1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Рўза

16:41 / 26.05.2017 7096 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Асъад Муҳаммад Саъийд Соғуржий

Рўза

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Муқаддима

Аллоҳим, Сенга Ўзинг яхши кўрганингдек кўп, пок ва муборак ҳамдлар бўлсин. Одамларнинг ичидан танлаб олган ҳабибинг, халилинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг саҳобаларига ва қиёмат кунигача уларга эргашганларга салоту саломлар бўлсин.

Ва баъд: 

Ушбу рисола иймон шуъбаларидан бири бўлмиш, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қадри улуғлиги учун мукофотини Ўзи бераман деб ваъда қилмиш, Ислом арконларидан бири бўлмиш рўза ҳақида сўз юритади.

Рисола енгил услубда ёзилган бўлса-да, ундаги мавзулар кучли ва ёрқин далил-ҳужжатлар асосида ёритилган. Ушбу камтарона уринишимизни Аллоҳ таоло Ўзига холис айласин. Унинг чоп этилишида, ўқувчиларга етиб боришида ҳисса қўшганларни Ўзи манфаатлантирсин. Албатта, У Зот илтижоларимизни эшитувчи, ижобат қилгувчидир.

Илм ходими

Асъад Соғуржий


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

 

Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз», деди (Бақара сураси, 183-оят).

Бухорий «Жомеъус саҳиҳ»ида санадини Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга улаб шундай ривоят қилади: 

«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан ўтирган эдилар, ҳузурларига Жаброил келиб, «Иймон нима?» деди. У зот: «Иймон – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, Унга рўбарў бўлишга ва Унинг расулларига иймон келтиришинг ва қайта тирилишга иймон келтиришингдир», дедилар.

«Ислом нима?» деди у. У зот: «Ислом – Аллоҳга ибодат қилишинг ва Унга ширк келтирмаслигинг, намозни тўкис адо этишинг, фарз қилинган закотни адо этишинг ва Рамазон рўзасини тутишинг», дедилар…»

Ибн Обидин «Ийзоҳ»дан нақл қилиб, шундай дейди: «Билгинки, рўза дин рукнларининг энг буюги, метин шариат қоидаларининг энг мустаҳкамидир. У билан ёмонликка буюрувчи нафс бўйсундирилади. У қалб амалларидан ҳамда  кун бўйи еб-ичиш ва шаҳватдан тийилишдан иборатдир. Рўза тутиш гўзал хислатлардан бири бўлишига қарамай, нафсга юклатилган амалларнинг энг оғиридир. Илоҳий ҳикмат бандага ўз зиммасига юклатилган амалларнинг энг енгилидан, яъни намоздан бошлашни тақозо қилди. Бу мукаллаф банданинг иймони учун ўзига хос чиниқиш машқидир. Иккинчи навбатда закот фарз қилинган бўлса, учинчи навбатда нафс учун энг оғир ибодат – рўза фарз қилинди. 

Аллоҳ таоло мадҳ ўрнида рўзанинг арконлар ичидаги тартибига ишора бериб ўтган

«…хушуъли эркаклар ва хушуъли аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар... ўшаларга Аллоҳ мағфират ва буюк ажр тайёрлаб қўйган» (Аҳзоб сураси, 35-оят).

Ҳозиргина зикр қилиб ўтилган имом Бухорийнинг ҳадисида ҳам рўзанинг тартибига ишора бериб ўтилган («Роддул муҳтор», 2-жилд, 369-бет).

Савм, яъни рўзанинг луғавий ва истилоҳий маъноси

«Савм» сўзи луғатда тийилиш, бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтишни тарк қилиш, деган маънони англатади. Шунингдек, сукут сақлашга ҳам савм дейилади. Бу мазмунда саййида Марямнинг сўзлари келган: «Мен Роҳманга савм назр қилдим. Бугун инсон зотига зинҳор гапирмасман» (Марям сураси, 35-оят).

«Савм»нинг истилоҳий маъноси эса ният билан тонг отгандан бошлаб қуёш ботгунча рўзани очиб юборувчи нарсалардан тийилишдир.

Рўзанинг тугал ва мукаммали эса шариат томонидан тақиқланган нарсалардан четланиш, ҳаром ишларга қўл урмаслик билан бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, Аллоҳ унинг таом ва ичимликни тарк этишига муҳтож эмас», деганлар» (Бухорий ривоят қилган).

Рўзанинг фазилати

Рўзанинг фазилати буюк, савоби улкандир. Уни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Унинг фазилати ва савобидан маҳрум бўлган кимса ҳақиқий маҳрумдир.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Рўза қалқондир. (Рўзадор) фаҳш сўз айтмасин, жоҳиллик ҳам қилмасин. Кимдир у билан уришмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлса, икки марта «Мен рўзадорман», десин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келган ҳид Аллоҳ таолонинг наздида мушкнинг ҳидидан яхшироқдир».

Аллоҳ таоло айтади: «(Бандам) Мени деб таоми, ичимлиги ва шаҳватини тарк қилади. Рўза Мен учундир, унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман. Бир яхшиликка ўн баробар (савоб) бор».

Қуртубий айтади: «Аллоҳ таолонинг рўзани Мен учун деб хослаган. Ваҳоланки, ибодатларнинг барчаси У Зот учундир. Шунинг учун рўза икки жиҳати туфайли бошқа ибодатлардан ажралиб туради:

Биринчиси: Рўза бандани бошқа ибодатлар тўсмаган нарсадан – нафс лаззатлари ва шаҳватларидан тўсади.

Иккинчиси: Рўза банда билан Робби орасидаги бир сир бўлиб, у сир фақат У Зотгагина зоҳир бўлади. Шунинг учун ҳам У Зот рўзани Ўзи учун хослаб олган. Рўзадан бошқа ибодатлар ҳаммага кўринади, шунинг учун баъзилар уларни сохтакорлик, риё учун, хўжакўрсинга қилиши мумкин. Шу боис Аллоҳ рўзани бошқа ибодатлардан фарқли равишда Ўзи учун хослаган».

Рамазон ойининг фазилатларидан бири шуки, бу ойда раҳмат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, шайтонлар занжирбанд этилади.

Имом Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон келса, жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади», дедилар».

Рамазон ойининг яна бир фазилати шуки, рўзадорлар учун жаннатда махсус, алоҳида дарвоза бор бўлиб, ҳақиқий рўза тутганлар жаннатга ўша дарвозадан киришади, бу дарвозадан уларда бошқа ҳеч ким кирмайди.

Имом Бухорий Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Жаннатда Райён деган бир эшик бор. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. «Рўзадорлар қани?» дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ундан ҳеч ким кирмайди».


Таржимон Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муборак Рамазон ойи ҳам тугамоқда. Аллоҳ таолонинг нурлари билан қамраб олинган ойлар ичида энг улуғи билан видолашамиз. Рамазонда қилган амалларимизни таҳлил давоми...

3445 16:44 / 01.07.2017
Фитр садақаси садақаи фитр Рамазондан фитрга оғиз очиқлигига чиқиш муносабати билан берилгани учун ҳам шундай ном олган. Садақаи фитр иккинчи ҳижрий санада жорий давоми...

5785 12:45 / 18.06.2017
Рўзадор одам тили ва бошқа аъзоларини ҳаром ишлардан, гуноҳлардан тийиши лозим. Ана шунда рўзанинг асл маъноси бўлмиш тийилишни амалга оширган бўлади.Икки давоми...

4028 16:10 / 31.05.2017
Рўзанинг турлари тўрттадирЛозим рўза.Лозим рўза иккига фарз ва вожибга бўлинади.Фарз рўза. У ҳам иккига тайин қилинган ва тайин қилинмаган фарз рўзага давоми...

11556 17:30 / 23.05.2017