Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Рамазоннинг қазосини Рамазондан кейиноқ тутиб бериш вожиб эмас. Бунинг учун бир йил, яъни кейинги Рамазонгача муҳлат берилади. Қазо рўзани кетма-кет эмас, бўлиб-бўлиб тутса ҳам бўлаверади. Буни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг «Ва сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан» қавлининг тафсирида айтган (Бақара сураси, 184-оят).
Иброҳим Нахаъий айтади: «Кетма-кет икки Рамазонни (беморликда) ўтказса, иккаласининг ҳам қазосини тутиб беради. Агар орада соғайиб кетиб, биринчи Рамазоннинг қазосини тутиб бермаса, ёмон иш қилган бўлади. Аллоҳга истиғфор айтиб, қазосини тутиб қўйсин. Абу Ҳурайра ва Ибн Аббослардан ривоят қилинади: «Кимки Рамазонда касал бўлиб, кейин соғайиб кетса-ю, келаси Рамазон келгунича қазосини тутмаса, аввал янги Рамазоннинг рўзасини тутиб, сўнг олдингисининг қазосини тутсин ҳамда (кечиктиргани туфайли) ҳар бир кун учун битта мискинни тўйдирсин. Атога айтдим: «Сенга (мискинга) қанча таом беради деб айтишган?» десам, «Бир муд дейишган», деди».
Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:
«Рамазондан зиммамда рўза қолган бўларди. Мен унинг қазосини тутиб беришга шаъбондагина қодир бўлардим».
Маййитнинг номидан рўза тутиб бериш
Имом Бухорий ва Муслимлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилишади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким зиммасида рўза билан вафот этса, унинг номидан валийси рўза тутиб беради», дедилар».
Жумҳур уламоларнинг наздида бу амр вожибликни ифодаламайди. «Унинг номидан валийси рўза тутиб беради» дегани унинг номидан рўза тутиб бериши жоиз деганидир. Ушбу ҳадисга аҳли ҳадислар, имом Аҳмад ҳамда Шофеъий ўзининг эски фатвосида амал қилишган. Шофеъийнинг янги фатвосида ҳамда Молик ва Абу Ҳанифалар: «Маййитнинг номидан рўза тутмайди», дейишган. Бунга далил сифатида Насоий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисни келтиришган. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ҳеч ким ҳеч кимнинг номидан рўза тутмайди. Ҳеч ким ҳеч кимнинг номидан намоз ўқимайди. Лекин унинг номидан таом беради». Улар ҳадисдаги маййитнинг номидан рўза тутиб беришни таом бериш деб изоҳлашган. Маййитнинг валийси унинг номидан мискинларга таом берса, зиммасидаги рўза соқит бўлади. Бу билан гўё валий унинг номидан рўза тутгандек бўлади. Буларнинг бундай изоҳлашларига, лафзнинг зоҳирий, яъни сиртқи маъносини бошқа маънога буришларига ундаган нарса – бу ишдан қайтарилган ҳадис билан тутиб бериш ихтиёри берилган ҳадиснинг орасини мувофиқлаштиришдир.
Яна шундай дейишган: «У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким зиммасида рўза билан вафот этса, унинг номидан валийси рўза тутиб беради» деган сўзлари «Тупроқ мусулмоннинг таҳорат сувидир, агар сув топа олмаса», деган сўзларига ўхшайдими? У ерда бадал унинг ўрнига бадал қилинган нарсанинг номи билан аталмоқда, бу ерда ҳам шу».
Яна: «Насоийнинг ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза ва намозда ўринбосарликдан – (бир ибодатни) бировнинг ўрнига бажаришдан қайтардилар. Иккаласи ҳам баданий ибодатдир. Ҳеч ким намозни бировнинг ўрнига адо қилса бўлади демаган. Мулла Алий Қорий намоз ва рўза каби соф баданий ибодатларда бировнинг ўрнига адо қилиш жоиз эмас, деган. Фақиҳлар айтганидек, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳеч ким ҳеч кимнинг номидан рўза тутмайди. Ҳеч ким ҳеч кимнинг номидан намоз ўқимайди», деган сўзлари «бировнинг номидан рўза тутиш жоиз» деган маънодаги ҳадисларни насх қилади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, аҳли ҳадислар маййитнинг номидан назр рўзани тутишга рухсат беришган. Зиммада қолган Рамазон рўзаси учун эса маййитнинг номидан мискинларга таом берилади. Имом Аҳмаддан ташқари уччала имом маййитнинг номидан рўза ўтилмайди, дейишган.
Маййит тута олмаган рўзалари учун ўзининг номидан мискинларга таом беришни васият қилиб кетган бўлсагина бу иш унинг валийсига вожиб бўлади. Васият қилмаган бўлса, валийси ёки бирор бегона одам ўз ихтиёри билан унинг номидан рўза тутса, иншааллоҳ, жоиздир. Бир кунлик таомнинг миқдори фитр садақасининг* миқдоричадир.
* Садақаи фитр буғдойдан ёки ундан олинадиган нарсалардан ҳамда майиздан ярим соъ, хурмо ёки арпадан бир соъ берилади («Кифоя»).
Таржимон Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф