1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Рўзанинг турлари

17:30 / 23.05.2017 11415 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рўзанинг турлари тўрттадир:

Лозим рўза.

Лозим рўза иккига: фарз ва вожибга бўлинади.

Фарз рўза. У ҳам иккига: тайин қилинган ва тайин қилинмаган фарз рўзага бўлинади.

Тайин қилинган фарз рўза – Рамазон рўзасини адо этишдир. Бу Қуръон, суннат ва уламолар ижмоъи билан собит бўлган.

Тайин қилинмаган фарз рўза – Рамазоннинг қазоси ва каффоратининг рўзасидир.

Шунингдек, ҳайз ва нифосли аёллар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам имкон топганларида Рамазоннинг қазо рўзасини тутадилар.

Вожиб рўза ҳам иккига: тайин қилинган ва тайин қилинмаган вожиб рўзага бўлинади.

Тайин қилинган вожиб рўза – муайян назр (тайинли кун) рўза ва Рамазон ойининг ҳилолини кўриб, шаҳодати қабул қилинмаган кишининг рўзасидир.

Аллоҳ таоло шундай деган:

«...назрларига вафо қилсинлар...» (Ҳаж сураси, 29-оят).

Демак, мусулмон киши рўза тутишни назр қилиши билан уни ўзига вожиб қилиб олган бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни кўриб, рўза тутинглар. Уни кўриб, рўзани очинглар», дедилар.

Термизий ривоят қилган.

Айтайлик, бир киши янги ойни кўрди, лекин қандайдир сабабларга кўра унинг гувоҳлиги ўтмади. Юқоридаги ҳадисга биноан рўза тутиш унинг ўзига вожиб бўлади.

Тайин қилинмаган вожиб рўза:

а) Назр рўза (мутлақ рўза ҳам дейилади). Бу кунини тайин қилмасдан, бир кун рўза тутишни назр қилган кишининг рўзасидир. Масалан, «Фалон ишим амалга ошса, бир кун рўза тутишни назр қилдим» дейилгани каби.

б) Муайян кунда рўза тутишни назр қилиб, тута олмаган кишининг қазо рўзаси.

в) Рўза тутишга қасам ичиб, зиммасига рўзани вожиб қилиб олган кишининг рўзаси.

г) Нафл рўзани тутишни бошлаб, охирига етказмай, очиб юборган кишининг ўша кун учун тутадиган қазо рўзаси.

д) Каффорат рўзалари: зиҳор, қатл, Рамазоннинг рўзасини қасддан очиб юбориш ва қасамни бузганлигининг каффорати учун тутиладиган рўзалар.

е) Таматтуъ ва қирон учун эҳромга кириб, қурбонлик қила олмаган кишининг ўн кунлик рўзаси.

ж) Эҳромдалик чоғида, вақти кирмасидан олдин соч олдирган кишининг каффорат учун тутадиган уч кунлик рўзаси.

з) Ҳарамда ов қилишнинг жазоси учун тутиладиган рўза.

и) Эътикофини бузиб қўйган кишининг қазо рўзаси.

 

Рўза тутиш ҳаром бўлган кунлар

Рўза тутиш ҳаром бўлган кунлар қуйидагилардир:

1. Ийдул-фитр куни, Ийдул-азҳо куни ва ундан кейинги уч кун. Бу кунларда рўза тутиш ҳаромдир, чунки бу кунлар хурсандчилик кунларидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки куннинг – Азҳо ва Фитр кунининг рўзасидан қайтардилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Нубайша Ҳузамий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ташриқ кунлари еб-ичиш ва Аллоҳнинг зикри кунларидир», дедилар».

Аҳмад ва Муслим ривоят қилишган.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Арафа куни, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари бизнинг – аҳли Исломнинг байрамимиздир. Бу кунлар еб-ичиш кунларидир», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

2. Шак куни, яъни Рамазон киришидан олдинги кунда рўза тутиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бирингиз Рамазондан бир-икки кун олдин рўза тутмасин. Лекин бир кишининг одатдаги рўзаси бўлса, ўшани тутсин», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа ривоят қилишган.

3. Рўза тутса ҳалок бўлишини билатуриб рўза тутган одамнинг рўзаси. Чунки Аллоҳ таоло:

«...(Ўзингизни) ўз қўлингиз билан ҳалокатга ташламанг...», деган (Бақара сураси, 195-оят).

4. Аёлларнинг ҳайз ва нифос кўрган кунлари. Бу кунларда рўза тутиш мумкин эмас.

рўза тутиш макруҳ бўлган кунлар

Қуйидаги кунларда рўза тутиш макруҳдир:

1. Аёл кишининг эрининг изнисиз ёки розилигини билмай туриб нафл рўза тутиши (агар эр яқинликка ожизлик қиладиган даражада бемор бўлса, ёки рўзадор бўлса, ёхуд ҳаж ё умрага эҳром боғлаган бўлса, макруҳ эмас).

2. Ашуро кунининг ёлғиз ўзида рўза тутиш.

3. Жума кунини хослаб рўза тутиш.

4. Шанба кунини улуғлаб рўза тутиш.

5. Якшанба кунини улуғлаб рўза тутиш.

6. Наврўз куни рўза тутиш.

7. Меҳржон куни рўза тутиш.

8. Узлуксиз ҳар куни рўза тутиш.

9. Гапирмасдан рўза тутиш.

10. Улаб (саҳарлик қилмай) рўза тутиш.

11. Мусофирнинг қийналиб рўза тутиши.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминниг қалқони китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ёғсиз гўшт, сут маҳсулотлари, шунингдек, сабзавотлар ва меваларни кўпроқ танаввул қилишингиз тавсия этилади. Саҳарлик чоғида меъёрда овқатланинг, ортиқча давоми...

6094 17:05 / 09.06.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм .Эй иймон келтирганлар Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор давоми...

4308 15:56 / 27.05.2017
Ҳанафий мазҳабида ихтиёрий рўза учга суннат, мандуб ва нафлга бўлинади.Суннат рўза ndash Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий тутиб юрган ихтиёрий давоми...

6651 15:14 / 20.06.2017
Жуда қартайиб қолган киши рўза тутишга ожиз бўлса, оғзини очади ва ҳар бир тутмаган куни учун бир мискинга садақаи фитр миқдорида таом беради. Кейинроқ рўза давоми...

4683 20:51 / 11.06.2017
Аудиолар

135096 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55374 14:35 / 11.08.2021