1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳажга чақирув

18:20 / 07.08.2017 3566 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, куфр келтирганларга ва Аллоҳнинг йўлидан ҳамда ерлик учун ҳам, четдан келган одамлар учун ҳам баробар қилиб қўйганимиз Масжидул Ҳаромдан тўсганларга ва у ерда ким зулм ила янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, унга аламли азобни тоттирурмиз. (Ҳаж, 25).

Ушбу ояти карималар нозил бўлаётган пайтда Қурайш мушриклари худди шу ишни қилар эдилар. Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмай, кофир ҳолларида юрар эдилар. Бу ҳам етмагандек, ўзгаларни Аллоҳнинг йўлидан тўсар, Ислом динига киришларига тўсқинлик қилардилар. Мусулмонларга Масжидул Ҳаромга киришга, у ерда ибодат қилишга йўл бермас эдилар. Ҳолбуки, Байтуллоҳнинг эгаси – Аллоҳ таолонинг Ўзи у ерни ҳамма одамлар учун – ерлик аҳоли учун ҳам, мусофирлар учун ҳам бирдек ибодат жойи қилиб қўйган эди. Шу боисдан, Масжидул Ҳаромда ҳамма баробар ибодат қилиш ҳуқуқига эга эди. Аммо Қурайш кофирлари ўзларича Масжидул Ҳаромга эга чиқиб олиб, унга мусулмонларни киритмасдан, йўлларини тўсмоқдалар. Шунинг учун улар Аллоҳнинг аламли азоби билан азобланишга лойиқдирлар.

Масжидул Ҳаром Аллоҳнинг уйи, у ерда ҳеч қандай ёмон ишга рухсат йўқ.

«...у ерда ким зулм ила янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, унга аламли азобни тоттирурмиз».

Яъни Масжидул Ҳаромда ким ноҳақлик билан тўғри йўлдан чиқиб, янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, аламли азобга дучор бўлади.

Ушбу оятда «янглиш йўлга бурилиш» деб таржима қилинган маъно оятда «илҳод» лафзи билан ифодаланган. «Илҳод» сўзидан «худосизлик», «диндан чиқиш», «йўлдан озиш» маънолари тушунилади. Ислом дини ман этган амалларни қилиш ҳамма жойда ҳам гуноҳдир. Аммо Масжидул Ҳаром ҳудудида Ислом ман этган ишларни қилиш жуда катта гуноҳ – илҳод ҳисобланади. Бу маъно ҳазрати Умари Одил розияллоҳу анҳунинг қуйидаги гапларида ҳам ўз аксини топган. У киши: «Маккада таомни эҳтикор қилманглар (эҳтикор – баҳосини ошириш учун тўплаб олиш). Маккада таомни эҳтикор қилиш илҳоддир», – деган эканлар.

Қурайш кофирларининг Масжидул Ҳаромга эга чиқишга ҳақлари йўқлигини баён этиш учун Байтуллоҳнинг тарихини ёритувчи оятлар келтирилмоқда:

 Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилувчилар, (ибодатда) қоим турувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилувчилар учун поклагин.

Одамларни ҳажга чақир, улар сен томон пиёда ва озиб кетган уловлар устида узоқ-узоқ йўллардан келсинлар.

Ва ўзлари учун бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора, фақирларга ҳам егизинглар.

Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва «қадимги уй»ни тавоф қилсинлар», – деганимизни эсла.  (Ҳаж, 26-29)

Демак, Қурайш кофирларининг Масжидул Ҳаромга эга чиқиб, мусулмонларни у ерга киришдан ман қилишга ҳеч қандай ҳақлари йўқ.

Аввало, Байтуллоҳни улар қурмаган.

«Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб...»

Ҳатто Каъбаи Муаззамани қаерга қуришни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаб берган. Белгилаб берганда ҳам, Ўзининг пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломга белгилаб берган. Қурайш кофирларига эмас. Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ, кўрсатилган жойга Байтуллоҳни қуриб битирганларидан сўнг, Аллоҳдан қуйидаги фармон келди:

«Менга ҳеч нарсани шерик қилма...»

Яъни «Менга дунёдаги ҳеч бир нарсани шерик келтирма. Байтнинг эгасига ширк келтириш мумкин эмас. Унинг шериги йўқ».

Аммо Қурайш қабиласи кофирлари Байтнинг атрофида, унга қўшни бўлиб яшаб туриб, сон-саноқсиз бутларни Байтуллоҳнинг эгасига «шерик худолар» билиб, уларга ибодат қилмоқдалар. Ҳатто Байтуллоҳнинг ичига ҳам уч юз олтмиш бутни киритиб қўйиб, яна қандай қилиб, Масжидул Ҳаромга эга чиқадилар?! Мусулмонларнинг унга кириш йўлларини тўсадилар?!

«...Байтимни тавоф қилувчилар, (ибодатда) қоим турувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилувчилар учун поклагин».

Байтуллоҳнинг эгаси Аллоҳ таоло томонидан унинг қурувчиси Иброҳим алайҳиссаломга айтилаётган бу сифатлар Қурайш кофирларида эмас, мусулмонларда мавжуд. Демак, Байтуллоҳга, Масжидул Ҳаромга Қурайш кофирлари эмас, мусулмонлар ҳақлидирлар.

«Одамларни ҳажга чақир...»

«Эй Иброҳим, одамларни ҳаж ибодатига чақир».

Демак, ҳаж фақат Қурайш кофирлари учун эмас. Ҳамма одамлар учундир.

«...улар сен томон пиёда ва озиб кетган уловлар устида узоқ-узоқ йўллардан келсинлар».

Энг узоқ юртлардан ҳам келсинлар. Пиёда юриб бўлса ҳам, келсинлар. Йўл узоқлигидан, машаққатлилигидан уловлари озиб-ҳориб кетса ҳам, келсинлар.

Байтуллоҳнинг эгаси унинг қурувчисига шундай деб турганидан кейин, Қурайш кофирларининг мусулмонларни ундан тўсишга ҳеч ҳақлари йўқ.

«Ва ўзлари учун бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар».

Байтуллоҳни ҳаж қилишда ҳар бир ҳожи учун кўплаб дунё ва охират манфаатлари бор. Ҳажда ижтимоий, иқтисодий ва маънавий манфаатлар кўп. Ҳажга келувчилар, аввало, Аллоҳга ибодат қиладилар, тақволари зиёда бўлади, қолаверса, бир-бирлари билан танишадилар, ўзаро фикр ва тажриба алмашадилар, фойдали маслаҳатлар оладилар, шунингдек, савдо-сотиқ, тижорат ҳам қиладилар. Уларнинг бу манфаатлардан баҳраманд бўлишга ҳақлари борлигини Аллоҳнинг Ўзи эълон қилиб қўйган. Энди қандай қилиб Қурайш кофирлари мусулмонларни Масжидул Ҳаромдан, мазкур манфаатлардан тўсадилар?!

«Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар».

Ҳаж палласи Аллоҳни зикр қилиш авжига чиқадиган мавсум. Бу мавсумнинг авжи эса ийд кунлари бўлиб, унда қурбонлик сўйиш жараёнида зикр яна кучаяди. Ҳар бир ҳожи Аллоҳ йўлида барча нарсани қурбон қилиш рамзи сифатида, Аллоҳнинг номини зикр этиб туриб, туя, мол, қўй каби чорва ҳайвонларини қурбонлик қилади.

«Бас, улардан енглар ва бечора, фақирларга ҳам егизинглар».

Қурбонлик қилувчи ҳожи қурбонлигидан ўзи еса ҳам бўлади, бева-бечора, фақир-фуқароларга егизса ҳам бўлади.

Масжидул Ҳаромнинг эгаси Аллоҳ таолонинг бу амрига қарши мусулмонларни ўша манфаатлардан, қурбонлик қилишдан, Аллоҳнинг номини зикр этишдан тўсишга Қурайш кофирларининг нима ҳаққи бор?!

«Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар...»

Қурбонлик қилиб бўлганидан кейин, ҳожига эҳромдан чиқишга рухсат бўлади. Шунда унинг учун эҳром вақтида мумкин бўлмаган соч олдириш ёки қисқартиришга, қўлтиқ остидаги ва бошқа жойлардаги тукларни, тирноқларни олишга изн берилади. Ҳожи бу ишларни бажариб, ювиниб-таранади. Оятда

«...ўзларидаги кирларни кетказсинлар...» дейишдан мақсад шу.

«...ва «қадимги уй»ни тавоф қилсинлар».

«Қадимги уй»дан мурод Каъбатуллоҳ. Бу тавоф «фарз тавоф», «ифоза тавофи» дейилади. Бу тавофсиз ҳаж ҳаж бўлмайди. Бу амални адо этиш билан ҳаж ибодати ҳам тугайди.

Ушбу ибодатлардан мусулмонларни тўсишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким уларни тўсса, катта гуноҳ қилган, зулм ила илҳодга юрган бўлади.

Масжидул Ҳаромнинг тарихи ва унда қилинадиган амаллар ана шулардан иборат. Аллоҳ таоло у ернинг ҳурматини сақлашга чақирган. У ерда маълум ишларни ҳаром қилган. Бунга ҳамма амал қилиши керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳажнинг биринчи куни зулҳижжанинг саккизинчи куни ҳажнинг биринчи куни ҳисобланади. Шу куни қуйидаги амаллар қилинади Бомдод намозидан кейин Мино томонга давоми...

4890 22:00 / 14 июнь
АРАФОТДА ТУРИШ Арафотда ҳажнинг асосий аркони адо этилади. Арабча .арафот, сўзи луғатда .билиш, таниш, маъноларини билдиради. Макканинг жанубишарқий қисмидаги, давоми...

11975 18:16 / 14 июнь
Ҳайз кўрган аёлнинг сафари Сафарга чиққан ҳоиза аёл қасд қилган жойига етиб боришидан икки кун аввал ҳайзидан пок бўлса, саҳиҳ қовлда келтирилишича етиб давоми...

9578 05:00 / 16.01.2017
Аллоҳ таоло .Ҳаж маълум ойлардир,, деган .Бақара, сураси, 197оят. Демак, ҳажни адо этиш учун маълум вақт, маълум ойлар эътиборга олинади. Шаввол ва Зулқаъда давоми...

979 15:31 / 07 июнь