1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Тенглик ҳажда билинади

18:44 / 23.08.2017 3943 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сўнгра одамлар қайтиб тушган жойдан тушинглар. Ва Аллоҳдан мағфират талаб қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. (Бақара сураси, 199-оят)

Ислом тенглик динидир. Бу нарса, айниқса, мусулмонларнинг йиллик умумий йиғилиши бўлмиш ҳажда яққол кўзга ташланади. Унда кишилар барча имтиёзлардан, белгилардан ва аломатлардан ажралиб чиқадилар. Ҳатто кийимларидаги имтиёзлар ҳам билинмаслиги учун тикилган кийимларни ечиб ташлаб, авратларини тўсадиган икки парча мато билан кифояланадилар. Бировдан бировнинг ҳеч қандай фарқи қолмайди. Подшоҳ ҳам, гадой ҳам, ёш ҳам, қари ҳам, кучли ҳам, кучсиз ҳам, бой ҳам, камбағал ҳам эҳромда, бош яланг, Аллоҳнинг ҳузурида ўзини хор тутади. Демак, шундай бўлса, Қурайш қабиласининг ёки бошқа кишининг ўзини юқори тутиши, Арафотда одамлардан имтиёзли бўлиб, алоҳида туришлари ҳеч тўғри келмайди. Улар ҳам барча билан баробар туришлари ва одамлар қайтиб тушган жойлардан тушишлари керак.

«Сўнгра одамлар қайтиб тушган жойдан тушинглар».

Шу билан бирга, аввал ўзларидан ўтган гуноҳлар, адашиб-улоқишлар учун Аллоҳга истиғфор айтиб, гуноҳларини кечиришини сўрашлари керак:

«Ва Аллоҳдан мағфират талаб қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».

Аллоҳ таоло ҳажда юрган бандаларини истиғфор айтишга буюрмоқда. Ҳаж қилдим, гуноҳим ювилди, деб ғурурга кетмасин. Мана шундай улуғ мақомда ҳам ўзида камчилик сезсин. Истиғфор айтиш улкан бахту саодатга ҳам эриштиради. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Ким истиғфор айтишни ўзига лозим тутса, Аллоҳ унинг мушкулини кушойиш қилади, оғирини енгил қилади ва ўзи ўйламаган томондан ризқ беради», – деганлар.

Имом Насафий ривоят қилишларича, жоҳилият даврида одамлар ҳаж амалларини бажариб бўлганларидан сўнг Мино билан тоғнинг орасига туриб олиб, ота-боболарининг фазилатларини санар эдилар ва машҳур кунлар ҳамда уларда бўлиб ўтган ишларни эслар эдилар.

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Жоҳилият аҳли ҳаж мавсумида «Отам кишиларга таом берар эди, тўловини тўлар эди», – деб оталарининг ишларидан бошқа нарсани зикр қилмас эдилар. Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссолату вассаломга оят нозил қилди», – дейдилар. Қуйидаги оят ана шу оятдир:

Ибодатларингизни тугатганингизда Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ҳам кучлироқ зикр қилинг. Одамлардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда бергин», – дейдир ва охиратда унга насиба йўқдир.  (Бақара сураси, 200-оят)

Ота-боболарининг қилган ишлари билан фахрланиш, мақтаниш бекорчи, қўлидан бир иш келмайдиганларнинг ишидир. Ислом дини эса мусулмонлар елкасига бутун дунё бахти учун курашиш масъулиятини юклаган. Шунинг учун ҳам, ҳаж ибодатларини адо этиб бўлгандан сўнг ота-боболарни эмас, уларга бундай улкан масъулиятни юклаган Аллоҳ таолони эслаш ва Ундан ёрдам, яхшиликларни сўрашга амр бўлмоқда:

«Ибодатларингизни тугатганингизда Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ҳам кучлироқ зикр қилинг».

Аллоҳни эслаган одам албатта Ундан бирор нарса сўрайди. Лекин сўраш ҳар хил бўлади:

«Одамлардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда бергин», – дейдир».

Яъни фақат бу дунёнинг нарсаларини сўрайди. Жумладан, ҳажга келган қавмлардан баъзилари: «Аллоҳим, бу йилни ёмғирли қилгин, яхши болалар туғиладиган йил қилгин», – деб дуо қилар эканлар. Аллоҳ таоло ундай кишиларнинг ишлари нотўғри эканини баён қилиб:

«...ва охиратда унга насиба йўқдир», – дейди.

Кейинги оятда эса ҳажда Аллоҳни зикр этгандан кейин қилинадиган дуони ўргатади:

Ва улардан баъзилари: «Роббимиз, бизга дунёда ҳам яхшилик, охиратда ҳам яхшилик бергин ва бизни олов азобидан сақлагин», – дейдир.  (Бақара сураси, 201-оят)

Бу дуо мусулмонларнинг дуосидир. Улар Аллоҳ таолодан икки дунёнинг яхшилигини сўрайдилар. Чунки Ислом дини икки дунёнинг ободлигига чақиради. Динсизу худосизларга ўхшаб, фақат бу дунёнинг ҳой-ҳавасини сўрамайдилар. Ёки баъзи тоифаларга ўхшаб, фақат охиратни ўйлаб, бу дунёни эсдан чиқармайдилар.

Бу дуода юксак одоб ҳам ёрқин кўриниб турибди. Сўраладиган нарсани тайин қилиб, номини айтмасдан, умумий қилиб «яхшилик» деб айтилмоқда. «Яхшилик»нинг нималигини Аллоҳ таолонинг Ўзи яхши билади.

Имом ибн Касир: «Ушбу дуо дунёдаги барча яхшиликларни ўзида жамлаб, ёмонликларни четлатган», – деганлар.

Ибн Мурдавайҳ Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Байтуллоҳнинг бурчагидан ҳар ўтганимда, «Омин» деб турган фариштани кўрдим. Унинг ёнидан ўтсангиз, «Роббана атина фиддуня ҳасанатан ва фил охироти ҳасанатан ва қийна азабаннаар»ни ўқинглар», – деганлар.

Бу дуо Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссолату вассаломнинг кўп қиладиган дуолари эди.

Ибн Аби Ҳотим Абу Толутдан қилган ривоятда айтилади:

«Анас ибн Молик ҳузурида эдик. Собит у кишига:

– Биродарларингиз дуо қилишингизни сўрашяпти, – деди. Анас ибн Молик «Роббана атина...»ни ўқидилар. Бир муддат гаплашиб ўтирдилар. Турмоқчи бўлишганда:

– Эй Абу Ҳамза, биродарларингиз туришмоқчи, уларни бир дуо қилсангиз, – деди. Шунда Анас ибн Молик:

– Сизларга ишларни майдалаб беришимни хоҳлайсизми?! Агар Аллоҳ сизга бу дунё ва охиратнинг яхшилигини бериб, дўзахнинг азобидан сақласа, яхшиликнинг ҳаммасини берган бўлади-ку, – деди».

 Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир.   (Бақара сураси, 202-оят)

Яъни Роббларидан икки дунёнинг яхшилигини ва дўзах оловининг азобидан сақлашни сўраб, ўшанга мос амал қиладиган мўмин-мусулмонларга қилган касбларидан насиба бордир. Уларнинг насибалари ҳисоб-китобини тўғрилаб бериш Аллоҳ таоло учун осондир. Чунки У Зот ҳисобни тез қилувчи Зотдир.

Сўнгра ҳажнинг охирги амаллари баён қилинади:

Бақара 203. Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилинг. Бас, ким икки кундан кейин кетишга шошилса, унга гуноҳ йўқ. Ким кечикиб қолса, унга гуноҳ йўқ. Тақво қилувчилар учун. Аллоҳга тақво қилинглар ва билингларки, сиз албатта Унинг ҳузурига тўпланурсиз.

«Саноқли кунлар» деганда ҳайит кунидан кейинги уч кун назарда тутилган.

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос: «Саноқли кунлар ташриқ кунларидир», – деганлар.

Набий алайҳиссалом: «Арафа, қурбонлик ва ташриқ кунлари биз, аҳли Исломнинг байрами – емоқ, ичмоқ кунларидир», – деганлар. Шундан келиб чиқадики, арафа ва қурбон ҳайити кунлари ташриқ кунлари қаторига кирмайди.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло саноқли кунларда, яъни ташриқ кунларида Ўзини эслашга, зикр қилишга буюрмоқда.

«Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилинг».

Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саноқли кунларда Аллоҳни эсланг», дегани «Ташриқ кунларида фарз намозларидан кейин «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар», деб такбир айтинг», деганидир».

Аммо ҳажда бўлганда, бундан мурод шайтонга тош отиш бўлади. Ҳар бир тошни отишдан олдин «Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар», – дейилади. Ҳар куни уч жойга еттитадан йигирма битта тош отаилди. Ҳайитдан кейинги икки кунда тош отиб, шошилиб, Минодан кетса, гуноҳ бўлмайди.

«Бас, ким икки кундан кейин кетишга шошилса, унга гуноҳ йўқ».

Агар ихтиёр қилиб, учинчи кунга қолиб, тош отса ҳам, гуноҳ йўқ:

«Ким кечикиб қолса, унга гуноҳ йўқ».

Кейин бошқа ибодатлар қатори, ҳаж ҳам тақво жойи экани, ҳаждаги тўпланиш қиёматдаги тўпланишни эслатиши зарурлиги зикр қилинади:

«Аллоҳга тақво қилинглар ва билингларки, сиз албатта Унинг ҳузурига тўпланурсиз».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаж сафарига жўнаётган кишидан .Бизни ҳам хос дуоларингизда эслаб, ҳаққимизга дуо қилиб қўйинг,, деб илтимос қилиш жоиз ва ҳадислар билан собит бўлгандир. Сафвон давоми...

5352 11:09 / 11 июнь
Алҳамдулиллаҳ. Вас солату вас саламу ала Росулиллаҳ. Биз ушбу мақолада ҳажжи мабрурга эришиш йўллари ҳақида сўз юритамиз. Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи давоми...

6163 05:00 / 16.01.2017
Oфoқ, яъни мийқот ташқарисидан кeлувчилaр ndash ифрoд ёки қирoн ниятида келсалар ndash иккала суратда ҳам Бaйтуллoҳи шaрифгa ҳoзир бўлишларии биланоқ шукрoнa сифатида бир давоми...

4756 05:00 / 16.01.2017
Ҳaммa тaйёpгapликлар ниҳoяcигa eтиб, ҳaж амалларини бошлаш навбати келади. Шyндa ҳаж aмaллapиshyдaн биpинчиcи эҳром бўлaди. .Эҳром, apaбчa cўз бўлиб, лyғaтдa .ҳapoм қилмoқ, мaънocини давоми...

9015 09:00 / 15 июнь