1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Диний байрамларни нишонлаш суннатлари

19:25 / 23.06.2017 4725 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тилимиздаги «байрам» (ҳайит) сўзи араб тилида «ийд» сўзи билан ифода қилинади ва «қайтиш» маъносини билдиради. Байрамлар қайта-қайта келгани учун «ийд» деб номланган. Энг муҳими, мўмин-мусулмонларга икки ийд кунлари Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси қайта-қайта келади.

Рўза байрамига хос ишлар.

Фитр куни таом ейиш, мисвок ва ғусл қилиш, хушбўйлик суртиш ва энг яхши кийимларини кийиш ва фитр садақасини бериш мандубдир.

Юқоридаги жумлада Фитр (Рамазон) байрамига чиқишдан олдин қилинадиган амаллар ҳақида сўз бормоқда. Улар қуйидагилардан иборат:

1. Таом ейиш.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир неча хурмо емай туриб, чиқмас эдилар. Тоқ ер эдилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

Бошқа бир ривоятда: «Фитр куни таом емасдан олдин чиқмас эдилар. Азҳо куни намозни ўқиб бўлмагунча емас эдилар», дейилган.

2. Фитр садақасини бериш.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлсин, деб фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бири бўлур».

Абу Довуд, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган.

Фитр садақасини ийддан бир неча кун олдин берса ҳам бўлади.


ИККАЛА БАЙРАМДА ҲАМ БАРАВАР ҚИЛИНАДИГАН ИШЛАР


1. Ийдга бир йўл билан бориб, бошқа йўл билан қайтиш мустаҳабдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни бир йўл билан чиқсалар, бошқаси билан қайтар эдилар».

Термизий, Абу Довуд ва Бухорийлар ривоят қилганлар.

2. Мисвок қилиш.

Ҳар бир намоз учун мисвок қилиш марғуб бўлганидек, Фитр ва Қурбон байрами намозларидан олдин ҳам мисвок қилиш марғубдир.

3. Fусл қилиш.

Фокиҳ ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр, Азҳо ва Арафа кунлари ғусл қилар эдилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

4. Хушбўйлик суртиш.

Кишилар кўп тўпланадиган жойларга хушбўй нарса суртиб бориш мандуб бўлгани учун ийд куни ҳам хушбўйлик суртилади.

5. Энг яхши кийимларни кийиш.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жума ва ийд учун алоҳида яхши кийим кийишлари маълум ва машҳур.

Ибн Можа Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳадисидан ривоят қилади:

«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда ҳибара чопон кияр эдилар»

(Ҳибара – Яманнинг машҳур кийими).

6. Икки ийд кечаларини ибодат ила ўтказиш.

Бунда кечанинг ҳаммасини ёки охирги учдан бирини зикр, намоз, Қуръон тиловати, такбир, тасбеҳ, истиғфор билан ўтказилади.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Фитр кечасини ва Азҳо кечасини (савоб умидида) бедор ўтказса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас», дедилар».

Тобароний ривоят қилган.

Икки ийд кечасидаги дуо мустажобдир. Шунинг учун эртага ийд, деган кечада кўп дуо қилишга ҳаракат қилиш зарур.

7. Муқтадий кишилар ийд намозига эртароқ, пиёда, виқор билан, такбир айтган ҳолларида борадилар.

Намозга қанча кўп интизор бўлинса, савоби шунча кўп бўлади.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ийдга пиёда чиқмоғинг суннатдандир».

Термизий ривоят қилган.

Имом ийдга намозга етиб борадиган бўлиб чиқиши суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шундай қилганлар.

8. Аҳли аёлга кенгчилик ва серобчиликка шароит яратиш.

Байрам арафасида ва байрам кунлари нафл садақаларни имконига қараб одатдагидан кўпроқ қилиш керак.

9. Кўринган ҳар бир мусулмонга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш, уларни байрам билан табриклаш. Яқин кишиларни, ёру дўст ва аҳбобларни зиёрат қилиш.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Абу Бакр кирганида, олдимда ансорийларнинг қизларидан иккитаси Буос куни ансорлар айтган нарсани қўшиқ қилиб айтаётган эдилар. Икковлари қўшиқчи эмас эдилар. Шунда Абу Бакр: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида шайтоннинг нағмаси бўляптими?!» деди. Ўша куни ийд куни эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Бакр, ҳар бир қавмнинг байрами бор. Бу бизнинг байрамимиздир», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Абу Бакр у(Оиша)нинг олдига Мино кунларида кирганида, унинг ҳузурида икки қизча қўшиқ айтар ва дуфф (доира) чалар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ки­йимларига бурканиб, ухлаб ётар эдилар. Абу Бакр ўдағайлаб, иккови(қиз)ни тўхтатди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини очиб:

«Тек қўй уларни, эй Абу Бакр, бу кунлар ийд кунлари», дедилар», дейилган.

10. Бева-бечора, етим-есир ва камбағаллардан хабар олиш.

Байрам кунларни худди шу тоифадаги инсонлар ҳолидан хабар олиш, уларнинг қалбига сурур киритиш жуда ҳам муҳимдир. Зотан, рўза байрамида фитр садақаси, Қурбон байрамида қурбонлик қилиш жорий этилишидан кўзланган мақсад ҳам шунинг ўзидир. Мазкур байрам кунлари барча мусулмонлар шоду хуррам бўлишлари керак.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини фарз қилдилар ва:

«Уларни бу кунда беҳожат қилинглар», дедилар».

Байҳақий ва Дорақутний ривоят қилганлар.

Шунинг учун мазкур кишилардан байрам куни хабар олиб, уларга хайру эҳсон қилиш жуда савобли иш бўлади.

11. Қариндошларга силаи раҳм қилишни кучайтириш.

Силаи раҳм (қариндошлик ришталарини боғлаш) масаласи маълум ва машҳур. Унинг ҳақидаги ояти карималар ва ҳадиси шарифлардан кўпчилик хабардор. Шу билан бирга, бу масаланинг аҳамияти байрам кунлари яна ҳам ортишини эсдан чиқармаслик зарур.

12. Ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш ва аразлашиб юрганларни яраштириб қўйишни амалга ошириш.

Мусулмон кишиларнинг уч кундан ортиқ бир-бирлари билан аразлашиб юришлари мумкин эмас. Байрам кунлари аразлашиб юриш эса гуноҳнинг яна ҳам катталашишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам бундай улуғ кунларда одамлар барча гина ва аразларни йиғишитиришлари, бир-бирлари билан ярашиб, аввал ўтган хатоларни кечириб юборишлари лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ижтимоий одоблар китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазонда қоим бўлиш ndash бу ойнинг кечаларини Аллоҳга ибодат билан ўтказишдир. Кечанинг аввали ёки охирини бедор бўлиб ўтказишнинг фарқи йўқ. Кечанинг охирини давоми...

3391 16:10 / 14.06.2017
Рўзадор одам тилини ёлғондан, ғийбатдан, чақимчиликдан, ҳақоратдан ва сўкишдан сақлаши керак.Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади.Расулуллоҳ давоми...

4339 16:09 / 03.06.2017
Закотнинг афзаллиги мусулмонларга эътиқоднинг беш устунларидан бири сифатида фарз қилиб берилганлигидир. Бу жамият ичра иқтисодий, ижтимоий ва маънавий давоми...

4172 17:06 / 13.06.2017
Умра ва эътикофУмрани адо этиш улуғ фазлдир. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам .Умра умрагача бўлган гуноҳларни ўчиради. Ҳажжи давоми...

3605 19:22 / 25.06.2017
Аудиолар

135327 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55577 14:35 / 11.08.2021