1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Дуо ойи

17:24 / 08.06.2018 4022 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривояи қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Дуо – ибодатдир» сўнг (ушбу оятни) қироат қилдилар:

 «Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», – деди.» (Ғофир: 60)». (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа)

Дуо – ибодатларнинг энг олий ва буюгидир. У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳаққи бўлиб, ким бўлишидан қатъий назар Ундан ўзгаси учун сарф этилиши жоиз эмас. Унинг динда улкан ўрни ва юқори манзилати бор. Бунинг сабаби, дуода ўтиниш, Аллоҳга заифлик ва ҳожатмандликни намоён қилиш бўлгани учундир. Чунки қалб ибодатда уйғоқ ва бўйинсунувчироқ бўлгани сари афзал ва комилроқ бўлади. Дуо эса ушбу мақсад ҳосил бўлишига ибодатларнинг энг яқинидир. Дуода Аллоҳга таваккул қилиш ва мадад сўрашлик мавжуд. Таваккул – қалбни Аллоҳга таяниши, ҳамда суюкли нарсалар ҳосил бўлиши ва ёмон кўрилган нарсалар даф бўлишида Унга ишонч билдиришидир. Дуонинг фазли ва шаъни улуғлиги ҳақидаги ҳужжатлар беҳисоб даражада кўпдир. Рўза ва муборак Рамазон ойининг дуо борасида ўзига хос хусусияти бор. Рўзадор рўзасида холис, ибодатида самимий ва Аллоҳга нисбатан содиқ бўлса дуоси қайтарилмайдиганлар жумласидандир.

Ҳадисда мустажоб дуолар баён этилади: рўзадорнинг дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Уч (хил) дуо рад этилмайди: Отанинг боласига дуоси, рўзадорнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси». (Байҳақий)

Рўза ойидаги дуонинг ўрни ва шаъни олий эканини баён қиладиган нарсалардан бири Аллоҳ таолонинг Бақара сурасидаги ушбу қавли:

 «Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман. Бас, Менга ижобат қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар. Шоядки, тўғри йўлни топсалар» (Бақара: 186).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи Рамазон ойи ва унинг аҳкомлари зикр қилинган оятлар асносида ва ўртасида келиши ҳам Рамазонда дуо қилишнинг фазлини баён қилади. Аллоҳ таолонинг сўзи:

 «Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган.» (Бақара: 185).

Ундан кейин эса Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи:

 «Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди» (Бақара: 187).

Дуога хос бўлган ушбу ояти карима рўза оятлари ўртасида ва уларни ўраб олган ҳолда келди. Шояд бунда дуонинг қадри улуғ ва ушбу ойда аҳамиятли эканига далолат қиладиган маъно бўлса. Чунки банда ушбу муборак ойда, Аллоҳ уни Ўзининг ҳаққини энг тўкис ва мукаммал тарзда адо этишига тавфиқ беришини тўла умид қилади. У эса бу нарсага фақат Аллоҳдан сўраш ва Унга дуо қилиш билан йўл топа олади. У шунингдек, ушбу ойда тоат, ибодат ва қурбатларни, Аллоҳ ундан қабул қилишига рағбат ва умид қилган ҳолда кўп-кўп адо этади. Бунга эса фақат Унга дуо қилиш, Унинг олдида мутелик ва Унга ўтиниш билан йўл топади. Шунингдек, банда гоҳида Рамазондан олдин баъзи гуноҳларга қўл урган ёки ундан Рамазон давомида нуқсон, камчилик ёки масъулиятсизлик содир бўлади. У эса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилиши ва гуноҳларини мағфират қилишига рағбат қилади. Бунга эса фақат дуо билан йўл топа олади. Гўёки Аллоҳ бандаларига улар лаззатланадиган, У сари қочадиган, унинг воситасида рағбатлари ижобат қилинадиган, истак-ҳожатлари раво қилинадиган, хатолари кечириладиган ва камчиликлари мағфират қилинадиган нарсани айлантириб қўйгандай.

Уламоларимиз шундай дейишган: «Ҳар бир яхшиликнинг асоси, Аллоҳ хоҳлагани бўлиши ва хоҳламагани бўлмаслигини билишингдир. Ана шу вақт ҳасанотлар Унинг неъматларидан эканига аниқ ишонч ҳосил қиласан. Натижада Унга ана шу нарсалар учун шукр қиласан ва сендан уларни узиб қўймаслиги учун Унга ўтинасан. Ҳамда гуноҳлар, Унинг ёрдамсиз ташлаб қўйиши ва уқубати (эканига аниқ ишонч ҳосил қиласан). Натижада сен билан уларни ўртасини эгаллаб туриши ҳамда сени, ҳасанотларни қилиш ва гуноҳларни тарк этишда ўзинга топшириб қўймаслиги учун Унга ёлворасан. Дарҳақиқат, орифлар ҳар бир яхшиликнинг асли Аллоҳнинг бандага тавфиқи билан экани ҳамда ҳар бир ёмонликнинг асли Унинг бандани ёрдамсиз ташлаб қўйгани эканлигига бир овоздан келишдилар. Ва тавфиқ – Аллоҳ сени ўзинга топшириб қўймаслиги, ҳамда ёрдамсиз ташлаш қўйиш – У сен билан нафсинг ўртасини холий қўйиши эканига ижмо қилдилар. Демак, ҳар бир яхшиликнинг асли тавфиқ ва у банданинг эмас Аллоҳнинг Қўлида экани, унинг калити дуо, Унга муҳтожлик, чинакам илтижо, ҳамда У Зотга рағбат ва қўрқув бўлар экан, қачон бандага ушбу калит ато қилинса, дарҳақиқат, У унга фатҳ ато этишини ирода қилибди. Ва қачонки уни ушбу калитдан адаштириб юборса, яхшилик эшиги унинг олдида умид қилинган ҳолда қолади… Кимга қандайдир (жазо, уқубат) берилган бўлса, у фақат шукрни зое қилгани, (У Зотга) муҳтожлигини намоён қилиш ва дуога аҳамиятсиз бўлганидандир. Зафар қучган кишининг зафар қучиши – Аллоҳнинг хоҳиши ва мадади билан – фақат шукр, (У Зотга) чинакам муҳтожликни намоён қилиш ва дуони адо қилгани сабаблидир».

Исломда дуонинг шаъни буюк, ўрни баланд, манзилати олийдир. Зеро у ибодатларнинг энг олийси, тоатларнинг энг улуғи ва қурбатларнинг энг фойдалисидир. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида унинг фазлини баён қилувчи, унинг ўрни ва шаъни буюк эканини кўрсатувчи, ҳамда унга тарғиб қилувчи ва унга ундовчи кўплаб ҳужжатлар ворид бўлган. Дарҳақиқат, дуонинг фазлини баён қилувчи ушбу ҳужжатларнинг далолатлари турличадир. Айримларида унга амр ва тарғиб, баъзиларида уни тарк этиш ва ундан кибр қилишдан ҳазир бўлишга чорлов, айримларида унинг савоби улкан ва Аллоҳнинг ҳузуридаги ажри катта эканини ёдга олиш, баъзиларида эса уни адо этган мўминларни мадҳ қилиш ва уларга уни комил қилганлари учун олқиш ворид бўлган. Ва бундан бошқа дуонинг фазли улкан эканига Қуръони Каримдаги турли далолатлар.

Балки Аллоҳ субҳанаҳу Улуғ Китобини дуо билан очиб, уни дуо билан якунлади. Қуръони Каримнинг Фотиҳаси-(Очувчиси) бўлмиш «الحمد» сураси энг олий талаб ва энг комил мақсадлар билан Аллоҳга дуо қилишликни ўз ичига олган. У ҳам бўлса Аллоҳ азза ва жалладан тўғри йўлга ҳидоят қилиши, У Зотга ибодат ва субҳанаҳуга тоат қилишда кўмак беришини сўрашликдир. Қуръони Каримнинг хотимаси бўлмиш «الناس» сураси ҳам Аллоҳ субҳанаҳуга дуо қилишни ўз ичига олган. Бу эса У субҳанаҳудан жин ва инсонлардан бўлган, инсонларнинг дилларига васваса соладиган, (қачон Аллоҳнинг номи зикр қилинганида) яшириниб оладиган васвасачи (шайтон)нинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўрашлик биландир. Шак-шубҳасиз Қуръони Каримни дуо билан очилиб, у билан якун ясалиши дуонинг шаъни улкан ва у ибодатларнинг руҳи ва мағзи эканига далилдир.

Балки Аллоҳ жалла ва аъла Қуръонда дуони бир неча оятда ибодат деб атади. Бу унинг ўрни буюк эканига далолат қилади. Субҳанаҳунинг ушбу қавли каби:

 «Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», – деди.» (Ғофир: 60). Ва пайғамбари Иброҳим алайҳиссалом ҳақида ҳикоя қилган қавли каби:

 «Сизлардан ҳам, Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсангиздан ҳам четланаман ва Роббимга илтижо қиламан. Шоядки, Роббимга илтижо қилиш ила бадбахт бўлмасам», – деди. «Марям» Бас, улардан ва улар Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётган нарсадан четланганида, унга Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик ва барчаларини набий қилдик.» (Марям: 48-49). 

Ва шунга ўхшаш оятлар. Субҳанаҳу ушбу қавлида келганидек дуони дин деб номлади:

 «У Зот тирикдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинг» (Ғофир: 65).

Буларнинг бари бизга дуонинг шаъни улкан, у бандаликнинг асоси ва руҳи, ҳокисорлик, бўйинсуниш, Робнинг олдида мутелик аломати ва Унга муҳтож эканини намоён қилишлик эканини баён қилади. Шунинг учун Аллоҳ Қуръони Каримнинг кўплаб оятлрида бандаларини дуога ундади ва тарғиб қилди. Аллоҳ таоло айтади:

 «Роббингизга тазарру ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас. Ва ер юзида ислоҳ қилинганидан кейин бузғунчилик қилманг ҳамда Ундан қўрқиб ва тама этиб дуо қилинг. Албатта, яхшилик қилувчиларга Аллоҳнинг раҳмати яқиндир» (Аъроф: 55-56). Аллоҳ таоло деди:

 «У Зот тирикдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинг. Оламларнинг Робби – Аллоҳга ҳамд бўлсин» (Ғофир: 65).

У субҳанаҳу – бандаларини дуога тарғиб қилган ҳолда – уларга яқин, дуоларини ижобат қилиши, умидларини рўёбга чиқариши ва сўраганларини ато этишини хабар берди. Аллоҳ таоло деди:

 «Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман. Бас, Менга ижобат қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар»  (Бақара: 186). Аллоҳ таоло деди:

 «Ёки музтар одам дуо қилганда, ижобат этадиган ва ёмонликни аритадиган ҳамда сизни ер юзида халифа қиладиган Зот(яхши)ми?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?» (Намл: 62).

Шунинг учун банданинг Аллоҳни таниши улканлашгани ва Унга боғланиши кучайгани сари У Зотга дуо қилиши ҳам улканроқ ва Унинг ҳузурида мутелиги қаттиқроқ бўлади. Шунинг учун Аллоҳнинг пайғамбар ва элчилари барча ҳолат ва жамийки ишларида дуони рўёбга чиқариш ва уни адо қилишда одамларнинг энг буюги бўлдилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ шунинг учун уларга Қуръони Каримда олқиш айтди. Ҳамда турли ҳолат ва муносабатлардаги дуоларидан бир жумласини ёдга олди. Аллоҳ таоло уларнинг васфида шундай деди:

 «Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Биздан хокисорлик ила қўрқувчи эдилар» (Анбиё: 90).

Мўминга ушбу ибодатга аҳамият бериши, дуонинг шартлари ва унинг одобларига эътибор бериш билан бирга ушбу шарафли ойнинг вақтларини Аллоҳнинг мукофотидан умид ва азобидан қўрққан ҳолда У Зотга дуо, сўров ва сабот билан сўрашлик ила юзланишликда ғанимат билиши лозим бўлади. Бу билан Аллоҳнинг савоби ила бахтли ва дўзахидан нажот топгувчилардан бўлишини умид қилади. Аллоҳнинг дўзахдан озод қиладиган бандалари бўлиб, бу Рамазон тунларининг ҳар тунида юз беради.

Эй Аллоҳ! Рўза, қиём ва дуоларимизни қабул айла. Бизга дўзахдан озод қилиш ила марҳамат кўрсат, эй Тирик ва Қайюм Зот!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули Сиз биз билан ҳазилмутойиба қиласизку, дейишди..Мен ҳақдан бошқани гапирмайман,, дедилар,.Бухорий ривоят давоми...

4653 22:58 / 14.05.2018
Нафсингни тадбирдан хотиржам қил. Бас, сендан бошқа Зот сенинг ўрнингга қилиб қўйган ишни сен ўзинг учун қилма.Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу давоми...

3606 13:23 / 22.10.2017
Шундай гуноҳлар борки, уларни қилган одамнинг аввал қилган барча яхшиликлари ҳабата бўлиб кетади. Улардан бири муртад диндан қайтган ҳолда ўлишдир. Аллоҳ таоло давоми...

4260 18:05 / 16.03.2018
Тўртинчи тақсим5. Ибодат ғийбати. Ибодатларни ғийбат қилиш деганда ундаги нуқсон ва камчиликларни гапириш, масалан, фалончи намозни яхши адо қилмайди ёки таҳажжуд давоми...

3743 19:39 / 19.01.2018