1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Арафотда туриш

18:16 / 14 июнь 12010 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

АРАФОТДА ТУРИШ

Арафотда ҳажнинг асосий аркони адо этилади. Арабча «арафот» сўзи луғатда «билиш, таниш» маъноларини билдиради. Макканинг жануби-шарқий қисмидаги, ундан йигирма икки чақирим узоқликдаги тоғ ва водий Арафот деб аталади.

Одам алайҳиссалом билан Ҳавво онамиз бир-бирларини таниб-топишишгани учун Арафот деб номланди. Ёки Жаброил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломга ушбу маконда ҳаж амалларини ўргатганлари учундир. У зот: «Арофта?» («Ўрганиб бўлдингми?») деганларида, Иброҳим алайҳиссалом: «Ҳа», деганлар. Мана шундан кейин Арафот деб номланиб қолди, деб Ибн Аббос айтганлар.  

Арафа куни бомдод намози ўқилгандан сўнг Минодан Арафотга қараб йўлга тушилади. Ҳожилар зул-ҳижжанинг тўққизинчи куни шу ерда туриб ҳажнинг асосий арконларидан бирини адо этишади. Арафотда маълум муддат турмаган кишининг ҳажи ҳаж ҳисобланмайди.

Абдураҳмон ибн Яъмур Дийлий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафотда турганларида у зотнинг ҳузурларига бордим. Шунда Нажд аҳлидан бир гуруҳи келиб, бир кишига буюришган эди, ўша одам у зотга: «Ҳаж қандай (қилинади)?» деб нидо қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир кишига буюрдилар ва у: «Ҳаж! Ҳаж Арафот кунидир. Ким Жамъ (Муздалифа) кечасининг бомдод намозидан олдин келса, ҳажи тугал бўлади. Мино кунлари учтадир. Ким икки кунда шошилса, унга гуноҳ йўқ. Ким кечга қолса, унга ҳам гуноҳ йўқ!» деб нидо қилди».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Арафот шимолида Раҳмат тоғи бўлиб, унда Пайғамбар алайҳиссалом сўнгги ҳажларида машҳур вадоъ (видолашув) хутбасини қилганлар. Арафотда дуолар ижобат бўлиши таъкидлангани учун унда Раҳмат тоғига юзланиб Аллоҳ таолога ёлбориш, тавба-тазаррулар қилиш, раҳмат-мағфират сўраш суннат амаллардандир.

 Амр ибн Шуаъйбдан, у отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуоларнинг яхшиси Арафот куни дуосидир», дедилар».

Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Ушбу макон Ҳарам ҳудудидан ташқаридаги ибодат ўрнидир. Арафотда қуйидаги оят нозил бўлган: «Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим» (Моида сураси, 3-оят).

Арафа куни қуёш оққанидан то ҳайит кунининг тонгигача Арафотда туриш (вуқуф) вақтидир. Шу вақт ичида бирор сония бўлса ҳам Арафотда туриш фарздир. Яъни, бу вақтда белгиланган Арафот чегараси ичида турмаган киши ҳаж қилган ҳисобланмайди. Айтилган вақтда Арафот чегараси ичида туриш ҳажнинг асосий рукнидир.

Арафот чегарасининг ичидаги ҳамма ер («Батни Урана» деб аталувчи жой мустасно) бир хилдаги туриш жойи ҳисобланади. Арафотнинг бир жойи бошқасидан афзал ҳисобланмайди.

Қуёш ботганидан кейин Арафотда тўп отилади. Тўп отилиши «туриш вожиб бўлган вақт тугади, йўл очилди, Арафотдан  қайтишга рухсат», дегани бўлади. Арафотга кундузи етишолмаганлар кечанинг қайси вақтида бўлса ҳам тонг отгунча Арафотга етса бўлади. Арафотдан унинг чегарасини билмай ўтиб кетса ҳам ҳажи ҳаж бўлади, Арафотда турган ҳисобланади. 

Ҳайит кунининг субҳи содиғи киргунича бирор сабаб билан Арафотга етишолмай қолган киши Арафотда турмаган ҳисобланиб, ҳажни кейинги йилга қолдиради.

Арафотга чиқишда ва у ерда турганда доим такбир, таҳлил, ҳамд ва талбия («лаббайка») айтилади. Арафот улуғ мақом бўлиб, у жойдаги дуолар қабулдир. Шунинг учун ҳожи у ерда доимо дуода бўлишга интилиши лозим. У қалбни ҳозир қилиб, зикрда, қироатда, илтижода, чин дилдан тазарруда бўлиши керак. 

Арафотга чиқишдан олдин ғусл қилиб олинса яхши бўлади. Арафотда туриш ҳажнинг асосий рукни бўлгани учун эҳтиёт бўлиб Арафот чегарасида, вуқуфга макон ҳисобланган жойда туриш керак. Бошқа жойда туриб қолганларнинг ҳажи ҳаж бўлмайди.

 Арафотга чиқишда ва у ерда туришда ҳамиша талбия («Лаббайка») айтилади.

Арафот улуғ мақом бўлиб, у жойдаги дуолар қабулдир. Шунинг учун ҳожи у ерда доимо дуода бўлишга ҳаракат қилиши лозим.  Арафотда ва Раҳмат тоғида қуйидаги дуоларни ўқиш тавсия этилади:

«Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи. Субҳаналлоҳил ъазийм».

«Ла илаҳа илла анта. Субҳанака инни кунту миназ-золимийн».

«Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил ъали­йил ъазийм»

«Роббана атина фид-дуня ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан ва қина ъазабан-нар».

«Аллоҳумма аслиҳ ли динийаллазий ҳува ъисмати амри ва аслиҳ ли дунйаяллати фиҳа маъаший ва аслиҳ лий ахиротияллати фиҳа маъадий, важъалил ҳайата зийадаталли мин кулли хойрин, важаълил мавта роҳаталли мин кулли шаррин».

«Аъузу биллаҳи мин жаҳдил балаи ва даркиш-шақои ва суъил қазои ва шатаматил аъдаи».

Арафотда пешин ва аср намозлари бир азон ва икки иқомат билан қўшиб қаср қилиб ўқилади. Ҳажнинг амири хутба ўқийди. Арафотда қуёш ботгунча туриш вожиб ҳисобланади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминнинг умр сафари китобидан)

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар йили беш мингдан зиёд юртдошимиз ҳажга бориб келади. Улар дунёдаги миллионлаб диндошлари қатори Ислом илк бор индирилган табаррук юртга бориб, зиммаларидаги давоми...

6342 11:50 / 11.09.2017
Ҳожи ёки умра қилувчи ватанига яқин қолганда ушбу дуони ўқийди.Бисмиллаҳ, ааибуна, тааибуна, обидуна, лироббинаа ҳамидуна, содақаллоҳу ваъдаҳу ва насора аҳдаҳу ва давоми...

6496 17:20 / 11.09.2017
Учта масжиддан бошқа жойларда намоз ўқиш ниятида кўч боғлаб, йўлга чиқишнинг макруҳлиги ҳақидаquotШадд арриҳолquot ибораси асли луғатда quotюкларни уловларга боғлаб, давоми...

3518 05:00 / 16.01.2017
1. Ҳаж қилмоқчи бўлган одам, аввало, Aллoҳ тaoлoгa acтoйдил тaвбa қилсин. Гyнoҳлapини тapк эта туриб, aввaл coдиp бўлгaнлapигa нaдoмaт қилиб, бyндaн cўнг тaкpopлaмаcликкa aзмy қapop давоми...

3924 09:00 / 02 июнь