1447 йил 8 шаъбон | 2026 йил 27 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Умранинг амаллари

16:05 / 13.08.2017 15478 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1532. Марвон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳудайбия замонида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан ўн неча юзтаси (бир ярим мингга яқин) билан Мадинадан чиқдилар. Зул-Ҳулайфага етганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонликларга белги тақдилар, ўркачини тилдилар ва умрага эҳром боғладилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Умра учун ҳам худди ҳаж учун лозим бўлган ишларнинг айни ўзи қилинади. Қурбонликларга белги тақиш уларнинг бўйнига кавуш ёки дарахтнинг пўстлоғини боғлаш билан амалга оширилади. Қурбонликларнинг ўркачини тилиш эса «ишъор» дейилади. Бу ишлар билан ҳаж ва умра учун аталган қурбонликлар белгилаб қўйилади. Бу ҳайвонларни кўрган ҳар бир одам уларнинг қурбонликка аталганлигини билади.

Ҳажнинг мийқотлари умра учун ҳам мийқотдир. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳажга, ҳам умрага Зул-Ҳулайфадан эҳром боғлаганлар. Ҳамма ўз мийқотидан умрага эҳром боғлайди. 

Маккада ёки ҳарам чегараси ичида турганлар умра қилмоқчи бўлсалар, албатта, ҳарам чегарасидан ташқарига чиқишлари вожиб. Акс ҳолда умра қилиб бўлмайди.

 1533. Яъло ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъронада турганларида у зотнинг ҳузурларига бир киши келди. У умра нияти билан эҳром боғлаган бўлиб, соч ва соқоли сариққа бўялган ва устига чопон кийиб олган эди. У:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен умра учун эҳром боғладим. Ўзим сиз кўриб турганингиздекман», деди.

«Устингдаги чопонни еч. Ўзингдаги сариқликни юв. Ҳажингда нима қиладиган бўлсанг, умрангда ҳам шуни қил», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан умрадаги эҳром боғлаш ва унга оид масалалар ҳажникидан фарқ қилмаслигини кўрамиз. Фақат умра тавоф ва саъй қилиб, сочни олдириб ёки қисқартиргандан сўнг тамом бўлади.

 1534. «Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ўз умрасида Байтни тавоф қилган, аммо Сафо билан Марва орасида саъй қилмаган одам ҳақида:

«У аёлига яқинлик қилса бўладими?» деб сўралди. Шунда у киши:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб келиб, Байтни етти марта тавоф қилдилар, мақом ортида икки ракъат намоз ўқидилар ва Сафо билан Марва орасида етти марта саъй қилдилар. Батаҳқиқ, сизларга Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир», деди».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, умрада ҳам худди ҳаждаги каби етти марта тавоф ва етти марта саъй қилинади. Умрада ҳам худди ҳаждаги каби амаллари тугамай туриб, эҳром ҳаром қилган нарсаларга яқинлашиб бўлмайди. 

1535. Ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умра қилдилар. Биз ҳам у зот билан бирга умра қилдик. У зот Маккага кирган чоғларида тавоф қилдилар, биз ҳам у зот билан бирга тавоф қилдик. У зот Сафо ва Марвага бордилар, биз ҳам у зот билан бирга иккисига бордик. Биз у зотни Макка аҳлидан бирортаси отиб қўймасин деб тўсиб турардик. Менинг бир дўстим:

«Каъбага кирдиларми?» деди.

«Йўқ», дедим.

«Хадичага нима деганларини айтиб бер», деди.

«Хадичага жаннатдаги дурдан бўлган, ичида бақириқ ҳам, чарчоқ ҳам йўқ уйнинг башоратини бер», дедилар», дедим».

Бухорий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳудайбиядан кейинги йили қазо умраси қилганларидаги ҳодисалар ҳақида сўз бормоқда. Ўшанда саҳобаи киромлар мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор етказиб қўймасин деган мақсад билан у зотни улардан тўсиб туришган. Ана шу умрада ҳам ҳажда қилинадиган амалларга ўхшаш амаллар адо этилган.

 1536. «Жобир розияллоҳу анҳу:

«Ҳудайбия йили Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир туяни етти киши номидан ҳамда бир сигирни етти киши номидан сўйдик», деди».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, қурбонлик сўйишда ҳам ҳажда нима қилинса, умрада ҳам ана шу ишлар қилинади.


 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жиърона mdash бу ер ўша маконда яшовчи бир аёлнинг исми билан номланган. Бугунги кунда у Сараф водийси бошланишида, Масжидул Ҳаромнинг шарқийшимолий томонида давоми...

1133 15:39 / 27.05.2025
Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни биладир. Озуқа олинг, энг давоми...

5628 18:24 / 07.08.2017
Аллоҳ таоло Каломи мажидида Тонгга қасам, ўн кечага қасам... деган Фажр, 1, 2.Саҳиҳ қавлларга кўра, оятдаги ўн кечадан мурод зулҳижжа ойининг аввалги ўн давоми...

6147 05:11 / 14.08.2018
Ҳижратдан 18 йил олдин Қурайш Каъбани қуришга киришди. Улар бино қурилиши учун фақат ҳалол пул киритишга келишиб олишди. Унинг қурилишига мажбурлаб олинган маҳр, давоми...

2026 11:23 / 03.06.2025