1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Нур қалбнинг лашкаридир (2-қисм)

16:18 / 11.03.2018 3498 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло ўта шукр қилувчи, бандаларининг шукрларини қабул этувчи ва неъматларини зиёда қилувчи Зотдир.

Соликларнинг истиғфор, тасбеҳ, таҳлил ва салавотдан кундалик вирди бўлади. Мурид уларни ихлос билан бажариб боради.

Тонг отишидан олдин «Астағфируллоҳ ал-Алий ал-Азийм аллазии лаа илааҳа иллаа ҳува ва атубу илайҳи»ни юз марта айтилса жуда яхши бўлади.

Тонг отиши билан бомдоднинг суннатини ўқишдан олдин юз марта «Субҳаналлоҳи, валҳамду лиллаҳи ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар»ни айтилади.

Бомдодни ўқиб бўлгач, оёқларни ёзмай намознинг зикрларини адо этиб бўлгандан кейин вирдни адо этади.

Нақшбандия тариқатидаги мурид зикрни бошлашдан олдин тавба қилади. Таҳорат қилиб, қазо намоз ёки шукри вузуъ намозини адо этади. Яна тавба қилиб, бутун вужуди ила диққатини жамлаб, зикрга ҳозирланади.

Юз марта «Астағфируллоҳ ал-Алий ал-Азийм аллазии лаа илааҳа иллаа ҳува ва атубу илайҳи»ни айтади.

Юз марта «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни айтади.

Юз марта «Аллоҳумма солли алаа»ни охиригача ўқийди.

Юз марта Ихлос сурасини ўқийди.

Мурид имкони борича кўпроқ лафзи жалолани – «Аллоҳ» лафзини ихлос билан такрорлаб юради.

Одатда мазкур зикрлар, аввал айтилганидек, бомдод намозидан кейин, қуёш чиққунича қилинади.

Шунингдек, бомдод намозидан кейин Ёсин сурасини қироат қилиш ҳам кундалик вирдлар ичида бор.

Қуёш чиққанидан кейин икки ракъат ишроқ намози ўқилади.

Чошгоҳ вақти кирганда эса зуҳо – чошгоҳ намози ўқилади.

Пешин намозидан кейин Мулк – Таборак сураси қироат қилинади.

Аср намозидан кейин Набаъ сураси қироат қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳам Қуръони Карим тиловати ва Аллоҳ таолонинг зикридан кейин турадиган энг муҳим ишлардандир.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Унга салавот айтинг ва салом йўлланг» (56-оят).

Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, Аллоҳ таолонинг Ўзи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиши таъкидланмоқда. Араб тилида «салавот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, «дуо» маъносини англатади. Араб тилида намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишининг маъноси у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.

Фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишлари у зоти бобаракот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.

Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишлари эса улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.

Демак, Аллоҳ таоло доимо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан рози эканини билдириб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мақтовлар айтиб турар экан.

Фаришталар ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан раҳмат, саломатлик, розилик сўраб, дуо қилиб туришар экан.

Ояти каримада таъкидли хабардан кейин мўминларга:

«Эй иймон келтирганлар! Унга салавот айтинг ва салом йўлланг», деб амр қилинмоқда.

Бу амрга биноан, ҳар бир мўмин учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ва салом юбориш фарз бўлиб қолади. Бу хусусдаги баҳсларда уламоларимиз «Умрда бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари ҳар зикр қилинганида бир марта салавот айтиш керак», деганлар.

Амалда эса охиргиси – яъни ҳар исмлари зикр қилинганида салавот айтиш урф бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни амр қилган экан, бу салавот қандай қилиб айтилади, деган савол пайдо бўлиши табиий. Жумладан, ушбу оят нозил бўлганидан кейиноқ худди шу савол саҳобаи киромларда пайдо бўлган.

Имом Бухорий ва имом Муслим Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтиладики:

«Бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга салом беришни-ку, биламиз, аммо салавот айтиш қандай бўлади?» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадив ва ъалаа аали Муҳаммад. Кама соллайта ъалаа Иброҳийма ва ала аали Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд. Аллоҳумма барик ъала Муҳаммадив ва ъалаа аали Муҳаммад. Кама барокта ъалаа Иброҳийма ва ъалаа аали Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд», деб айт», дедилар.

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим, Муҳаммад алайҳиссаломга Ўзингнинг зиёда раҳматларингни нозил қилгин. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оила аъзоларига ҳам. Худди Иброҳимга ва Иброҳимнинг аҳли байтларига Ўз раҳматингни нозил қилганингдек. Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг аҳли байтларига Ўз баракангни нозил қил. Худди Иброҳим ва Иброҳимнинг аҳли байтларига ўз баракангни нозил қилганингдек. Албатта, Сенинг Ўзинг мақталган, улуғланган Зотсан»

Бошқа ҳадисларда ҳам бир оз фарқли сийғалар келган. Шундан кўриниб турибдики, бир хил сўзлар билан салавот айтиш шарт эмас. Турли сўзлар, турли иборалар билан айтса ҳам бўлаверади. Энг муҳими, албатта айтиш керак.

Баъзи кишиларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи салавот айтиб турса, Унинг фаришталари салавот айтиб турса, мўминларнинг саловотига нима ҳожат бор, деган савол пайдо бўлиши мумкин.

Бу саволга жавоб шулки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминларнинг саловотига эҳтиёжлари йўқ. Балки мўминлар у зотга салавот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу саловотлари ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, савоб оладилар, дуолари қабул бўлади, муродларига етадилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менга салавот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловотининг баробарида салавот айтиб турадилар. Банда саловотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа, кўп», деганларини эшитдим».

Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади», деганлар.

Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амридир. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилади. Имом Шофеъий: «Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди», деганлар.

Имом Насоий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар ривоят қилган ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз:

– Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз?! – дедик. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Чунки ҳузуримга фаришта келиб, «Эй Муҳаммад, албатта, Роббинг айтурки: «Ким сенга салавот айтса, албатта, Мен унга ўн марта салавот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» – деди», – деб хабар бердилар».

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир», – деганлар.

Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўпдир. Мусулмонлар ушбу оятга ва ҳадисларга асрлар давомида чин ихлос билан амал қилиб келмоқдалар. Намозларида ўз Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмоқдалар. У зоти бобаракотнинг номи шарифлари зикр этилиши билан салавот айтишга шошиладилар. Аҳли солиҳ кишиларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишдан иборат кундалик вазифалари ҳам бор.

Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр қилинганида у зотга салавот айтилмаса, бу мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Имом Термизий ва имом Насоийлар ривоят қилган ҳадисда:

«Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга салавот айтмаса, ўша одам бахилдир», – деганлар.

Шу тариқа зикрларни ўрнига қўйиб юрган банда Аллоҳ таолонинг марҳаматига, лутфи-карамига ва инъомларига сазовор бўлади.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳининг таъбири билан айтганда, «Қачон Аллоҳ бандасига нусрат беришни ирода қилса, унга нурлар лашкарлари ила мадад беради...»

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизга нусрат беришни ирода қилсин, бизга нурлар лашкарлари ила мадад берсин ва биздан зулматлар ҳамда ағёрлар мададини кессин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тақво билан вараъ орасидаги фарқлар қуйидагилар1. Тақво ҳимояга тайёргарликдир. Вараъ шубҳани даф қилишдир.2. Тақво сабаби аниқ нарсадир. Вараъ сабаби гумон давоми...

4406 12:53 / 07.03.2018
ndash Исроф Аллоҳ таолонинг ғазабини жалб қилади.ndash Исроф иймоннинг мукаммаллигига хилофдир.ndash Исроф бузғунчиликда шайтонга ўхшашдир.ndash Исроф молу мулкни зое давоми...

3055 14:48 / 28.03.2018
.Тавба, сўзи луғатда .қайтиш, ва .бурилиш, маъноларини билдиради. Гуноҳдан бурилиб қайтган, уни бутунлай ташлаган бандага нисбатан .тавба қилди, дейилади.Уламолар давоми...

7656 16:27 / 28.10.2017
Тўртинчи тақсимЁмонланаётган одамнинг қайси жиҳати зикр этилаётганига қараб ғийбат олти қисмга бўлинади.1. Бадан ғийбати. Бадан ғийбати дейилганда кишининг давоми...

5984 18:36 / 15.01.2018