1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ростгўйлик ва карамли бўлиш ҳақида (2-қисм)

20:06 / 15.09.2017 4565 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 1638. Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Бас, у зот савдо қилаётган одамларни кўриб:

«Эй тожирлар жамоаси!» дедилар. Улар бошларини кўтариб, чақириққа жавобан, у зотга қарадилар. Шунда у зот:

«Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар ҳолида тирилтирилурлар.

Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган бундан мустасно», дедилар».

Бошқа бир ривоятда: 

«Ростгўй, омонатли тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир», дейилган. 

Икковини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Агар тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, тожирлик эгасига надомат, охират шармандалигини келтирар экан. Ҳар бир тожир ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган уч сифат:

1. Аллоҳ таолога тақво қилиш.

2. Яхшилик қилиш.

3. Ростгўй бўлиш сифатларини ўзида мужассам қилишга уринмоғи керак. 

Ушбу сифатлари бор одамгина тижоратда фожирлик, алдамчилик, ҳаромхўрлик қилмайди.

Аслини олганда тожирлик ҳам шариат кўрсатган йўл билан амалга оширилса, ибодат бўлади. Чунки тожирлар тижоратлари орқали ўзларига фойда топишдан ташқари, жамиятлари учун катта аҳамиятга эга бўлган ишни амалга оширадилар. Кўпчиликнинг оғирини енгил қиладилар. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Ха­дича онамизнинг моллари билан тижорат қилганлар. 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда тижоратни ҳалол қилганини эълон қилган. Ҳатто ҳаж ибодати вақтида ҳам тижоратга рухсат берган. Уламоларимиз тижорат, зироат ва саноатдан қайси бири афзал, деб савол берганларга баъзи ҳолларда тижорат афзал эканлигини таъкидлаганлар. Саҳобалардан баъзилари вақти келганда тижорат жиҳодга тенг бўлишини айт­ганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу «Жиҳоддан кейин менга энг афзал ўлим савдо моллари ичида ўлишдир», деганлар.

Аммо ушбу афзалликларнинг ҳаммаси тожирнинг тақводор, ростгўй ва омонатли бўлишига боғлиқдир. Ана ўшанда мўмин-мусулмон тожир қиёмат куни юксак мартабаларга эришади, набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади.

Ушбу ҳадис олдимизга тожирнинг икки хил ҳолатини кўндаланг қўймоқда: 

Алдамчи, ёлғончи ва ҳаромхўрлари қиёмат куни фожир бўлиб тирилтирилади; 

Тақводор, содиқ ва омонатлилари қиёмат куни набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўладилар. Энди ихтиёр ҳамманинг ўзида. Ҳар ким ниятига ва амалига яраша мансаб топади.

 1639. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сотганда, сотиб олганда ва ҳаққини талаб қилганда карамли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар». 

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Мусулмон одам доимо карамли, саховатли бўлиши керак. Айниқса олди-сотди ва ҳақни талаб қилиш пайтида. Бундай пайтда мумсиклик қилиб, тийиннинг устида етти думалаб туриб олиш барака келтирмайди. Балки сахийлик, очиқлик, бир оз ўтиб бериш Аллоҳнинг раҳматига, хайру баракага сабаб бўлади.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган Аллоҳнинг раҳмати икки дунёга ҳам хосдир. Мазкур ишларда карамли, саховатли бўлган кишиларга Аллоҳ таолонинг бу дунёдаги раҳмати – молу мулкига, ризқу рўзига барака, ўзига соғлик-саломатлик, фаровон турмуш ва тинчлик-омонлик беришида кўринса, охиратда эса жаннатга киришга сабаб бўлади.

Демак, сотувчи ҳам, олувчи ҳам карамли, саховатли ва хушмуомала бўлишлари керак. Шунингдек, бировдан ҳаққини сўровчи ҳам яхшилик, хушмуомалалик билан сўраши лозим.

 1640. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Фаришталар сизлардан олдин ўтганлардан бир кишининг руҳини қабул қилиб олдилар. Сўнгра унга:

«Бирор яхшилик амал қилганмисан?» дедилар.

«Йўқ», деди у.

«Эсла», дедилар.

«Одамларга қарз берар эдим. Йигитларимга камбағалга муҳлат беришни, бойга енгиллик беришни амр қилар эдим», деди.

Аллоҳ таоло: 

«Унинг ҳам (ишини) осонлаштириб юборинглар», деди».

Бошқа ривоятда:

«Лекин мен молдор одам эдим ва одамларга қарз берар эдим. Бас, бойдан қабул қилар, камбағалдан кечиб юборар эдим». Бас, Аллоҳ таоло: 

«Бандамни кечиб юборинглар», деди», дейилган. 

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Молиявий муомалаларда қийин ҳолга тушиб қолган одамга енгиллик яратиш қанчалик яхши ва савобли иш эканлигини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олсак бўлади.

Бу дунёда ҳеч яхшилиги бўлмай, фақат ҳақни талаб қилишда ноилож ҳолда қолган одамнинг қарзини кечиб юбориш билан ҳам охиратда енгилликка эришиш мумкинлиги ушбу ҳадисдан кўриниб турибди.

Бой-бадавлат одамнинг имкони яхши бўлади. Қарздор эса доимо ноқулай ҳолатда бўлади. Ана шу ҳолатни эътиборга олиб, осонлик яратган бойга қиёмат куни Аллоҳ таоло томонидан осонлик яратилар экан. 

Бойлар бу ҳолни яхши эслаб қолишлари керак. Қарздорлар ҳам ўз қарзларини кечиктирмай, яхшилик билан адо этишлари кераклиги ўз ўрнида зикр этилади.

 1641. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким камбағалга муҳлат берса ёки ундан баъзисини ўтиб юборса, Аллоҳ қиёмат кунида, Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда Аршининг соясига олади», дедилар». 

Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Қарздор камбағалга қарзини узиш учун муҳлат бериш ёки унинг қарзидан баъзи қисмини кечиб юбориш қанчалар яхши эканлигини кўриб турибмиз. Энди шу ҳадисга амал қилиш қолди, холос. 

1642. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда бир одамнинг ҳаққи бор эди. Ўша одам у зотга қўполлик қилди. Саҳобалар унга (ёмонлик) қасд қилиб қолдилар. Шунда у зот:

«Уни тек қўйинглар. Ҳаққ эгасининг гапи бўлади. Унга (туяси) ёшидагини сотиб олиб беринглар», дедилар. Улар: 

«Унинг ёшидан яхшироқ ёшдагисидан бошқасини топа олмаяпмиз», дейишди.

«Ўшани сотиб олиб, унга беринглар. Албатта, сизларнинг яхшиларингиз (ёки яхшиларингиз) қарзини гўзал адо этувчиларингиздир», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аъробийдан қарзга туя олган эдилар. Ҳалиги одам келиб, қарзини у зотдан аъробийлар одати бўйи­ча қўполлик билан сўради. Шунда саҳобаи киромлар у беодобнинг танобини тортиб қўймоқчи бўлдилар. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга йўл бермай, саҳобаларга унга тегмасликни амр қилдилар. Ҳақ эгасининг гапиришга ҳаққи бор, дедилар ва унга озор бериш ўрнига, унинг ҳаққини яхшилаб қайтариш, қарзга берган туясига ўхшаш туя сотиб олиб бериш кераклигини таъкидладилар. 

Бошқа ривоятларда айтилишича, қарзга олинган туя тишларидан учтаси чиққан туя экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари – Абу Рофеъ розияллоҳу анҳу бориб, унга ўхшаш туя топа олмайдилар. Сўнг тўртта тиши чиққан туя бор эканлиги ҳақида хабар берадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша тўртта тишли туяни сотиб олиб, ҳалиги аъробийга беришни амр қилдилар ва:

«Албатта, сизнинг яхшиларингиз қарзини гўзал адо этувчиларингиздир», дедилар».

Шунинг учун бировдан қарз олган одам уни ўз вақтида, ўзидан ҳам афзал қилиб қайтаришга ҳаракат этиши керак. Чунки қарз берувчи муҳтож бўлиб турган пайтида унинг ноқулай ҳолатдан чиқишига ёрдам берган, ўз фойдасидан кечиб, унга яхшилик қилган одам. Унинг яхшилигини унутмаслик, вақтида қайтариш лозим. Оғир пайтда ҳожатини чиқариб олиб, кейин қарзини бермай юриш инсофсизлик ҳисобланади.

 1643. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким мусулмоннинг (савдодаги) қайтишини кечирса, Аллоҳ унинг қоқилишини кечиради», дедилар». 

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бир одам нарса сотиб олгандан сўнг ўша нарса ёқмай қолиб ёки унга ҳожати йўқлиги маълум бўлиб қолиб, қайтариб олиб келганда уни кечириб, қайтариб олган тожирнинг гуноҳини Аллоҳ таоло кечирар экан. 

Кишилар ҳам, уларнинг ҳолатлари ҳам турлича бўлади. Шу билан бирга, ҳаётда турли кутилмаган вазиятлар ҳам рўй бериб туради. Чунки одатда харидордан кўра тожирнинг имкониятлари кўп бўлади. Қайтариб олган нарсасини ўша заҳоти бошқа харидор сотиб олиши мумкин. Харидорнинг эса имкони оз – агар тожир қайтариб олмаса, моли зое бўлиши ҳам мумкин. Умуман олганда, тижорий ва бошқа молиявий, иқтисодий муомалаларда ўта кечиримли, сахий ва хушмуомалалик керак бўлади. Мусулмонлик одоби шу. Дарҳақиқат, яхши мусулмон тожир, яхши мусулмон ходим ҳамдир. Ҳозирги кунимизда Индонезия, Малайзия, Фаластин, Сингапур ва бошқа томонларда юз миллионлаб мусулмонлар яшамоқда. Уларнинг юртлари мусулмон бўлишига асосан содиқ ва омонатли мусулмон тожирлар сабаб бўлишган. Тижорат билан бориб, омонат билан муомала қилганларини кўриб, ерлик аҳоли бу фариштасифат одамлар қандай одамлар эканлигига қизиққанлар. Тожирлар эса ўзларида қай бир яхшилик бўлса, дийнлари – Исломдан эканлиги, агар хоҳласа, ҳар ким ҳам шундай бўла олишини айтишган. Шунда уларнинг харидорлари ҳам мусулмон бўлишган.

Яхши мусулмон тожир Ислом дийни ҳақида бошқаларда яхши таассурот қолдирганидек, мусулмонча ном билан аталган ёмон одам Ислом ҳақида ўзгаларда ёмон таассурот қолдириши турган гап. Бу ҳақиқатни ҳар бир тожир англаб етмоғи лозим.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар Расулуллоҳсоллаллоҳуалайҳива саллам Бошқа инсонларнинг аёлларига нисбатан иффатли бўлинг. Аёлларингиз ҳам иффатли давоми...

6185 00:00 / 26.06.2018
.Душман банданинг қалбидагини била оладими, деб сўрабсан.Билгинки, қалб Аллоҳнинг яшириб қўйган қутисидир. Ҳеч ким унинг ичидаги нарсани кўра олмас ndash фаришталар давоми...

4250 17:28 / 25.09.2017
Мазкур гуноҳлар сабабидан ҳозирги кунда турли азоблар содир бўлмоқда. Бир шаҳарни ер ютган, бир шаҳарда қаттиқ шамол, яна бирида қаҳатчилик бўлган, баъзи жойларда давоми...

3579 15:51 / 08.03.2018
Ғийбат ndash ҳаромлиги қатъий ояту ҳадислар ҳамда ижмо билан собит бўлган амалдир. Ғийбатнинг ҳаромлигини инкор қилган, яъни уни ҳалол санаган киши кофир бўлади ва давоми...

3665 15:36 / 08.03.2018
Аудиолар

135107 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55382 14:35 / 11.08.2021