1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Шайтон инсоннинг қон томирида юради

16:35 / 30 апрель 2331 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сафия онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикофда эдилар. Кечаси у кишини зиёрат қилгани келдим. Гаплашиб ўтирдим. Кейин қайтмоқчи бўлдим. Мени уйимга кузатиш учун ўринларидан турдилар. Масжиддан чиққанимизда ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни таниб қадамларини тезлатишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

- Шошманглар! Бу онангиз Сафия, дедилар.

Улар:

- Субҳаналлоҳ, эй Аллоҳнинг Расули! – дейишди.

Бу билан «нималар деяпсиз келиб-келиб сиздан гумон қиламизми?!, демоқчи бўлишди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Шайтон инсоннинг қон томирида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бир ёмонлик ташлашидан қўрқдим!»

Имом Бухорий ривояти.

Бу ерда биз тафаккур қилишимиз лозим бўлган икки ҳодиса бор:

Биринчиси, Мадинадаги тинчлик ва омонлик. Бордию Сафия онамиз розияллоҳу анҳо уйларига ёлғиз қайтганларида ҳам ҳеч ким у кишига тажовуз қилмас эди. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикофларини тўхтатиб онамизни кузатиш учун қўзғолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафия онамизнинг йўлдан адашмасликларини билар эдилар. Фақатгина у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суюкли завжаларига: «Сен мен учун муҳимсан!», демоқчи бўлдилар.

Аслида завжангизга «Мен сени севаман!», дейишингиз шарт эмас. Биз назарга илмайдиган арзимас нарсалар бор. Баъзан ана шундай оддий ҳаётий тафсилотлар мингта «севаман» дан устун бўлади. Аёлингизнинг оғзига бир луқма таом солиб кўрганмисиз?! Ёки кўчадан кесиб ўтаётиб қўлидан тутганмисиз?! Ёки совуқ кечада тўнингизни ечиб, елкасига ташлаганмисиз?!

Бу нарсалар сиздан кўпа нарса талаб қилмайди, аммо завжангиз учун бу кўп нарсадир!

Иккинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гарчи шак ва гумонлардан юқори турсалар-да, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гарчи замзам суви каби покиза бўлсалар-да, дунёда бу киши каби тақводор инсон ўтмаган бўлса-да, ҳалиги икки кишини тўхтатиб ёнларидаги аёл Сафия онамиз эканликларини уларга англатаяптилар. Саййидимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга инсоннинг фақатгина ҳаромдан тўхташининг ўзи кифоя қилмаслигини, бунга қўшимча ўлароқ, бошқаларда «булар ҳаром иш қиляпти», деган гумон уйғонишидан ҳам сақланиш лозимлигини ўргатмоқдалар.

Бошқалар биз ҳақимизда ёмон гумон қилмаслиги учун биз ҳам улар ҳақида ёмон гумон қилмаслигимиз лозим. Инсоннинг табиати ёмон гумонга ўч бўлади. Мисол учун, сиз ароқ ичиладиган даврада ўтириб уларга ароқнинг ҳаромлиги ҳақида гапириб турган бўлсангиз, сизни узоқдан улар билан кўрган одам бу ҳам ичар экан деб ўйлайди. Демак, насиҳатнинг ҳам ўз жойи ва вақти бўлади.

Шунингдек, одамлар ҳақида ёмон гумон қилмаслигимиз керак. Бир киши бир қиз билан гаплашиб турган бўлса, уни дарров маъшуқаси деб ўйламаслигимиз керак. Эҳтимол, миянгизда ёзаётган ривоятни шайтон сизга айтиб тургандир!

Бир киши осий инсон билан гаплашиб турган бўлса, у ҳам осий дегани эмас.

Ҳаёт гоҳида бозорга ўхшайди. Унда умуман бир-бирига алоқаси бўлмаган кишилар учрашади. Қурол дўконида ов милтиғи ҳам сотилади, инсонларни қатл қиладиган милтиқ ҳам сотилади.

Бошқаларнинг ниятига биз хўжайин эмасмиз!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом таълимотлари барча соҳада мукаммал ва гўзал тарзда тақдим этилгандир. Бу нарса кексаларни эъзозлаш бобида ҳам яққол давоми...

4141 21:50 / 08.05.2018
Бугунги кунда дунёда 500 миллиондан ортиқ одам бангилик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Шу билан бирга, жаҳонда содир давоми...

1085 09:07 / 27 июнь
Эй иймон келтирганлар Ўзингиздан бошқадан сирдош тутманг. Улар сизга парокандалик келтиришда бўшашмаслар. Машаққатда қолишингизни хоҳлайдилар. Нафратлари давоми...

4107 16:33 / 29.04.2018
Оқил ва олим кишиларнинг мунозараси ёки бирор масала устидаги муноқашаси гўзал бўлади. Мунозара одобларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади. Ундай давоми...

1334 09:00 / 20.02.2023