1446 йил 24 жумадул аввал | 2024 йил 26 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Пулдан закот қандай чиқарилади?

12:40 / 18.06.2017 5680 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нақд пулдан қандай қилиб закот чиқарилади? Унинг шартлари қандай?

Нақд пулдан закот чиқариш фарз бўлиши учун унда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим:

1. Пул нисобга етган бўлиши.

2. Бир йил тўлиши.

3. Қарздан холи бўлиши.

4. Ҳожати аслиядан ортиқ бўлиши.

Пул нисобга етган бўлиши. Тилла пул бўлса, йигирма динор, кумуш пул бўлса, икки юз дирҳам нисоб эканини яхши билиб олдик. Аммо ҳозир тилла ҳам, кумуш ҳам пул сифатида ишлатилмайди. Қоғоз пулдан қандай қилиб закот чиқарилади? Унинг нисоби қанча?

Кумуш халқаро миқёсда пул ўрнида умуман қабул қилинмай қўйди. Тилла эса пул ўлчови сифатида дунё бўйича мақбул бўлиб турибди. Шунинг учун уламолар қоғоз пулни тилланинг қиймати билан ўлчаш керак, деган фикрга келганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида йигирма динор пулнинг оғирлиги йигирма мисқол бўларди. Йигирма мисқол эса саксон беш граммга тенг.

Демак, 85 грамм тилланинг баҳоси қоғоз пулнинг нисоби бўлади. Кимда 85 грамм тилланинг қийматига тенг ёки ундан кўп қоғоз пул бўлса, закот бериши фарз бўлади. У одам пулини ҳисоблаб туриб, икки ярим фоизини, яъни қирқдан бир бўлагини закотга бериши керак.

Баъзи ҳолларда тилланинг нархи жуда кўтарилиб кетиб, пули нисобга етадиганлар нодир бўлиб қолиши ҳоллари ҳам бўлиб туради. Шунда уламоларимиз: «Камбағалга фойдали томонни олиш» қоидасига биноан, кумушнинг нархини нисоб қилиш керак», дейдилар. Ана ўшанда беш юз тўқсон беш грамм кумушнинг баҳоси нисоб деб қабул қилинади.

Ҳамаср уламоларимиздан баъзилари: «Агар тилла ҳам кумушга ўхшаб нархи тушиб, номақбул бўлиб қолса, ўртача нархдаги йигирмата қўйнинг нархини нисоб қилиб олиб, қоғоз пулдан закот чиқариш керак», дейдилар. Чунки Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида икки юз дирҳамга йигирмата қўй келар экан. Табиийки, бунда ўртача катталикдаги қўй эътиборга олинган. Умуман, закотга тегишли ҳайвонлар ҳақида гап кетганда доимо ўртачаси кўзда тутилади.

Демак, мабодо пулнинг нисобини қўй қиймати билан ўлчашга тўғри келиб қолса, қўйнинг нархи ўртача бўлган пайтдаги ўртача қўйлардан йигирматасининг нархи пулнинг нисоби бўлади.

Лекин ҳозирча амалда саксон беш грамм тилланинг нархи нисобдир. Ҳанафий мазҳаби уламолари: «Тиллага бироз бошқа маъдан аралаштирилган бўлса ҳам бўлаверади», деганлар.

Шу жойда бир масалага алоҳида эътибор беришимиз лозим. Закот нисоби турли нав молларда турлича чиқмоқда. Яъни қийматлари ҳар хил чиқяпти. Тилла ва кумушдан нисоб деб эътибор қилинган маблағга йигирмата қўй келмоқда. Агар қўйнинг нисоби қирқталигини эътиборга олсак, қўйнинг нисоб нархи пулникидан икки баробар кўп бўлиб кетмоқда. Нима учун бундай бўлган?

Бу ерда жуда нозик нуқта борки, Исломнинг қанчалик мукаммал шариат эканини шундан билиб олсак бўлади. Қўй ҳам, бошқа ҳайвонлар ҳам доим ўсиб туради, яъни туғади, семиради, жун, сут каби маҳсулотлар бериб туради. Замонавий тил билан айтганда, қўйдан ҳам маҳсулотлари олиб турилади, ундан фойда, манфаат келиб туради. Шунинг учун унинг эгасига кенглик берилган, закот бериши кечга сурилган ва оз қилинган. Пул эса уйда ишлатилмай туради, яъни ўз-ўзидан кўпаймайди. Натижада жамиятга фойдаси ҳам тегмайди. Шунинг учун у ҳайвоннинг қийматидан икки баробар кам бўлса ҳам, ундан закот бериш керак. Токи бир қисми камбағалларнинг қўлига бориб тегсин, ишлаб чиқаришга ишлатилсин. Қолган қисмини ҳам эгаси ишлатишга уринсин, бўлмаса закотга берилиб, камайиб қолади.

Бир неча киши шерик бўлиб ширкат тузса, жамланган мол нисобга етса-ю, аммо ҳар бир аъзонинг улуш моли нисобга етмаса, ҳанафий мазҳаби бўйича, закот фарз бўлмайди. Шофеъий мазҳаби уламолари эса: «Бу ҳолатда закот фарз бўлади», дейди.

Бир йил тўлиши керак. Нақд пуллардан ёки уларнинг ўрнига ўтадиган нарсалардан закот фарз бўлиши учун лозим бўлган шартлардан бири – ўша пул нисобга етган ҳолида тўлиқ бир йил туриши керак. Ҳанафий мазҳаби бўйича, йилнинг ўртасида пул нисобдан кам бўлса ҳам, йилнинг бошида ва охирида тўлиқ бўлса, закот фарз бўлаверади.

Фойдага келган моллардан: ойлик маош, иш ҳақи, мукофотлар, ҳунар қилиб топилган пуллар, ижарага қўйилган иморатлар, меҳмонхона, завод ёки фабрика ва машиналардан тушган фойдаларни ҳам асл сармояга қўшиб туриб закот чиқарилади.

Қарздан холи бўлиши керак. Пулдан закот фарз бўлиши учун у қайтариб берилиши зарур бўлган қарз бўлмаслиги керак. Айтайлик, бировнинг қўлида нисобга етган пули бор. Шу билан бирга, қарзи ҳам бор. У аввал қарзини бериши керак. Уни берганидан кейин пули нисобдан кам бўлиб қолса, унга закот фарз бўлмайди.

Ҳожати аслиядан ортиқ бўлиши керак.  Дейлик, бир кишининг қўлида нисобга етган пули бор. Аммо у ўзига ва қарамоғидаги кишиларга қишлик ёки ёзлик кийим олиши керак. Ёки бир йиллик озиқ-овқатининг сарф-харажати ҳам бор. Уй сотиб олиши, уйига керакли анжомлар, касб-ҳунари учун асбоблар, мингани, зарурат учун улов ёки ўқигани китоб олиши керак. Ушбу нарсаларни ёки улардан баъзиларини сотиб олганидан кейин пули нисобдан кам бўлиб қолса, унга закот фарз бўлмайди. Сотиб олишидан олдин эса пули нисобга етган бўлса, фарз бўлади. Чунки закот ўзига тўқ, ўз эҳтиёжларидан ортиқча пули бор бой одамларга фарздир.

Ҳозирги кунимизда закот чиқариладиган молларнинг асосийларидан бири пул бўлиб қолган. Айниқса, шаҳар жойларда асосий мол-мулк пулга айланиб қолган. Шунинг учун унинг нисобини аниқлаш, ҳар йили ўз вақтида закотини бериб, Аллоҳ таолонинг амрини бажо келтириш, молиявий ибодатни вақтида бажариш лозим бўлади.

Ҳозиргача закот фарз бўлиши айтиб ўтилган нарсалар ҳайвонот ва тиллаю кумуш эди. Улардан бошқа нарсалар тижорат учун тайёрланган моллар бўлади. Фақат меросдан олинган мол бўлмаса бўлди. Ана ўша тижорат молларининг қиймати бошқа молларига қўшилган ҳолда тилла ва кумуш ҳисобида нисобга етса, улардан ҳам закот чиқариш фарз бўлади. Тилла нархида ўлчанадими ёки кумушникида, деган саволга «Қай бири камбағалларга фойдали бўлса, ўшанда ўлчанади», деган жавоб берилади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(Мўминниг нажоти китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муборак Рамазон ойи ҳам тугамоқда. Аллоҳ таолонинг нурлари билан қамраб олинган ойлар ичида энг улуғи билан видолашамиз. Рамазонда қилган амалларимизни таҳлил давоми...

3417 16:44 / 01.07.2017
Нафл рўза тутиб олган кишининг биродари уни пешиндан олдин таомга таклиф қилса, биродари ўша таомни у билан бирга ейишдан хурсанд бўлса, рўзадор одам биродари давоми...

6953 14:25 / 10.06.2017
Йил мобайнида биз Рамазон ойи кириб келишини интизорлик билан кутамиз, лекин у яқинлашгани сари, безовталигимиз шунчалик ортиб бораверади. Бир тарафдан ушбу давоми...

4359 20:49 / 05.06.2017
Рўзадор ўз рўзасини барча қадрини туширадиган, ажрини кетказадиган ишлардан сақламоғи лозим. Набий алайҳиссалом бундай дедилар .Албатта, умматимдан муфлис давоми...

4240 11:31 / 24.06.2017
Аудиолар

135407 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55646 14:35 / 11.08.2021