1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Рамазондан унумли фойдаланиб қолиш

23:30 / 07.06.2017 3735 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муборак Рамазон ойидан имконимиз даражасида фойдаланиб, катта ажр-савоб олиб қолиш ҳаракатида бўлишимиз керак. Афсуски, кўп инсонларга Рамазон ойининг келиб-кетишидан заррача аҳамият йўқ. Бу улуғ ойдан саноқли кишиларгина унумли фойдаланиб қолишни билади.

Устозларимиз бизга Рамазон ойи йил бўйи давом этадигандек яшаш кераклигини маслаҳат беришади. Бу мақомни Рамазонни рисоладагидек ўтказиш йўли билангина қўлга киритиш мумкин. Айтганларимиз қуруқ гап бўлиб қолмаслиги учун барчага фойда берган 9 нарса ҳақида тўҳталиб ўтамиз.

 

1. Тийилиш ва ўзини назорат қилиш

Кўпчиликка маълумки, Рамазон ойида инсон саҳардан шомгача емоқ, ичмоқ ва жинсий ғаризаларини қондириш каби ишлардан сақланмоғи лозим. Шу билан бир қаторда одам ўзини каттиқ назорат қилиши ҳам керак. Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган амаллардан тийилиши ва эзгу амалларни бажариши лозиму лобуддир. Шунинг муқобилида бу ой учун аниқ режалар тузиш керакки, кундалик ҳаёт ижобий тарафга ўзгариб борсин. Мисол учун эрталаб саҳарликка турасиз ва таҳажжуд намозини адо этасиз, шу вақтда имкон бўлса, Қуръон тиловат қиласиз. Сўнг саҳарликни еб, бомдодни адо этасиз, Қуръон ўқийсиз, зикр ва дуолар қиласиз. Агар зарурат бўлса, бир оз дам оласиз. Кўзланган мақсад шуки, тартибли тузилган режа асосида ойни ўтказиш лозим.

 

2. Ибодат

 

Аллоҳ бизларни фақат ва фақат Ўзигагина ибодат қилиш учун яратди. Рамазон ойи Роббимизнинг бизни яратишдан мақсади бўлмиш Ўзигагина ибодат қилиш учун берилган имкониятдир. Бу ерда ибодат турлари ва даражалари ҳақида гапирмоқчи эмасман, уларнинг ҳаммаси машҳур ҳамда китоблардан топса бўлади. Рамазон Қуръон нозил бўлган ойлиги сабабли аксарият вақтимиз Қуръон тиловати ва тадаббурига йўналтирилган бўлиши керак. Агар имконият бўлса, Қуръони Каримнинг ҳаммасини ўқиб чиқинг. Қуръонни тафсири билан бирга тафаккур ва тадаббур билан мутолаа қилсангиз, яна ҳам яхши. Агар Қуръонни бошидан охиригача ўқий олмасангиз, лоақал, 30-порани, унга ҳам қодир бўлмасангиз, Ясин, Мулк, Каҳф, Воқеа, Сажда каби сураларни тиловат қилинг.  

 

3. Ўзингизни ҳақиқий мусулмон сифатида кўринг

 

Бу ойнинг кунлари давомида очлик ва ташналикни ҳис қилиш масаласида ҳамма мусулмонларнинг фикрлари бир хил. Бошқа бир инсоннинг тутган рўзаси эвазига ҳам ажр олиш имкони бор. Ҳадисда айтилишича, ким рўзадорни едириб-ичирса, унга рўза тутган одамнинг ажрича савоб ёзилади. Аллоҳ берган неъматга рози бўлиш ҳам инсон ўзининг Ислом умматининг ажралмас қисми эканига яққол далилдир. Рамазонни рисоладагидек ўтказишлари учун атрофимиздагиларга жуда ҳам оз миқдорда ёрдам берамиз. Ён-атрофингизга назар солинг – қанчадан-қанча муҳтожлар бор, ёрдам беришнинг қайси кўриниши бўлса ҳам, ҳаракатингизни қилиб қолинг.

 

4. Фидокорлик ва тиришқоқлик

Рамазон – нафс билан курашиш ва қурбат ҳосил қилиш ойидир. Аллоҳ бу ойда вақтимизни, соғлигимизни, мулкимизни ва бор вужудимизни холис Ўзининг ризолиги йўлида ишлатишимизни хоҳлайди. Йил давомида одатда бирор-бир дунёвий манфаатлар учун яшаймиз, наҳотки бутун бошли ойни Яратувчимиз ризолиги учун сарф қила олмасак? Дунё ҳаётида жуда кўп нарсаларсиз яшасак бўлади. Лекин шу қурбон қилинган нарсалар эвазига Аллоҳ бизга ҳам бу дунёда, ҳам охиратда катта мукофотларни ҳозирлаб қўйган.

 

5. Дуо

 

Бизга Аллоҳ бу ой давомида дуоларимизни қабул қилиши айтилган. Бор муҳтожликларимизни Ундан ёлвориб сўрамаслигимиз – бу бизнинг катта йўқотишимиздир. Аллоҳга илтижони биринчи ўринга қўйинг. Ўз эҳтиёжларингиз, оилангиз эҳтиёжлари, жамият ва уммат эҳтиёжларини сўраб дуолар қилинг. Дунё ва охират яхшиликларини сўранг. Дуо ҳақида гап кетганда бир нарсани доим ёдда тутинг: дуода нафақат бизга керакли бирор-бир нарса, ҳимоя, ёрдамни сўраш эмас, балки Аллоҳ буюргани учун ҳам дуо қилишимиз керак. Аллоҳга суюкли баъзи нарсалар борки, улардан биттаси – Аллоҳнинг бандаси сўраган нарсага ижобат қилишидир.

 

6. Яхши жамоатлар билан бирга бўлинг

 

Рамазон – солиҳ ва эзгу амалларни кўпайтириб, ножоиз амалларни имкон даражасида камайтириш ойидир. Солиҳ кишилар даврасида бўлиш шу мақсадга етишишнинг бир йўли ҳисобланади. Энг камида амал қилувчи диндорлар жамоасида гуноҳлардан тийилиб, Аллоҳга кўпроқ ибодат қиласиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг қўлларидан ушлаб: «Эй Абу Ҳурайра, ҳаромдан сақлан, инсонларнинг ибодатлиси бўласан», деганлар.

Бундай жамоат билан бўлишнинг энг кам нафи шуки, сиз Аллоҳга ўз амалларингиз билан қурбат ҳосил қилишингиз мумкин. Бундан яхши яна нима бўлиши мумкин?

 

7. Шукр қилишлик

 

Берилган ажрга рози бўлиш ажрни кўпайтиришнинг сири ҳисобланади. Бу йил ва кейинги йил ажр-савобларига эришиш учун бу йилни ғанимат билиб, қадрига етиш керак. Борига шукр қилувчи бўлинг, ҳаттоки арзимас, ўзи бўлиши керак бўлган нарсаларга ҳам. Алҳамдулиллаҳ, бизнинг иймонимиз, Ислом динимиз бор, биз энг яхши умматмиз. Бизга нозил қилинган нарсаларнинг энг улуғи Қуръон берилган. Аллоҳ бизни жуда кўп неъматлар билан ризқлантирди. Рамазон – У Зот ато қилган раҳматлардан биттаси. Бу ойнинг қадрига етиш, ажр ҳосил қилиш, тақво сифатини ўзимизда пайдо этиш учун Аллоҳ буюрганидек ўтказишимиз даркор.

 

8. Суннатга амал қилиш

 

Агар сиз кимнидир севсангиз, унга тааллуқли барча нарсаларни ҳам яхши кўрасиз. Муҳаббатнинг бу тури Аллоҳ Ўз ҳабиби Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мисолларида бўлишини ирода қилди. Набий алайҳиссалом – Аллоҳнинг суюкли бандалари, агар биз у кишининг суннатларини иҳё қилиб эргашсак, у зотга ўхшашга ҳаракат қилсак, албатта, биз ҳам Аллоҳнинг суюкли бандалари бўлишимизда шубҳа йўқ. Хусусан, Рамазон рўзасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрганларидек тутишга ҳаракат қилинг, чунки бу энг тўғри йўлдир.

 

9. Собитқадамлик (динда, иймонда)

 

Имом Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Динда собитқадамлик каромат соҳиби бўлишдан афзалдир».

Рамазоннинг илк кунларида ўзингизни толиқтириб, кўп уринтирманг,  ўзингиз учун мўътадил кун тартибини тузиб олинг ва бунда давомий бўлинг.  Аллоҳга энг суюкли амаллар зоҳирида кичик кўринса-да, лекин давомли бўлганидир.

Солиҳ амалларни бажаришга ва маъсият, гуноҳлардан сақланишга қодир қилиб қўйгани учун Аллоҳга шукр қилишимиз шарт. Динда собитқадам қилиб қўйгани учун Аллоҳга доим шукрда бўлишимиз керак. Улуғ олимлардан бири шундай деган экан: «Ким умр бўйи худди Рамазондек яшаса, ўлим ҳам унга (рўзадор учун бўлгани каби) Ойдек келади».

Хулоса қилиб, Аллоҳдан қилган амалларимизни қабул этишини ва гуноҳларимизни мағфират қилишини сўраб қоламиз. Омийн!

 

Хайруллоҳ Ҳабибуллоҳ тайёрлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом динининг беш устунларидан бири ҳар бир мусулмонга фарз қилиб берилган маълум гуруҳдаги инсонлар бундан мустасно ва Рамазон ойида тутишлари керак бўлган давоми...

3471 17:19 / 17.06.2017
Рамазон ойи яқинлашганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга бу муборак ойнинг фазлини баён қилиб берадиган хутба қилардилар. Салмон давоми...

4246 19:06 / 26.05.2017
.Қадр кечаси, .ЛайлатулҚадр, Рамазон ойи ичига яширилган энг фазилатли, минг ойдан яхшироқ, гуноҳлар кечириладиган, дуолар ижобат бўладиган кечадир. Қуръони Карим давоми...

6141 17:22 / 17.06.2017
Биринчи дарсКуну тунларни бошқариб, ойу йилларни алмаштириб турувчи Зот Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Набийларнинг шарафлиси бўлган Муҳаммад соллалоҳу давоми...

4005 17:25 / 31.05.2017