1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ихлоснинг ҳақиқати

15:11 / 16.03.2018 3609 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ихлоснинг ҳақиқати Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсадан халос бўлмоқ – қутулмоқдир.

Ихлос – амални, гап-сўзни ва ибодатни уларга хиралик етказадиган риё, алдамчилик, ёлғон каби нарсалардан тозалашдир. Амалдаги ихлос унга ҳақ сўраш у ёқда турсин, уни биров билмайдиган тарзда қилишдир. Қўлидан келганича амални адо қилиб, ортидан хижолат бўлишдир.

Уламолар тоатдаги ихлос риёни тарк қилишдан иборат эканини бир овоздан таъкидлаганлар.

Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳи:

«Одамлар учун амални тарк қилиш риёдир. Улар учун амал қилиш ширкдир. Ихлос ушбу икки нарсани тарк қилишдир», деган.

Қилинадиган амаллар ниятга қараб бўлади. Риё учун қилинган амалнинг эгаси мухлис бўла олмайди. Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ниятида қилинган амалнинг эгаси мухлис бўлади.

Бандадан содир бўладиган ихлос тўрт қисмга тақсимланади:

1. Гап – сўздаги ихлос.

2. Иш – амалдаги ихлос.

3. Тоат – ибодатдаги ихлос.

4. Ҳол – қалбдаги ихлос.

Ихлос тасаввур ёки хаёл эмас, балки амалдир. Шунинг учун у давомли, тўлиқ, илм асосида ва даражама-даража бўлиши керак.

Ихлос билан содиқлик орасида фарқ бор. Содиқлик аслдир. Ихлос фаръдир. Ихлос амални бошлагандан кейин бўлади. Содиқлик ниятда, иш бошланишидан олдин бўлади.

Ихлоснинг кўринишларидан:

1. Тавҳидда ихлос қилиш.

2. Ниятда ва қасдда ихлос қилиш.

3. Намоз, сажда, рўза, Рамазон бедорлиги, Лайлатул қадр бедорлиги, масжидларга муҳаббат, закот, садақа, ҳаж, умра, тавба, зикр, истиғфор, дуо, Қуръони Карим қироати ва бошқа қурбатларда ихлос қилиш.

4. Барча гап-сўзларда ихлос қилиш.

5. Содиқлик, сабр, зуҳд, тавозе каби карамли ахлоқларда ихлос қилиш.

6. Аллоҳ таолога таваккул қилишда ихлос қилиш.

7. Барча ишларда ихлос қилиш.

Ихлоснинг даражалари:

Руҳий тарбия машойихларининг таъкидлашларича, ихлоснинг даражалари учтадир: авомларнинг даражаси, хосларнинг даражаси ва хосларнинг хосларининг даражаси.

1. Авомнинг ихлоси Ҳақнинг муомаласидан халқни чиқариш бўлиб, унда тан соғлиги, молу дунё, ризқ кенглиги, жаннат қасрлари ва ҳурлар каби дунёвий ва ухровий насибаларни талаб қилиш ҳам бўлади.

2. Хосларнинг ихлоси Ҳақнинг муомаласидан халқни чиқариш билан бирга, дунёвий насибаларни қўйиб, ухровий насибаларни сўрашдир.

3. Хосларнинг хосларининг ихлоси Ҳақнинг муомаласидан халқни ва барча дунёвий ва ухровий насибаларни бирйўла чиқаришдир. Уларнинг ибодати бандаликни юзага чиқариш ва Роббнинг жамолига мушарраф бўлиш учун У Зотнинг вазифаларини муҳаббат ва шавқ ила адо этишдан иборатдир. Бошқача қилиб айтганда, уларнинг Аллоҳга ибодати фақат Аллоҳ учун бўлади.

Ихлоснинг йўлини тўсувчи омиллар:

Биринчи тўсиқ. 

Банданинг амалининг кўзга кўриниши. Унинг ўз амалидан ғурурланиши. Амали туфайли Унинг учун амал қилинган Зотдан тўсилиши.

Бу ҳолатдан қутулиш учун ўз нафсини таниш ва унинг хоҳишларини жиловлаш лозим.

Иккинчи тўсиқ. 

Амали учун эваз талаб қилиш. Мазкур эваз бу дунёнинг ёки у дунёнинг нарсаси бўлиши мумкин.

Бу дунёнинг нарсаларига турли шаҳватли нарсалар, шуҳрат, кўзга кўринишга ўхшашлар киради. Шунингдек, мақомот, каромат, мукошафат кабилар ҳам бўлиши мумкин.

Охиратнинг, яъни у дунёнинг нарсаларига ундаги турли мақомлар ва нозу неъматлар кириши мумкин.

Амали учун эваз талаб қилишдан қутулиш ўзининг ожиз банда эканини ва фақатгина Аллоҳнинг фазли ила охират яхшиликларига эришиш мумкинлигини англаб етиш билан бўлади. Унинг ибодати бандалик бурчидир. Ажр, савоб ва мартабалар Аллоҳнинг фазлидандир.

Учинчи тўсиқ.

Банданинг ўз амалларидан рози бўлиши ва улар ила ғурурга кетиши.

Бу ҳолатдан қутулиш учун банда ўз амалларидаги нуқсонлари ила танишмоғи лозим.

Шунингдек, банда Аллоҳ таолонинг Ўз махлуқотларининг ички ва ташқи бандалик вазифаларига қанчалар ҳақли эканини англаб етгандагина бу тўсиқни енгиб ўта олади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ихлос амални турли иллат ва нуқсонлардан поклашдир. Мазкур иллат ва нуқсонлар икки нарсага боғлиқ бўлади.

Биринчиси – одамларнинг мақтови ва улуғлашини исташ ёки уларнинг ёмонлашидан қочиш каби халққа боғлиқ нарсалар.

Иккинчиси – қилгани ила ғурурга кетиш ёки унга эваз талаб қилиш каби амалга боғлиқ нарсалар.

Ушбу тўсиқларни енгиб ўтиб, Аллоҳ таолога холис ибодат қилганлар ҳақиқий мухлислар бўладилар.

Ихлоснинг фойдаларидан:

1. Ихлос амал ва гап-сўзларнинг қабул бўлиши учун асосдир.

2. Ихлос дуонинг қабул бўлиши учун асосдир.

3. Ихлос бу дунё ва охиратда банданинг мартабасини кўтаради.

4. Ихлос одамдан васвасани узоқлаштиради.

5. Ихлос одамни Аллоҳ таолодан бошқага банда бўлишдан озод қилади.

6. Ихлос ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди.

7. Ихлос одамнинг бу дунёдаги мусибатларини енгиллаштиради.

8. Ихлос инсон қалбида хотиржамликни пайдо қилади.

9. Ихлос инсонга саодатни ҳис қилдиради.

10. Ихлос инсоннинг иймонини қувватлантиради.

11. Ихлос инсонга фосиқлик ва осийликни ёмон кўрсатади.

12. Ихлос инсоннинг иродасини мустаҳкамлайди.

13. Ихлос бу дунё ва охиратдаги мукаммал омонликдир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил деб ҳисоблама. Фақат уларни кўзлар қотиб қоладиган кунга қолдирадир, холос.Улар хорланган ҳолда бўйинларини давоми...

4026 18:38 / 09.02.2018
Ҳикоя. Бир куни Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу масжидда суффа аҳлига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларини айтиб бериб ўтирган эдилар. Бу вақтда давоми...

3747 18:53 / 10.03.2018
Қалбни поклашдан ғофил ҳолда соф Ислом бутун гуноҳлардан фориғ қилади деб тушуниш ақлданми Исломни лозим тутган мусулмон кишининг аъзолари кичик гуноҳларни давоми...

5914 16:42 / 05.09.2017
Ойнасига мавжудотларнинг суратлари тамғаланиб қолган қалб қандай қилиб ёришсин Ёки у шаҳватлари ила кишанланган бўлса, қандай қилиб Аллоҳ томон сафар қилсин Ёки давоми...

5517 04:42 / 27.06.2018