1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фароиз илми (дарслар)

Фароиз илмини ўрганишга ва одилона тақсимлашга қизиқтириш ҳақида (1-қисм)

16:21 / 23.09.2017 4812 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Фароиз» сўзи «фарз» сўзининг жамидир. 

«Фарз» сўзи луғатда «ўлчов», «кесиш» ва «баён қилиш» маъноларини англатади. 

Шариатдаги фарз амаллар ҳам ўлчоғлик, кесиб айтилган ва баён қилинган амаллар бўлганлиги туфайли «фарз» деб аталган. 

Мероснинг «фарз» деб айтилиши эса унда меросни ўлчаш шариат томонидан кесилган иш эканлиги, баён қилиниб, ҳар бир меросхўрнинг ҳаққи аниқ кўрсатилганлиги учундир.

Яна меросдан тегадиган маълум насибага ҳам «фарз» дейилади.

«Мерос» деганда ўлган одамнинг ортидан ундан қолган нарсани оладиган бирор кишининг қолиши тушунилади.

Фиқҳий тушунча бўйича, маййитнинг ортидан шаръий ворисга қолган мол ва ҳуқуқлар «мерос» деб аталади.

Мерос илми эса ҳар бир меросхўрнинг қолган меросдаги мол ва ҳуқуқлардан тегадиган насибасини аниқлаб берадиган фиқҳий ва ҳисобий қоидалардир.

Ҳанафий уламолардан «Дуррул Мухтор» китобининг соҳиблари мерос илмини қуйидагича таърифлайдилар:

«Меросхўрлардан ҳар бирининг тарика ва ҳуқуқлардаги ҳаққини аниқлаб берадиган фиқҳ ва ҳисоб усулларини ўз ичига олган илм мерос илмидир».

Мерос илмининг асосий далил ва ҳужжатлари Қуръони Карим, суннат ва ижмоъдан олинган. Бу илмда қиёсга ўрин қолмаган. 

Қуръони Каримда мерос ҳақида «Нисо» сурасида учта, «Анфол» сурасида битта оят келган. Иншааллоҳ, бу оятларни келаси сатрларда ўрганамиз.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларида бу мавзу бўйича бир неча ҳадиси шарифлар бўлиб, улар билан ҳам келажак саҳифаларда танишамиз.

Ижмоъга келсак, саҳобаи киромлар момонинг мероси ҳақида ижмоъ қилганлар.

Мерос илмининг самараси ва фойдаси шуки, уни ўрганган одам меросни ҳақдорларига тақсим қилиш малакасига эга бўлади. Бу илмнинг билимдони Фароизий деб номланади.

Мерос илмининг ғояси – тарикадан ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини етказишдир.

Мерос илми фиқҳ илмининг шўъбаларидан биридир. Мерос илмига Аллоҳ таолонинг Ўзи асос солгандир. Бу илмнинг фазли жуда ҳам улуғдир. Уни «Илмнинг ярми», деганлар ҳам бор. 

Келинг, мерос илмининг фазли ҳақидаги баъзи ҳадисларни ўрганиб чиқайлик. 

 1807. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Илм уч хилдир, ундан бошқаси фазлдир: муҳкам оят, қоим суннат ва одил фарийзат», дедилар». 

Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг «Илм китоби»да батафсил шарҳ қилинган. 

Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаръий илмларнинг жавҳарини, яъни ўзагини баён қилиб бермоқдалар: 

«Илм уч хилдир». 

Бу иборадаги «илм»дан мурод, шаръий илм эканлигини кейинги иборалардан тушуниб оламиз. Уларда оят, суннат ва фарз ҳақида гап кетмоқда. Демак, нима дейилмоқчи эканлиги маълум.

1. «Муҳкам оят».

Оят Қуръони каримнинг маълум бўлагидир. Қуръондаги бошланиши ва тугаши маълум бўлакнинг оят дейилиши ҳаммага маълум. Ҳадисда оят «муҳкам» деб васф қилинмоқда. Баъзи уламоларимиз буни очиқ-равшан ва насх бўлмаган оят деб баён қилганлар. Менимча, бу тўлиқ тушунча бера олмайди. 

Қуръони каримда оятларнинг ҳаммаси очиқ-равшан эканлиги баён қилинган. Насх қилинган (ҳукми амалдан қолдирилган) оятларни ўрганмаса бўлаверади, деган гап ҳам йўқ. Балки, аксинча, Қуръонни яхши тушуниш учун аввало оятларнинг носих-мансухини яхшилаб ўрганиш лозимлиги қайта-қайта таъкидланган. Демак, ҳадиси шарифдаги «муҳкам оят» иборасидан Қуръони каримнинг оятларини тўлиқ ўрганиш лозимлиги маъносини тушуниб оламиз. 

Шаръий илмнинг биринчи асоси Қуръони каримни ўрганиш экан. Бу эса улуғ илм бўлиб, ўзида бир қанча шўбаларни мужассам қилгандир. Келинг, қисқача бўлса ҳам, шу ҳақда тўхталиб ўтайлик.

Аввало Қуръон тиловатини ўрганиш керак. Бунинг учун эса устоздан «Тажвид» илмини ўрганиш лозим. Ҳа, ўзича «тажвид» илмига бағишланган бир китобни ўқиб олиш билан киши бу илмни ўзлаштирган ҳисобланмайди. 

Сўнгра ўша тажвид қоидаларига биноан, устоздан ҳар бир калимани, ҳар бир оятни қандай қироат қилишни ўрганиш лозим. Устоз қандай ўқиб берса, худди шундай у кишига қайтариб ўқиб бериш ва шу ҳолда ўқишга устознинг ижозатларини олиш керак. Ана шунда Қуръон тиловат қилиш ўрганилган бўлади. Бу ҳар бир мусулмон учун фарз нарсадир.

Қуръон илмини тўлиқ билмоқчи бўлган киши араб тилини яхши билмоғи лозим. Чунки Қуръони карим араб тилининг олий даражадаги балоғат ва фасоҳат намуналарини ўзида мужассам қилган илоҳий китобдир. 

Араб тилини ўрганиш эса сарф, наҳв, балоғат, фасоҳат каби бир қанча зарурий илмларни тўлиқ ўрганиш билан бўлади. Бу ишни ҳар қандай араб ҳам уддалай олмайди. 

Қуръони каримни билиш учун «Қуръон илмлари» деб номланган илмлар мажмуасини ўрганиш лозим бўлади. 

Бу мажмуага жумладан, Қуръони карим тарихи, оятларнинг маккий ёки маданийлиги, муҳкам-муташобеҳлиги, ом-хослиги, носих-мансухлиги, нозил бўлиш сабаби, қайси оят аввал, қайсиниси кейин нозил бўлганлиги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қандай тафсир қилганликлари каби бир қанча илмлар киради. Ким ушбу илмларни яхши ўзлаштириб, ояти карималарнинг маънолари, улардан кўзланган мақсадни баён қилиш малакасига эга бўлса, муфассир-тафсирчи бўлади. Буни ҳар бир мусулмон билиши шарт эмас. Ҳар бир мусулмон имкони даражасида ўрганишга уриниши лозим. Аммо ҳар бир жамиятда ўша жамият эҳтиёжларига яраша муфассир бўлиши шарт. Бўлмаса, ўша жамият аъзоларининг ҳаммалари гуноҳкор бўладилар.

Мазкур илмларни ўзлаштирган одам ушбу ҳадис таъбирича, шаръий илмларнинг учдан бирини ўзлаштирган бўлади. Икки-учта қисқа сурани чала ёдлаб олган одам «қори ака» бўлиб қолмайди. Қуръони карим маънолари таржимасини ўқиган одам ёки араб тилини билиб, арабча тафсир ўқиган одам ҳам муфассир бўлиб қолмайди.

2. «Қоим суннат».

Шаръий илмларнинг иккинчи асоси – «қоим суннат», яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. 

Суннат нималиги, унинг шариатимиздаги аҳамияти ва бошқа масалаларни ушбу «Ҳадис ва ҳаёт» силсиласининг муқаддимасида ўрганганмиз.

Бу илм ҳам юқорида зикр қилинган Қуръон илмлари каби, ўзига хос бир қанча илмлардан ташкил топади. Ўша илмларни устозлардан ўрганиб, уларнинг изнини олган кишилар суннат – ҳадис илми мутахассислари ҳисобланадилар. 

Ҳадиси шарифлар маъноларининг таржимасини ўқиган ёки баъзи бир ҳадисларни арабчадан таржима қила оладиган кишилар муҳаддис саналмайдилар. 

Ҳар бир мусулмон имкони борича Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан хабардор бўлишга уриниши лозим. Лекин ҳар бир жамиятда, ҳар бир диёрда ўша жамият, ўша диёр эҳтиёжини қондирадиган даражада суннат илмини билувчи олимлар бўлиши фарзи кифоя. Шу нарса бўлмаса, ўша жамият, ўша диёр мусулмонларининг ҳаммаси тарки фарз қилганлик гуноҳига қоладилар.

3. «Одил фарийзат»

Шаръий илмнинг учинчи асоси – «одил фарийзат» деб аталади. Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган «одил фарийзат»дан мурод нима эканлиги ҳақида уламоларимиз икки хил фикр айтганлар. 

Биринчиси – «одил фарийзат»дан мурод, меросни адолат билан тақсим қилиш илми. Бу илм «Фароиз» илми ҳам дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу илмга алоҳида эътибор берганларининг сабаби, бу илм энг биринчи орадан кўтариладиган илм бўлганлигидадир.

Иккинчиси – «одил фарийзат»дан мурод, мусулмонларга фарз бўлган нарсаларни билдирадиган илмдир. Яъни, Китоб ва Суннатдан кейинги, шариатимизнинг учинчи ва тўртинчи масдарлари – ижмоъ ва қиёсларни билиш деганидир.

Менимча, бу икки фикрнинг қўшилгани мақсадга мувофиқ. Бу ерда эса фақат ўрганаётган фаслимизга оид маъноларга мурожаат қиламиз.

Ҳадиси шарифда Ислом шариатига оид нарсаларни ўрганиш учун асосий ҳисобланадиган илм­лар учта эканлиги баён қилинмоқда: Қуръон, Суннат ва мерос илми. Қолган илмлар ушбулар учун восита ёки улардан келиб чиққан илмлар бўлади.

Мерос илмининг Қуръон ва Суннат илмларидан кейинги, учинчи илм бўлиши унинг нақадар аҳамиятли илм эканлигини кўрсатади. 

Мусулмон киши Қуръон ва Суннатни ўрганиши, уларга амал қилиши баробарида мерос илмини ҳам ўрганиб, унга амал қилиши зарур. Шунинг учун ҳам бу илмга катта эътибор бермоқ керак.

 

1808. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қуръонни ва фароизни ўрганинглар ва одамларга ўргатинглар. Чунки мен қабз қилинувчиман», дедилар». 

Термизий ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Чунки мен қабз қилинувчиман», деганлари «Мен вафот этувчиман, агар вақтида ўрганиб қолмасангиз, бу нарсалар зое бўлур», деган маънони англатади.

Имом Термизий, Насаий, Аҳмад ва Ҳокимлар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. Бас, мен қабз қилинувчиман. Илм ҳам қабз қилинур. Ҳаттоки икки киши фароизда ихтилоф қилиб қолса, уларнинг орасида ажрим қиладиган одам топилмас», дедилар.

Имом Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. У умматимдан энг аввал унутиладиган нарсадир», деганлар.

Мулоҳаза қиладиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа илмларга бунчалик кучли тарғиб қилмаганлар. 

Чунки бу илм жуда ҳам нозик илмдир. У кишиларга қолган меросни бўлишга оиддир. Бировга ўз меҳнатисиз яқин кишисининг моли мулк бўлиб ўтишига боғлиқ илмдир. Бу жараён эса доимо меросхўрлар ўртасидаги уруш-жанжал, келишмовчиликларга сабаб бўлиб келган. 

Шунинг учун ҳам мерос тақсимлаш ишига ҳар ким ҳам ўзини ураверишни, жанжалга бошини суқишни хоҳламайди. Ундан кўра тинчгина юргани яхшироқ. Яна шунга ўхшаш бошқа жиҳатлар ҳам кўп. Эҳтимол, ушбу мулоҳазалар туфайли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фароиз илмини ўрганишга алоҳида тарғиб қилган бўлсалар керак.

Дарҳақиқат, баъзи жойларда, жумладан, ўз тилимизда сўзлашувчи мусулмонлар ватанида ҳам бир вақтлар мерос илми деярли йўқолиб кетди. Ҳеч ким бу илмга мурожаат қилмай қўйди. Оз сонли кишилар бир оз билиб, бир оз амал қиладиган ҳолга тушиб қолинди.

Ҳолбуки, бу илм ҳалол-ҳаромга ва бировнинг ҳаққини тўғри ажратишга боғлиқ бўлган аҳамиятли илм эди. 

Жон бор жойда ўлим ҳам бор. Ҳар куни, ҳар соатда кимдир вафот қилиб туради. Демак, ҳар куни, ҳар соатда мерос қолиб туради, у меросни шариат кўрсатмаси бўйича тўғри тақсимлаш зарурати юзага чиқиб туради. 

Бу ишни адо этиш учун эса мусулмонлар мерос илмини билмоқлари лозим. Агар улар бу илм­ни билмасалар, ҳар куни, ҳар соатда улардан кимнингдир ҳаққи поймол этилиб, кимдир ҳаром молни еяётган, яна кимдир гуноҳи азим қилаётган бўлади.

Шунинг учун мусулмонлар бу улуғ илмни ўрганмоқлари лозим. Кўпчилик, ҳеч бўлмаса, ўзи учун керакли даражада маълумотга эга бўлиши, ўлган кишидан қолган мерос шариат ҳукми асосида тақсимланиши лозимлигини англаб етмоғи керак.

Энг камида дийний илмларга уринган кишилар бу илмни тўлиқ ўзлаштиришлари лозим. Токи, улар кишилар ичида бу ҳақда доимий равишда тушунтириш олиб борсинлар. Лозим бўлган тақдирда эса мусулмонлар орасида меросни Ислом шариати ҳукмига биноан бўлиб берсинлар. Ана шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амр­ларига амал қилинган бўлади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
а Меросга доир ҳукмлар1. Рукни2. Шарти3. Сабабиб Меросдан ман қилувчи нарсаларв Эркак ва аёллардан бўлган ворисларМероснинг рукнлари учтадир1.Муваррис вафот давоми...

5646 15:49 / 18.04.2017
Рад луғатда қайтариш маъносидадир. Аллоҳ таолонинг сўзига ўхшаш hellip яъни .Сўнг Хизрни қидириб изларига қайтдилар,.Каҳф64Рад Авлнинг зиддидир. Чунки Авл бу давоми...

4408 15:53 / 18.04.2017
Меросдан ман қилувчи сабаблар тўрттадир. Қуйида зикри келадиган тўрт монеъдан бири мавжуд бўлса, мерос олишдан тўсади, ман қилади. 1.Қуллик қулнинг қул давоми...

4406 15:51 / 18.04.2017
а Икки ададнинг тамосули, тадохули, тавофуқи ва табойуни ва уларни билиш йўли.б Оз тарикани ворислар ва қарз эгалари орасида тақсимлаш йўли.в Бирор вориснинг бир давоми...

4437 15:55 / 18.04.2017