этилганини маълум қилдилар, айни пайтда, муқаддас динимизни унга мутлақо ёт бўлган тушунчалар билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаб, улар билан ҳеч қачон муроса қилинмаслигини айтиб ўтдилар. Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишга хизмат қиладиган «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф қилдилар. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, мусулмонлар ва барча дин вакилларининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган.

Юртбошимиз жаҳон миқёсидаги яна бир муҳим масала – ёш авлод тарбияси масаласини кўтардилар, инсониятнинг эртанги куни, фаровонлиги бугунги авлоднинг қандай инсон бўлиб камолга етишига боғлиқ экани, бинобарин, асосий вазифа – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш,  ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш эканини айтиб ўтдилар.

Шу тариқа ўзбек халқи, Ўзбекистон давлатининг асосий мақсади, энг муҳим устувор вазифаси инсоннинг эҳтиёж ва манфаатларини таъминлашдан иборат экани бутун дунёга эълон қилинди.

Дунё афкор оммаси эътиборига ҳавола қилинган бу тарихий нутқ аввало ҳар бир юртдошимизнинг, барча мўмин-мусулмонларнинг ғайрат-шижоатини ошириб, қалбига ифтихор туйғусини олиб кирди десак, муболаға бўлмайди. Айни пайтда, бу муҳим воқеа сизу бизнинг зиммамизга улкан ва шарафли масъулият юклайди. Зеро, Аллоҳ таолонинг неъмати бўлмиш бугунги ижобий ўзгаришлар, тарихий ислоҳотлар заҳматкаш халқимизнинг асрий орзуси, динимизнинг ривожи, юртимизнинг ҳуррияти йўлида жон фидо қилган аждодларимизнинг ушалмаган армони эди. Оғир дамларда динимизни қўлда чўғ тутиб тургандек авайлаб, биз – бахтиёр авлодларга омонат ила етказиб берган бу муҳтарам зотларнинг порлоқ хотираси ҳурмати энди белни маҳкам боғлаб, азму қарор билан эзгулик, бунёдкорлик йўлида, Ватан равнақи йўлида хизматга шайланишимиз лозим. Чунки юртбошимиз бу сўзларни сизу бизга юксак ишонч билдириб айтдилар, энди бу ишончни оқлашимиз, Роббимиз ато этган бу буюк неъматларнинг шукрини адо қилишимиз лозим. Токи жаҳон аҳли ўзбекнинг, мусулмоннинг сўзи билан иши бир эканини, ичи билан таши бир эканини кўрсин, бу тарихий сўзлар қуруқ даъво эмас, балки амалда ўз исботини топадиган аниқ режалар эканини кўрсин.

Меҳрибон Роббимиздан сўраймизки, юртбошимизнинг барча хайрли ишларида Ўзи мададкор бўлсин, халқимизнинг буюк аждодларига муносиб авлод бўлишини насиб айласин!


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу иллат қадимги жоҳилиятда ўзига хос равишда авж олган. Хоҳ одамга бўлсин, хоҳ ҳайвонга бўлсин, .касал фалончидан юқди, шуни қилмаса бўлар эди,, .у эди, бу эди, каби давоми...

1349 18:48 / 19 май
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳумо оталари билан бирга Мадинага, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиёратларига отланишди. Қурайш кофирлари уларни йўлда давоми...

2649 10:54 / 14.01.2022
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Қора ит ndash шайтондир,. Имом Муслим ривояти. Ушбу ҳадиснинг давоми...

1926 17:00 / 06.09.2022
244. 294. Абу Заррдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳар тонгда ҳар бирингиздан ҳар бир бўғим учун садақа лозимдир. Кўринганга салом бериши ҳам давоми...

4887 23:17 / 24.04.2017