1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

«Исломни дин деб рози бўлдим»

21:08 / 22.07.2017 7370 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади: 

«Ва сизлар учун Исломни дин деб рози бўлдим» (Моида сураси, 3-оят).

Бу жумла Моида сурасидаги оятдан бир бўлакдир. Айни ушбу жумланинг «Диннинг фазилатлари» ҳақидаги бобда келтирилиши боисини англаб етишимиз учун уни мазкур оятдаги яна бошқа баъзи жумлалар билан бирга ўрганишимизга тўғри келади.

Мазкур оятда Аллоҳ таоло айтади:

«Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сиз учун Исломни дин деб рози бўлдим».

Бу ояти карима Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажларида тушган. У нозил бўлганида ҳамма саҳобалар «Динимиз мукаммал бўлди, Аллоҳ бизга неъматини батамом қилиб берди, Исломни дин деб рози бўлди», деб чексиз қувондилар. 

Диннинг мукаммал қилингани, неъматнинг батамом этиб берилгани ва Исломни дин деб рози бўлингани тўғрисидаги хабар нафақат ўша замон мусулмонлари ёки Ислом уммати, балки бутун инсоният учун катта хурсандчилик ва башорат эди. 

Бу улкан шодлик хабари инсоният ўзининг узоқ тарихи давомида саодат излаб қилган ҳаракат ва уринишларига тож кийдириб, гўзал натижа берган эди. Инсониятнинг яратган холиқи Аллоҳ таоло уни аста-секин тарбия қилиб келди. Ҳамма авлодларга Исломни дин қилиб берган бўлса ҳам, ҳар замон ва маконга ўзига хос шариат берди. 

Биринчи пайғамбар Одам Атога берилган шариат ўша даврдаги содда ҳаётга мос ва ўша вақт воқеълигини ҳисобга олган содда шариат эди. Кейинги даврларда ҳам Аллоҳ таоло худди шу қоида асосида ҳар замоннинг, маконнинг ва жамиятнинг ўзига хос ҳолатларини эътиборга олиб, шариатлар юбориб турди. Табиийки, кейин келган шариат ўзидан аввалгисидан кўра мукаммалроқ бўлар эди. Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Уларнинг пайғамбарликлари, шариатлари маълум муддатга, маълум маконга ва маълум жамият ёки қавмга хос эди. Шу тариқа кўплаб пайғамбарлар, шариатлар юборилди. 

Ниҳоят, инсоният ўз камолига етган пайтда, Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга самовий китобларининг сўнггиси – Қуръони Каримни нозил қилди ва у орқали жами инсоният учун, ҳар замон ва ҳар маконга салоҳияти бор Ислом шариатини жорий этди. Бу эса инсониятга улуғ шараф эди. Ана шу охирги шариатнинг мукаммал таълими ва татбиқи йигирма уч йил давом этди. 

Динимизнинг бошланиши Маккаи Мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бўлган бўлса, давоми Мадинаи Мунаввара ва атрофларида, мукаммал бўлиши видолашув ҳажида – ушбу биз ўрганаётган оятнинг нозил қилиниши биландир. Ва ниҳоят, Оламларнинг Робби Ўзининг мўмин-мусулмон бандаларига:

«Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим», деб хитоб қилди.

Кимки Ислом шариатини ҳаётига дастур қилиб олса, илоҳий дастурни олади, баркамол дастурни олади. Унинг ақийдаси баркамол бўлади. Маънавий ҳаёти баркамол бўлади. Таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи, иқтисоди, ижтимоий ҳаёти, турли алоқалари, тузумлари баркамол бўлади. Икки дунё­даги бахт-саодати баркамол бўлади. 

Борлиқни яратган қодир Аллоҳ инсонни ҳам шу борлиқнинг халифаси этиб Ўзи яратган. Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган одам қандай дастурга амал қилиб яшаса, икки дунё саодатига эришишини ҳам Ўзи яхши билади. Буюк яратувчи Аллоҳ мукаммал қилиб қўйган ушбу динга юрмай, бош­қа тузумларни ахтарганлар эса мен Худодан ҳам яхши йўл топгувчиман, деб даъво қилган бўлади.

«Сизга неъматимни батамом қилдим».

Демак, динни мукаммал қилиб беришнинг ўзи улкан ва батамом неъматдир. Исломнинг улуғ неъмат эканини мусулмон бўлганлар билади. Айниқса, аввал турли жоҳилиятлар ва уларнинг тузумларини синаб кўриб, кейин мусулмонликка ўтганлар жуда яхши биладилар. Исломсиз яшаган инсоннинг ҳайвондан фар­қи йўқлигини ана ўшалар кўпроқ таъкидлайдилар.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларига мукаммал дин қилиб берган Исломнинг батамом неъмат экани яратган Холиқни инкор этиб юрган худосизларнинг фожиали оқибатларини кўрганда янада ёрқинроқ тушуниб етилади. Бу ҳақиқатни худосизлар дунё  халқлари бошига олиб келган битмас-туганмас мусибатларни идрок этганлар яхши биладилар.

Аллоҳ таоло бандаларига мукаммал дин қилиб берган Исломнинг улуғ неъмат экани молга, дарахтга, инсоннинг жинсий аъзосига сиғиниб, залолатда юрганларни кўрганда билинади.

Бу неъматнинг қадри инсон ақлига ор ҳисоб­ланган турли бузуқ ақийдаларнинг ҳолини кўрганда тушунилади.

Мукаммал дин бўлмиш Исломнинг бандаларга улуғ илоҳий неъмат экани ҳалол-ҳаром нималигини ажратмай, худди ҳайвон каби, қўлига тушган нарсасини еб-ичиб, ўзига ўзи битмас-туганмас дардлар орттириб олаётганларни кўрганда тушуниб етилади.

Мукаммал дин Исломнинг бандаларга улуғ илоҳий неъмат экани ахлоқ-одобдан бехабар, отасини ҳам танимайдиган, дунёдаги ҳеч бир разолатдан қайтмайдиган, безори ва жинояткор авлодлар етишиб чиққанда билинади.

Мукаммал дин бўлмиш Исломнинг қадри оилалар бузилиб, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар ўртасидан, жамиятдаги кишилар орасидан меҳру оқибат кўтарилиб, одамлар бир-бирларига нисбатан душманлик руҳида, беҳурматлик руҳида, меҳр-шафқатсизлик руҳида шаклланиб, ижтимоий алоқалари бузилиб бўлган жамиятларнинг ҳолини кўрганда билинади.

Мукаммал дин бўлмиш Исломнинг ҳақиқий илоҳий неъмат экани кучли кучсизни еб, ҳамма ёқда зулм урчиб, инсон ўз жонини, болаларини, молу мулкини ва обрў-номусини ҳимоя қила олмай қолган жамиятларни кўрганда тушуниб етилади.

Агар инсоният бу неъматнинг қадрига етганида эди, уни қабул қилиб, ўрганган ва ҳаётга татбиқ этганида эди, дунёда ҳеч қандай муаммо қолмаган бўлар эди. 

«Ва сиз учун Исломни дин деб рози бўлдим».

Аллоҳ таоло инсониятга амал қилиш учун фа­қат Исломни дин қилиб берди. Бундан бошқа ҳеч бир динга рози эмас. Шу боисдан ҳам бошқа динлар унинг даргоҳида қабул эмас. Аллоҳ таолонинг бу хитоби мусулмон бандалари учун улкан шарафдир. Аллоҳ таолонинг катта иноятидир. Шу билан бирга, бу иноят мусулмонлар зиммасига катта масъулият ҳам юклайди. Аввало, мусулмонлар Исломга тўлиқ амал қилишларини, қолаверса, ўзларига насиб этган улуғ неъматни бутун дунё халқларига ҳам тар­қатишларини вазифа этиб юклайди.

Мукаммал дин Ислом бандаларга Аллоҳнинг улкан неъмати эканини инсофли ғайримусулмон шахслар ҳам ҳар доим англаб келганлар. Уламола­римиз китобларида ишончли манбалардан ривоят қилишларича, яҳудийлар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб: 

«Сизларнинг китобингизда бир оят бор, агар шу оят биз яҳудийларга нозил бўлганида эди, ўша оят тушган кунни ўзимизга байрам қилиб олар эдик», деган эканлар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: 

«Қайси оятни айтмоқчисизлар?» деб сўрабдилар. Яҳудийлар:

«Бугунги кунда сизларга динингизни мукаммал қилиб бердим», оятини дейишибди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: 

«Биз у кунни бир эмас, икки байрам: ҳам ­жумъа –ҳафталик байрам, ҳам қурбон ийди – йиллик байрам қилганмиз», деган эканлар.

22. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким «Аллоҳдан ўзга илоҳи маъбуд йўқ, У Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқ. Албатта, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир ва албатта, Ийсо Аллоҳнинг бандаси, Унинг Расули, Марямга ташланган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир, жаннат ҳақдир, дўзах ҳақдир», деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни нима амал қилган бўлса ҳам, жаннатга киритади», дедилар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳадиснинг ровийси Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоллари билан танишиб ўтайлик.

Убода ибн Сомит ибн Қайс Ансорий Хазражий, оналари Қурратулъайни бинти Убода, кунялари Абулвалид. Мадина уламоларининг бири, биринчи ва иккинчи «Ақаба» байъатларида иштирок этган. Бадр, Уҳуд, Хандақ, Миср фатҳи ва бошқа жангу фатҳларда иштирок этган. Шом диё­ри фатҳ этилганда Умар ибн Хаттобнинг буйруқлари билан Шом аҳлига Қуръонни ўргатиш учун юборилган. Фаластинга биринчи волий этиб тайинланган. Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасликка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат берган. Муҳожир Абу Марсад Fанавий билан исломий биродар бўлган, тақво билан сифатланган улуғ саҳобалардан эдилар.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 181та ҳадис ривоят қилганлар. Бу ҳадисларни учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган. Абу Умома, Анас ибн Молик, Жобир, Фазола ибн Абид, Абу Идрис Ҳувлоний, Абу Муслим Ҳувлоний, Абу Ашъас Санъоний, Жанода ибн Умайя ва бошқа катта тобеъинлар ҳам у кишидан ҳадис ривоят қилганлар.

Убода ибн Сомит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: 

«Қайси саҳобалар сизга яқинроқ?» деб сўрадилар. 

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ва сен, эй Убода» деб, яна бир қанча улуғ саҳобаларни зикр қилдилар.

Убода ибн Сомит ҳижратнинг 34-йили Байтул Мақдисда 72 ёшларида вафот этдилар.

Ушбу ҳадисда иймон ва тавҳиднинг фазли ҳақида, яъни қуйидаги нарсаларга иймон келтиришнинг фазли ҳақида сўз кетмоқда:

1. Аллоҳдан ўзга бандалар ибодатига сазовор илоҳий маъбуд йўқлигига;

2. Аллоҳнинг ёлғиз эканига;

3. Аллоҳнинг шериги йўқлигига;

4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига;

5. Ийсо алайҳиссалом ҳам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига;

6. Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг Марям онамизга ташланган калимаси эканига, яъни «Бўл!» деганида отасиз дунёга келганлигига;

7. Ийсо алайҳиссалом Аллоҳдан бўлган руҳ эканига;

8. Жаннат ҳақ эканига;

9. Дўзах ҳақ эканига иймон келтириш.

Ҳадисда ушбу нарсаларга шоҳидлик берган одамни, нима амал қилган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло жаннатга киритиши таъкидланмоқда.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одатда одамлар муаммоларга дуч келганида, убу нарсага эҳтиёж сезиб ҳожатманд бўлиб қолганларида биринчи ўринда бошқаларга мурожаат қилишади. Гўёки, ўша бошқалар давоми...

8547 20:03 / 22.09.2017
98. Аллоҳ таоло дуоларни ижобат ва ҳожатларни раво қилади.Шарҳ Жумҳури мусулмонлар ва бошқа динлар аҳллари ҳам дуо манфаатни жалб ва зарарни даф қилиш учун энг давоми...

5775 17:59 / 19.06.2017
Қуръони каримнинг ёдланиши, тиловати ва тушунишнинг осон бўлиши ҳам Аллоҳ таоло томонидан бандаларига икром, раҳмат ва фазилатидир. Аллоҳ таоло .Қамар, сурасининг давоми...

4974 14:00 / 17.12.2023
4533 r .4533. Юсайра розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни аёлларни такбир, тақдис ва таҳлилга риоя қилишга ва уларни давоми...

43505 16:35 / 04.11.2017