1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳажар ал-асвадни ўпиш ва силашнинг ҳикмати

05:00 / 16.01.2017 5796 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳажга борган ҳожиларнинг ҳаж асносидаги энг ҳаёжонли ва умидвор дамларидан бири ҳажар ал-асвадни ўпиш ва силаш экани шубҳасиздир. Муқаддас қора тошни ўпиш, унга юзларини суртиш, қўллари ила силаш оламларга раҳмат бўлмиш Расулуллоҳ (с.а.в.)дан қолган мусулмонларга суннат ҳисобланади. Бу суннатнинг улуғлиги шундаки, уни бир мусулмон адо қилаётганда, яккаю ягона ушбу муборак суннатнигина дунёда ўзидан бошқа ҳеч ким қилмаётган бўлади. Бироқ, ушбу амални одамлар кам вақтда, ҳеч кимга озор бермасдан, ҳеч кимни итариб, ўрнига туриб олмасдан, бировнинг ўрнини эгалламасдан, ҳеч кимнинг оёғини босмасдан, елкасини туртмасдан адо қилмоқ шарт ҳисобланади. Акс ҳолда, ҳаж зиёратига путур етиб қолади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) одамлар, тавоф қилувчилар кўп вақтда ҳажар ал-асвадни бевосита ўпмасдан, узоқдан туриб, қўллари ила ишора қилиб, сўнг қўлларини ўпиб қўяверганлар.

Ҳажар ал-асвадни ўпиш, юзни суртиш, қўллари ила ишора қилиб, қўлларни ўпиш каби амаллар ҳаж шиорларидан бўлиб, ҳажар ал-асвадни бу тарзда улуғлаш, таъзим қилиш исломий суннатлардан биридир. Одамлар ҳажар ал-асвадни ўпиш бутларга сиғиниш кабидир, деган бузуқ эътиқодга бориб қолмаслиги учун Ҳазрати Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.) ҳажар ал-асвадни ўпар экан, бундай деган эди: "Сени ўпаяпман, ҳолбуки сен оддий тошсан. Сен на фойда ва на зарар етказа оласан. Расулуллоҳ (с.а.в.) сени ўпгани учун ўпмоқдаман. Агар бундай бўлмаганида эди, сени ҳаргиз ўпмаган бўлардим!" (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти). 

Бу билан Ҳазрати Умар (р.а.) ҳажар ал-асвадни ўпишнинг ҳикмати ва аниқ сабабини билмаса ҳам уни ўпиш лозимлигини, умуман, шаръий амалларнинг сабабини билмаса ҳам унга амал қилиш шартлигини билдириб ўтган. Аслида, ҳажар ал-асвадни ўпиш унга таъзим қилиш ва уни икром этишдир. Аллоҳ таоло айрим кечаларни бошқаларидан афзал қилган, айрим кунларни бошқаларидан яхшироқ санаган, айрим жой ва маконларни бошқаларидан ортиқроқ эканини баён қилган ва фазилатли эканлигини зикр қилганидек, айрим харсанг тошларни бошқаларидан афзал ва фазилатли этган бўлиши ажабланарли эмас.

Муҳаддис Ҳоким ривоят қилишича, Ҳазрати Умар (р.а.) ҳажар ал-асвадни ўпмоқчи бўлганида юқоридаги гапни айтганида, шу ерда турган Ҳазрати Али (к.в.): "Эй, Амир ал-мўъминин! Ҳажар ал-асвад зарар ҳам етказа олади, фойда ҳам етказади. Унинг фойда ва зарари қиёматда маълум бўлади. Унга тил ва кўз берилган. У қиёматда уни ўпиб, силаганларни тавҳид билан яшаганига гувоҳлик беради" деган маънодаги гапларни айтган экан. Шунда Ҳазрати Умар (р.а.) айтган гапига тавба қилган. Бу ривоятни Имом аз-Зайлаъий "Насб ар-раъйа"да ҳам келтирган.    

Ҳажар ал-асвад – муқаддас қора тошни ўпиш, қўллари ила силаш, юзларини суртиш, дўппи, рўмолларини суртиб ёки узоқдан туриб қўллари ила ишора қилиб олишнинг қуйидаги ҳикматлари бўлса, ажаб эмас: 

1) Ҳазрати Али (к.в.) айтишига қараганда, ҳажар ал-асвад жаннатдан олиб чиқилган тошдир. Имом Термизийнинг саҳиҳ ривоятида Расулуллоҳ (с.а.в.): ҳажар ал-асвадни жаннатдан туширилган тош деганлар.  

Демак, ҳажар ал-асвадни ўпиш ва унга юзларни суртишда жаннат ҳидини ҳидлаш, унинг бир бўлагидан баҳраманд бўлиб қолиш маъноси бор экан.

2) Имом Термизий ривоят қилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.): "У сутдан ҳам оппоқ эди, бани Одамнинг гуноҳлари уни қорайтирди" деганлар. Бу билан ул зот ҳажар ал-асвадни нақадар буюк ва улуғ тош эканини, гуноҳларнинг эса нақадар жирканч ва ифлос эканини баён қилганлар.

Абдулҳақ Деҳлавий "Ашъат ал-ламаот" асарида ҳажар ал-асваднинг аввал оқ бўлиб, сўнг қорайишида ғайбга имон келтирган садоқатли мўъминга бир имтиҳон эканини айтган. Мўъмин ҳажга келишидан аввал барча гуноҳларига тавба қилиб, покланиб, тозаланиб, яхшиликка, тоат ва ибодатларга киришган ҳолда тақводор ва парҳезгор мўъмин-мусулмон бўлиб келгани маъқул. У ҳажни фақатгина гуноҳлардан тозаланиш воситаси қилиб олмаслиги, ҳажни шу мақсаддагина қилишга мунтазир бўлмаслиги керак. Шунда у, шояд, ҳажар ал-асваднинг янада қорайиб-қорайиб кетишига ҳисса қўшмаган бўлармиди?!

Одамларнинг, хусусан мушрикларнинг гуноҳлари сабабли ҳажар ал-асвад қорайган бўлса, нима учун тақводорлар, обидлар ва орифларнинг, яхши инсонларнинг ибодат ва хайрли амаллари сабабли оқармайди? Ибн Қутайба айтишига қараганда, чунки, одатда қора ранг бўлади, оқни ранг сифатида ишлатиш қийин бўлади. Ал-Ҳумайдий эса Аллоҳ жаннатдан чиққан оппоқ тошни дунёдагиларга жаннатнинг зийнатини кўрсатмаслик учун қорайтирган, деб ривоят қилган.

Муҳиб ат-Табарийнинг айтишига қараганда, ҳажар ал-асваднинг гуноҳлар сабабли қорайиб кетишида бошқа бир ибрат бор: оддий бир харсанг тош гуноҳ сабабли қоп-қора бўлган бўлса, бу гуноҳ ва маъсиятлар ила қалб нақадар қорайиб кетган бўлса керак?! Тош гуноҳлар сабабли қандай қорайган бўлса, гуноҳлар сабабли қалб ундан ҳам тез қорайиб кетади. Тош-ку қорайиб бўлди, қалбларни қорайтирмаслик лозим...

Агар ҳажар ал-асвад бир пайтлар оппоқ бўлган бўлса, нима учун тарихда бу қад қилинган эмас? Чунки, Одам атодан бошланган тарих муттасил ва мукаммал равишда баён қилинган, ёзиб чиқилган эмас. Ҳадислардек саҳиҳ инсодли, ровийлари изчил текширилган тарихий ривоятлар жуда кам. Бинобарин, ҳажар ал-асваднинг оқ бўлганлигини Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳиҳ ҳадисларидан билиб, қаноат қилаверган яхшироқ.    

3) Абу Убайд "Ғариб ал-ҳадис" асарида Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳажар ал-асвадни Аллоҳ таолонинг ердаги қудратли "ўнг қўли" деганларини ривоят қилган. Ал-Жандийнинг "Фазоили Макка" асарида эса худди банда ўз биродари билан қўл бериб кўришгани каби ҳажар ал-асвадни силаганда Аллоҳ билан кўришгандек бўлиниши ҳақидаги ривоят ҳам эслаб ўтилган. Демак, ҳажар ал-асвадни ўпиш ва силаш Аллоҳ таоло билан "юзлашиш", унинг қаршисида туриш эканини ёддан чиқармаслик керак. Бундай буюк юзма-юз туриш эса алоҳида масъулият ва тайёргарлик талаб қилади. Зотан, Аллоҳ таоло олдида шунчаки турмасдан, ёруғ юз билан туриш керак бўлади. Бунинг учун эса Аллоҳ таолонинг буюрганларини бажарган, қайтариқларидан қайтган банда бўлиш керак. Демак, гуноҳлардан тавба қилган, барча айбу нуқсонларини тўхтатган, маъсият ва исёнларига чек қўйган, ибодат ва тоатларга қаттиқ киришган, қолиб кетган намоз ва рўзаларининг қазосини тугатган кимса ҳажар ал-асвадни ўпса, нақадар бахтли!    

4) Саҳоба Ибн Аббос (р.а.)нинг бундай дегани ҳам нақл қилинган:

فمن لم يدرك بيعة رسول الله صلى الله عليه و سلم ثم استلم الحجر فقد بايع الله و رسوله 

"Кимки Расулуллоҳ (с.а.в.)га байъат қилолмаган бўлса, кейинчалик ҳажар ал-асвадни истилом қилиб, силаган бўлса, демак у Аллоҳ ва унинг Расулига байъат қилибди!".

Ибн Аббос (р.а.)нинг мазкур гапидан ҳажар ал-асвадни ўпиш ва силаш гўё Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ (с.а.в.)га байъат қилгандек бўлар экан. У нимага байъат қилади? Аллоҳ таолога беш вақт намозни ўқишга, Рамазон рўзасини тутишга, бой бўлгани боис ҳар йили закот беришга, умуман, унинг буйруқ ва амрларига итоат қилишга; зино қилмасликка, кибрга берилмасликка, ғийбат қилмасликка, бировнинг дилига озор бермасликка, умуман, гуноҳ ва маъсиятларга яқинлашмасликка байъат қилади. Расулуллоҳ (с.а.в.)га эса суннат намозларини сафардаю ҳазарда қолдирмасдан ўқиб боришга, барчага салом беришга, суннатга мувофиқ кийинишга, уламолар суннат деб атаган амалларга муҳаббатли бўлишга, умуман, ул зотнинг суннатларига қатъий амал қилишга; макруҳ ва бидъат қилмасликка, хурофот ва иримларга берилмасликка, илму маърифатга кўнгил қўйишга, умуман, Расулуллоҳ (с.а.в.)га муҳаббатли бўлишга байъат қилади. Аллоҳ ва унинг Расулига шу тарзда аҳду паймон қилган бўлади.

5) Муҳаддис Ибн Можжа саҳоба Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилган:

من فاوض الحجر الأسود فكأنما يفاوض يد الرحمن

"Кимки ҳажар ал-асвадни ишонч ила қўл урса, худди Раҳмоннинг қудратли "қўли"га ўзини топширган бўлади".

Мазкур ҳадисдаги "фоваза" феъли луғатда: нима ҳақидадир музокара олиб бориш, ваколатни топшириш маъносида ҳам келади. Демак, ким ҳажар ал-асвадни ўпиш, унга юзини суртиб, қўли ила силаган бўлса, у гўё Аллоҳ таоло билан бирор нарсага келишиб олган бўлади. Одатда биров билан бир нарсага келишиб, қатъий иттифоқликка, қарорга келсалар, бир-бировга қўл беришади. Банда билан Аллоҳ нимага келишиб, қарор қилади? Банда Аллоҳга унга итоат қилишга, амр ва буйруқларига амал қилишга, гуноҳ ва маъсият қилмасликка қарор қилса, Аллоҳ бунинг учун унга савоб ва ажрларни кўпайтириб беришга қарор қилса ажаб эмас. Кимки ҳажар ал-асвадни ўпар экан ўзининг тақдирини, ризқини етказиш учун Аллоҳга ваколат топширса, Аллоҳни вакил қилса, Аллоҳ таоло унинг тақдирини ва оқибатини яхшилик ва хайрли қилишга, ризқини мўл-кўл қилишга ирода қилса ажаб эмас.

Ҳажар ал-асвадни ўпиш ҳажнинг суннат амалларидан бўлиб, муҳтарам ҳожилар ушбу муқаддас қора тошни ҳам ўпиш, силашга ҳаракат қилишлари мақбулдир. Бироқ, бошқа ҳожиларга озор етказиб қўйиш хавфи бўлса, бундан воз кечиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бошқа суннатларига амал қилиш керак бўлади. У ҳам бўлса, узоқдан туриб, унга қўл ила силаш ишорасини қилиб, қўлни ўпиш суннатидир. Издиҳом ва одамлар кўп, тиқилинчда эса аёллар ҳажар ал-асвад олдига боришга умуман ҳаракат қилмаганлари шартдир.

Ҳажар ал-асвадни ўпишнинг ҳикмат ва сабабларини яхши мулоҳаза қилиб, ҳажар ал-асвадни ўпиш ва силаш ҳам бир масъулият эканини, ундан оғир бир вазифани елкага олиш борлигини билиш ҳар бир ҳожига керак бўлган ишдир.


Ҳамидуллоҳ Беруний



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламинг қабри шарифлар устидаги яшил гумбаз Мадинаи Мунавваранинг рамзига, ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни давоми...

4187 16:00 / 05.06.2023
Зулҳижжанинг биринчи ўн кунлиги улуғ фазилатларга эга. Бу ой ҳаром ойлардан бири саналади. Унда ҳаж ибодати бажарилади. Унда ҳажнинг энг катта рукни бўлмиш давоми...

7088 12:24 / 24.08.2017
Эҳромгa киpишнинг тaйинли вaқти вa тaйинли мaкoни бop. Улap .мийқoт, дeйилaди. Ҳaжнинг .зaмoн мийқoти, шaввoл, зyлқaъдa oйлapи вa зyлҳижжa oйининг биpинчи ўн кyни. .Maкoн мийқoти, эca, давоми...

5121 11:00 / 15 июнь
Ҳoжилaр Aқaбa тошини отганларидан сўнг агар қирон ёки таматтуъ ҳажи қилувчи бўлсалар, шукр қурбoнлигини ҳам сўйганларидан кейин ёки умра қилувчилар умрa aркoнларини давоми...

5528 05:00 / 16.01.2017