1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Аллоҳ сизни эслашини хоҳлайсизми?

14:00 / 06.05.2023 2741 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсоний табиат ажойибот ва сир-асрорларга тўла. Инсон зоти борки, яхшилик билан зикр қилинишни, ўзгалар томонидан эсланишни яхши кўради. Нафақат яхши кўради, балки бу унинг руҳий эҳтиёжларидан бири десак ҳам бўлади. 


Яхшилик билан эсланиш, эътироф этилиш ҳисси нафақат тириклик даври балки вафот этгандан кейинги даврларни ҳам қамраб олади. 


Инсон вафотидан барзах ҳаётига кирар экан, энди бу дунёга аралашмайди. Дунёдаги ҳар бир ҳолатдан хабардор бўлолмайди. Магар Аллоҳ билдирган ҳолатлар мустасно. Бироқ, ҳар қандай инсон тирик вақтида вафотимдан сўнг эсланармиканман дея энтикади. Ҳатто, у бирор динга эътиқод қилмайдиган, атеист бўлса ҳам, яъни ўлим бу шунчаки, йўқликка айланиш деб ишонувчи кимса ҳам вафотидан сўнг эсланишини истайди. 


Ўзидан катта бойлик қолаётган бўлса, бирор касалхона, мактаб ёхуд яна қандайдир хайрия ишларига пулини қолдиради ва ўша ерга унинг номи берилишини, кираверишдаги мармар тошга исми ўйиб ёзилишини сўрайди. 


Нима учун(?), деган савол туғилади. Чунки, инсон эътироф этилишни яхши кўради. Психология нуқтаи назаридан бу ҳис мўътадилликдан оғмас экан нормал ҳисобланади. 


Гўдак фарзандингиз сиз учун нимадир ёзади, чизади, номингизни рангли қаламларда ёзиб ёнига "отажон ёки онажон, мен сизни яхши кўраман!" деб ёзиб қўяди. Кейин уни сизга кўрасатади. 


Нима учун?.. Унинг сизни пинҳона яхши кўриши етмасмиди?.. Ёки боланинг ўз ота-онасини яхши кўриши баҳс мавзуси бўлганми ҳеч?..


Йўқ, шунчаки, фарзандингиз сизни яхши кўришини сиз ҳам билишингизни истайди. Яъни, зикр қилинишни истайди. Зеро, у сизнинг қалбингизда бўлиши зикр қилинишидир. Зеро, эътироф ва ёдда сақлаш қалб зикридир, тилда гапириб, мақташ эса тил зикридир. 


Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолога дуо қилиб:


واجعل لي لسان صدق في الآخرين 


«Яна мен учун кейингилар ўртасида рост мақтовлар пайдо қилгин» (Шуаро сураси, 84-оят) деганлар. 
Ояти каримада тилга олинган لسان صدق (сидқ тили) нима эканлигини изоҳлар экан, машҳур муфассир Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди:


واجعل لي ذكرا جميلا بعدي أذكر 


«Мендан сўнг одамлар ичида мен унинг-ла тилга олинадиган гўзал зикр насиб эт».
Қатода раҳмаҳуллоҳ эса ушбу сўзни (لسان صدق) "الثناء الحسن" яъни «гўзал мақтов» дея очиқлайди. 
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг дуосини ижобат қилиб, у кишини асрлар давомида ва қиёматга қадар яхшилик билан тилга олинадиган, эзгуликда эргашиладиган пешво қилиб қўйди. 


Демак, инсон зоти қилган эзгу ишлари эътироф этилишини истайди. Ва буни ўша ишнинг мукофоти ўлароқ қабул қилади. 


Талҳа ибн Убайдуллоҳ (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: "من أُولي معروفاً، فليذكره، فمن ذكره فقد شكره، ومن كتمه فقد كفره" 
Маъноси: «кимга бирор яхшилик қилинса, уни (яхшилик қилганни яхшилик билан) зикр қилсин. Кимки, зикр қилса, демак шукр қилибди (яхшилигини мукофотлабди). Кимки, яширса, демак ношукрлик қилибди». Табароний ривояти.


Зикр ва шукр орасидаги чамбарчас боғлиқликка эътибор беринг. Сизга қандайдир яхшилик қилган инсоннинг ўша яхшилигини эътироф этиб, яхши сўзлар билан тилга олишингиз унинг мазкур яхшилигини қайтарганингиз бўлади. Бу унинг яхшилигига жавобингиз ва мукофотингиз бўлади. Агар ҳеч нарса бўлмагандек, гўё ўша одам сизга яхшилик қилишга мажбурдек ўзингизни тутсангиз, қандайдир ташаккур ҳам изҳор қилмасдан, ўзгалар ичида тилга олмасдан кетсангиз сиз унинг яхшилигини бамисоли тупроқ билан ёпиб кетган бўласиз. Мана шу ношукрлик бўлади. Мана шу луғавий маънодаги кофирлик бўлади. Зеро, куфр бу яшириш демакдир луғатда. Деҳқон ҳам уруғни тупроқ остига яширгани учун луғатан "кофир" деб аталган бир вақтлар. 


Субҳаналлоҳ, куфрнинг ҳақиқати ҳам аслида яхшиликни рўёбга чиқармаслик, уни юзага чиқармасдан кўмиб кетишдан иборат. Аллоҳ сизни яратиб, хилқатингизни гўзал ва соғлом қилиб, турли неъматларни ато этсаю сиз буни билмасангиз, эътироф этмасангиз, Аллоҳнинг сизга қилган яхшилигини инкор қилган, уни тан олмаган ва кўмиб кетган бўласиз. Куфрнинг асл ҳақиқати шудир. Бу сўзнинг шаръий маънодаги бошқа барча таърифу таъбиротлари ҳам шу маънога тақалади ва ундан тармоқланиб чиқади. 


Яна ўз сўзимизга қайтсак. Шундай экан, бир кимса сизга Аллоҳ йўлида яхшилик қилган бўлса ҳам уни зикр қилинг, эътироф этинг. Бу унинг бу дунёдаги мукофоти бўлади. Чунки, юқорида айтилганидек, инсон табиати қалбларда ва тилларда мазкур ва маҳбуб бўлишни хоҳлайди. Ҳатто, пайғамбарлар ҳам буни хоҳлаган. 


Шунингдек, унинг ҳаққига хайрли дуолар қилинг. Бу ҳам зикр. Фақат бунда уни Аллоҳга зикр қилаётган бўласиз. Айни чоғда бу ишлар унинг яхшилигини қайтаришнинг бир кўриниши бўлади. Майли вақти келса унга бошқа турдаги қандайдир хизматлар тақдим қиларсиз, қандайдир яхшилик қилиб кўнглини овларсиз. Лекин, бу ишларга қодир бўлиш-бўлмаслигингиз номаълум. Зикр ва дуо эса унинг яхшилигини ъожил қайтариш туркумига киради ва мабодо келажакда унинг яхшилигини моддий ўлчамда қайтаролмасангиз ҳам ундан қарз бўлиб қолмайсиз. 


Энди, ўйлаб кўринг, инсон ўзига ўхшаган оддий инсонлар қалбида ва тилида мазкур бўлишни шу қадар яхши кўради, бундан ҳузур қилади, севинади, Аллоҳ наздида мазкур бўлиши, Аллоҳ томонидан зикр қилиниши, Унинг муқарраб фаришталарига Аллоҳ томонидан мақтаб зикр қилиниши қанчалар буюк неъмат?!..


Наҳот, бир фоний инсон томонидан тилга олинишни севувчи банда боқий зот томонидан зикр қилинишни истамайди?!.. Агар шундай бўлса демак бу мантиқсизлик ва бемаъниликнинг чўққиси бўлади. 


Шундай экан, асл мақсад Аллоҳ наздида мазкур бўлишга интилиш бўлса қандай бахт.
Хўш, қачон Аллоҳ бизни зикр қилади? Бунинг жавобини Аллоҳнинг ўзи айтган:

"فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ"


Яъни: «Бас, Мени зикр қилингиз, Сизларни зикр қилгум. Ва менга шукр қилингиз, менга кофир бўлмангиз» (Бақара сураси, 152-оят).


Аллоҳни қанча кўп зикр қилсак У ҳам бизни шунча кўп зикр қилади. 
Мудом Аллоҳни зикр қилиш, Уни ёд этиш, ҳар лаҳзада Унинг буюклиги, айбу нуқсонлардан пок ва муназзаҳлиги, улуғлиги, меҳрибонлиги, ўзимиздаги барча неъматларнинг ҳақиқий мунъими У эканлигини эсдан чиқармаслик, Унинг зикрида истиғроқ қилиш сайру сулукнинг асоси, ҳидоят йўлининг боши ва охиридир. 


Албатта, тилнинг ўзида зикр қилиш ҳеч зикр қилмасликдан яхши. Аммо, зикрдан мурод онгли равишда, қалб билан юқоридаги маъноларни мушоҳада қилиб, Аллоҳнинг азаматини ҳис этиб, унга шукр ва убудият ҳисси билан зикр қилишдир. 


Масалан, «Субҳаналлоҳ!» дер экансиз Аллоҳнинг нолойиқ сифатлардан, ҳар қандай айбу нуқсонлардан поклигини ёдга олиб, фикр юритасиз. 


«Алҳамдулиллаҳ!», дер экансиз Унинг устингиздан сочиб қўйган неъматларини эътироф этиб, Сизга қилган яхшилиги учун қалбан миннатдорлик ҳиссини туйиб, унга мақтов айтасиз.


«Аллоҳу акбар!» дер экансиз, Унинг буюклиги, азамати, қудрати чексиз эканлиги, ҳамма нарсадан улуғ ва буюклигини ҳис қиласиз. Атрофга назар ташлаганингизда ҳам, бу бепоён оламни кўрганингизда ҳам уларни яратиб, инсон учун мусаххар қилиб қўйган бу Зотнинг тасаввурларга сиғмас буюклигини англайсиз. 


Ва шу тариқа, асмои ҳуснодаги ҳар бир гўзал исмни зикр қиларкансиз унинг маънолари ҳақида тафаккур қилган ҳолда унинг мусаммоси бўлган Аллоҳни улуғлайсиз. Уни айбу нуқсонлардан поклаб, энг гўзал сифатлари билан зикр қиласиз. 


Сўфийлар буни "التخلية" ва "التحلية" деб атайдилар. Тахлия бу холи қилиш дегани. Яъни, Аллоҳ таолони Унга ярашмайдиган, Унга нолойиқ бўлган айбу камчиликлардан холи қилиб, улуғлаш дегани. Таҳлия эса зийнатлаш дегани. «Субҳаналлоҳ» бу тахлияга киради. «Алҳамдулиллаҳ» ва «Аллоҳу акбар» эса таҳлиядир. Зеро, «Субҳаналлоҳ» Аллоҳ таолони Унга нолойиқ бўлган сифатлардан холи эканлигини эътироф этиш бўлса, «Алҳамдулиллаҳ» ва «Аллоҳу акбар» У зотга барча гўзал сифатларни, камолот васфларини, жалолий ва жамолий сифатларни нисбат беришдир.


Орифлар айтадиларки, тахлия таҳлиядан муқаддамдир. Шу боис ҳам, аввал «Субҳаналлоҳ» кейин «Алҳамдулиллаҳ» ва «Аллоҳу акбар» келади. Бу эса бир мисол, ҳолбуки, зикр бу фақат ушбу учта сўзга чекланмаган, балки Аллоҳ таолонинг барча исмлари ва васфлари билан зикр қилиш, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда келган маъсур зикр ва дуолар билан зикр қилиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб ҳам зикр қилиш мумкин, Аллоҳдан мағфират сўраб зикр қилиш мумкин, «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси билан, «Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ» билан зикр қилиш мумкин ва ҳоказо.


Аллоҳ таолони зикр қилиш фазилати ва ҳақиқати аслида алоҳида катта мавзу эди. Ушбу ёзилма зикрга тааллуқли бўлгани учун бу ҳақда бироз тўхталган бўлдик. Эътиборингиз учун ташаккур. Аллоҳ таоло сизни Ўз ҳузурида зикр қилувчи мазкур бандаларидан қилсин.


Алишер Султонходжаев

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизнинг динимизда фақат мусулмон кексаларни эъзозлаш билан чегараланиб қолинмаган. Бу иш кенг миқёсда бўлиб, мусулмонлар билан бир диёрда яшаб турган давоми...

3939 21:52 / 08.05.2018
Уламолар иймонни қасд, уни сўзлаш ва унга кўра амал қилиш, дея тушунтиришади жумҳур уламо амални иймоннинг шарти эмас, балки камолга етказувчи жиҳати, дейишади. Ва давоми...

1759 14:00 / 05.09.2022
269. 322. Толҳа ибн Убайдуллоҳ ибн Курайздан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳар бир маъруф садақадир. Яхшиликка далолат қилувчи худди уни давоми...

5729 16:16 / 22.03.2018
.Эй гўзалим, вужудимда сендан бошқа бир борлиқ қолмади. Шунинг учун ҳам сирка асал денгизида йўқ бўлгани каби, мен ҳам сенинг борлиғингда шу тарзда йўқ бўламан..., давоми...

2907 12:42 / 15.02.2022