1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Жамловчи дуолар (2-қисм)

18:36 / 21.07.2017 7329 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4605. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги дуони қилар эдилар:

«Роббим, менинг хатоимни, жоҳиллигимни, барча ишларимдаги исрофимни ва Сен мендан кўра билувчи бўлган нарсаларни мағфират қилгин.

Аллоҳим! Менинг хатоларимни, қасддан қилганларимни, жоҳиллигимни, ҳазилимни мағфират қилгин, буларнинг ҳаммаси менда бордир.

Аллоҳим! Менинг аввалги ва кейинги, яширин ва ошкор қилган нарсаларимни мағфират қилгин. Сен Муқаддимсан, Сен Муаххирсан ва Сен ҳар бир нарсага қодирсан».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги дуода барча хато ва камчиликлар, нуқсон ва гуноҳларнинг кечирилишини сўраш бор. Банданинг ўзи билган ва билмаган гуноҳларни ҳам кечиришни сўраш бор. Уларнинг барчасини эътироф қилиш бор. Шу билан бирга, Аллоҳ таолонинг улуғ сифатларини эслаш бор.

Муқаддим.

Олдинга сурувчи. У Зот хоҳлаган шахсни ва нарсани олдинга суради.

Муаххир.

Орқага сурувчи. У Зот хоҳлаган шахс ва нарсани орқага суради.

4606. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан ҳидоятни, тақвони, иффатни ва беҳожатликни сўрайман», дер эдилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини ҳис-туйғусиз, қуруқ сўз сифатида эслаб юрадиганлар нимадан бебаҳра қолишларини эслатиб қўйишимиз лозим.

У зотнинг дуоларига эътибор билан, ихлос билан муносабатда бўлган одам олам-олам маънони, балоғат ва фасоҳатни, бандаликни бутунлай тан олишни, Аллоҳ таолони улуғлашни, банданинг илтижо ва тазарруъсини, оз сўзлар билан кўп нарсани сўрашни ва бошқа фойдаларни кўради.

Ушбу ривоятдаги дуода сўралаётган тўрт нарсани олиб кўрайлик. Ўзини билган ҳар бир одам боласига худди шу тўрт нарсадан ўзгаси керак эмаслиги ҳеч кимга сир эмас.

Ҳидоят.

Луғатда тўғри йўлга бошлаш, бирор нарсага лутф билан йўллаб қўйиш «ҳидоят» деб аталади.

Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири Ҳодий – яъни Ҳидоят қилувчидир. У Зот Ўз фазли ила хоҳлаган кимсани ҳидоят қилади. Яъни Аллоҳ кимни тўғри йўлга ҳидоят қилса, албатта, Ўз хоҳиши ва фазли ила ҳидоят қилади.

Инсонни яратган Аллоҳ уни икки дунё саодатига эриштирувчи йўлни ҳам билади. Шунинг учун бандаларига диний кўрсатмалар юбориб, уларни тўғри йўлга солиб туради. Бу кўрсатмаларнинг сўнггиси Исломдир.

Бу дуода айни ўша ҳидоят сўралмоқда.

Тақво.

Аслида «тақво» сўзи сақланмоқ, эҳтиёт бўлмоқ деган маъноларни англатади. У «виқоя» сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани унга озор ва зарар берадиган нарсадан сақлашни англатади. Бинобарин, тақво қўрқинчли нарсадан ўзини сақлашдан иборатдир. Гоҳида тақво хафв маъносида ёки аксинча ҳам ишлатилади.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан «Тақво нима?» деб сўрашганда, «Араблар сертикан майдондан ялангоёқ бўлиб, тикандан сақланиб ўтиб кетишни тақво деб атайдилар», деганлар.

Ҳаётдаги гуноҳ ишлар ҳам худди тиканларга ўхшайди, ким улардан эҳтиёт бўлмаса, озор чекади, улардан сақланиб юрган киши эса тақво қилган бўлади. Оқибатда тақво инсон қалбидаги ҳолатга айланади. Бу ҳолат қалбни ҳассос қилиб, ҳар доим Аллоҳнинг севгиси билан яшайдиган қилиб қўяди.

Уламолар тақвонинг истилоҳий маъноси ҳақида бир-бирини тўлдирувчи бир қанча таърифларни айтганлар:

Роғиб:

«Шариат урфида тақво нафсни гуноҳдан муҳофаза қилишдир. Бу ман қилинган нарсаларни тарк этиш ила бўлади. Баъзи мубоҳларни тарк қилиш ила мукаммал бўлади», деганлар.

Ферузободий:

«Тақво ҳар бир зарарли нарсадан, яъни маъсиятдан ва ортиқча (кераксиз) нарсалардан четда бўлишдир. Шунга биноан, у фарз ва нафлга тақсимланади», деганлар.

Ўтган азизлардан Толқ ибн Ҳабиб:

«Тақво – Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, Унинг нури ила Унга тоат қилмоқлик ва Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, Унинг нури ила қайтарган ишларни тарк қилмоқликдир», деганлар.

Қуръони Каримда «тақво» сўзи «хафв», «қўрқиш», «ибодат», «маъсиятни тарк қилиш», «тавҳид ва ихлос» каби маъноларда ишлатилган.

Тақводор бўлиш учун қоронғи жойга кириб олиб, тасбеҳ ўгириб ўтириш шарт эмас. Тақво бу гуноҳ ишлардан ўзини сақлаш, Аллоҳнинг азобидан сақланиш учун ҳаракат қилишдир. Бунинг учун ёмонликлардан сақланиш, яхши амалларни қилишда бардавом бўлиш лозим.

Иффат.

Иффат сўзи луғатда «қабиҳ нарсадан тийилиш» маъносини англатади. Ибн Манзур:

«Иффат аслида қолдиқнинг ўрнига ўтадиган нарсани тановул қилиш ила кифояланишдир.

Иффат – ҳалол ва гўзал бўлмаган нарсадан ўзини тийишдир.

Иффат ўта покликдир», деганлар.

Уламолар иффат ҳақида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар:

Роғиб: «Иффат нафсда бир ҳолатнинг ҳосил бўлиши бўлиб, инсон у билан шаҳватнинг ғалабасидан четланади.

Иффат нафсни ҳайвоний лаззатлардан тийиб туришдир. У ҳаддан ошган нафси бузуқлик билан нуқсон ҳисобланган шаҳватсизлик орасидаги ўртача ҳолатдир», деганлар.

Жоҳиз: «Иффат нафсни шаҳватлардан жиловлашдир, жасаднинг тик туришига ва соғлиғини муҳофаза қилишга етадиган нарса билан кифояланишдир. Барча лаззатли нарсалардан, исрофдан четда бўлиб, мўътадиллик йўлини тутишдир. Кифояланган шаҳватлар ҳам мустаҳаб равишда, уни қондиришга иттифоқ қилинган ҳамда ҳожат тушган вақтдагина бўлиши керак. Шу билан бирга, ундан кўпга ҳожат тушмайдиган миқдорда бўлиши лозим», деганлар.

Журжоний: «Иффат шаҳвоний қувватга оид ҳайъат бўлиб, у мазкур қувватнинг ҳаддан ошган ҳолатидаги фужур ва нуқсонга учраган ҳолатидаги турғунлик орасидаги ўртача ҳолатдир. Иффатли киши ишларни шариат ва мурувват асосида олиб борадиган кишидир», деганлар.

Беҳожатлик.

Уламоларимиз бу ердаги беҳожатлик ҳам маънавий, ҳам моддий бўлиши мумкинлигини таъкидлаганлар.

Беҳожатликни бойлик деб аташ ҳам мумкин. Араб тилидаги «ғина» сўзини шундай таржима қилганмиз. Яъни ғина моддий ва маънавий бойлик деганидир. Бой одам бировга ҳожати тушмагани учун ғаний, яъни бой деб аталган. Бу сифат ҳам зарур сифатлардандир. Моддий ва маънавий маъноларда тўқ бўлиш катта бахтдир.

Бу дуода айнан ушбу тўрт муҳим нарса сўралган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.АлЖаббор, сифатининг маъноси олий қадар улуғ Зот, ҳузурида ҳамма ўзини хор тутадиган Зот демакдир. У зот камбағалларни беҳожат қилади, ҳар бир қийналганни давоми...

1296 15:32 / 29 май
Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом таълимотлари барча соҳада мукаммал ва гўзал тарзда тақдим этилгандир. Бу нарса кексаларни эъзозлаш бобида ҳам яққол давоми...

4141 21:50 / 08.05.2018
4656. Хавла бинти Ҳаким розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким бир манзилга тушгандан кейин .Аъуузу бикалиматиллаҳиттааммаати мин давоми...

10785 19:19 / 21.03.2018
Қашшоқлик ҳақида гап кетганда, кўпчиликнинг кўз олдига инсонларнинг моддий томондан оқсаши келади. Аммо қашшоқлик фақат моддият билан ўлчанмайди. Унинг шундай давоми...

1448 16:29 / 02 май