1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Неъмат ва азоб ҳақиқати

17:39 / 03.06.2018 3624 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ташқи кўриниши турлича бўлса-да, неъмат У Зотга шоҳид бўлиш ва яқин бўлиш билангинадир. Ташқи кўриниши турлича бўлса-да, азоб У Зотнинг ҳижоби мавжудлигидадир. Бас, азобнинг сабаби У Зотнинг тўсилишининг мавжудлигидир. Неъматнинг тугаллиги У Зотнинг карамли юзига назар биландир.

– Неъмат – лаззат берадиган нарса билан шод-хуррам бўлган ҳолда лаззатланиш.

– «Неъматнинг ташқи кўриниши» деганда у орқали етадиган фойдалар, манфаатлар ҳамда бошқа нафс иштаҳа қиладиган ва кўз қувонадиган нарсалар назарда тутилган.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикматида банданинг неъматланиши ва азобланиши ҳақида сўз юритмоқда. Ушбу ҳикматни ва ундаги маъноларни тўлиқ англаб етишимиз учун инсоннинг неъматланиши ва азобланиши қай тарзда кечишини англаб олишимиз керак бўлади. Аввало «Неъмат ва азобни инсон қандай сезади?» деган саволга жавоб ахтарайлик.

Одам таом неъматига сазовор бўлса, унинг ҳузурини оғзи билан ҳис қиладими ёки қорни биланми?

Одам кийим неъматига сазовор бўлса, унинг ҳузурини бадани билан ҳис қиладими ёки кўзи биланми?

Одам ўзига ёққан овозни эшитиш неъматига сазовор бўлса, унинг ҳузурини қулоғи билан ҳис қиладими ёки бошқа бирор аъзоси биланми?

Одам таомдан маҳрум бўлиш азобига учраса, унинг аламини оғзи билан ҳис қиладими ёки қорни биланми?

Одам кийимдан маҳрум бўлиш азобига учраса, унинг аламини бадани билан ҳис қиладими ёки кўзи биланми?

Одам ўзи ёмон кўрган овозни эшитиш азобига учраса, унинг аламини қулоғи билан ҳис қиладими ёки бошқа бирор аъзоси биланми?

Бу саволларнинг жавоби «Одам ўзига берилган неъматларни ва ўзи дучор бўлган азобларни бадани ва моддий ҳис қилиш аъзолари билан эмас, руҳи билан ҳис қилади» деган ҳақиқатдир. Аъзолар неъматдан лаззатланиш ва азобдан қийналиш туйғуларининг руҳга етиб бориш воситаси, холос.

Буни уламоларимиз электр токи ила ёритиш асбобини ишга солишга ўхшатадилар. Ток уни ишлаб чиқарган манбадан сим орқали ўтиб бориб, чироқни ишга туширади. Неъмат ёки азоб ҳам бадан орқали ўтиб бориб, руҳга таъсир қилади. Неъмат етганда руҳ шодланади. Азоб етганда алам чекади.

Одамнинг руҳи унга Ҳақ субҳанаҳу ва таоло томонидан тушганини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда хабар берган.

У Зот Ҳижр сурасида марҳамат қилади:

 «Ўшанда Роббинг фаришталарга деди: «Албатта, Мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан башар яратувчидирман» (28-оят).

 

«Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг» (29-оят).

Демак, Аллоҳ таоло инсоннинг асли бўлмиш Одам Атони яратиб, мукаммал қилиб бўлганидан кейин ичига Ўз руҳидан пуфлаб, жон киритган.

Ҳа, бу ҳар қанча эсласа, ҳар қанча ибрат олса арзигулик ҳодисадир.

Инсоннинг асли арзимаган қора балчиқ лойдан иборат эди. Аммо уни Аллоҳ қудрат қўли ила инсон шаклига келтирди. Бироқ шунда ҳам лойлигича қолаверди. Аллоҳ таоло унинг ичига Ўз руҳидан пуфлаганидан кейингина инсонга айланди. Қадр-қиймат топди. Фаришталар Аллоҳнинг амри ила унга сажда қиладиган даражадаги олий мақомга эришди. Демак, инсоннинг қадр-қиймати руҳ билан боғлиқ. Инсон қанча руҳоний бўлса, шунча қиймати ортади. Руҳонийлигини йўқотган сари қадр-қийматини ҳам йўқотиб боради. Руҳонийликни инкор этса, инсонлигини ҳам инкор қилиб, ҳайвон даражасига тушиб қолади. Балки ундан ҳам паст даражага тушиб қолади.

Шу билан бирга, инсоннинг руҳининг асл моҳиятини Ҳақ субҳанаҳу ва таолодан бошқа ҳеч ким билмайди.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

 «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт» (85-оят).

Руҳ, унинг моҳияти ва унга тегишли бошқа нарсалар Аллоҳнинг иши, банданинг иши эмас. Банда қанчалик мақтанмасин, илми оздир.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикматида инсоннинг ҳаловати ва ҳаётидаги яхши нарсалар неъмат эканини, мазкур неъмат фақатгина Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг шуҳуди ила, яъни ҳақ ила кўриш билан тугал бўлишини, ўша нарсанинг йўқолиши азоб эканини, азоб эса аслида Аллоҳ таолодан тўсилиш эканини баён қилмоқда.

«Ташқи кўриниши турлича бўлса-да, неъмат У Зотга шоҳид бўлиш ва яқин бўлиш билангинадир».

Неъматнинг кўринишлари турли-туманлиги ҳаммага маълум ва машҳур нарсадир. Агар Аллоҳ таолонинг бу дунё ва охиратдаги неъматларини санайдиган бўлсак, санаб адоғига ета олмаймиз.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:  

 

«Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассиз» (18-оят).

Ҳа, Аллоҳнинг Ўз бандаларига берган неъматлари сон-саноқсиздир. Аммо бир ҳақиқат аниқ. У ҳам бўлса, ҳақиқий неъмат Ҳақ субҳанаҳу ва таолога шоҳид бўлиш ва яқин бўлишдан иборатдир. Ожиз банданинг Аллоҳ таолога шоҳид бўлиши У Зотни бу дунёда қалб кўзи билан кўришидан ва охиратда тан кўзи билан кўришидан иборатдир.

«Ташқи кўриниши турлича бўлса-да, азоб У Зотнинг ҳижоби мавжудлигидадир»

Ҳа, Аллоҳнинг Ўз бандаларига берадиган азоблари ҳам сон-саноқсиздир. Инсон ўзига бериладиган азобларни ҳисоблашга уринса, санаб, саноғига ета олмайди.

Аммо бир ҳақиқат аниқ. Бу ҳақиқат шуки, ҳақиқий азоб Ҳақ субҳанаҳу ва таолодан тўсилиб қолиш ва У Зотдан узоқ бўлиш билангинадир. Ожиз банданинг Аллоҳ таолодан тўсилиб  қолиши ва узоқлашиши бу дунёда У Зотни қалб кўзи билан ва охиратда тан кўзи билан кўришдан маҳрум бўлишдан иборатдир.

«Бас, азобнинг сабаби У Зотнинг тўсилишининг мавжудлигидир»

Ҳақ субҳанаҳу ва таолодан тўсилган банда азобнинг ҳақиқий сабабига дучор бўлган бўлади. Агар бу дунёда ундай банданинг жисмига неъмат етса ҳам, бориб-бориб азобга айланади. Бунинг мисоли ҳозирда иймонсиз, дину диёнатсиз юрганларнинг ҳаётида яққол намоён бўлиб турибди. Улар бор имкониятларини ишга солиб, бу дунё ҳаётини айшу ишрат билан ўтказишга ҳаракат қилишмоқда. Нафс балоси нимага буюрса, шуни амалга оширишга мусобақалашмоқдалар. Аммо охири бориб ичкилик ва гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлиб, бу дунёнинг ўзидаёқ турли азобларга мубтало бўлмоқдалар. Ушбу ҳолатнинг ўзи ҳақиқий неъмат руҳий неъматланиш ва ҳақиқий азоб руҳий азобланиш эканини кўрсатиб турибди.  

«Неъматнинг тугаллиги У Зотнинг карамли юзига назар биландир».

Ҳар бир банда тугал ва бенуқсон неъматга сазовор бўлишни истаса, Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг розилиги учун ҳаракат қилиши керак бўлади. Бунинг учун Қуръони Карим таълимотлари асосида яшайди. Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга олиб борадиган  амалларни қилади. Бошқача қилиб айтганда, ўзининг бандалик мақомини яхши англаб етиб, ўша мақом соясида яшайди.

– Бандалик – убудият инсоннинг бутун борлиғини ва ҳис-туйғуларини қамраб олган хорлик ва зорликдан иборат бўлиб, у инсонни ўз Холиқини улуғлашга, Ундан ҳайиқишга, Унга илтижо қилишга, истиғфор айтишга, дуо қилишга ва Ундан умидвор бўлишга чорлайди.

Аллоҳ таоло барчамизга ташқи кўриниши турлича бўлса-да, неъмат У Зотга шоҳид бўлиш ва яқин бўлиш билангина эканини англаб етишни насиб этсин!

Аллоҳ таоло барчамизга агар ташқи кўриниши турлича бўлса-да, азоб У Зотнинг ҳижоби мавжудлигидан эканини англаб етишни насиб қилсин!

Аллоҳ таоло барчамизга азобнинг сабаби У Зотнинг тўсилишининг мавжудлиги эканини англаб етишни насиб этсин!

Аллоҳ таоло барчамизга неъматнинг тугаллиги У Зотнинг карамли юзига назар билан бўлишини англаб етишни насиб қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ким ўз бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик уни жим қилиб қўяди. Ким У Зотнинг бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик қилса ҳам жим бўлмайди.Бисот ndash мажол, суянч, давоми...

3426 17:03 / 04.02.2018
Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари таърифида .Аллоҳ таоло одамлар ва ҳайвонлардан иборат Ўз махлуқотларига берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий давоми...

5670 15:43 / 13.09.2017
Эй иймон келтирганлар Аллоҳга холис тавба қилинглар Ажаб эмаски, Роббингиз ёмонликларингизни ўчирса ва сизни остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга давоми...

9689 17:33 / 12.10.2017
Ҳузур топмаган амалингнинг қабул бўлишидан ноумид бўлма. Гоҳида амал қабул қилинадию, самарасини тезда кўрмайсан.ndash Амалнинг турига қараб унинг самараси ҳам давоми...

5133 18:55 / 05.08.2017