1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Дуо руҳий тез ёрдамдир

17:18 / 16.09.2017 13231 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман!  

Баъзан куч-қувватимиз ва сабр-тоқатимиз охирлаётганда бизларни аниқ-тиниқ фикрлаб ишни ақл билан юритиш ҳолатига қайтарадиган тез ёрдамга муҳтож бўлиб қоламиз. Бироқ доим ҳам ёнимизда яқин ва ишончли одам бўлмайди. Лекин бу мусулмон инсон ёрдамсиз қолди дегани эмас, чунки у ҳар вақт Қодир ва Ҳакийм сифатига эга Зот – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога дуо орқали илтижо қилиши мумкин.

Дуо ибодат тури бўлиб, инсон билан Аллоҳнинг орасини боғлайди. Аслида дуо сўзи араб тилида «чақириш», «сўраш» маъноларини англатади.

Дуо тинчлантирувчи, куч ато этувчи, умид ва илҳом бағишловчи муҳим ибодатдир. У мўминнинг қуролидир. Унда тавҳиднинг тасдиғи, Аллоҳга итоат ва муҳтожлик мужассамдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банданинг Роббисига энг яқин бўлган ҳолати саждада турганидир. Саждани кўпайтиринглар», – деганлар.

(Муслим, Абу Довуд, Ан-»Нас»оий ривоят қилганлар).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар банда шошилмаса, дуосига ижобат бўлади. Дуо қилдим, қабул бўлмади, демасин», – деганлар.

(Бухорий, Муслим, Термизий ривоят қилганлар).

Бироқ дуони намоз билан адаштирмаслик лозим. Намоз бу муайян вақтда қилинадиган фарз амалидир. Дуо эса исталган вақтда ва хоҳлаган жойда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ёрдам ёки авф сўраш, берган неъматларига шукр қилиш имкониятидир. Сўраётган нарсамиз, у хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, дунё ёки охират учун бўлсин, Аллоҳ таолога юзланишимизга имкон туғдиради. Дуо фарз амал эмас, аммо у инсонга кўплаб хайр ва баракотларни қўлга киритиш эшикларини очади. Аллоҳга иймон ва ихлос ила илтижо қилиш бандага Яратганнинг яқинлигини ҳис этишга, иймонининг зиёда бўлишига, тушкунлик ва иккиланиш ҳолатида умид ва таскин топишига ёрдам беради. У инсонни умидсизликка тушмоқдан ва яккаланиб қолишдан узоқлаштиради. Ҳатто, бутун дунё сизга қарши бўлиб яқинларингиз сиздан юз ўгирган тақдирда ҳам, сиз Қодийр ва Роҳман сифатига эга Зот – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога мурожаат қилишингиз мумкин.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда бандаларига ўзигагина илтижо қилишни, Яратганга ўз қўрқув ва шубҳа-гумонларини айтишни буюради. Ушбу хатти-ҳаракатларни Аллоҳ таоло ҳар нарсани эшитиб ва кўриб турганига қатъий ишонч билан қилмоқ лозим.

«Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз» («Фотиҳа» сураси, 5-оят).

«Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар» («Ғофир» сураси, 60-оят).

Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», – деб айт («Зумар» сураси, 53-оят).

Сен: «Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, барибир. Гўзал исмлар уникидир, деб айт («Исро» сураси, 110-оят)

«Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар» («Бақара» сураси, 186-оят).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуо ибодатнинг илигидир», – деганлар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирингиз зинҳор: «Аллоҳим, агар хоҳласанг, мени мағфират қилгин. Аллоҳим, агар хоҳласанг, мени раҳм қилгин», – демасин. Азму қарор ила сўрасин, чунки Уни мажбур қилувчи йўқ», – дедилар» (Бухорий, Муслим).

Баъзида ҳаётда бўлиб турадиган ҳолатлар инсон учун чорасиз ва нажотсиз кўринади. Айрим ҳолатларда инсон мусибатда, ғам-ташвиш, дард-аламларида ўзини ёлғиз ҳис қила бошлайди. Тасаввур қилинг, сиз билан доим алоқада бўладиган дўст борлигига, унга мурожаат қилганингизда сизни эшитишига, тушунишига, ёрдам беришига тўлақонли ишонишингиз мумкин. Балки дарров эмас. Балки сиз ўйлагандек эмас. Аммо шуниси аниқки, У сиз томонда ва сизнинг бахту саодатингиз ҳақида қайғурмоқда. Агар сиз шундай дўстингиз борлигини тан олганингизда эди, ҳаётингиз бутунлай ўзгариб кетарди. Агар инсон шундай имконияти борлиги ҳақида билганида эди, унинг ички дунёси ўзгариб ишонч, хурсандчилик ва хотиржамлик билан тўлиб-тошиб кетган бўларди. Ҳар бир мўминнинг ана шундай дўсти бор. Шундай «тугмача» борки, инсон уни босиб Қодийр, Ҳақийм, Роҳман сифатига эга зот Аллоҳ азза ва жаллага мурожаат қилиши мумкин. У Зотнинг олдида ҳар қандай муаммо йўққа чиқади. Инсон Аллоҳга фақат оғир дамларда ёки арабча иборалар ва ёдланган калималар билан мурожаат қилиши шарт эмас. Дуо бу қалбимиздаги ҳар бир ҳаракатнинг ҳамроҳидир. Хоҳ у қайғу, муҳаббат, шукроналик, ҳамду-сано бўлсин ёки орзу-тилак, эҳтиёж, муҳтожлик ва ҳоказолар бўлсин. Албатта, дуо қилаётганда қалб ғофил бўлмаслиги, ихлос билан, чин дилдан қилиниши керак. Шундагина биз дуо ўз ичига қамраб олган куч ва қувончни ҳис қилишимиз мумкин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй одамлар Роббингизга тақво қилинг ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда берувчи бўлмайдиган Кундан қўрқинг. Албатта, давоми...

3961 17:04 / 16.02.2018
Ва Роббингизнинг .Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир,, ndash деб эълон қилганини ҳам давоми...

3633 16:47 / 31.01.2018
Ғийбат ndash ҳаромлиги қатъий ояту ҳадислар ҳамда ижмо билан собит бўлган амалдир. Ғийбатнинг ҳаромлигини инкор қилган, яъни уни ҳалол санаган киши кофир бўлади ва давоми...

3700 15:36 / 08.03.2018
3. Ўзининг ҳaрaкат вa ишлари, ақлу фаросатига тaкaббурлик қилиш. Кибрнинг бу турига гирифтор бўлган киши ўзининг фeълу ишларини яxши дeб ўйлайди ва натижада давоми...

2923 17:34 / 26.05.2018