1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Аъзоларимиз рўзаси

11:31 / 24.06.2017 4284 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рўзадор ўз рўзасини барча қадрини туширадиган, ажрини кетказадиган ишлардан сақламоғи лозим. Набий алайҳиссалом бундай дедилар: «Албатта, умматимдан муфлис бўлгани қиёмат куни ўқиган намози, тутган рўзаси, адо қилган закоти ила келади. Аммо у буни сўккан, уни зинода айблаган, бунинг молини еган, унинг қонини тўккан, бунисини урган одамдир. Унинг яхшиликларидан унисига ҳам, бунисига ҳам олиб берилади. Зиммасидагилар битмай туриб, яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг гуноҳларини олиб, бунинг (муфлиснинг) устига ташланади. Кейин ўзи дўзахга ташлаб юборилади».

           Банда бу дунёда намоз, рўза, закот каби улуғ ибодатларни бажаради. Лекин аъзолари ила қилган сўкиш, бўҳтон, душманчиликдан иборат зулмлари туфайли муфлис бандалардан бўлиб қолади.  Шунинг учун банда ўз рўзасидан унумли фойданиши лозим. Зеро, рўза Рамазон ойидагина вожиб бўлади.  Аммо инсоннинг ҳаромдан рўза тутиши, яъни сақланиши умрининг охиригача вожиб бўлади. Мусулмон киши Рамазон ойи кундузларида Аллоҳ таоло бошқа пайтларда ҳалол қилган нарсаларидан сақланиб туради. Лекин ҳаром қилган нарсалардан умрининг охирига қадар сақланиши шарт бўлади.  Тилни, кўзни, қулоқни, қўлни, оёқни ва фаржни  қайтарилган ҳаром нарсалардан сақлаш  луғат жиҳатидан рўза деб аталади ва бу бир умр давом этади.  

           Аллоҳ таоло буюк неъматлар бўлмиш  аъзоларимизни Роббимиз рози бўладиган ўринларда ишлатишни вожиб қилди. Ғазаб қиладиган ўринларда ишлатишни ҳаром қилди. Шу билан бирга, уларни Аллоҳ таоло буюргандек ишлатиш, ҳаром нарсалардан тийиб туриш бу неъматлар эвазига қилинган шукрнинг мукаммаллиги ҳисобланади.  

  Кўз. У  билан Роббимиз назар солишни ҳалол қилган ўринларга ишлатиш, номаҳрамлар, беҳаё филмлар каби назар солишни ҳаром қилган ўринлардан сақланишни буюрган. Мана шу кўзимизнинг бир умрлик рўзасидир.

  Қулоқ. У ила Роббимиз буюрган ёки мубоҳ бўлган эшитиш ўринларига ишлатиш, бекорчилик, беҳуда гаплар, ёлғон, ғийбат каби маъсият сўзларни эшитмасликка  ҳаракат қилмоғимиз буюрилган. Бу қулоғимизнинг бир умрлик рўзасидир.

  Қўл. У ила мубоҳ нарсаларни ушлаш, қайтарилган нарсалардан қайтариб туриш буюрилган. Бу қўлимизнинг  рўзасидир. Шулар мисолида бошқа аъзолар ҳам шундай.

  Аллоҳ таоло бу неъматларга шукр қилган, ўзи рози бўладиган ўринларга ишлатган бандаларига дунё ва охиратда катта мукофот,  ажру савоблар  ваъда қилган.  Солиҳ амалларда бардавом бўлмаган, аъзоларини ўзи хоҳлаганча бошқарган, Роббисининг ғазабини келтирган инсонларга азобу уқубатлар муқаррар. Аллоҳ таоло Ўз Каломида аъзолардан қиёмат куни ўз соҳиби борасида сўраши, инсон барча аъзоларига масъул экани ҳақида шундай  дейди: «Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшаларнинг барчаси сўралажак нарсалардир» (Исро сураси, 36-оят);   «Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур» (Ёсин сураси, 65-оят);  «Аллоҳнинг душманлари оловга жамланадиган, улар тизиб қўйиладиган Кунда... Ниҳоят, унга етиб келишгач, қулоқлари, кўзлари ва терилари қилиб ўтган нарсалари ҳақида уларга қарши гувоҳлик берадилар. Ва териларига: «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердингиз?» – дедилар. (Терилари:) «Ҳар бир нарсани нутқ қилдирган Аллоҳ бизни ҳам нутқ қилдирди. У Зот сизларни аввал бошда яратган ва Унгагина қайтарилурсизлар», – дедилар» (Фуссилат сураси, 19−21-оятлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабалга тил асраш ҳақида насиҳат қилдилар.  Муоз: «Ё Расулуллоҳ! Биз гапирган гапимиз туфайли ҳам иқобга олинамизми?» дедилар. Шунда у зот: «Барака топгур, эй Муоз! Дўзахга юзларию тумшуқлари билан улоқтирилганларнинг аксарига тиллари сабаб бўлган», дедилар. Бошқа бир ҳадисда у зот: «Кимки менга икки жағи орасидаги ҳамда икки сони орасидаги нарсаларга кафил бўлса, мен унга жаннатга киришига кафил бўламан», дедилар. Тилга эҳтиёт бўлиш ва зинога яқинлашмаслик ҳақида огоҳлантирганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом: «Кимни Аллоҳ таоло икки жағи ва икки сони орасидаги нарсаларнинг ёмонлигидан сақласа, жаннатга киради», дедилар». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, фақат яхшиликни гапирсин ёки жим турсин», дейилган. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Бир киши: «Ё Расулуллоҳ! Кимнинг Исломи гўзал?» деб сўради. У зот: «Мусулмонлар унинг қўлидан ва тилидан саломат бўлган кишининг Исломи», дея жавоб бердилар». 

   Шу ва шу каби кўплаб ҳадислар бандалар ўзининг тили, қулоғи, кўзи, фаржи, қўли ва оёғини ҳаром нарсалардан сақлаши вожиблигига далолат қилади.          Банда барча аъзоларини Аллоҳ таоло ибодатига сарфлаб, гуноҳлардан сақланган – рўза тутган ҳолда вафот этса, Аллоҳ таоло уни итоаткор бандалари учун тайёрлаб қўйган абадий жаннатида  азиз неъматлар ила ифтор қилдиради.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мўмин киши бу дунёдан у дунёга риҳлат қилаётган пайтда, яъни умрининг сўнгги лаҳзаларида юзлари гўё қуёшдек бўлган фаришта ўзи билан бирга жаннатдан у учун кафан ва жаннатдан у учун ҳанут олиб келади. Шунда малакул мавт – ўлим фариштаси буларни тақдим қилиб, ўз сўзини айтади: «Эй покиза нафс! Аллоҳ таолонинг мағфирати ва розилиги ила чиққин».  Шунда руҳ ундан худди идишдан қатра сув томгани каби сизиб чиқади. Руҳни фаришталар олиб, унга кўз очиб юмгунча муддатда ҳам бепарво бўлмайдилар. Ҳатто уни ўша кафанга солиб, ўша ҳанут ила хушбўйлайдилар. Зеро, унинг ҳиди ер юзида топиладиган миск ҳидидан-да ёқимлироқ бўлади. Руҳ ила фаришталар кўтарилиб, бир тўда фаришталарга элтадилар. Улар: «Бунча ҳам пок руҳ!» дейдилар. Олиб келганлар руҳнинг бу дунёда номланган гўзал исми ила «Фалончининг ўғли фалончи» деб жавоб берадилар. Улар руҳни олиб, дунё осмонига олиб чиқадилар ва руҳ учун эшик очилишини сўрайдилар. Эшик очилганда руҳни кузатиб қўядилар. Ҳар бир осмондаги муқарраб фаришталар руҳни қабул қилиб, кейинги осмонга кузатиб қўядилар. Шундай қилиб руҳ еттинчи осмонга олиб борилганда Аллоҳ таоло малоикаларга: «Бу бандамнинг китобини иллиййинга ёзинглар ва уни ерга қайтаринглар. Албатта, мен у(инсон)ларни ундан яратдим, унга қайтараман ва яна бир бор ундан чиқариб оламан», дейди. Шу пайт жасадга руҳ қайтарилади ва икки фаришта келиб, олдига ўтиради ва савол-жавоб бошланади:

Роббинг ким?

Роббим Аллоҳ!

Дининг нима?

Диним Ислом!

Сизларга юборилган бу киши ким?

У зот Расулуллоҳ соллаллоҳун алайҳи васалламдирлар!

Илминг қандай?

Мен Аллоҳнинг китобини ўқидим, унга иймон келтирдим ва уни тасдиқладим!

Шунда самодан бир нидо қилувчи: «Албатта, бандам тасдиқлади. Бас, уни жаннатдан бўлган маконга ётқизинглар, жаннатдаги кийимлар ила кийинтиринглар ва у учун жаннатгача бўлган эшикларни очиб қўйинглар», дейди. Жаннатнинг ҳиди, хушбўйлиги уни чулғаб олади. Қабри назари етган жойгача кенгайтирилади. Шунда гўзал юзли, гўзал кийимли ва хушбўй ҳидли киши келиб: «Сенга ваъда қилинган ушбу қувончли кунинг ила хурсанд бўлгин», дейди. Қабр соҳиби: «Сен кимсан?!» деганда, у: «Сенинг юзинг ёруғдир. Мен сенинг солиҳ амалингман», дейди.  Шунда қабр соҳиби: «Эй Роббим! Соатни қоим қилгин, ҳатто мен ўз аҳлим ва молимга қайтайин!» дейди».

Мана шу Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан ўзини сақлаган – аъзолари ила умрининг охиригача рўза тутган рўзадорларнинг, Аллоҳ таоло ибодатини лозим тутганларнинг, буйруқлари узра бардавом бўлиб, қайтариқларидан четланган бандаларнинг савобидир. Эй Аллоҳим! барчамизни шундай зотлардан қилгин, уларнинг йўлларига ҳидоят қилгин!

 

Фарҳодбек АСАТУЛЛАЕВ 

таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шак куни ndash шаъбоннинг ўттизинчи кунидир. Бу кунни Рамазоннинг рўзасидан деб мутлақо тутиб бўлмайди. Ким уни Рамазон рўзасидан деб тутса, аҳли китобларга ўхшаб давоми...

5772 17:57 / 31.05.2017
Исломга бизни ҳидоят қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин Аллоҳ бизни тўғри йўлга бошламаганида биз ҳидоят топмас эдик. Набий ва расулларнинг шарафлиси бўлган давоми...

4047 14:39 / 05.06.2017
Ҳофиз ибн Ҳажар .Фатҳул Борий,да шундай деган .Ушбу ривоятда Умар ибн Хаттобнинг таровеҳ ҳақидаги амрлари келтирилган ривоятда Убай ўқиб берган намознинг неча давоми...

3789 18:18 / 16.06.2017
Вақт қийматиИшларнинг калити қўлида бўлган улуғ Зотга ҳамд бўлсинХушхабар бериб огоҳликка чақирувчи набиййимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, уларнинг аҳли давоми...

3575 12:28 / 08.06.2017