1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Мусулмоннинг мунофиқлиги

21:39 / 21.04.2017 3789 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмоннинг мунофиқлиги

 Мусулмон ‒ Исломни қабул қилган, унга бўйсунган, Аллоҳга ўзини таслим қилган киши. Мўмин Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган одам демакдир. Мунофиқ эса тилида мусулмонман деб, қалбида Исломга инонмаган шахсдир. У ўзини мусулмон таништириб, исломий амалларни қилиб юраверади ҳам, аммо қалбида Аллоҳ ва Расулига иймон келтирмаган бўлади. Бошқача қилиб айтганда, у таши мусулмон, ичи кофир буқаламундир.

«Мунофиқ» сўзи арабча бўлиб, унинг ўзаги «нафақ»дан. Бу сўз еростидаги йўл, ғовак деган маънони билдиради. Мунофиқ ташқариси бошқа жойлар каби кўкалам, текис кўринса-да, ости бўш, ғовак ерга ўхшатилиб шундай номланган. У кўринишда, юриш-туришда мусулмонлардек намоён бўлса-да, ичи куфр бўшлиғидан иборатдир, қалбида иймон гавҳар йўқ.

Табиий савол туғилади: Бу нокас мунофиқни чин мўминлардан қандай фарқлаб олиш мумкин? Унинг ҳеч йўқ бирор аломати борми? Бу саволга башарият саййиди, содиқу масдуқ (ростгўй ва ростгўйлиги тасдиқланган) зот, илоҳий ваҳийни бевосита қабул қилган, ғайбий сирлардан воқиф этилган зот, Расули Акрам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан минг тўрт юз йил аввал лўнда қилиб жавоб бериб қўйганлар. Мана, ўша илоҳий таръриф.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Тўрт хусусият борки, улар кимда бўлса, ҳақиқий мунофиқ бўлибди: гапирса ёлғон гапирадиган; ваъда берса хилоф қиладиган; аҳдлашса хиёнат қиладиган; довлашса фожирлик қиладиган киши. Кимда бу хислатлардан бири бўлса, то уни ташламагунича унда мунофиқликнинг бир хислати бўлади».

Таъбир жоиз бўлса, мунофиқликни гўё бир уй деб айтсак, унинг тўрт девори мазкур салбий хислатлардир. Кимда улардан бири бўлса, унда нифоқ биносининг тўрт тарафидан бири бор экан. Агар уларнинг ҳаммаси мавжуд бўлса, у ўзини таниб олсин, қип-қизил мунофиқ экан. Зеро, Аллоҳнинг Расули таъкидлайдиларки, бу тўрт хислат фақатгина мунофиқда мужассам бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналарида мазкур тўрт хислат ‒ ёлғон сўзлаш, ваъдага вафо қилмаслик, аҳдни бузиш ва ҳақ талашганда гуноҳга ўтиш мунофиқнинг, ҳа, тилида мусулмон, қалби эса куфр ботқоғига ботган кимсанинг хусусияти ҳисобланган, мўминга бу ишлар ёт бўлган. Мусулмонлар мунофиқликнинг бу ифлосликларидан нажосатдан қочгандек узоқ бўлганлар, жирканганлар. Афсуски, бугунги Ислом уммати бундай мусулмончиликка тамом бегона бўлиб қолгандек. Бир ўйлаб кўрайлик, бугунги мусулмонларнинг аҳволи қандай? Мен ҳозир мазкур хислатлардан фақат биттаси ‒ ваъдага вафо қилмаслик ҳақида сўзламоқчиман.

Менимча, бугунги кунда мунофиқлик кўринишларидан мусулмонлар ичида, хусусан, бизнинг жамиятимизда энг кенг тарқалгани ваъдабозлик бўлса керак. Нифоқ аломати бўлган бу одат мусулмонлар ўртасида бугун шунчалар оддийлашиб кетдики, биров ваъдасига тўлиқ вафо қилса, одам ажабланадиган, танирқайдиган бўлиб қолди. Мусулмоннинг оддий бурчи саналган вафо худди авлиёларнинг кароматларидек қабул қилинадиган аҳволга келинди.

Ҳозирда одамлар билан муносабат қилишда кишига энг кўп дуч келадиган, одамни энг кўп қийнадиган ҳолат ваъдабозликдир. Ваъдани бузишнинг катта-кичик кўринишлари, моддий-маънавий жабҳалари, зоҳирий-ботиний турлари жуда кенг урчиган. Баъзан ўзингизни фақат ваъдабозлар қуршовида қолиб кетгандек ҳис этасиз. Энг хафа қиладигани, ўша ваъдабузарларнинг кўпчилиги намоз ўқиб, ҳаж қилиб, ўзини тақводор фаҳмлайдиганлар бўлиб чиқади.

Ваъдани энг кўп бузадиганлар тижоратчилар, тадбиркорлар бўлса ажаб эмас. Ана-мана билан бир-икки йилни ҳотиржам ўтказиб юборишаверади. Бир ҳафтада қайтариб беришни ваъда қилиб қарз олади-да, бир неча ойда ҳам пулингизни қилиб бермайди. Олам ҳодис, бир нима бўлгандир-да, дейсиз, буни ҳамма тушунади. Аммо ҳеч йўқ ваъданинг масъулиятини ҳис қилиб, огоҳлантириб қўяй дейишмайди. Ё телефон рақамини ўзгартириб юборади, ёки рақамингизни кўради-да, чақириқ мусиқасини ўчириб, индамай таомланаверади. Сиз буёқда жиғибийрон бўлиб, ҳар нима бўласиз. Бордию фақулотда телефонни кўтариб қолса, «Ҳозир шу иш билан юрибман, бўшабоқ сизга ўзим телефон қиламан», деб яна олиб қочади-да, шу бўйи қайтиб «бўшолмай» қолади. Агар рўпара келиб қолса, ҳеч нарса бўлмагандек, ҳотиржам сиз билан қучоқлашиб, сўрашиб ўтиб кетаверади. Гап очсангиз, яна нималарнидир ваъда қилади, «шу пайшанба», «келаси чоршанба»ларга қулоғингизни тўлдириб ташлайди. Охири у ваъда қилмаган ҳафта куни ҳам қолмайди, аммо яна безрайиб одамлар ичида бош кўтариб юраверади. Ҳеч йўқ ваъда қилмай, бор гапни айтса ҳам хафа бўласдим, дейсиз. Йўқ, яна қўйиқ ваъдалар, «ишонарли» хабарлар айтиб, «Бугундан, узоғи, эртадан қолмайди», деб қўл қисиб ҳам қўяди. Сиз эса «бугун» ва «эрта» деган сўзларнинг маънисини ечолмай миянгиз қотиб ўтираверасиз.

Бир ишбилармон пулингиз узоғи билан икки ойда бўшайди, деб ваъда беради. Сиз унга ишониб нималардир қиласиз, ишларни режалаштирасиз. Икки ойдан кейин эса ваъда берган жанобни ернинг тагидан ҳам топиб бўлмайди. Ўртада сиз сарсон, ваъдабознинг дастидан ваъдабузарга айланиб ўтираверасиз. Ҳеч йўқ бирор нима деб сизни тинчлантириб, узрини изҳор қилиб қўймайди. Сизнинг ҳолингиз нима кечаётгани билан иши ҳам йўқ, «узлат»га кириб олиб ётаверади. Роса инсофлиси вақти-соати келиб бирдан пайдо бўлади-да, энди кунингиз топар ойга қолганини айтиб кетади. Ёки бўлмаса, яна қанақадир режалар, ваъдалар билан чўнтагингизни қоппайтириб, ўзингизни баланд осмақозиққа михлаб кетади.

Айримлар бор, бир неча миллиардга қодир, қасиратиб уй-жой, янги корхоналарни қураверади, аммо сизнинг арзимаган миқдордаги ҳаққингизни бермай чўзиб юради. Сўрасангиз, ҳозир ҳеч иложи йўқ, имкони бўлиши билан биринчи бўлиб сизнинг пулингизни қилиб бераман, дейди ва одатдагидек, сизни яна аҳмоқ қилади. Баъзи бир кишилар ҳой-ҳавас, тўй-ҳашамаларга бир неча миллион сўмни совуриб, сизнинг чой-чақадек пулингизга келганда, ишлар чатоқ, пул йўқ, дейишга ўтади. Буларнинг барчаси ўта кетган ноҳақлик, оғир зулмдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имкони бор одамнинг қарзни бермай, чўзиши зулмдир», деганлар. Ҳозирги айрим мусулмонларимиз зулм устига зулм қилиб, ҳам пулингизни бермай қийнайдиган, ҳам йўқ нарсага ваъда бериб жонингизни азоблайдиган бўлиб қолишди.

Баъзиларда ўзларининг ваъдабозликларини «оқлаш»га баҳона ҳам тайёр: «Кўрмайсизми, мен ҳам фалончи аблахга ишониб сизга ваъда берган эдим, парот қилди-да», дейди. Аммо аслида ўзи ўша аблахнинг гапига ишонмаган бўлади, ишнинг асл ҳолатидан хабардор бўлади, аммо сизга ўзи ҳали кўзи етмаган нарсани бошқага тўнкашни мўлжал қилиб сўзлаган бўлади. Сизни лақа туширмоқчи бўлади. Самимият йўқ, холислик йўқ. Энг қизиғи, ўша бетайиннинг гапини бир-икки марта эмас, ўн марталаб синаб кўрган, ёлғон бўлиб чиққан, шу боис унинг гапига ўзи ишонмайди, аммо ўшанинг сўзи билан сизни алдайди. Шу билан ўзичасига Аллоҳнинг ҳузурида ҳам ўзини оқлайман, деб ўйлайди. Ҳолбуки, ўзи ишонмаган гапни гапириши ўзи энг катта ёлғон, сизнинг ишончингиз хиёнат. Аллоҳ эса кўнгилларнинг тубидагиларни ҳам билиб, ҳисоб-китоб қилиб туради.

Ваъдани бузадиган тоифалардан яна бир энг кўзга кўрингани усталар жамоаси, десак, хато бўлмаса керак. Буни уста ишлатганлар жуда яхши билади. Айниқса, айрим харидоргир усталарнинг ваъдобозлиги ҳар қандай сабрли одамнинг тоқатини тоқ қилади. Эрта-индин деб ҳеч иманмай бир ойни хонавайрон қилади. Ўзининг ҳисоб-китобини, манфаатларини олдингга суриб, сизнинг вақтингиз, соғлигингиз ва молингизга тажовуз қилади. Кўплари ишни бошлашда биноийдек тартибли кўринади, иш яримлаб, боғланиб қолганингиздан кейин ҳунар кўрсатишга, ўзини тарозига солишга ўтади.

Ваъдабозларнинг энг замонавий тоифаси компютор усталари ва дастурчилари бўлса керак. «Бўлди, бирпаста ҳал қиламиз», дейди-да, ваъдани бериб, шу бўйи йўқ бўлиб кетади. Кейин сиз уни қидириб, илтимос қилиб юрасиз. Тўғри, техника, баъзан кутилмаганда бузилиб қолиши, ўйламаган бошоғриқлари чиқиб қолиши бор, буни тушуниш мумкин. Аммо гап ишнинг чўзилишидагина эмас, балки берилган ваъдага беътиборлик, бировнинг режасини инобатга олмаслик, одамни писанд қилмаслик кишига оғир ботади.

Оддий учрашувларда ҳам ваъдани осонгина бузавериш кўпчиликка одат бўлиб қолган кўринади. Эртага фалон пайтда кўришамиз, дейди-да, арзимаган бир баҳона бўлса бўлди, ваъдани бузиб юбораверади. Фалон масжидда пешинда кўришамиз, дейди. Сиз намоздан чиқиб, уни кутиб ўтираверасиз. Бир маҳал телефон қилсангиз, бир нималар сабаб ушланиб қолганини айтади. Шуни эртароқ айтиб огоҳлантириб қўйса эди, ваъдага хилоф қилганлик гуноҳига қолмаган бўларди.

Бир соатда бораман, деб қўйиб, соатлаб кечикиш, эртага телефон қиламан, деб туриб, қилмаслик, бир ҳафтада жавоб бўлади, деб, бир ойда ҳам битирмаслик... Буларнинг барчаси ваъдани бузиш, аҳдга вафо қилмасликдир.

Энг алам қиладигани ‒ ваъдабузарлик асосан энг яқин ва ишонган кишиларингиз тарафидан бўлади. Ундан ҳам оғриқлиги ‒ намозхон, ихлосли деб билган одамларингизнинг ваъдабозлиги бўлмоқда.

Ажабланарли жойи шундаки, ўша ваъдабозлар ўзларининг шахсий ютуқлари, моддий манфаатлари ўртага чиққан пайтда ваъдага вафо қилишни дўндириб қўйишади. Ишончга кирмоқчи бўлган, ўзини кўрсатадган ўринларда ваъдани ортиғи билан бажаришади. Аммо ваъдани бузиши моддий зарар келтирмайдиган ёки бирор шахсий манфаатига халал бермайдиган бўлса, ана аҳволни кўринг, нима қилса қилаверади. Унинг учун ўзлиги, виждони, иймонининг ўша ўткинчи манфаатларчалик қиймати йўқ. Бундай кимсалар ўзлигини йўқотган, керак бўлса, иймонини, виждонини сотадиган одамлардир.

Инсон ҳеч қачон туғма ваъдабоз бўлмайди. Соф фитрат, покиза виждон ҳаргиз буни қабул қилмайди. Аммо «Тиланчи битта эшикдан ўтгунча», деганларидек, бир-икки ваъдабозлик қилгандан кейин ор-номус пардасини йиртилиб, оғзидан чиққан сўзга эътибор ҳам бермайдиган бетайин бўлиб қолади, ҳеч ўйланмай ваъдани йўғон қилиб, ҳеч иккиланмай уни бузаверади.

Ваъдани бузиш нифоқ, яъни ички куфрнинг белгиси экан, демак, у қалбдаги иймонга дарз кетганидан даракадир. Аллоҳнинг кўриб-билиб турганини ҳис қилиб турган одам ваъдага қаттиқ бўлиб қолади. Ваъдабозлик аввало инсоннинг ўз-ўзига қилган энг ёмон беҳурматлигидир. Шу билан бирга, ваъдани бузиш ваъда берилган кишига нисбатан энг катта таҳқир, энг оғир ҳурматсизликдир, энг хунук беодобликдир. Ваъдани бузиш кишининг қадрини тўкади, бурдини йўқотади, ўзлигини емиради. Ваъдабоз киши одам сифатида муомала қилишга нолойиқ шахсдир. Ваъдасида турмайдиган инсон таҳқирга лойиқ. Инсонларга берган ваъдасига вафо қилмайдиган одам Роббига қилган ваъдасини ҳам бузади. Шунинг учун ваъдани бузиш оғир гуноҳ, нифоқдан дейилган.

Агар сиз ваъдага хилоф қилаётган бўлсангиз, билингки, сизда мунофиқликнинг бир кўриниши, бир усули бор экан. Одатда ваъдага хилоф қилиш ёлғон билан бирга кечади. Агар шундай бўлса, унда сиз ярим мунофиқ бўлиб қолибсиз. Ваъда омонатни ҳам ўз ичига олган бўлса, унда сиз омонатга ҳам хиёнат қилиб, сал кам мунофиқ бўлибсиз. Бу орада биров билан довлашиб, ҳақ талашиб, гуноҳга ўтиб кетсангиз, унда ростмана мунофиққа айланасиз. Аллоҳ Ўзи асрасин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ваъда қарздир», деганлар. Нақадар буюк фалсафа! Ҳа, ваъдага вафо қилиш шахсий ишингиз эмас, бировнинг ҳаққидир. Бировга ваъда бердингизми, демак, сиз ундан қарз олдингиз гўё, унинг ҳаққига хиёнат қилманг! У ўз ҳаққини бу дунёда ололмаса, у дунёда олади. Набий алайҳиссалом шундай деб уқтирмоқдалар!

Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар, битимларингизга вафо қилинг!» (Моида сураси, 1-оят) дея амр этган. Исро сурасида эса: «Аҳдга вафо қилинглар, албатта, аҳд сўраладиган нарсадир» (34-оят), деб буюради. У Зот Қуръони Каримда Исмоил алайҳиссаломни ваъдага вафоси билан мақтаган. Муфассирлар айтадиларки, Исмоил алайҳиссалом бир киши билан қилинган ваъда учун уни уч кун айтилган жойда кутган эканлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъдага вафо қилишга тарғиб қилганлар, уни бузишни қаттиқ қоралганлар, ўзлари ваъдага вафо қилиш билан донг таратганлар. Бир гал биров билан ваъдалашган жойларида кун ботгунча турганлари ҳадис китобларида келган. Бу эса ваъдага вафо қилишни ўргатиш учун ҳам эди. Ислом шариатида ваъдани бажариш, модомики ношаръий иш бўмласа, кишининг зиммасида вожиб ҳисобланади.

Исломда инсоннинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз аҳамиятга эга. Бир сўз билан киши мусулмон бўлиб, бир сўз билан диндан чиқади. Биргина калима бегона аёлни жуфти ҳалол қилса, битта сўз ҳалол хотинни ҳаром қилади. Бир гап кишининг саодатини ҳал қилиб қўйиши, бир озиғ сўз одамнинг боши олинишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, мусулмон инсон айтаётган ҳар бир сўзига эътиборли бўлиши даркор. Зотан, инсоннинг ҳар бир сўзи елкасидаги фаришталар тарафидан қайдлаб борилади.

Бугунги кунда ваъдаларнинг бузилишига асосан моддий манфаатлар, мол-дунё муҳаббати, пулга ўчлик сабаб бўлмоқда, десак, хато бўлмас. Бинобарин, мол-мулкка бўлган муносабатимиз, қарашимизни ислоҳ қилмагунимизча ваъдага бўлган тасарруфимиз ҳам ўнглай олмаймиз. Ризқни Аллоҳдан деб билиш, тақдирга бўлган иймонни сайқаллаш керак. Муҳими ‒ Парвардигорнинг ҳузуридаги жавобгарликни ҳис эта билиш лозим.

Аллоҳ таоло: «Билмаган нарсанг кетидан юрма!» (Исро сураси) деган. Кўзи етмаган, ўзи яхши ўрганмаган ишга уринмаслик керак. Ушбу қоидага амал қилинмаганидан туппа-тузук одамлар ҳам ваъдани бузишга одатланиб қолишмоқда. Афсусланарлиси, буни айб санамай, замон талаби, ҳаёт мажбурияти, абжирлик, уддабуронлик деб фаҳмлашмоқда. Аллоҳ Ўзи инсоф берсин!

Хулоса қилиб айтганда, ўзини мусулмон билган шахс мунофиқликнинг хусусиятларидан куфрдан жиркангандек жирканиши лозим. Мунофиқлик куфрдан оғир эканини, азоби қаттиқ эканини ўйлаш керак. Аллоҳнинг ҳузуридаги ҳолини, мўмин-мусулмонлар қошидаги шаънини ёдда тутиши, буни ҳар нарсадан устун қўя билиши, ўзлигини моддий қиймат билан ўлчамаслиги даркор. Ваъдага вафо қилиш олийжаноб хулқлардан эканини англаб етиши, камолот сари интилиши лозим. Ваъдани бузиш мўминга тўғри келмайди. Ваъдага хилоф қилиш мусулмоннинг мунофиқлиги саналади. Мана шу ҳақиқатни унутмаслик керак.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Изоҳ Муроқаба киши Аллоҳ уни кўриб, ундан хабардор бўлиб турганлигини билмоқ. Мақом ҳолнинг доимо давоми...

2445 09:56 / 25.03.2017
Салаф солиҳларнинг ҳаётига назар ташлайдиган бўлсак, улар суннатга амал қилиш борасида бизга гўзал намуна бўлишган. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ quotҚайси давоми...

2440 11:45 / 27.03.2017
Албатта, мусулмонларда бошқа барча илмлар қотори нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш бўйича ҳам асосий ва биринчи манба Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

2853 14:26 / 15.03.2017
Бекорчилар ҳамманинг назаридан қолган, ҳаммада эътирозгина уйғотадиган, иродаси бўш, ачинишга лойиқ бебахт кишилардир. Инсоннинг энг тубан ва хатарли давоми...

2800 09:50 / 24.03.2017