1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳажж-и бадал ҳақида ўта муҳим маълумотлар

05:00 / 16.01.2017 5788 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда инсон ибодат қилар экан, ўз ибодатининг савобини бошқаларга бағишлаш ҳуқуқига эга. Бу ҳақида бир қанча далиллар мавжуд, аҳли сунна ва-л-жамоанинг тўрт мазҳаб аҳли бунга иттифоқ қилганлар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан "Зикр аҳлидан сўранг..." даврий нашрларининг бир қанча сонида бу борада муфассал далиллар ва қониқарли жавоблар эълон қилинган (Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. "Зикр аҳлидан сўранг...". № 9. – Б. 41-45; № 4. – Б. 33-39; № 36. – Б. 32-48; № 38. – Б. 16-23; № 55. – Б. 39-44; № 77. – Б. 3-6; № 93. – Б. 4-19).

Ибодатни бошқанинг номидан қилишнинг бир тури "ҳажж-и бадал" деб номланади. Бошқанинг номидан ҳаж қилиш борасида бир қанча саҳиҳ ҳадиси шарифлар мавжуд.

Бу бобдаги ҳадислардан бири саҳиҳ ҳадис тўпламларида бор бўлиб, "Хасъамиййа ҳадиси" номи билан шуҳрат қозонган. Хасъам қабиласидан бўлган бир аёл Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига келиб, бундай деган:

فَقَالَتْ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّ فَرِيضَةَ اللَّهِ عَلَى عِبَادِهِ فِي الْحَجِّ أَدْرَكَتْ أَبِي شَيْخًا كَبِيرًا لَا يَثْبُتُ عَلَى الرَّاحِلَةِ أَفَأَحُجُّ عَنْهُ قَالَ نَعَمْ

"Аёл: "Эй, Расулуллоҳ! Аллоҳнинг бандаларига фарз қилгани ҳаж борасида бўлиб, отам катта қари чол бўлиб қолди, йўлга ҳам ярамайди, мен унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?", деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Ҳа!" деб жавоб бердилар (Бухорий, 2/1513; 3/1855; Муслим, 2/1334; Абу Довуд, 1/1809; Насоий, 2/3621; Ибн Можжа, 3/2909; Доримий, 2/1889; Байҳақий, 4/8408).

Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)дан ушбу ҳадис ривоят қилинган:

عن عبد الله بن عباس أن رجلا سأل النبي صلى الله عليه وسلم أن أبي أدركه الحج وهو شيخ كبير لا يثبت على راحلته وإن شددته خشيت أن يموت أفأحج عنه قال أرأيت لو كان عليه دين فقضيته أكان مجزيا قال نعم قال فحج عن أبيك

"Бир кимса Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: "Отамга ҳаж фарз бўлган, бироқ у ёши катта чол бўлиб қолди. Йўлга чиқишга ҳам ярамайди, агар йўлга тушадиган бўлса, йўлдаёқ ўлиб қолишидан қўрқаман. Унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?" деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Агар унинг қарзи бўлса, ўша қарзини адо қилсанг, дуруст бўладими?" деб сўраганди, у тасдиқ жавобини берди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Ундай бўлса, отанг номидан ҳаж қилавергин!" дедилар (Насоий, 2/3620; Табароний, 1/748; Дорақутний, 2/111; Ибн Ҳиббон, 9/3984-3990; Ибн Хузайма, 4/3031-3033; Аҳмад, 1/1812).

Муҳаддис Имом Дорақутний (р.ҳ.) ўзининг "ас-Сунан" номли ҳадислар тўпламида қуйидаги ҳадиси шарифларни ривоят қилган:

   من حج عن أبويه أو قضى عنهما مغرما بعث يوم القيامة مع الأبرار

"Ким ота-онаси номидан ҳаж қилса ёки улар номидан товонларни тўласа, қиёмат куни аброр – яхши инсонлар ила тирилтирилади" (Дорақутний, 2/110).

من حج عن أبيه وأمه فقد قضى عنه حجته وكان له فضل عشر حجج

"Кимки отаси ва онаси номидан ҳаж қилса, ундан ҳажжи адо қилинган бўлади ва унинг учун ўнта ҳажнинг фазилати берилади" (Дорақутний, 2/112).

إذا حج الرجل عن والديه تقبل منه ومنهما واستبشرت أرواحهما في السماء وكتب عند الله تعالى برا

"Қачон бир кимса ота-онаси номидан ҳаж қилса, ундан ҳам, унинг ота-онасидан ҳам қабул қилинади ва бу самода ота-онасининг арвоҳларига башорат бўлади. Аллоҳ таоло наздида эса яхши инсон сифатида ёзиб қўйилади" (Дорақутний, 2/109).

Мавлоно Алий ал-қори "ал-Маслак ал-мутақассит" номли шарҳида, Ибн Обидин эса "Радд ал-муҳтор"да мана бу ҳадисни келтирганлар:

وَعَنْ { أَنَسٍ قَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ إنَّا نَتَصَدَّقُ عَنْ مَوْتَانَا وَنَحُجُّ عَنْهُمْ وَنَدْعُو لَهُمْ ، فَهَلْ يَصِلُ ذَلِكَ لَهُمْ ؟ قَالَ نَعَمْ ، إنَّهُ لَيَصِلُ إلَيْهِمْ ، وَإِنَّهُمْ لَيَفْرَحُونَ بِهِ كَمَا يَفْرَحُ أَحَدُكُمْ بِالطَّبَقِ إذَا أُهْدِيَ إلَيْهِ }

Анас (р.а.)дан ривоят: Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: "Эй, Аллоҳнинг элчиси! Биз ўликлар номидан садақа қиламиз, улар номидан ҳаж қиламиз, уларга дуо қиламиз. Мана шу уларга етиб борадими?" деб сўрадилар. Ул зоти шариф: "Ҳа, уларга етиб боради! Бундан сизга тавоқда ҳадия қилинса, хурсанд бўлганингиз каби улар ҳам шодланадилар" дедилар" (Абу Ҳафс ал-Укбарий ривояти).

Юқоридаги ҳадиси шарифлардан маълум бўлмоқдаки, инсон ўзининг ота-онаси учун ҳажж-и бадал қилиш афзал ҳисобланар экан. Ҳар бир мусулмоннинг ҳаж қилолмаган ота-онаси учун ҳажж-и бадал қилмоғи фарзандлик бурчларидан бири бўлса ҳам ажаб эмас.

Ҳажж-и бадалнинг муҳим жиҳати шундаки, уни қилдирганда, ҳаж қилувчининг номидан эмас, қилдирувчининг номидан ҳисоб қилинади ва ҳажж-и бадал қилдирувчидан ҳаж соқит бўлган, деб ҳисобланади.

Шуни эсдан чиқармаслик лозимки, инсонга ҳаж фарз бўлиб, бирор узрли ёки узрсиз сабаб билан ҳаж қила олмаса, кейин ҳажга бориш узрли бўлганида унга ҳажж-и бадал қилдириш вожиб бўлади. Шунингдек, ҳаж қилаолмаган ҳолатда мусулмон кимса ўлимидан сўнг унинг номидан ҳажж-и бадал қилишни меросхўрларига васият қилиши ҳам вожиб ҳисобланади.

Ҳажж-и бадал бўлиши учун йигирмата (20) шарт бўлиши кераклиги фиқҳий манбаларда зикр қилинган. Уларни қуйида баён қилинади:

1)                                  Ҳажж-и бадал бўлиши учун уни қилдирувчи ҳаж қилишдан ожиз бўлиши лозим. Ҳаж қилишдан ожиз бўлиши қолган бутун умри давомида бўлиши керак. Масалан, кўр одам ҳажж-и бадал қилдириши мумкин. Чунки, ҳаж умрда бир марта фарз қилинган бўлиб, агар ожизлик йўқолса, қайта ҳаж қилиш яна фарз бўлади. Агар соғлом одам ҳажж-и бадал қилдирса, сўнг ҳаж қилишдан ожиз қолиб, касал бўлиб қолса, соғломлиги вақтидаги ҳажж-и бадали ҳисобга ўтмайди. Касаллик соғайиши умид қилинадиган бўлса, унинг номидан ҳажж-и бадал қилинмайди.

2)                                  Ҳажж-и бадал бўлиши учун бировнинг номидан ҳаж қилувчи кимса ўша инсон номидан – буюрувчи номидан ният қилиши лозим. "Фалончидан эҳром боғладим, фалончи номидан талбия айтдим" дейиши керак. Агар исмини унутиб қўйса, буюрувчи номидан, дейилади. Ниятнинг қалбдан бўлиши кифоя қилади.

3)                                  Ҳажж-и бадал бўлиши учун ҳажж-и бадал қилдирувчи ўз номидан ҳаж қилишга буюрган бўлиши лозим. Инсон бировнинг номидан унинг амрисиз ўз-ўзидан ҳажж-и бадал қила олмайди. Фақат ўлган кимса учун унинг меросхўрлари ҳажж-и бадал қилишлари ва бировга қилдиришлари мумкин.

4)                                  Ҳажж-и бадал бўлиши учун ҳажнинг барча харажатлари – йўлга чиқиш учун рухсатнома, йўлкира, меҳмонхоналарда туриш, еб-ичиш, эҳром кийимлари, ҳаммоллар ҳаққи, замзам суви учн идишлар ҳақи, ҳаммом ва сартарош ҳақлари, эҳромига суртиш учун ёғлар ҳақи каби  харажатларнинг ҳаммаси ҳажж-и бадал қилдирувчининг ҳисобидан бўлиши лозим. Юртининг ҳожилари биргаликда кетишларию қайтиб келишларидаги давр унинг учун ҳам вақт ҳисобида инобатга олинади. Яъни, шу вақтдаги харажатлар буюрувчи томонидан тўлиқ қопланади. Ҳаж қурбонлиги ҳақи, шунингдек, ҳаждаги жиноятлари учун каффоратлар ҳақи ҳаж қилувчи ҳисобидан бўлади, ҳажж-и бадал қилдирувчи ҳисобидан бўлмайди. Харажатлардан ортиб қолган маблағ ҳаждан кейин буюрувчи – ҳажж-и бадал қилдирувчига қайтиб берилади.

5)                                  Ҳажж-и бадал бўлиши учун қилувчи (маъмур)нинг ўзи ҳаж қилиши керак. Қилувчи бир жойга борганидан кейин фалончининг ҳажини қилиб бер, деб, бошқага топширмаслиги керак. Агар ҳажж-и бадал қилдирувчи: "Менинг ҳажимни хоҳлаганингдек қилиб, ҳажж-и бадал қилиб бер!" деса, буюрилган кимса унинг ҳажж-и бадалини бошқага топшириши мумкин.

6)                                  Ҳажж-и бадал бўлиши учун қилдирувчи томонидан: "Уни фалончи қилсин, бошқаси қилмасин", деб таъйинланган бўлса, ўшандан бошқа кимса ҳажж-и бадал қила олмайди. "Бошқаси қилмасин", демаган бўлса, таъйинланган кимса иложи борича ўзи буюрувчи номидан ҳажж-и бадал қилиб беради, у қила олмаса, бошқа кимса қилиши мумкин бўлади.

7)                                  Ҳажж-и бадал бўлиши учун ҳаж қилувчига бировнинг номидан ҳаж қилгани боис ҳақ (ужра) берилмайди. Бундай шарт қилиниши ҳажж-и бадални йўққа чиқаради. Унга фақат ҳаж харажатлари тўлиқ тўланади, холос. Чунки, тоат-ибодатларга ҳақ олинмайди. Ҳажж-и бадал учун ҳақ олинса, қилинган ҳаж уни адо қилгандан ҳисобланади, буюрувчидан эмас.

8)                                  Ҳажж-и бадал бўлиши учун ҳажж-и бадал қилдирувчи ва қилувчи – ҳар икковига ҳаж фарз бўлган бўлиши керак. Масалан, камбағал кимса ҳажж-и бадал қилдира олмайди, ўзи ҳам бировнинг номидан ҳаж қила олмайди.

9)                                  Ҳажж-и бадал бўлиши учун ҳаж қилдиришдан аввал унга ҳаж қилишдан қолдирадиган узр – ожизлик бўлиши лозим. Агар соғлом одам ҳажж-и бадал қилдирса, сўнг узр пайдо бўлса, ҳажж-и бадалдан ҳисоб бўлмайди, унга ҳаж фарз бўлиб тураверади. Бу ҳажга бора олмайдиган ожизлик ва узр эса унинг ўлимигача давом қилиши кутилаётган бўлиши керак. Агар касал ёки узрли одам ҳажж-и бадал қилдирганидан сўнг соғайса ёки узри йўқолса, унинг ўзи ҳаж қилиши фарз бўлади. 

10)                              Ҳажж-и бадал бўлиши учун улов бўлиши керак. Ҳаж қилувчи, гарчи буюрилган бўлса ҳам пиёда ҳаж қила олмайди. Имом Муҳаммад (р.ҳ.): "Агар уловга туя ва эшак бўлса, эшакда ҳажж-и бадал қилдириш макруҳ бўлади", деган. Демак, ҳаж харажатларига самолёт, машина кабиларга харажатлар киритилиши лозим.

11)                              Ҳажж-и бадал бўлиши учун ҳаж қилдирувчининг ўз ватанидан бошлаб ҳажга чиқилиши ва тугатилиши керак. Демак, масалан Арабистонда – ўша ердагиларга ҳажж-и бадал қилдириш учун ҳаж харажатлари тўланмас экан. Демак, ҳажж-и бадал бўлиши учун оддий ҳожиларга қанча ҳаж харажатлари кетса, худди ўшандай ҳаж харажатлари тўлиқ тўлаб берилиши шарт экан! Агар ҳажж-и бадал қилдирувчи ўлган бўлса, унинг бутун мол-дунёсининг учдан биригача бўлган мулки киритилади. Агар маййитнинг бутун мол-дунёсининг учдан бири ўз ватанидан бошлаб ҳаж қилдиришга етмаса, унда ҳаж харажатлари етиши мумкин бўлган ердан бошлаб харажатлар тўлиқ қопланиши шарт. Агар бировнинг номидан ҳаж қилувчи йўлда бирор сабаб билан ушланиб, ҳаж қила олмасдан бошқага ҳаж қилишни топширадиган бўлса, ўша биров ҳам ҳажж-и бадални буюрувчининг ватанидан бошлаб янгидан ҳажга чиқиши керак бўлади. Биров тижоратга чиққан бўлса, борга жойидан ҳажж-и бадалга бировни буюриб, ўша ердан ҳажга жўната олмайди ёки бировнинг номидан ўша ердан ҳажга жўнай олмайди. Балки, ҳажж-и бадал қилдирувчининг юртидан ҳажга жўнаши керак бўлади. Биров бирор сабаб билан ёки ҳаж ниятида сафарга чиқса-ю, йўлда бировни ҳажж-и бадал учун ҳажга жўната олмайди, балки ҳажж-и бадал қилдирувчининг ватанидан бошлаб ҳажга чиқилади. Ҳажж-и бадал қилиниб, буюрувчининг ватанидан йўлга чиқилса-ю, йўл харажатлари йўлнинг ярмига етадиган бўлса, яримйўлдан орқага қайтилади. Ҳажж-и бадал қилинганидан сўнг қилувчи буюрувчининг юртига қайтиб келиши ва унинг номидан ҳажж-и бадал қилнганини тасдиқлаши керак. Ҳажж-и бадал қилувчи ҳаж қилинган жойда ёки бошқа ерда қолиб кетса, макруҳ бўлади.

12)                              Ҳажж-и бадал бўлиши учун мийқотдан ҳаж учун эҳром боғланиши шарт. Агар умрага мийқотдан эҳром боғланса, унга ҳаж қилиш буюрилган бўлса-ю, у Маккадан ҳажга эҳром боғласа, ҳажж-и бадал жоиз бўлмайди.

13)                              Ҳажж-и бадал бўлиши учун ҳаж қилувчи ҳажни бузиб қўймаслиги шарт. Агар ҳажни бузиб қўйса, ҳажж-и бадалдан ҳисобланмайди, гарчи ҳажнинг қазосини кейин адо қилса ҳам.

14)                              Ҳажж-и бадал бўлиши учун ниятда мухолафат бўлмаслиги керак. Масалан, ифрод ҳажини ҳажж-и бадал учун буюрган бўлса, ҳаж қилувчи таматтуъ ҳажини ёки қирон ҳажини қила олмайди. Агар таматтуъ ҳажини қилишга буюрилган бўлса, айнан ўша ҳажни қилиши керак. Шунинг учун ҳажж-и бадал қилдираётганда ҳажнинг қайси турини қилишни аниқ белгилаб олиш керак бўлади. Агар ҳаж қилувчи буюрувчининг аксини қилса, харажатларга зомин бўлади. Агар буюрувчи фақат умрага буюрган бўлса, ёки фақат ҳажга бурган бўлса, сўнг бажарувчи ўзи учун умрадан кейин ҳаж қилса, ёки ҳаждан кейин умра қилса жоиз бўлади. Фақат бу ерда шарт ушбу ўзи учун қилган амалларда ўзининг молидан ишлатиши керак бўлади.

15)                              Ҳажж-и бадал бўлиши учун фақат битта ҳаж бўлиши керак. Агар буюрувчининг номидан ҳам, ўзининг номидан ҳам ёки бир неча буюрувчиларнинг номидан ҳаж қилса, жоиз эмас. Инсон ота-онаси иккаласи учун бирданига ҳажж-и бадал қила олмайди, биттасини таъйин қилиши керак.

16)                              Ҳажж-и бадал бўлиши учун талбия битта одамнинг номидан айтилмоғи керак. Икки одам буюрган бўлса ҳам, битта одамнинг номидан талбия айта олади. Бу аввалги шарт билан мувофиқ келади.

17)                              Ҳажж-и бадал бўлиши учун буюрувчи мусулмон ва ақли жойида бўлиши керак. Агар жинни соғлом вақти учун ҳажж-и бадал қилдирса, жоиз.

18)                              Ҳажж-и бадал бўлиши учун ҳаж қилувчи ҳам мусулмон ва ақли жойида бўлиши керак. Мусулмон кимса кофирнинг номидан ёки жиннинг номидан ҳажж-и бадал қила олмайди.

19)                              Ҳажж-и бадал бўлиши учун ҳаж қилдирувчи балоғатга етган ва ҳажнинг фарзлигини, унинг аркон ва амалларини ажрата оладиган бўлиши керак. Балоғатга етмаган ёш бола ҳажж-и бадал қилдира олмайди. Муроҳиқ – балоғат ёшига яқинлашиб қолган ўспирин (11 ёшдан катта бола) ҳажж-и бадал қилдириши мумкин.

20)                              Ҳажж-и бадал бўлиши учун ҳаж маносиклари ва арконлари тўлиқ адо қилиниши керак. Ҳажж-и бадалга буюрилган йили ҳаж қилиниши керак. Бепарволик билан ўтказиб юборилиши керак эмас. Агар келаси йилга ўтказиб юборилса, харажатлар қайтарилади.

Юқоридаги шартларнинг ҳаммаси фарз ҳаж учун қайд қилинган. Нафл ҳаж учун эса фақат мусулмонлик, ақлу ҳуши жойидалик, ҳажнинг фарзлигини ажрата оладиган балоғат ёшига етиб қолишлик ҳамда ҳаж харажатлари тўлиқ қопланиши каби шартлар бор холос. Нафл ҳаж соғлом одам номидан ҳам жоиз бўлади.

Бировнинг номидан ҳажж-и бадал қилувчига савоблар бўлади, албатта. Айрим уламолар ҳаж буюрувчи - ҳажж-и бадал қилдирувчининг номидан бўлиб, ундан ҳаж соқит бўлса ҳам, ҳажни қилиб берувчига нафл ҳажнинг савоби берилади, деганлар. Нуҳ Афанди инсон ўзи ҳаж қилган бўлса, сўнг бировнинг номидан ҳажж-и бадал қилса, ўзиникидан кўра ана шу ҳажж-и бадали афзал ҳисобланади, деган.

Шуни билиб қўйиш лозимки, ҳажж-и бадал қилдириш учун бировнинг номидан ҳаж қилувчининг ҳанафийлик мазҳабида ўзи аввал ҳаж қилган бўлиши шарт эмас, фақат ўзи ҳаж қилган одамга ҳажж-и бадал қилдириш мустаҳаб ва афзал. Бунинг қулай тарафи шундаки,  ҳажга бора олмай юрган толиби илмларни ҳажж-и бадал қилиш учун юбориш мумкин. Шофиъийлик мазҳабида ҳаж қилувчининг ўзи ҳаж қилган бўлиши шарт. Ҳанафийлик мазҳабининг улуғ фиқҳий манбаларидан бири "Бадойеъ"да ўзи ҳаж қилмаган кимсага ҳажж-и бадал қилдириш макруҳ дейилган.

Ҳажж-и бадални ҳаж арконларини биладиган аҳли илмларга қилдирган афзал.

Ҳажж-и бадал масаласида билиш лозим бўлган икки муҳим жиҳати бор: юқорида ўтган ҳажж-и бадал шартларидан иккитаси – ҳаж уни қилдирувчининг ватанидан бошланиши кераклиги ва ҳажга кетадиган бутун харажатларни ҳажж-и бадал қилдирувчи томонидан тўла қопланиши лозимлигидир. Бировлардан 200-300 доллар бериб юбориб, Арабистондаги номаълум кимсага ҳажж-и бадал қилдириш ҳанафийлик мазҳабига кўра жоиз эмас. Ёки, ҳаж харажатларининг аксари ҳажж-и бадал қилдирувчининг молидан эмас, балки ҳаж қилувчининг ўз ҳисобидан бўлса ҳам ҳажж-и бадал дуруст ҳисобланмайди.

Умуман олганда, юқоридаги маълумотлар буюк имом – Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) мазҳабларига мувофиқ бўлиб, ҳажж-и бадал қилдирувчи ва қилувчи ушбу шартларга ва келтирилган маълумотларга амал қилсагина, ҳажж-и бадал шаръан жоиз ва мақбул ҳисобланади. Ибодатларда эҳтиёт шарт ва вожиб бўлгани боис, ҳажж-и бадал амалиётини ҳам ниҳоятда эҳтиёткорлик ва барча шартларига тўла амал қилган ҳолда бажариш керак бўлади.

 Мақола Ибн Нужайм ал-Мисрийнинг "Баҳр ар-роиқ", Али ал-қорининг "ал-Маслак ал-мутақассит", Ибн Обидиннинг "Радд ал-муҳтор" асарлари асосида тайёрланди.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ ВАҚТИМасала Қурбонлик вақти зул ҳижжанинг ўнинчи куни ҳайт намози ўқилгандан кейин ўн иккинчи куни қуёш ботишига озгина қолгуничадир. Қуёш давоми...

7573 05:00 / 16.01.2017
Ҳaжжи бaдaл қaндай узрлaр сабабли жoиз бўлaдиЗиммасига ҳаж фарз бўлган ҳар қандай киши номидан бошқа бир кишини ҳaжжи бaдaл қилиш учун жўнатиш жoиз эмас. У, яъни ҳажжи давоми...

3739 05:00 / 16.01.2017
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ . Абу дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Кимки умматимнинг диний давоми...

6451 09:00 / 20.06.2022
Эҳромгa киpишнинг тaйинли вaқти вa тaйинли мaкoни бop. Улap .мийқoт, дeйилaди. Ҳaжнинг .зaмoн мийқoти, шaввoл, зyлқaъдa oйлapи вa зyлҳижжa oйининг биpинчи ўн кyни. .Maкoн мийқoти, эca, давоми...

5121 11:00 / 15 июнь