
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сафо – кичик тоғча бўлиб, саъй қилиш ана шу ердан бошланади. У жанубий томонда шарққа яқин бўлиб, Каъбадан 130 метр узоқликда жойлашган. Унинг устига айланма, қуббасимон шифт ёпилган. Бу ернинг зикри қуйидаги оятда келтирилган: «Албатта Сафо ва Марва Аллоҳ (буюрган) маросимлардандир» (Бақара сураси, 158-оят).
Сафо тепалиги буюк тарих давомида кўплаб ҳодисаларга гувоҳ бўлган. Булардан биринчиси – Сафо тепалигидаги даъват. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб: «Эй (инсонлар), тонг отди», дедилар. Қурайш у ерда тўпланган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни иймонга, тавҳидга, рисолатга чақириб, дўзахдан огоҳлантирдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Яқин қариндошларингизни (дўзахдан) огоҳлантиринг» ояти нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалигига кўтарилиб: «Эй Бани Фиҳр! Эй Бани Адий!» деб Қурайш қабиласига нидо қилгандилар. Улар тўпланишди. Бу чақириққа келишга имкони йўқлар нима бўлганини билиш учун элчи юборишди. Абу Лаҳаб ва Қурайш жамоаси етиб келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар мен сизларга мана бу водийга отлиқлар келиб, сизларга ҳужум қилмоқчи, десам, менга ишонасизларми?» дедилар, улар: «Ҳа, ишонамиз, чунки сендан ёлғон содир бўлганини ҳеч билмаймиз. Сен фақат рост сўзлайсан», дедилар. Бу сўзларни Абу Лаҳаб эшитиб туриб: «Доим қўлинг қурисин», деган эди, қуйидаги оят нозил бўлди: «Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай – ҳалок бўлгай! Аниқки, у қуриди – ҳалок бўлди. Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ. Яқинда унинг ўзи ҳам, унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан эшилган арқон бўлган хотини ҳам ловуллаб турган алангали дўзахга киражак» (Масад сураси, 1-5 оятлар) (Имом Бухорий ривояти).
Иккинчи воқеа Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади:
Қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Роббингиздан Сафо тепалигини биз учун олтин қилиб беришини сўраб дуо қилинг, шундагини иймон келтирамиз», деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чиндан ҳам иймон келтирасизми?» дедилар. Шунда улар: «Ҳа», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг айтганларини қилиб дуо қилгандилар, Жаброил алайҳиссалом келиб: «Роббингиз сизга салом айтди. Агар хоҳласангиз, уларга Сафони олтин қилиб берар экан. Кимда-ким олтин қилиб берганидан кейин куфр келтирса, ўша кишини шундоқ азоблайман, – дедики, – оламда ҳеч кимни у даражада азобламайман. Агар хоҳласангиз, уларга тавба ва раҳмат эшикларини очиб бераман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тавба ва раҳмат эшикларини очгин», дедилар.
Бошқа ривоятда қуйидаги оят нозил бўлди, дейилади: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушриклар сиздан талаб қилган) оят-мўъжизаларни юборишдан Бизни қайтарган нарса фақат аввалги умматлар у мўъжизаларни кўргач, иймон келтириш ўрнига уларни ёлғон, деганларидир» (Исро сураси, 59-оят).
Учинчи воқеа Абу Жаҳлнинг ҳазрат Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ёмонлик қилиши ҳақидадир. У Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кунларнинг бирида Сафодалик пайтларида келиб, у зотга озор берди. Кейин тош билан уриб бошларини ёрди. Қон эса бошларидан оқди. Бу воқеадан Ҳамза ибн Абдумутталиб хабардор бўлиб, Каъба олдида Қурайш жамоаси ичида турган Абу Жаҳл олдига келди-да: «Сен менинг жиянимни сўкяпсанми? Ахир мен унинг динидаман-ку», дедилар, кейин камонлари билан уриб ундан шовуллатиб қон оқиздилар.
Тўртинчиси – ваъдалашилган жой Сафодир. Ислом давлати муваффақият қозонганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ этиш учун келдилар ҳамда Холид ибн Валид ва у билан бирга бўлганларни Макканинг пастки томонидан кириб, Сафо тепалиги олдида тўпланишга буюриб: «Ваъдалашилган жой Сафодир», дедилар («Саҳиҳи Муслим»).
Бешинчиси – дуо ва шукр жойидир. Макка фатҳидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрга юзланиб, кейин Каъбани тавоф қилдилар. Тавоф тугаганидан кейин Сафога келиб кўтарилдилар, Каъбага қараб қўлларини кўтариб Аллоҳга ҳам айтдилар, хоҳлаганларича дуо қилдилар («Саҳиҳи Муслим»).
Олтинчиси – авф ва омонлик жойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафода турганларида ансорлар келиб, Сафони ўраб олишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Абу Суфён ҳовлисига кирса, у омондир. Ким қуролини ташласа, у омондир. Ким эшигини беркитиб олса, у омондир…», дедилар («Саҳиҳи Муслим»).
Еттинчиси – Исломга кириш жойидир. Маккадан Набий алайҳиссаломни чиқариб, у зотга озор бериб курашган кишилар Аллоҳнинг тавҳидига гувоҳлик бериб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатларини эътироф этиб, Исломга киришга байъат қилиш учун Сафога тўпланишди. Бундай иш содир бўлгани учун Аллоҳга аввалу охирда ҳамд бўлсин!
Абу Суфённинг хотини Ҳинд Қурайш аёллари билан Исломга байъат қилиш учун келганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалигида эдилар. Умар розияллоҳу анҳу эса аёлларга байъат нима эканини таълим берардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинлардан Аллоҳга бирор нарсани шерик келтирмасликка байъат олганларида, Ҳинд: «Билдимки, агар Аллоҳга бирор нарса шерик қилинса, У биздан беҳожат бўлар экан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўғирлик қилмасликка байъат қилинглар», деганларида, Ҳинд: «Ҳур аёл ҳам ўғирлик қиладими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зино қилмасликка байъат беринглар», деганларида, Ҳинд: «Эй Аллоҳнинг расули! Ҳур аёл ҳам зино қиладими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшиликда осийлик қилмасликка байъат беринглар», деганларида, Ҳинд: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, даъват қилаётган нарсангиз мунча ҳам яхши ва олиҳиммат», деди.
Саккизинчи воқеа – Доббатул арзнинг чиқиши. Аллоҳ таоло: «Қачон (кофирларнинг) устига сўз – азоб тушганида (яъни, қиёмат яқинлашиб қолганида) Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарурмиз. У уларга одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлиб қолганлари ҳақида сўзлар», деб айтган (Намл сураси, 82-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуёш мағрибдан чиқиши ҳамда Дажжол ва Доббанинг зоҳир бўлишидан олдин (яхши) амалларни қилиб қолишга шошинглар», деганлар.
Энди бу Добба (жонивор) қайси макондан чиқиши ҳақида ихтилоф қилинган. Баъзилар: «Маккадаги Сафо тепалигидан», дейишган. Яна баъзилар: «Абу Қабис тоғидан чиқади», дейишган. Баъзилар эса: «Масжидларнинг энг буюги, ҳурматлиси ва шарафлисидан чиқади», дейишган.
Хулоса қилинадиган бўлса, юқоридаги учта сўз бир-бирига яқиндир. Чунки Сафо Абу Қабис тоғининг аслидандир. У масжидларнинг энг буюги Масжидул-ҳарамдадир.
Макка, Каъба, Замзам тарихи, ҳаж ва умра маносиклари» китобидан.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 7 сентябрдаги 03-07/ 6905-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.