1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Йигитлар, уйланмайсизми?

09:14 / 24.03.2017 6763 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Тўйларимиз таърифга муҳтож эмас. Дастурхонга оқ-сариқ сақичларгача етиб келаяпти. Яқинда овқатни ҳазм қиладиган дорилар, бўкиб қолганни даволайдиган дўхтирларгача олиб келинса ажаб эмас. «Қўли гул ошпазни таклиф қилганмиз», «хушовоз хонандалар чақирилган», деган гаплар ёнига «кучли врач олиб келинган», деган гап ҳам пайдо бўлар...

Баъзи кишилар Абдуллоҳ ибн Муборакни суҳбатга тортиб:
– Биз билан ўтирсангиз,– деди- лар.
– Саҳобалар суҳбатига шошур- ман, – деб жавоб бердилар олим

.

 

Таклифнома

Ҳурматли мўмин оға-инилар, мўмина опа-сингиллар!
Ҳаммангизни мозийнинг энг ёрқин кечаси, туни кунидек ровшан, асри саодатда бўлиб ўтган висол оқшомига таклиф этамиз.
Саҳобалардан Рабиъатул Асламий ва мадиналик ансорлар қизининг никоҳ кечасига ташриф буюришингизни сўраймиз.
Ташрифингиз билан кўп хурсанд бўласиз. Бошингиз осмонга етиб, қалбингиз қувончга тўлади.
Зеро, икки ёшнинг турмуш қуришларига бағишланган муборак тўйга ҳаммамиз учун севикли, жондан азиз росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва улуғ саҳоба Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу марҳамат қилиб ташриф буюрганлар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўришга муштоқ кўзлар, сўзларига интиқ, соғинч тўла қалблар, келинг, бугун сарваримиз билан бирга исломий валимада иштирок этайлик. Шунингдек бу тўйга замонамиздаги барча қизларни ҳам таклиф қиламиз. Улар бунда

Оразидан ой уялган зебо келинлар,
Ёпинчиғин тарк қилмаган доно келинлар.
Жуфтидан ўзгасига зулфини очмаган,
Чин муҳаббат соҳибаси раъно келинлар...

билан танишгайлар. Ажаб эрмас, Аллоҳ рози бўлган иболи қизлар билан дугона тутиниб Аллоҳ ризосига ноил бўлишса...

 

بسم الله الرحمن الرحيم

Рабиъатул Асламий розияллоҳу анҳу ҳадисининг шарҳи

Рабиъатул Асламий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилиб юрар эдим. (Бир куни): – Эй Рабиъа, уйланмайсанми? – деб қолдилар. Мен Аллоҳ номига онт ичиб: – Ё росулаллоҳ, уйланишни истамайман. Оила тебратишга имконим ҳам йўқ, (қола берса) бирор бир нарса мени сиздан машғул қилиб қўйишини суймайман, – дедим. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ҳеч нима демай) бурилиб кетдилар.
Бир муддат хизмат қилиб юрдим, сўнгра росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга юзланиб, иккинчи бор: – Эй Рабиъа, уйланмайсанми? –дедилар. (Бу гал ҳам): – Уйланишни истайман. Оила тебратишга имконим йўқ, (қола берса) бирор бир нарса мени сиздан машғул қилмоғини суймайман, – деб (айни) жавобни қайтардим. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (аввалгидек ҳеч нима демай) бурилиб кетдилар.
Бир оздан сўнг ўзимга келиб, Аллоҳ номига онтким, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунё ва охиратимга нима фойдали эканини мендан кўра яхшироқ биладилар. Агар яна бир бор: «уйланасанми?» десалар, ҳа, ё росулаллоҳ, амрингизга (тайёрман), буюринг, дейман, деб қўйдим.
(Ўйлаганимдек) росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (учинчи бор):
– Эй Рабиъа, уйланмайсанми? – дедилар. Мен (дарҳол):
–Ҳа, (уйланаман), истаганингизни буюринг, – дедим.
– Фалончининг хонадонига бориб, мени сизларга росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юбордилар. Фалончи аёлни менга никоҳлаб беришларингни буюряптилар, дегин, – дедилар.
У аёл (Мадинадаги) ансорлар маҳалласида (истиқомат қилувчи саҳобанинг қизи) эди. Улар росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир оз узоқда жойлашган эдилар.
(Айтилган жойга) бориб, мени сизларга росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юбордилар. Фалончи аёлни менга никоҳлаб беришларингни буюряптилар, дедим. Улар мени илиқ кутиб олишди. "Росулуллоҳга ва росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жўнатган элчиларига марҳабо, хуш келдингиз. Аллоҳ номига қасамки, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам элчиларининг мақсуди амалга ошмай (бу ердан) қайтмагай", деб кўп илтифот кўрсатиб, иззат-икром қилишди. (Кимсан, қаердансан) деб бирор бир ҳужжат, далил сўрамай қизларини менга берадиган бўлишди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига ғамгин қайтдим. (Мени бу ҳолда кўриб):
– Тинчликми? Сенга нима бўлди? – дедилар.
–Ё росулаллоҳ, жуда олижаноб, улуғ инсонлар олдига борибман. Лутфкорлик билан мени қабул қилиб, ҳеч нима ҳақида сўрамай қизларини менга узатишга рози бўлишди. (Ахир) менда қизга берадиган маҳр йўқ-ку,– дедим.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Бурайдани чақириб): –Эй Бурайда, унга данак вазнича тилло жамланглар, – дедилар. Менга данак вазнича тилло йиғиб беришди. Мен тиллони олиб росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига келдим. – Буни олиб уларга бор. Мана бу қизнинг маҳри, деб айтгин, – дедилар.
Мен уларга бориб, мана бу қизнинг маҳри, дедим. Шу (оз) тиллога рози бўлишди. «Жуда кўп, жуда соз», деб (мақтаб-мақтаб) тиллони қабул қилишди.
(Улар ёнидан чиқиб) росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ғамгин бўлиб қайтдим. (Мени бу ҳолатда кўриб росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайрат билан):
– Рабиъа, сенга нима бўлди? Яна хомуш кўрина- сан?– дедилар.
– Ё росулаллоҳ, улардан кўра марҳаматли, оли- ҳиммат инсонларни кўрмадим. Олиб борган (оз) маҳримни «жуда кўп, жуда соз», деб мамнуният билан қабул қилишди. Менда эса валима (тўй) қилгани имконим йўқ, – дедим.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бурайдани чақириб: –Бурайда, бир қўй топинглар, –дедилар. Одамлар (дарров пул йиғиб), катта, семиз қўчқор олиб келишди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга қарата: – Оишага бориб айт, уйда егулик таом бўлса жўнатсин, – дедилар. Мен Оиша розияллоҳу анҳо ёнларига бориб росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини етказдим. Оиша (онамиз) розияллоҳу анҳо (ичкаридан) микталда арпа олиб чиқдилар. «Уйдаги бор егулик мана шу тўққиз соъ арпа, олинг», деб (арпани менга узатдилар). Мен арпани росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга олиб келиб, Оиша (онамиз) розияллоҳу анҳо сўзларини ҳам етказдим.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: – Буни уларга (келин томонга) олиб бор, нон ёпишсин, – дедилар. Мен Аслам қабиласидан бир неча кишилар билан бирга қўйни етаклаб (келинникига келдик). Арпа билан қўйни уларга топширдик. Улар: – Нонни биз ўзимиз пиширамиз, қўйни эса ўзларинг сўярсизлар, – дейишди.
Мен ҳамроҳларим билан бирга қўйни сўйиб, терисини шилиб овқат тайёрладик. Нон билан гўштни (дастурхонга) тортиб, валима – тўй қилдик. (Тўйга) росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни таклиф қилдим.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ер бердилар. (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ер берганларини кўрган) Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам менга ер берди.
(Шу лаҳзадан бошлаб менга) дунё (эшик қоқиб, ўз оёғи билан кириб) келди.
(Тўйдан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу иккимиз) бир хурмо дарахтида талашиб қолдик.
– Бу мен томонда, – дедим мен.
– (Аксинча), у мен томонда, – деди Абу Бакр.
Иккимиз ўртамизда бироз гап-сўз ўтди. (Шунда) Абу Бакр оғзидан бир гап чиқиб кетди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу гапни ёмон ҳисоблаб, қилмишига қаттиқ пушаймон бўлди ва дарҳол менга:
– Эй Рабиъа, худди шу гапни менга қайтар, токи (шу дунёнинг ўзида) қасос бўлиб қолсин, – деди.
– Мен бундай қилолмайман, – дедим.
– Менга ҳам худди шу сўзни қайтариб айтгин, бўлмаса ишни росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўтараман.
– Мен асло бундай қилмайман.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу ерни ташлаб пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига кетди. Мен у киши ортидан эргашдим. Аслам қабиласидаги айрим кишилар келиб:
– Аллоҳ Абу Бакрни раҳм айласин, қайси иш учун росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёрдам талаб қилади. (Ахир) унинг ўзи сенга нима деган бўлса, деди-ку?! – дедилар. Мен уларга:
– Абу Бакр кимлигини биласизларми? Абу Бакр (ғорга беркинган) икки зотнинг иккинчиси, мусулмонларнинг (муҳтарам) оқсоқоли. Асло менинг тарафимни ола кўрманглар. Сизлар менга ёрдам бераётганларингни кўриб, Абу Бакр ғазаб қилмасин. Уни ғазабнок ҳолда кўриб росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ғазаб қилмасинлар. У икки (улуғ) инсон ғазабидан Аллоҳ ҳам ғазаб қилса, Рабиъа ҳалок бўлиб кетади, – дедим.
– Бўлмаса, бизга нима қил, дейсан, – дедилар.
– Ортларингга қайтинглар,(бу ишга асло аралашманглар), – деб уларни қайтариб юбордим.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кетиб борарди. Ёлғиз ўзим унинг ортидан эргашиб бордим.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу бўлиб ўтган ишни росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сўзлаб берди. Он ҳазрат соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларини кўтариб менга қарадилар.
– Рабиъа, Сиддиқ билан тортишиб нима қилардинг, – дедилар.
– Ё росулаллоҳ, шундай-шундай иш бўлди, кейин Абу Бакр бир калима айтиб қўйдилар ва ўзлари бу калимани нобоп, ёмон калима ҳисоблаб пушаймон бўлдилар. Қасос бўлсинчун мендан айни шу калимани у кишига қарата айтмоғимни талаб қилдилар. Мен айтишдан бош тортдим.
– Тўғри, Абу Бакрга бу гапни қайтарма, унинг ўрнига: «Абу Бакр Аллоҳ сизни мағфират қилсин», дегин, – дедилар.
Мен Абу Бакрга қарата: «Аллоҳ сизни мағфират қилсин», – дедим.
Абу Бакр кўзлари ёшга тўлиб чиқиб кетдилар.

Бу ҳадисни имом Аҳмад (164-241ҳ.) Муснадда ривоят қилганлар . Бу муборак Муснад Ислом динида асосий манбалардан бири ҳисобланади.

Саҳобалардан Рабиъатул Асламий ривоят қилган ушбу ҳадис севимли пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни яқиндан танишимизда катта кўмак беради. Биз Қуръони карим орқали пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибратомуз, ёрқин ҳаётлари, гўзал хулқлари ҳақида бир оз маълумот олганмиз. Масалан, «Зуҳо» сурасида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг етимликда вояга етганлари, ҳидоят топишлари, бой-бадавлат бўлганлари ҳақида хабар берилса, «Қалам» сурасида росулуллоҳнинг жуда буюк хулққа эга улуғ инсонликлари баён қилинади. Аллоҳ дейди:
((Эй Муҳаммад, Парвардигорингиз) сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими? У зот сизни гумроҳ-ғофил ҳолда топиб, (Ҳақ йўлига) ҳидоят қилмадими? Сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўймадими?)

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам моддий ва маънавий томондан бой-бадавлат эдилар. Лекин имкониятлари бўла туриб боёна ҳаётдан кўра камтарона ҳаётни афзал кўрдилар.
«Қалам» сурасида росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хулқлари бир оятда қисқа, лўнда баён қилинган:
(Албатта сиз жуда буюк, олий хулқдасиз)

Шунингдек, «сийра» китоблари орқали пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларини озми-кўпми ўрганганмиз. Лекин бу икки манбанинг ўзи росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг серқирра ҳаётларини тўлиқ ўрганишда етарли ҳисобланмайди. Қуръон ва Сийра китобларининг ўзи ҳаёти инсоният учун намуна бўлган расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг ҳаммасини қамраб олмаган. Қуръондан кейинги иккинчи манба — ҳадис китоблари ана шу бўшликни тўлдиради ва ўз қатламларида сарваримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларини тўлалигича сақлаб келади. Қуръон, ҳадис ва бу иккисига асосланиб ёзилган «сийра» китобларини мутолаа қилган киши макоримул ахлоқ — гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилган охирги пайғамбарнинг нечоғлик улуғ, олижаноб, камтар, тавозели, ҳаёли, сабот-матонатли, қўрқмас, ботир, жасур, халқпарвар, ғамхўр, меҳрибон, қўли очиқ, сахий ва бундан ташқари саноқсиз олий хулқларни ўзида мужассам этган муборак инсон эканликларининг гувоҳи бўлади.
Қўлингиздаги Рабиъа ҳадиси росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг серқирра, бетакрор ҳаётларидан бир кўринишдир. Уммат ва халқ ғамида яшаган улуғ раҳнамонинг халқнинг таянчи бўлмиш ёш йигитларга кўрсатган ғамхўрликларидан бир лавҳа холос. Бунда сиз росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларидан сийра китобларида ёритилмаган ибратомуз ўринлар билан танишасиз. Келинглар, энди, ҳадисни сатрма-сатр, аллоҳида-алоҳида қайтадан ўқиб чиқайлик.

«Мен росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилар эдим...».

Рабиъатул Асламий росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилиш бахтига ноил бўлган саҳобалардан биридир. Шунингдек, Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва бошқа ҳур, озод кишилар он ҳазрат хизматларига мушарраф бўлганлар. Булардан ташқари бир неча мавлолар (қуллар) ҳам росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хизматларини қилган.
Абдулҳай Киттоний ўзининг икки жилдли «التراتيب الإدارية» номли китоби, биринчи жилдида Нававийдан нақл қилиб дейди: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилиб юрган кишиларнинг ҳаммаси бир вақтнинг ўзида жамланмаган. Уларнинг ҳар бири ҳар хил вақтда хизмат қилган».
Абу Бакр розияллоҳу анҳу мавлоларидан бири росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хизматларига келиб турарди. Унинг хизмати ва юриш-туриши росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга манзур бўлади. Абу Бакрдан уни озод қилишни сўраганлар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилганлар орасида ёш яҳудий ғулом ҳам бўлган. «Саҳиҳ»нинг «الجنائز» — Жаноза китобида келади:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Яҳудий ёш ғулом пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилар эди. (Бир кун у) бетоб бўлиб қолди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни йўқлаб бордилар. Унинг бошига ўтириб (ҳол-аҳвол сўрадилар ва): –Исломни қабул эт,– дедилар. Ғулом ёнида ўтирган отасига қаради. Отаси: – Абул Қосимга итоат қил, – деди. Ғулом шаҳодат калималарини айтиб, Исломни қабул қилди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ёнидан чиқар эканлар: – Уни жаҳаннам ўтидан қутқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин, – дедилар.
Бошқа ривоятда: «Мен боис уни жаҳаннам ўтидан қутқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин», – дедилар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хизматларини орзу қилганлардан бири Рум императори қирол Ҳирақл эди. «Саҳиҳ»нинг « بدء الوحي » китобида ривоят қилинади:
«Пайғамбар чиқишини билар эдим. Лекин у сизлардан бўлади деб ўйламаган эканман. Агар у кишига етишимни билганимда эди, машаққат чекиб бўлсада ҳузурларига борар эдим. Агар ёнларида бўлганимда оёқларини ювар эдим».

Лекин унга бу бахт насиб қилмади. Ҳирақл подшоҳликни кўзи қиймай ўз билимига қарши ўлароқ кундек равшан ҳақиқатга хилоф иш тутди.
«Хизматкор», «мавло (қул)лар» каби ҳозирда исми йўғу ўзи бор, қулоққа кам чалинадиган бу атамаларни ўқиб, хаёлингизга саноқсиз қаролу қуллар қуршовидаги шоҳлар, юзлаб хизматкорга эга бойлар келгандир. Кимлардир росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўшаларга ўхшатиб юборган бўлиши ҳам мумкин. Ўн йил ўрта мактабда таълим олиб, бирор маротаба «сийра» фанидан дарс олмаган, балки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида нотўғри маълумотлар билан суғорилган кишилардан бундай хато ўтиши ажабланарли эмас. Шунинг учун бир лаҳзага бўлсада росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларига — ҳужраи саодатга кириб ўтайлик. Кейин шу хонадон соҳибига ходимлик қилган Рабиъа ҳикоясида давом этамиз.
Аллоҳнинг элчиси, давлат раҳбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйлари қандай бўлган? Биз билган ҳашаматли сарой, кошинли кошона, шоҳона қаср, бир неча чақирим узоқликдан бемалол кўриниб турадиган қалъа, пойтахтда қад кўтарган арк ёки баланд, баҳаво қилиб солинган кўшк каби бўлганми? Ёки вилла, қават-қават баланд иморат, 20-30 сатҳли, ичкари ва ташқаридан иборат катта ҳовли каби бўлганми?
Қуръон оятлари ва тарихий ҳужжатлар улуғ раҳнамо Муҳаммад алайҳиссаломнинг турар жойлари, яшаш манзил ва масканлари юқорида зикр қилинган иншоотларнинг бирортасига ўхшамаслигини кўрсатади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларини Аллоҳ «ҳужралар» деб атаган.
(Ҳужралар ортидан туриб, сизни бақириб чақираётганларнинг кўпи ақлсиз кимсалардир) Ҳужурот, 4-оят

Ҳужра кичкина хона, уйча, демакдир.
Бу оятда мавзумизга оид икки маълумот бор. Биринчиси: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яшаган манзил кичкина уйчалардан иборат. Иккинчиси: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйлари атрофида саф-саф соқчилар, қўли-қўлига тегмай чопқиллаб ишлаётган хизматкорлар, занжирбанд қуллар, чўри қизлар, гўзал канизаклар бўлмаган. Чунки, турар жой уйчалардан иборат бўлса, бу уйчаларда қандай хизмат бўлиши мумкин. Бу биринчидан, иккинчидан, агар росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларининг атрофида шунчалар кўп ходим ва ходималар бўлганда Мадинанинг ташқарисидан келган бир аъробий ҳужра ортидан: «Эй Муҳаммад», деб бақиришга журъат қилмаган бўларди.
Ҳужралар ҳижрий 91-йилда бузиб ташланади . Саид ибн Мусаййиб ачиниб деган эди: «Ҳужраларни бузмай, шундоғича қолдиришганда бўлур эди. Мадина ёшлари ва зиёратга келгувчилар росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйлари ва ҳаётлари қандай бўлганини кўриб ибрат олур эдилар».
Умавийлар халифаси Валид ибн Абдулмалик ишидан кўп уламолар норози бўлишган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужраларини бузилганида жуда кўпчилик маъюсланиб йиғлаган эди. Жумладан, Абу Салама ибн Абдурраҳмон, Абу Умома ибн Саҳл ва Хорижа ибн Зайд, Аллоҳ уларни ўз раҳматига олсин.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаср қуришга, чексиз хизматкорлар ишлатишга имкониятлари етарли эди. Лекин камтарона, оддий ҳаётни ихтиёр қилган ҳабибимиз дунё ва унинг матоларига муҳаббат қўймадилар. Ҳолбуки, ўша даврда яшаган подшоҳлар минглаб ходимлар, қуллар, канизакларга эга бўлганди. Мисол тариқасида форсларнинг охирги подшоҳи Яздажирдни олайлик. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида форс ерлари фатҳ этилади. Яздажирд қасрни ташлаб қочишга мажбур бўлади. Ўзини «мискин бечораҳол» деб атаган шоҳ қочаётганда ўзи билан бирга мингта ошпаз, мингта хонанда ва раққоса, мингта шер ва йўлбарсга қаровчи кишилар, кийим-бошга қаровчи хизматкорлардан мингта ва булардан ташқари жуда кўп мулозимлари бўлган .
Сардоримиз дейдилар: «Раббим Макка Батҳосини мен учун олтин қилишини таклиф этди. Мен кўнмадим. «Раббим, бир кун оч, бир кун тўқ бўлайин. Тўйсам ҳамд айтиб, шукр қилай, очқаганда бош эгиб, тазарру билан дуо қилай», дедим». Имом Термизий, имом Аҳмад ва Абдуллоҳ ибн Муборак «Зуҳд китоби»да ривоят қилганлар.

Энди ҳужраи саодат ичкарисидагаи ҳаёт билан танишайлик.
Ҳужра соҳибига ўн йил хизмат қилган Анас розияллоҳу анҳу дейди:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушлик ва кечки таомда гўшт билан нонни жамламаганлар, илло меҳмон келиб қолганда меҳмон билан бирга ердилар ». Термизий ва Аҳмад ривояти.
Оиша онамиз дейдилар:
«Муҳаммад хонадони росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгунларига қадар икки кун кетма-кет арпа нонига тўймаган». Муслим ривояти.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйда нима билан машғул бўлишлари ҳақида саҳобалар ва тобиинлар Оиша розияллоҳу анҳодан сўрадилар. Бу ҳақида ҳамюртимиз имом Бухорий ўзларининг «Саҳиҳ»лари, «Адаб» китоби: «كيف يكون الرجل في أهله» - «Эркак ўз оиласида қандай бўлмоғи керак?» сарлавҳали боб остида ривоят қиладилар:
Асвад ривоят қилади: «Мен росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларида нима қилишлари ҳақида Оиша розияллоҳу анҳодан сўрадим. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: «Оилаларининг хизматида, уй-рўзғор юмушлари билан банд бўлур эдилар. Намоз вақти бўлиши билан намозга чиқиб қетар эдилар».
Тобиинлардан Урва Оиша онамиздан сўрайди: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларида нималар билан банд бўлур эдилар?» Оиша онамиз жавоб бериб дедилар: «Кийимларини ўзлари тикар эдилар, пойафзалларини ўзлари таъмирлардилар, эркаклар уй-рўзғорда қандай ишларни бажарса, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уйда шу ишларни бажарар эдилар» .
Бошқа ривоятда: «يحلب شاته», «يرقع دلوه». «Қўйни ўзлари соғардилар», «пақирни ўзлари ямардилар», «аҳли аёллари билан ўтирар эдилар, агар намозга азон айтилса, ҳамма нарсани унутиб, намозга шошар эдилар».
Яна бир ривоятда: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мулойим, олижаноб эдилар. Бошқа эркаклардек уй юмушларини бажарар эдилар»
Бу росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оила аъзоларига бўлган муносабатлари эди. Энди ҳужрадан ташқарига чиқиб, оддий аёлларга бўлган муомалаларини кўрайлик.
Имом Муслим саҳиҳларида келтирадилар:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу дейдилар: «Ақли бир оз ноқис аёл росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни чақириб:
– Ё росулаллоҳ, сизда юмушим бор эди, – деди.
– Эй фалончининг онаси, қаерда, қандай юмушинг бўлса, тортинмай айтавер, ҳожатингни, албатта, чиқарурман, – дедилар.
Шу аёлнинг юмуши билан машғул бўлиб, то унинг ҳожатини ўтамагунларича у билан бирга бўлдилар».
Имом Бухорий «Саҳиҳ»ларида келтирадилар:
Бу ҳадисни ҳам ёш ходим, зийрак Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мадинадаги чўри аёллардан бири росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларидан тортиб, юмушини ўташлари учун ўзи истаган жойга олиб кетарди». Имом Бухорий бу ҳадисни «Кибр» бобида келтирганлар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келган дастлабки кунларидаёқ Анас розияллоҳу анҳунинг онаси уни росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хизматларига олиб келади. Анас ўн йиллик хизматдан сўнг дейди: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўн йил хизмат қилдим. Шу йиллар орасида бирор маротаба менга «уф», демадилар. Хатоларни юзимизга солиб, «нега ундай қилдинг, бундай қилмадинг?» – демадилар». Термизий ривояти.
Ҳар қандай давлат арбоби, катта ёки кичик раҳбар, албатта, ноибга, вазирга, маслаҳатчи, ёрдамчи ва хизматларни бажарадиган кишиларга муҳтождир. Бинобарин, зиммасидаги вазифаси давлат раҳбарларининг вазифасидан бир неча маротаба кўпроқ оғир ва масъулиятли бўлган пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз-ўзидан ходимларга муҳтож эдилар. Ўша ходимлардан бири Рабиъатул Асламий эди. Рабиъа ўзи билан бўлган қизиқ воқеани ҳикоя қилиб, дейди:

«Мен росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилар эдим. Бир куни: «Эй Рабиъа, уйланмайсанми?» – деб қолдилар. Мен Аллоҳ номига онт ичиб: «Ё росулаллоҳ, уйланишни истамайман. Оила тебратишга имконим ҳам йўқ, қола берса бирор бир нарса мени сиздан машғул қилиб қўйишини суймайман», – дедим».

Оила қуриш борасида йигитлар бир неча қисмга бўлинади.

1-қисм. Рўзғорни бекаму кўст қилиб уйланадиган йигитлар. Бу каби йигитлар оила қуриш учун ҳамма шароит етарли, ҳамма нарса бекаму кўст бўлиши шарт, деб биладилар. Алоҳида уй, машина, телевизор, холодильник, кондиционер, ётоқ гарнитури, ошхона гарнитури ва бошқа турли хил мебеллар тўлиқ бўлсагина уйланадилар. Унгача, ёш ўтиб кетса ҳам оила қурмай юраверадилар.
2-қисм. Юқоридагиларнинг тамоман акси. Мўйлови сабза урмай уйлангиси келиб қолади. Оила масъулияти, рўзғор камчиликлари ҳақида қайғурмайди. Ёши ўттизга етиб бола-чақаси кўпайган пайтда ҳам ота-онага боқиманда бўлиб юраверади. Уйга қараш, рўзғор камини қилиш ҳақида қайғурмайди.
3-қисм. Бу нав йигитлар юқоридаги икки қисмнинг ўртасидаги мўътадил, ўртача йўл тутувчи ўртамиёна йигитлардир. Булар ўз вақтида уйланиб, вақт ўтиши билан рўзғор кам-кўстини тўлдириб бораверадилар. Ҳамма оилада ва ҳамма рўзғорда топиладиган қийинчиликларни сабр билан енгиб, зафар топадилар.
4-қисм. Уйланишни истайди, лекин имконияти йўқ. Тўй қилишга, келинга маҳр беришга, ҳатто келинни туширгани уй-жойи йўқ муҳтож, камбағал йигитлар.
5-қисм. Маълум мақсадни олдига қўйиб, уйланишни кечиктирган йигитлар. Масалан, илм олиш ёки касб-ҳунар эгаллаш каби мубоҳ амаллар.

Рабиъатул Асламий тўртинчи, бешинчи қисмдаги йигитлардан эди. Уйланиш вақти-соати етиб келган, лекин имконияти йўқ ва бунга қўшимча ўлароқ росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суҳбатларини кўзи қиймайди. Агар уйланса, ўз-ўзидан росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиши камаяди. Шулардан келиб чиқиб, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таклифларини рад этади. Рад беришда росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат шаклига эътибор беринг:

«Ё росулаллоҳ, уйланишни истамайман. Оила тебратишга имконим ҳам йўқ, қола берса бирор бир нарса мени сиздан машғул қилиб қўйишини истамайман».

«Хўжам», «хожам», «хўжайин», «саййидим», «жаноб олийлари» каби улуғлаш лафзларидан четланиб, «Ё росулаллоҳ», деди.
Чунки у росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай марҳамат қилаётганларини эшитганда:
«Насоролар (Исо) ибн Марямни кўкка кўтариб юборганидек, мени ҳам кўкка кўтариб юборманглар. Мен бир бандаман. (Мени) Аллоҳнинг бандаси ва росули деб айтинглар». Бухорий ривояти.

Рабиъа росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суймайдиган лафзлардан четланиб, ўзлари таълим берганларидек: «Ё росулаллоҳ», деб мурожаат қилиб, узрини айтганидан сўнг:

«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч нима демай бурилиб кетдилар».

Холисона таклифига рад жавобини олгандан кейин: «Мен айтаман-у, сен йўқ дейсанми? Кимсан ўзи? Қўли пул кўрмаган, сағир бир камбағал бўлсанг! Мени ялинади деб ўйлаяпсанми?», – деб хаёлдан ўтказиш олижаноб одамлар учун ёт хислатдир. «Кимсан, мунча ноз қиласан, нимангга кеккаясан», деб юзга солиш Аллоҳ учун холис яхшилик қиладиган мурувватли, улуғ инсонларнинг одоби эмас. Аллоҳ учун холис иш қиладиган киши рад жавоби эшитса ёки ўйлаганига зид ҳаракатни кўрса, зарда қилмайди, аразламайди. Қўли очиқ, олиҳиммат инсонлар бир яхшилик билан кифояланмайди. Билимсиз ёшлар ва жоҳил, нодон кишилар хатосини афв этади. Бир хато ёки билинмай қилинган ножўя иш боис Аллоҳ учун қилаётган яхши амалини тўхтатиб қўймайди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйланишга имконияти йўқ йигитга ёрдам бермоқчи бўлдилар. Лекин йигит кўнмади. Мурувватли инсонларнинг пешвоси, саховат фанидан ўзи ўрнак бўлиб дарс берган пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам рад жавобини эшитиб нима дедилар? Рабиъага қулоқ тутайлик:
Бир муддат хизмат қилиб юрдим, сўнгра росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга юзланиб иккинчи бор: «Эй Рабиъа, уйланмайсанми?» – дедилар.
Зўрламадилар, чунки умр савдосида зўрлаш наф бермайди. Бу гал ҳам у хомлик қилиб:
Уйланишни истайман. Оила тебратишга имконим йўқ, қола берса бирор бир нарса мени сиздан машғул қилмоғини суймайман, – деди.
Таклифлари иккинчи марта рад этилган улуғ хулқ соҳиби:
Аввалгидек ҳеч нима демай бурилиб кетдилар.

Ё росулаллоҳ, ҳар бир сўзингиз бизга ўгит бўлганидек, сукут этиб, жимгина бурилиб кетишингиз ҳам бизлар учун чексиз сабоқ ва ўгитдир.
Хулқингиздан андоза олиб, улуғлар дунёга келди. Сиздан сабоқ олиб улуғликка интилувчилар сафи кенгайди. Нокаслик, разолат, худбинлик сизга эргашганлар орасида бегонасираб қочиб кетди.
Сиздан эмас, ёғийлардан андоза олиш урфга айлангандан бери ҳолимиз аянчли. Очкўзлик, нокаслик, худбинлик, омонатга хиёнат, риё, хўжакўрсин, манманлигу шуҳратпарастлик каби касалликлар жамиятда кенг тарқалган. Муолажа қиладиган табиб етишмайди. Зарда, араз, аччиқ, ҳасад, кўролмаслик, хилоф «яхши-яхши» одамларга ҳам юққан. Раҳм-шафқат, мурувват, ўзаро ёрдам каби мерос қолдириб кетган олий хислатларингиз ноёблашиб қолди. Сизнинг ҳадисингизни айтган оғиздан «ўзинг учун ўл етим», «ўз кунингни ўзинг кўр», «бир-бирига ёрдам берадиган замонлар ўтиб кетди», деган жоҳилий иборалар ҳам чиқиб қоляпти. «Ундай деманг, бу жоҳилий ибора», дейилса, яна ўша жаҳолат бисотини титиб: «Сут билан кирган жон билан чиқади!», – дейишади.
Бизнинг ишончимиз комилки, сиз бизларга қолдириб кетган Қуръон ва суннат Аллоҳ изни билан сут билан кирган ёмон ахлоқларни ўзгартиради, аввалгиларни ўзгартиргани каби.

Рабиъа иккинчи марта рад жавобини бергандан кейин ўйланиб қолди. Фойда-зиён, бахт ва бахтсизлик, саодат ва шақоват қаердалигини росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшироқ биладиларми ёки Рабиъами?
Қайси дори манфаатли эканини бемор эмас, табиб яхши билади. Деҳқончилик сир-асрорларини темирчи эмас, деҳқоннинг ўзи билади. Темирчи билганни эса деҳқон билмайди. Бу оддий мантиқ. Мутахассис учувчи бошқараётган учоққа (самолётга) чиқдингизми, Аллоҳга таваккал қилиб, ўз ўриндиғингизда хотиржам ўтираверинг. Ҳадеб учувчи ёнига бориб ақл ўргатиш ақлли иш эмас. Ҳеч кимнинг бунга ҳадди ҳам сиғмайди.
Худди шунингдек, оламга раҳмат бўлиб келган росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга рад бериш ҳам оқилона тадбир эмаслигини Рабиъа англаб етди ва:
"Аллоҳ номига онтким, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунё ва охиратимга нима фойдали эканини мендан кўра яхшироқ биладилар. Агар яна бир бор «уйланасанми?» – десалар, ҳа, эй росулуллоҳ, амрингизга тайёрман, буюринг, дейман, деди".
Ана энди ўзингга келдинг. Сенку хатоингни дарҳол тўғирлабсан, лекин не-не одамлар шу хато билан оламдан кўз юмяпти.
"Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунё ва охиратимга нима фойдали эканини мендан кўра яхшироқ биладилар", деб эътиқод қилиш энг катта билимдир ― هذا هو الفقه الأكبر. Киши ўқиб-ўқиб, олий рутбаларга эришса, лекин ушбу ҳақиқатни билмай ўтса, у чинакам билимдон ҳисобланмайди. Саодат манбаи росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динда эканини билиш ва уни ҳаётга татбиқ қилиш чинакам заковат ва даҳоликдир. «Саодат росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишда» деб, ҳаётини ана шу боқий ўзгармас таълимот асосида қурган оддий йигит-қизларни ҳақиқий генийлар десак янглиш бўлмас. Изм, измлардан саодат излаб, бахтсизликка дучор бўлган, етмиш йиллик илмий изланишлари ҳабата бўлган кишини қандай қилиб «гений» дейиш мумкин?! Бебаҳо умрни беҳуда ишларга сарфлаб, охир оқибат шарманда бўлган кишини қандай қилиб донишманд дейиш мумкин?!
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олижаноб хулқларини билган Рабиъа учинчи таклифни кутди. Ўйлаганидек, ҳеч қанча вақт ўтмай, одамлар ташвишини юзидан ўқиб биладиган росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Эй Рабиъа, уйланмайсанми?» – дедилар.

Азиз ўқувчи.
Бадиий ёки тарихий китобларни ўқиётган киши одатан натижа билан қизиқиб, «кейин нима бўларкин, охири нима билан якун топаркин?» деб шошиб қолади. Айрим сатрлар, гоҳида айрим саҳифаларни ўқимай ташлаб кетиб, тезроқ натижани билишга шошилади.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари ёки саодат асрига оид бирор бир тарихий асарни шу зайлда ўқиш, кишини жуда кўп фойдалардан ва ҳикматлардан маҳрум қилиб қўяди. Шунга кўра росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг учинчи бор оддий ходимга «Эй Рабиъа, уйланмайсанми?» деб эринмай оталарча ғамхўрлик билан такрор-такрор айтган сўзлари устида бир оз тўхтаб тааммул ва тафаккур этайлик.
Зиммаларига юклатилган вазифалар жуда кўп бўлишига қарамай, оддий бир ходимга вақт топиб, жон куйдириб, бот-бот «уйланмайсанми, уйланмайсанми?», деб сўрашларининг боиси нима?
Ана шу саволга жавоб топишга ҳаракат қилиб, ундан кейин Рабиъа қиссасида давом этамиз.
Аввало росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вазифалари ва кундалик юмушлари билан танишиб чиқайлик.

Биринчидан Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидирлар.
Таваллуд топган кунларидан қирқ йил ўтгач, 21-Рамазон, душанба куни Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва бу улуғ пайғамбарлардан бошқа адади Аллоҳнинг ўзига маълум пайғамбарларга Аллоҳ кўрсатмаларини олиб келган, ваҳийга муваккал малак – Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга «اقرأ» ояти билан тушиб, ваҳий олиб келди.
Шу кундан эътиборан онҳазрат соллаллоҳу алайҳи ва саллам набий, «يا أيها المدثر قم فأنذر» амри илоҳийси инган кундан бошлаб расул бўлдилар. Яъни инсонлар ва жинларга Аллоҳнинг элчиси этиб тайинландилар.
Пайғамбарлик киши ўз ихтиёри билан танлайдиган вазифа эмас, балки бу мақомга Аллоҳ томонидан ихтиёр этилади. Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломдан кейин «тушимда ёки ўнгимда ваҳий тушди», деб даъво қилиш асоссиз, қип-қизил ёлғон даъводир. Ваҳий даъвогари ва унга эргашганлар дунё ва охиратда илоҳий жазога маҳкумдирлар.
Пайғамбарлик — инсониятга юклатилган энг юксак, шунинг билан бирга масъулиятли, энг оғир вазифа. Ваҳийнинг нозил бўлиши бир нав машаққат. Аллоҳ таоло дейди: (Биз сизга оғир Сўзни – Қуръонни туширажакмиз) Муззамми сураси, 5-оят.
Ушбу ваҳийни одамларга етказиш яна бир нав машаққат. Маккадаги ўн уч йиллик, Мадинадаги ўн йиллик ҳаётлари бунга яққол далилдир.

Иккинчидан росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварада асос солинган Ислом давлатининг раҳбари, мусулмонлар раҳнамосидирлар. Давлат раҳбари қандай вазифаларни бажарса, расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўша вазифаларни бажарардилар. Ички-ташқи сиёсат, иқтисод, маориф, мудофаа ва мамлакат муҳтож бўлган ҳамма амалларни ўзлари бош-қош бўлиб юргизар эдилар. Халқ хизматига ўзлари енг шимариб турганларини юқоридаги икки аёл мисолида билиб ўтдингиз.
Булардан ташқари теварак атрофдаги катта давлатларга ва буларнинг аввалида икки етук империя – Рум ва Форс империяларига элчилар жўнатдилар. Шоҳ, қиролларга мактуб йўлладилар. Мактубларда араб жазирасидаги янги давлатни тан олиш, икки давлат ўртасида иқтисодий, сиёсий, маданий алоқаларни тиклаш, дипломатик алоқаларни ўрнатиш эмас, балки ҳақ динга — Ислом динига даъватни олға сурдилар. Мактубларга подшоҳлар муносабати турлича бўлади. Ўн етти йилга қолмай бу давлатлар саҳобалар томонидан фатҳ этилади.
Шунингдек росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига теварак атрофдан элчилар келарди. Жумладан, Нажрон насоролари келиб, Исломни қабул этишган.

Учинчидан росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мамлакат муфтийси эдилар. Саҳобалар ўзларини қийнаган саволлар билан росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилар эдилар. «يسألونك...» жумласи билан бошланган оятларни ўқисангиз, бунга анча мисоллар топасиз.

Тўртинчидан росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда имом-хатиб эдилар. Ҳар жума куни хутба ўқирдилар. Намозлардан кейин енгил, ширин суҳбат ўтказар эдилар. Тарих онҳазрат соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бирор кун намозга кечикканларини ёки келмаганларини, бомдодга ухлаб қолганларини билмайди. Илло вафотлари олдидан бетоб бўлиб, намозга чиқолмадилар. Ўша куни ўринларига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу имом бўлиб намоз ўқидилар.

Бешинчидан росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсониятга ва жинларга муаллим эдилар.
(Албатта, Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган, уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган пайғамбарни юбориш билан яхшилик қилди. Зеро улар илгари очиқ хато — залолатда эдилар) Оли Имрон сураси, 164-оят.
(Эй жин ва инс жамоаси, сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар Менинг оятларимни сўзлаган ва сизларни мана шу (яъни қиёмат) кунингиздаги учрашувдан қўрқитган ҳолларида келмадиларми?) Анъом сураси, 130-оят.

Олтинчидан Бугунги кунда мудофаа вазирлиги деб танилган ҳарбий хизмат – бошқўмондонлик росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зиммаларида эди. Бу вазифани тўлиқ адо қилиб, тақрибан йигирма тўққиз ғазавотда ўзлари бош бўлиб иштирок этдилар. Эллик етти сарийя жўнатдилар. Ва жанг майдонида мардларча шаҳид бўлишни, сўнг қайта тирилиб яна мардона жон беришни орзу қилардилар.
Жалолиддин Суйутийнинг «تاريخ الخلفاء» номли китобларида ёзилишича, халифа Ҳорун Рашидга ушбу ҳадис ўқилганда ҳўнг-ҳўнг йиғлаган экан.

Еттинчидан Қози эдилар. Хусуматдорлар ўз шикоятини росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларига олиб келарди. Ҳотто яҳудийлар ҳам ўз ораларидаги зинокор аёл ва эркакни росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келишган.

Саккизинчидан росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам обид, зоҳид, тақводор банда эдилар. Кетма-кет рўза тутардилар, кечалари Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқиб таҳажжуд намозини ўқирдилар. Оёқлари шишиб, ёрилиб кетарди. Ҳажда олтмишдан ортиқ туяни ўзлари сўйганлар. Қолганини Али розияллоҳу анҳуга топширганлар.

Тўққизинчидан росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам катта оиланинг бошлиғи эдилар. Ҳамма эркаклар қатори оила, рўзғор ташвиши у зотнинг ҳам зиммаларида бор эди. Юқорида уй ичидаги айрим вазифалари билан қисқа танишиб ўтдингиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ички ва ташқи душманлар томонидан нишонга олинган эдилар. Улар доим росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд қилиш пайида эдилар. Ва онҳазрат улар берган заҳарли таом таъсиридан шаҳид бўлганлари ҳеч кимга махфий эмас.
Шунча вазифа, шунча ғам-ташвишлар ичида бирор кун дам олмай , зиммаларидаги вазифаларини тўлиқ адо қилаётган росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оддий бир ходимга бир эмас, бир неча бор «Эй Рабиъа, уйланмайсанми?» дейишга вақт топдилар. Уйланишга қодир бўлмаган бир йигитни тезроқ уйли-жойли қилишга ҳаракат қилдилар.

Бугунги кунда юқоридаги вазифалардан иккитасини жамлаган киши бош қашигани вақт тополмайди. Масалан, ўқитувчилик билан идора ишини ёки муфтийлик билан қозиликни бошқариш душвор. Ҳам илмий ходим, ҳам сиёсий шахс сифатида иш олиб бориш осон эмас. Ҳозирги замонда бу вазифалар алоҳида шахсларга юклатилиб, уларнинг ҳар бири маош билан таъминланади. Шу амалларнинг иккитасини уддалаб, муваффақиятга эришган киши уйга чарчаб, толиб келади, аҳли-аёл, уй юмушларига ярамайди. Болалари билан гаплашиб ўтиргани вақт топмайди. Аммо муборак зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйланиш вақти келиб қолган бир йигитнинг ғам-ташвишларини юзидан ўқиб, унинг ички кечинмаларини ҳис қилдилар. Бир эмас, бир неча бор «Эй Рабиъа, уйланмайсанми?» деб мурожаат қилдилар.
Буларнинг ҳаммаси нега, нима учун?
«Уйланмаган йигитлар галасидан жамиятга катта хатар етиш хавфи»дан чўчибми? Бешак, бу хавф мавжуд. Арзон ишчи кучи экан деб мамлакатига бўйдоқ йигитларни ишга ёллаган давлатлар «арзоннинг шўрваси татимас»лигини энди-энди пайқамоқдалар. «Арзон ишчи»ларнинг қиз-жувонларга тажовузи улар учун қимматга тушяпти. Лекин саҳобалар жамиятида бундай хавфга ўрин йўқ.
Ёки бундан бошқа сабаб борми?
Албатта, бундан бошқа сабаблар бор, шулардан асосий бештасига тўхтаб ўтамиз.
Биринчиси Аллоҳга тақарруб, яқинлик ҳосил қилиш. Яъни Аллоҳнинг муҳтож бандасига яхшилик қилиб, Парвардигорга яқин бўлиш.
Баъзилар ибодат деганда жойнамоз устидаги ибодатни тушунишади, холос. Ҳақиқатан ҳам бу буюк ибодат, бироқ бундан бошқа Аллоҳга маҳбуб ибодатлар ҳам кўп. Шулардан бири халққа яхшилик қилиш. Маълумки, халққа манфаат етказиш Холиққа маҳбуб бўлган суюкли амалдир. Яъни, Аллоҳ бандаларига яхшилик, уларнинг ҳожатини чиқариш Аллоҳ суйган ибодатлардандир. Бир мусулмоннинг ҳожатини чиқаришни Росули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам "масжидимда икки ой эътикоф ўтиришдан афзал" деганлар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашди:
– Аллоҳ суйган инсон ким?
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу саволга қўшиб яхши амал ҳақида ҳам жавоб бердилар:
– Одамларга манфаати тегадиган кишидир. Аллоҳ суйган энг яхши амал мўмин қалбига қувонч олиб кириш, ундан ғамни кетказиш, қарзини ўташга кўмаклашиш, очларни тўйдиришдир. Мусулмон биродаримнинг ҳожати учун қадам босиб юрмоғим масжидда икки ой эътикоф ўтиришимдан яхшидир. Ибн Аби Дунё «قضاء الحوائح» китобида келтирган.
Бошқа ҳадисда: «Аллоҳ таолонинг шундай бандалари борки, Аллоҳ уларни бандаларининг ҳожати учун яратган. Ана улар Қиёмат кунида тинч-омон, хотиржам бўлурлар». Юқоридаги манба.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ҳиро ғорида ваҳий тушганда қўрқиб Хадижа олдига келгандилар. Хадижа росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тинчлантириб: «Асло чўчиманг. Аллоҳ сизни хорлаб қўймайди. Ахир сиз қавм-қариндошларга меҳр-оқибатлисиз, бечораҳолга ёрдам берасиз, фақир-муҳтожга кўмаклашасиз, меҳмонни иззат-икром қиласиз, хуллас, барча мусибат-ташвишларда ғамхўрлик кўрсатасиз», – дедилар. Бошқа ривоятларда: «тўғри сўзсиз», «омонатдорсиз», дейилган .
Хадижа онамиз розияллоҳу анҳони дунёдаги фаросати ўткир, донишманд инсонлар қаторига қўшганлар хато қилмаган эди. Бу оқила аёл росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда оғир аҳволда қолганларида у кишининг бешта сифатларини эслатиб тасалли беради:

1- Қавм-қариндошларга меҳр-оқибат, мурувват.
2- Бечораҳолга ёрдам.
3- Фақир-муҳтожларга кўмак.
4- Меҳмондўстлик.
5- Барча мусибат-ташвишларда ғамхўрлик кўрсатмоқ.

Ўзга ривоятлардаги икки сифатни қўшсак, «садоқат» ва «омонатдорлик» еттита гўзал хислатлар бўлади.
Диққат қилинса, бу етти сифатнинг ҳаммасининг нафъи халойиққа, бандаларга етадиган эзгу амаллардир. «Бутга ибодат қилмагансиз, ичмагансиз, чекмагансиз, ҳаром луқма емагансиз», деган бизга маълум, манфаати инсоннинг ўзида чекланадиган амалларни санамадилар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида илк айтган сўзлари шундай бўлган:
«Эй одамлар!

1- Саломни ораларингизда тарқатинг (серсалом бўлинг).
2- Қавм-қариндошлар бир-бирингизга меҳр-оқибатли бўлинг, ҳолингиздан хабар олинг.
3- Муҳтожларга таом едиринг.
4- Одамлар ухлаётганда бедор бўлиб, намоз ўқинг. Ўшан- да Раббингиз жаннатига саломат кирурсизлар».

Ушбу пайғамбарона чақирув ва давлат раҳбарининг биринчи қарори тўрт банддан иборат эди. Шундан учтасида халқ манфаатлари олдин қўйилган, биттасида Холиққа ибодатга буюрилган.
Одамларга яхшилик қилиб, Аллоҳга яқин бўлишни суйган ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳтожга садақа бериш амалини бировга топширмай, ўз қўллари билан берар эканлар. Абдулҳай Каттоний ўзининг «التراتيب الإدارية» номли китоби « الأشياء التي كان عليه السلام لا يكلها إلى أحد من خدمه » фаслида келтиради. Оиша розияллоҳу анҳо дейдилар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам садақаларини беришни ҳеч кимга топширмай, муҳтожнинг қўлига ўзлари берардилар».
Демак, Рабиъани уйланишга ундашлари халққа кўрсатган ғамхўрликларидан бир кўринишдир.
Иккинчиси росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча умматга ва хусусан ночор кишиларга жуда меҳрибон, раҳмли эдилар. Оддий бир ходимга қайта-қайта уйланишни таклиф қилишларининг сири ҳам шунда.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари бош бўлиб уйлантирган йигитлар талайгина. Шулардан бири Жулайбиб розияллоҳу анҳудир.
«عودة الحجاب» китобининг муаллифа Муснаддан нақл қилади:
«Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу дейдилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жулайбибни уйлантириш учун ансорлардан бир кишига совчи бўлдилар. У киши: «онаси билан маслаҳатлашиб, жавобини айтаман», – деди. «Жуда яхши», – дедилар росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. У киши уйига бориб, бўлган гапни хотинига айтиб берди. «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жулайбибдан бошқасини топмадиларми? Кимсан – фалончиларга бермаган, келиб-келиб Жулайбибга берамизми?» – деди хотини тезоблик қилиб . Ичкарида ўтирган қизга ота-она суҳбати эшитилиб турарди. У киши хотинидан рад жавобини олгач, ўрнидан туриб, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига отланди. Қиз отасини тўхтатиб: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга рад жавоби бермоқчимисизлар? Агар уни сизларга муносиб кўриб, рози бўлган эканлар, амрларини бажаринглар», – деди. Қизнинг танбеҳидан ота-она ҳушёр тортиб: «Тўғри айтасан, қизим», – дедилар. Киши росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига келди.
— Агар сиз рози бўлсангиз, биз ҳам рози, – деди.
— Мен розиман, – дедилар онҳазрат соллаллоҳу алайҳи ва саллам
Қизни Жулайбибга никоҳлаб беришди.
Тўйдан бир неча кун ўтгач Мадинага душман ҳужум қилиб қолди. Янги куёв ҳамма қатори отланиб, жангга жўнайди. Жанг тугагач, Жулайбибни еттита мушрик мурдаси ўртасида шаҳид ҳолда топишади.
Жулайбиб жанг пайтида етти мушрик қуршовида қолган эди. У мардларча курашиб, уларнинг ҳаммасини ер тишлатади, ўзи ҳам жон беради. Унинг ўлдирилганини росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказишади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жулайбиб ёнига келадилар, унинг бошини кўтариб, муборак билакларига қўядилар. «У мендан, мен унданман», деб бир неча бор такрорладилар. Уни тобутга ётқизишмади. То қабрни қазиб бўлгунларича росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўтариб ўтирдилар. Сўнг ўзлари уни қабрга қўйдилар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуоларининг баракотидан қизнинг уйи Мадинадаги энг баракали уйга айланди. Совчилар қиз остонасида турнақатор терилиб туришарди .
Учинчиси Йигитларни уйланишга тарғиб билан жамиятдаги катта долзарб муаммо ҳал бўлади. У муаммодан кўпчилик кўз юмгани, қулоғини маҳкам беркитиб олгани билан муаммо чанг каби ҳавога учиб, йўқ бўлиб кетмайди. Балки, чанг-тўзон авж олиб ҳамма жойни қоплайди. Кўзга кўринмас бу «тўзон» «ўзимга гард юқтирмайман» деган эҳтиёткорларни ҳам, муаммо ечимидан қочиб юрган масъулларни ҳам ва жамиятдаги ҳар бир онгли катта-кичик инсонларни ҳаммасини битта қолдирмай юзига доғ тушириб кетади. Чунки шармандалик бир шахсга эмас, бутун бошли миллатга тушади. Уни ювиш осон кечмайди.
Ечими пайсалга солинган долзарб муаммо – жуфтсиз қолаётган қиз-жувонлар муаммосидир. Бу аянчли, оқибати хунук муаммони ҳал қилишга ҳар бир иймонли, ақлли, жамият тинчини ва поклигини ўйлаган, қола берса Аллоҳ ҳузурига «Аллоҳ амрига қарши чиққан исёнкорлар сафида бормайман», деган ҳар бир чин иймонли эркак-аёл ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим, лобуддир.
Ёлғизлик Парвардигорга хос. Банда жуфтликка маҳкум. Бас, шундай экан, қизларни уйда сақлаб ўтиришдан не фойда? Бировнинг устига кундош бўлиб тушган аёл «ёмон» хотин эмас. Бу билан у бировнинг ризқини кесмайди. Кўп оиласи бор эркаклар хотинбоз эмас. Балки улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтмоқчи: «умматнинг энг яхшисидир».
Саҳобалар даврида «қари қиз», «тул хотин» деган аёллар деярли йўқ ҳисобида эди. Масалан Асмо бинт Умайсни олиб кўрайлик. Унинг таржимаи ҳолида келади:
«Асмо биринчи бўлиб ҳижрат қилган аёллардан. Айтишларича, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арқам уйига кирмасларидан олдин Исломга кирган. Эри Жаъфар билан Ҳабаша юртига ҳижрат қилган. Муҳожирликда учта фарзанд кўрган. Улар Абдуллоҳ, Муҳаммад ва Авфдир.
Ҳижратнинг еттинчи йили эри ва болалари билан Мадинага ҳижрат қилиб келади. Муъта ғазотида Жаъфар розияллоҳу анҳу шаҳид бўлади. Ундан кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга турмушга чиқади. Абу Бакрдан Муҳаммад исмли фарзанд кўради. Абу Бакр вафотидан сўнг Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳуга турмушга чиқади» .
Асмо учта фарзанди билан Абу Бакр розияллоҳу анҳу рафиқаларига кундош бўлиб, ундан сўнг эса тўрт ўғил билан Али рафиқалари устига кундош бўлиб ёмон ном орттирмади. Тарих ва ҳадис китобларида олима, обида, покиза, тақводор инсон сифатида намоён бўлди.
«Фалончихон бечоранинг устига хотин бўлибди», «бошини айлантириб тегиб олибди», «тул ўтсанг ўтасан, иккинчи хотин бўлиб тушмайсан», «тобутимни устидан ҳатлаб иккинчисини оласан», «бечора гулдек қизим кундошлик бўлиб қолди» каби ва бундан уятли гаплар қалбида иймони бор аёл ёки эркак оғзидан чиқмайди.
Аллоҳ розилигини истаган мўмина ва мўминлар «модомики, Аллоҳ ва расули шунга рози экан, биз, албатта, розимиз», деб Аллоҳ ҳукмини мамнуният билан қабул қиладилар. Аллоҳ таоло дейди:
(Аллоҳ ва Унинг расули бир ишни ҳукм қилган – буюрган вақтида бирор мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб), ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва расулига осий бўлса, бас у кимса очиқ залолатга кетибди – йўлдан озиб, гумроҳ бўлибди) Аҳзоб сураси, 36-оят.

(Сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин (Яъни, сизлар ёмон кўрган нарса ўзларинг учун яхши бўлиши мумкин. Гоҳо сизлар яхши кўрган нарса ўзларинг учун ёмон бўлиши мумкин). Аллоҳ (нима яхши, нима ёмонлигини, оқибат, натижани) билади, сизлар эса билмассизлар) Бақара сураси, 216-оят.

Маккалик олим Саид Мисфир ҳикоя қилади:
«Бир аёл менга мурожаат қилиб келиб қўйидагиларни айтиб берди:
«Ҳурматли шайх. Мен фалончининг рафиқасиман. Умр йўлдошим иккинчи аёлга уйланадиган бўлди. Бу хабарни эшитиб эс-ҳушимдан айрилаёздим. Эримни қаттиқ ҳурмат қилардим, муҳаббатим чексиз эди. Нафратланиб кетдим. Лекин бир оғиз калима айтишга журъат қила олмадим. Чунки у мен учун улуғ инсон эди. Ичимга ютдим. Қалбда бир инсонга нисбатан муҳаббат билан нафратни жамлаб яшаш қийин экан.
Эрим уйланди.
Алам ортгандан ортиб, нафратим кучайиб кетди. Сабр косам тўлди. Ўз жонимга суиқасд қилмоқчи бўлдим. Қўрқдим...
Кунда салом бериб табассум билан кириб келадиган эрим кун ора келадиган бўлди. Бир кун «уникида», бир кун меникида.
«Уникига» кетган куни Қуръонни очиб йиғлаб-йиғлаб ўқийман. Аллоҳдан ҳаётимни яхшиланишини сўрайман. Эримнинг у аёлдан ажраши билан ҳаётим яхшиланиб, ўз ўрнига қайтади, деб ўйлайман.
Эрим меникига келди. Муомаласи аввалгидек, муносабати ўзгармаган. «Муғомбир, айёр», деб қўйдим ичимда. Рости эшикдан кириб келганида жуда қувониб кетгандим, лекин қувончимни сездирмай жўртага қовоғимни солиб олдим. Тилим билан ҳеч нима деёлмасамда, зарда, дағаллик билан аламимдан чиқардим.
Эртаси яна ёлғиз қолдим. Жойнамозни солиб Аллоҳга ёлвордим: «Аллоҳим, бу дунёда ҳам яхшилик бергин, охиратда ҳам яхшилик бергин, жаҳаннам азобидан Ўзинг сақла».
Алҳамдулиллаҳ, яхшилик келди.
Мен ёлғиз қолган кунларим Қуръон ўқирдим, нафл намозни кўпайтириб, рўза тутардим.
Илгари наридан бери, апил-тапил намоз ўқир эканман. Кундош баҳона шошмасдан, астойдил, хушуъ билан намоз ўқийдиган бўлдим. Аста-секин ибодатнинг лаззатини татий бошладим. Эрим меникига келадиган куни безаниб, эримни кутиб оламан. Қовоғимни солиб юриш жонимга тегди. Аввалгидек очиқ юз билан қаршилайдиган бўлдим. Бир кун унинг хизматида бўламан. Эртаси кетгач, шу кунни ибодат билан ўтказадиган бўлдим. Рўза тутаман, Қуръон тиловат қиламан, ҳадислар ёдлайман, китоб мутолаа қиламан. Эртаси эрим келгач унинг учун яна безаниб оламан. Тотли таомлар пишираман. Тонг отгач фалончихонникига кетади. Ўша кунни мен Парвардигоримга бағишлайман. Ибодат ва илмий ишлар билан шуғулланаман. Бир-икки ой ичида бу ҳол менга одатга айланди. Анча илм олдим. Бугунги намозим билан аввалги намозимни солиштириб, қўрқиб кетаман. Гўё аввал ҳеч намоз ўқимагандек туюлади ўзимга.
Хуллас, кундошлик бўлиб, ҳаётим ёмон томонга ўзгармади, аксинча, бўш вақтим кўпайиб, ўз устимда ишладим. Ҳатто, эрим аввалроқ уйланса бўлар экан, деб қолдим. Узундан узоқ бу қиссамни айтишимдан мақсад сиз олимсиз, одамлар даврасида юрасиз, менинг ҳаётимни аёлларга сўзлаб беринг. Модомики, Аллоҳ ва расули шу ишга рози экан, бунда, албатта, хайрият бордир. Мен буни ўз тажрибамдан ўтказдим».
Шайх ушбу ҳикояни якунлаб, бу аёлга берган жавобларини ҳам айтиб бердилар.
«Алҳамдулиллаҳ, бу ҳақиқатни ўзингиз англаб етибсиз. Лекин мен хотинларга буни етказа олмайман... Улар ҳам бу ҳақиқатга ўзлари етишгани маъқул».

Шариатнинг кўп аёлликка рухсати буйруғи эмас. Бу рухсат билан ҳамма эркаклар уйланиб кетади, деган гап келиб чиқмайди. Бунга ўтмишимиз ва ҳозирги кунимиз ёрқин далилдир.
Уйланиш, уйланмаслик борасида эркаклар тўққиз қисмга бўлинади. Шундан тўрт қисмига марҳум адиб Абдуллоҳ Қодирий «Ўтган кунлар» рўмонларида ишора қилганлар. Муҳтарам ўқувчи, масалани янада ойдинлаштириш учун яқин ўтмишга қайтишга зарурат сездик. Ижозатингиз билан "ўтмишнинг қора кунига " қайтсак.
Биз билан рўмоннинг 15-саҳифасини очинг. Бунда Қодирий уч эркак суҳбати орқали «уйланишдек нозик бир иш» муаммосини кўтариб чиқадилар. Шу уч эркак суҳбати давомида ўтган кунлардаги бу «нозик иш»га нисбатан эркаклар фикрини жамлайдилар. Шунингдек, бу «нозик иш»да йўл қўйилган камчиликлар ва у камчиликларнинг асосий сабаблари ва ниҳоят енгил ишора билан унинг ечимини ҳам баён қиладилар.
Биринчи фикр. (Бу фикрни Қодирий Раҳмат тилидан гапирадилар).
«Манимча, уйланишдек нозик бир иш бу дунёда йўқдир, – деди Раҳмат ва Отабекка юз ўгирди – Уйлангач, хотининг таъбингга мувофиқ келса, бу жуда яхши, йўқса, мунчалик оғир гап дунёда бўлмас».
Иккинчи фикр. (Буни Отабек номидан баён этилади).
«Отабек Раҳматнинг бу сўзларини самимият билан қаршилади.
— Сўзингизнинг тўғрилигида шубҳа йўқдир, – деди, – аммо шуни ҳам қўшмоқ керакки, оладирғон хотинингиз сизга баробар бўлиши баробарида эр ҳам хотинга мувофиқуттабъ бўлсин».
Бу фикр аввалгисини қувватлайди ва янги иккинчи фикрни зиёда қилади. Биринчи фикрни билдирувчи Раҳмат Отабек фикрини маъқуллаб: «Сўзингиз жуда ҳам тўғри, бек ака», – деди.
Учинчи фикр. (Бу Ҳомид тилидан чиқади).
«Хотинга мувофиқ бўлиш ва бўлмасликни унча кераги йўқ, – деди Ҳомид эътирозланиб, – хотинларга «эр» деган исмнинг ўзи кифоя... аммо жиян айтганидек хотин дегани эрга мувофиқ бўлса бас». «Хотининг кўнглингга мувофиқ келмас экан, мувофиқини олиб, хотинни икки қил. Буниси ҳам келишмаса, учунчисини ол...»
Бу сўзни айтгувчи аввалгиларга қаршилигидан, аввалгилар ҳам ўз қаршиликларини истеҳзоли кулги билан ифодалаб қўйишди.
«Раҳмат кулиб Отабекка қаради. Отабек ҳам истеҳзолик табассум ораси Ҳомидга кўз қирини ташлади».
Тўртинчи фикр.
«Раҳмат Отaбекка кулимсираб қаради-да, тоғасига жавоб берди.
— Хотин кўпайтириб, улар орасида азобланишнинг нима ҳикмати бўлсин? – деди. – Бир хотин билан муҳаббатлик умр кечирмак манимча энг маъқул иш...».
Фикрлар хулосаси.
Биринчи ва иккинчи фикрлар бир-бирига мувофиқ. Уйланишдек ишни енгил санамайди. Турмуш қурмоқчи бўлган йигит-қизлар бир-бирини кўриб-билиб, муҳаббат ҳосил қилиб турмуш қурмоғи тарафдорлари.
Бу фикрларни билдирувчилар, Отабек ва Раҳмат, икки кишидан иборат эканликлари ва уларнинг бир-бирларини қувватламоқлари эътиборида бу каби фикрлар ўтмишда тарқаган кўпчиликнинг фикри бўлганлигига ишора қилинаяптимикин, деган ўй келади кишига. «Марғилонлик бойлардан Зиё шоҳичи» айтган «Бу от савдоси эмас, умр савдоси, биродар» сўзларини ҳам инобатга олсак, гумонимиз қувватланади.
Учинчи фикр икки томоннинг муҳаббатини шарт билмайди. Хотинга бир буюм назарида қарайди. Умр савдосини от савдосичалик ҳам кўрмайди.
Ушбу фикр ёлғиз бир шахс образида яратилиб, ёлғиз бир шахс тилидан айтилиши ҳамда бу фикр яккаланиб, уни қувватловчиларнинг йўқлиги эътибори билан, бу каби фикрлар ўтмишда кам учраганлигига ишора қилинаётган бўлса ҳам ажаб эмас.
Тўртинчи фикр соҳибининг айтганига қўшилувчи ҳам, унга эътироз билдирувчи ҳам бўлмади. Раҳмат буни олдиндан сезди чоғи, сўзининг охирида «менимча», деб қўшиб қўйди.
Ушбу тўрт фикр «Ўтган кунлар»даги фикрлар эди.
Бешинчи тоифа. Битта-иккита хотинга қониқмайдиган, ахлоқий бузуқ, фоҳишабозлар. Таъбир жоиз бўлса " қўйнида бир ёру, кўнглида минг ёрлар".
Ҳийла-найранг билан аёлларни икки мустаҳкам қалъасидан жудо қилингандан кейин фоҳишабозлик авж олди. Бу хунук кўриниш мисол ва далилга муҳтож эмас. Шундай бўлсада, биргина мисол келтирамиз. Замондош олимлардан Муҳаммад Ғаззолий «فن الذكر والدعاء عند خاتم الأنبياء» номли китобларида Мисрда чиқадиган «Ал-Аҳром» рўзномасидан нақл қилиб дейдилар: «Франциялик сиёсатдон Жорж Калминсонинг 800 та хуштори(ўйнаши) бўлган...» .
Олтинчи тоифа: Инсоний хислатга тамоман зид бўлган баччабозлар.
Лут алайҳиссалом қавмида бу каби разолат кўпайганда Аллоҳнинг ғазаби келиб, уларни энг олий жазога маҳкум этди. Иту мушуклар, ўрмондаги йиртқичлар қилмаган ишни бани башар қилгани учун уларни битта қолдирмай ҳалок қилди.
Еттинчи тоифа: Маълум мақсадларда оила қуришдан кўра сўққабошликни афзал кўрган, улуғ, фозил кишилар.
Асли суриялик замондош олимлардан, 20-асрда ҳанафий мазҳабнинг олимлари Абдулфаттоҳ Абу Ғудда ўзларининг «العلماء العزاب الذين آثروا العلم على الزواج» – «Уйланишдан кўра илмни афзал кўрган сўққабош олимлар» номли ажойиб китобларида ўттиздан ортиқ Ислом динига хизмат кўрсатган улуғ олимларни санаганлар.
Саккизинчи тоифа: Бу тоифани бир жиҳатдан биринчи тоифага, бошқа бир жиҳатдан еттинчи тоифага ўхшатиш мумкин. Яъни, улар уйланишган, лекин аёл билан ҳамсуҳбат бўлишдан кўра илм билан шуғулланишни афзал кўришган. Шунинг учун салафлардан бирининг хотини токчада қатор-қатор тахланган китобларга ишора қилиб: «Манавилардан кўра менга учта кундош яхши», деган экан.
Имом Шофиийга мансуб байт маъносида дейилади:
«Туни билан мижжа қоқмай илм билан шуғулланмоғим, гўзал хонанда қизлар висолидан лаззатлироқдир. Дафтар узра қаламимнинг ғитирлаши созанда қизнинг куйидан ёқимлироқдир» .
Тўққизинчи тоифа: Аллоҳнинг рухсатидан оқилона фойдаланиб, бирдан ортиқ оила қурган кишилар. Улар оила тебратишга, бошқарувига, илмий ишга, ибодатга ва бундан бошқа эзгу амалларнинг ҳаммасига вақт топиб улгурадилар. Аёллар ўртасида адолатли бўладилар. Иккинчисига уйланиб, биринчисига муносабатлари ёмонлашмайди.
Бунга ёрқин мисол сарваримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг маслагидан оғмаган улуғ инсонлардир.
Демак, инсонлар ҳар хил бўлганидек, уларнинг табиати ҳам ҳар хилдир. «Уйланаман» деган киши ҳар қандай тўсиқ ва қаршиликларга қарамай уйланаверади. Уйланмайдиган кишини мажбурласангиз ҳам уйланмайди. Аёллар эрлари нинг уйланишидан хавфсираши ўринсиздир...
Менга шахсан таниш бир йигит икки гапнинг бирида нуқул иккинчисига уйланиш ҳақида гапиради. Ҳадеб бу борада гапиравериш дуруст эмас, деб танбеҳ берилса, "ўзим ҳам ҳайронман, ортиқча уйим йўқ, ортиқча пул йўғу, лекин иштаҳа карнай", деганди. Бошқа бир танишим бу йигитнинг тамоман акси. Баъзи шўхроқ оғайнилари тегажоғлик қилиб "ҳазиллашиб бўлса ҳам, уйланаман деяверинг. Бу гап шу ерда қолади, оилангизга етиб бормайди", десалар ҳам ҳеч йўқди хижолатли бу ноқулай ҳолатдан қутулиш учун бўлса-да бу борада асло оғиз очмасди.
Фурқат дейди:

Кўр бўлсун кўзларимким, ўзгаға солсам назар,
Жонга ўт тушсун агар сендан бўлак ёр айласам.

Ҳам кўнгил юз пора бўлсун, майл қилса ўзгаға,
Тил кесилсун ўзгаға бир ҳарф гуфтор айласам.

Жондин айрилсун тану ё бир йўли синсун аёғ,
Ғайр кўйин бир қадам ҳар сори рафтор айласам.

Султон Нуриддин Зинкий ўттиз ёшларида уйланганлар. Мен билган манбаларда келишича ёлғиз хотинларидан бошқаси билан турмуш қурмаганлар. Бу эса ўша даврга нисбатан жуда ғариб ҳодиса ҳисобланади, валлоҳу аълам.
Яна бир тоифа борки улар муҳаббатда ғулув кетишган. Шоир дейди:

Истарам ким, эй пари, ҳар куни аврод ўрниға,
Исми аъзамдек отинг пайваста такрор айласам.

Яъни, ҳар куни, тонгги зикр ўрнига, Аллоҳнинг буюк исми сингари сенинг исмингни такрорласам, демакдир.
Тўртинчи ҳикмат росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ходимга қайта-қайта: «уйланмайсанми, уйланмайсанми, уйланмайсанми?» дейишларидан бўлган навбатдаги ҳикмат умматга сабоқ беришдир.
Рабиъани уйлашга ундашлари ва у рози бўлгандан кейин тўйга кўмаклашишлари, бир жумла билан айтганда, кичик бир оилани ташкил топишида ўзлари бошидан охиригача иштирок этишлари умматга катта сабоқдир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига эргашган солиҳ кишилар ҳали ҳанузгача бу эзгу амални давом эттирмоқдалар. Туркиялик айрим художўй инсонлар ҳар йили йигирма, ўттиз йигитни уйлантириб, оила қуришда кўмаклашар эканлар. Арабистонда ва бошқа исломий юртларда ҳам уйланаман деган йигитга давлат ва жамоатчилик томонидан ёрдам беришлик йўлга қўйилган.
Бешинчи ҳикмат Йигитлар – жамият таянчи, мамлакат бойлиги. Йигитларни «мамлакат сармояси» десак янглиш бўлмас. Бу «сармоя»дан оқилона фойдаланиш давлатни бойитади. Лекин янги тетапоя қилаётган бола катталар кўмагига муҳтож бўлганидек, янги ҳаётга қадам қўяётган ёш йигитлар ҳам катталар кўмагига муҳтождир.
Мўйлаби сабза урган ёш йигит ўйин-кулгидан иборат болалик даври билан хайрлашиб, жиддий ҳаётга қадам қўяр экан, катта-катта муаммоларга дуч келади:

1- Иш топиш, ҳунар эгаллаш.
2- Алоҳида уй-жой.
3- Уйланиш. Муносиб жуфт топиш алоҳида муаммо, қиз топилгандан кейин тўй ўтказиш эса алоҳида муаммо.
4- Оила тебратиш, рўзғор бошқариш.

Бу муаммоларни ҳал қилишда кимгадир ота-онаси, ака-укаси ёки давлати ёрдам беради. Ёхуд йигитнинг ўзи ишбилармон чиқиб, ўз муаммоларини ўзи ҳал қилади. Ота-онаси, ака-укаси бўлмаганларчи, улар нима қилсин?
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рабиъа ва унга ўхшаган ота-онасиз ёки ота-онаси бўлсада боласига кўмак беришдан ожиз бўлган йигитларга ўзлари амалий ёрдам бериб, ҳамма мусулмонларни бу хайрли, савоби буюк эзгу ишга тарғиб қилмоқдалар.
Ушбу сатрларни ёзар эканман, хаёлимга боамал олимлардан Саид ибн Мусаййибнинг қиз чиқариш воқеаси келиб қолди. Воқеа Мадинада бўлиб ўтган эди. Келинглар, бу ибратомуз қиз узатиш воқеасига ҳам бир назар ташлаб ўтайлик.
Ҳазрати Усмон, ҳазрати Али, Оиша ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳум каби саҳобалардан таълим олган Саид ибн Мусаййиб Мадинаи мунавварада пайғамбаримиз масжидларида дарс берадиган забардаст олим эдилар. У зот Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг илмини эгаллаган шогирд куёвлари бўлганлар. Саид ибн Мусаййибнинг қизлари илм ва жамолда таърифи кетган эди. Ўша даврда ҳукмронлик қилган халифа Абдулмалик ибн Марвон ўзидан кейин тахтга келувчи валиаҳди Валидга шу қизни олиб бермоқчи бўлади. Қиз билан бир кўришган ва бир маротаба суҳбатлашган инсон: «бу қиз фақат саройга ярашади», деб баҳо берарди.
Чанги уфқни тўлдириб халифа чопарлари Мадинага совчи бўлиб келди. Совчилар рад жавобини олиб ортга қайтиб кетади. Халифа совчиларини қуруқ жўнатган олим шогирдлар даврасига келиб, дарсни бошлайдилар. Икки-уч кундан бери дарсга қатнашмаётган Абу Вадоа деган шогирдларига қарата:
– Қаерда юрибсан? Кўринмайсан? – дедилар.
– Аёлим оламдан ўтди. Шу боис дарсларга келолмадим.
– Бизга хабар бермабсанда, Аллоҳ раҳмат қилсин, жойи жаннатда бўлсин.
– Омийн.
– Бошқа аёл топдингми?
– Тақсир, уч дирҳами бор фақирга ким ҳам қизини берарди.
– Саид беради.
– Саид?!
– Ҳа, мен Саид. Агар қизимни берсам, оласанми?
Йигит эсанкираб қолди, лекин сездирмай:
– Албатта, – деди.
Саид ибн Мусаййиб жамоат ичида овозларини бир оз кўтариб никоҳ хутбасини бошладилар. Аллоҳга ҳамду сано, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва дурудлардан кейин: «Мен, Саид ибн Мусаййиб, қизим фалончини уч дирҳам маҳр билан фалончи ўғли фалончига никоҳладим», – дедилар.
Воқеани йигитнинг ўзи давом эттиради.
Масжиддан чиқиб, нима қилишимни билмай қолдим. Кечагина қайғу, бугун эса қувонч. Тўғри уйга келдим. Шомга азон айтилди. Ўша куни рўза эдим, бир бурда нон ва зайтун ёғи билан ифтор қилдим. Миямни «кимдан қарз олсам экан?» деган савол чулғаб олди. Тўртта одам чақириб олдига дастурхон ёзишга уйда ҳеч вақо йўқ.
«Кимдан қарз олсам экан?». Шу хаёллар билан қийналиб ўтирсам, эшик тақиллаб қолди.
– Ким у?
– Мен, Саид.
Қайси Саид экан деб эшикни очдим. Не кўз билан кўрайки, остонада улуғ тобеин, забардаст олим Саид ибн Мусаййиб турардилар. Хаёлимдан ҳамма Саидлар ўтган эди. Лекин Саид ибн Мусаййиб келадилар деб ҳеч ўйламаган эдим. Чунки у киши қирқ йилдан бери масжид ва уйлари орасида қатнайдилар холос. Зарурат бўлмаган жойга бормасдилар.
– Келсинлар, тақсир. Марҳабо, чақиртирганларида ўзим етиб борар эдим.
– Йўқ, биз сизни зиёрат қилишимиз ҳақлироқ.
– Буюринг.
– Сиз уйланган киши бир кеча аёлсиз қолишингизни кареҳ кўрдим. Шунинг учун хотинингизни олиб келган эдим, – деб қизларини ичкарига киргизиб юбордилар. – Боя никоҳ ўқилган хотинингиз шу қиз, – деб эшикни беркитиб, кетиб қолдилар.
Нима қилишни билмай карахт бўлиб қолдим. Қиз ўта ҳаёли экан, айтишларича отаси ва маҳрамларидан бошқа бегона эркакка кўзи тушмаган экан. Эшик олдида иккимиз ёлғиз қолдик. Қиз ҳаёдан ҳушидан кетиб ерга йиқилди. Уйда мендан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Тезда қўшниларни чақирдим. Уларнинг хотинлари кўмакка чиқишди.
Онамни чақиртириб келдим. Бўлган воқеанинг ҳаммасини онамга сўзлаб бердим.
– Бор, ичкари уйга кир. Уч кунгача кўзимизга кўринма, – деди онам.
– Хўп бўлади, – деб улар кўзидан ғойиб бўлдим.
Уч кундан кейин рафиқам олдига кирдим. Одамлар мақтаганича бор экан. Бир ойдан кейин устоз ҳузурига бордим. Дарс тугагач:
– Ҳалиги «одам» яхши юрибдими? – дедилар.
– Жуда соз, яхшилар, – дедим.
– У «одам» кўнглингизга ёқмайдиган иш қилса, уйда ҳасса бордир, – деб кулиб қўйдилар.
Уйга келдим. Уйга етишимга бир киши мени чақириб қолди:
– Мана буни олар экансиз.
– Нима бу?
– Билмадим, Саид ибн Мусаййиб бердилар.
Тугунни очиб қарасам, йигирма минг дирҳам экан. Эртаси китобларни қўлтиқлаб дарсга кетаётсам, хотиним:
– Қаёққа? – деб қолди.
– Саид ибн Мусаййибнинг ёнларига, дарсга кетяпман.
– Дарсга бормай қўяверинг. Ўтиринг, Саид ибн Мусаййиб илмини ўзим бераман, – деди .
Қиз ҳусну жамолда бетаъриф бўлганидек, илму амалда ҳам бетаъриф, беқиёс эди. Замонасининг энг гўзал ва энг олима аёлларидан бўлган.
Ҳеч ким қизга қарата: «Халифанинг ўғли, валиаҳдга тегмай, келиб-келиб шу фақирга тегасанми?» демади.
Шунингдек, ҳеч ким йигитга қарата: «Юзсиз, кечагина хотинини дафн қилиб, бугун уйланиб олди-я», деб дашном бермади. Ҳамма фотиҳага қўл очиб, уларга бахт-саодат тилашди.
Қиз кейинчалик ўз шогирдларига айтган экан:
«Сизлар подшоҳни қанчалар улуғлаб, иззат-ҳурмат билан муомала қилсаларинг, биз ўз эрларимизни шунчалар улуғлаб, иззат-ҳурмат билан муомала қиламиз».
Қиз бу гапни онасидан ўрганган. Онаси эса Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг шогирдларидан бўлган экан .

Америкалик бир киши инглиз хотини билан ажраб, муслима аёлга уйланибди.
– Муслималар қалай экан? – деб сўрашибди ундан жўралари.
– Илгари эркак киши билан яшар эканман, – дебди у.

Рабиъа замонига қайтамиз.
Рабиъа учинчи таклифни эшитган заҳоти: «Ҳа, ё росулаллоҳ... Амрингизга тайёрман, истаганингизни буюринг», – деди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша заҳоти: «Фалончининг хонадонига бориб, мени сизга росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юбордилар. Фалончи аёлни менга никоҳлаб беришларингни буюрдилар, дегин», – дедилар.
Рабиъа айтилган жойга боради. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини уларга оқизмай-томизмай етказади. Минг хижолатда борган Рабиъани ансорлар илиқ кутиб олишади.
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жўнатган элчиларига марҳабо, хуш келдингиз. Аллоҳ номига қасамки, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам элчиларининг мақсуди амалга ошмай бу ердан қайтмагай», деб совчи йигитга кўп илтифот кўрсатдилар.
Рабиъа онҳазрат ҳузурларига ғамгин қайтади. Бунинг боиси бор. Юқорида айтиб ўтилганидек (айтмасак ҳам ҳамма жуда яхши билади) болалик давридан ажраб, жиддий ҳаётга кўчаётган ёш йигитлар олдида катта-катта муаммолар кўндаланг туради. Шулардан бири уйланиш. Уйланиш эса алоҳида, мустақил қўшимча муаммолардан иборат. Муносиб жуфт топиш, тўй ўтказиш, уй-жой....
Рабиъа қиз топди. Улар рози бўлдилар. Шунинг ўзи куёв бўлмиш қалбига қувонч олиб киролмади. Нега? Чунки олдинда маҳр, тўй муаммоси бор. Маҳр қизнинг ҳаққи. Тўй эса суннат. Ҳеч бўлмаганда бир қўй сўйиб никоҳни эълон қилиш керак.
Йигит билан қизнинг «бир-биримизни севамиз» деб кўчада топишиб, кўчада қўшилиб кетиши иймонли, онгли, маданиятли одамлар анъанаси эмас, балки кийим-бошсиз ит-мушук, эшаклар анъанаси. Тўғрироғи ҳайвонлардаги «шартли рефлекс». Жинсий тарбияни шулардан таълим олган инсонлар жинсий ҳаётни ҳам шу асосга қурадилар. «Чақалоқда оғзига она кўкраги, сўрғич ёки бармоқ каби нарсалар тегиши билан сўриш хусусияти пайдо бўлгани»дек кўчада ярим яланғоч қўлтиқлашиб кетаётган «икки севишган»да бир оз мойиллик, истак пайдо бўлиши билан кўчадаги кийим-бошсиз тўрт оёқли «устозлар» йўлини тутишади. «Ҳаё, ор-номус, биров кўриб қолади, уят бўлади, ота-боболаримиз кўчада муччи олиш у ёқда турсин эр-хотин ёнма ён юришига ҳаё қилишган» деган истиҳола келмайди. Топишиш қандай осон кечган бўлса, ажрашиш ҳам шу қадар осон кечади.
Аммо инсонийлик хислатлари сақланиб қолган жамиятда инсон бу қадар арзон баҳоланмайди. Инсоний, гўзал хислатларни сақлаб қоладиган ягона омил ИЙМОНдир. Иймон йўқ жойда инсоний хислатларгина эмас, балки инсоний қиёфа ҳам сақланиб қолмайди.
Рабиъа иймон гуллаб, яшнаган саодат асрида вояга етган ақлли йигитлардан. Уйланиш оддий иш эмаслигини билади, шунинг учун
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига хомуш қайтди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳолатни кўриб:
–Тинчликми? Сенга нима бўлди? – дедилар.
– Ё росулаллоҳ, жуда олижаноб, улуғ инсонлар олдига борибман. Лутфкорлик билан мени қабул қилишди. Ҳеч нима ҳақида сўрамай қизларини менга узатишга рози бўлишди. Ахир менда қизга берадиган маҳр йўқ-ку», – деди.
Қиз томоннинг ҳеч нима ҳақида сўрамай-суриштирмай, қизларини беришга розиликларининг сабаби росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсияларидир. Гўё улар: «модомики росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рабиъани қизимизга муносиб, лойиқ кўрдиларми, биз ҳам розимиз», дегандек иш тутдилар.
Бу эса биз умматга, айниқса, халқ ичида обрў-эътибор қозонган кишиларга сабоқ бўлиши керак. Дуч келган йигитни мақтаб, унга тавсия берилмайди. Фақат ўзи билган, таниган, ишонган кишилар ўртасига тушиш керак. «Савоб бўлади, хайрли иш», деб синалмаган, ноаниқ кишилар ўртасига тушмаслик керак. Бундан ўн йил муқаддам «фалончи тақсир ўртага тушганлари учун қизимни берган эдим, куёв нобоп чиқиб қолди», деб зорланган отанинг йиғламсираб айтган сўзлари ҳали қулоғим остида жаранглайди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар кимнинг ҳам ўртасига тушавермаганлар. Фотима бинт Қайс эридан ажраб, иддаси чиққач, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан сўрадилар:
– Бирор киши совчи бўлиб келдими?
– Ҳа, Муовия билан Абу Жаҳм, – деди Фотима.
– Абу Жаҳм хулқи қаттиқ, хотинларни уриб қўяди. Муовия эса мол-дунёси йўқ камбағал, сен Усомага текканинг маъқул.
― Усома?! – деди аёл норизо оҳангда ва бир оздан сўнг ўзига келиб, – Аллоҳ ва расули учун розиман, – деди .
Бу ҳадис Саҳиҳ Муслимда келган.
«Пайғамбаримиз «Муовиянинг мол-дунёси йўқ камбағал», – дедилар, Рабиъанинг ҳам мол-дунёси йўқ эди-ку?» деган савол пайдо бўлиши мумкин. Шунга қисқа жавоб бериб кетсак.
Турмуш қурмоқчи бўлган эркак ва аёл ўртасида «الكفاءة» – тенглик ва мослик никоҳда мўътабардир. Лекин бу тенглик ва мослик хусусида уламоларимиз раҳматуллоҳи алайҳим фикрлари турличадир . Жумҳур уламолар дин, насаб, ҳуррият, тўғриликни эътибор қилсалар, ҳанафий ва ҳанбалий мазҳаб уламолари молни ҳам эътиборга оладилар. Масалан, мўмина қизни мушрикка никоҳланмайди. Тўғриликдан мурод кишининг тақвоси, ахлоқ-одоби, юриш-туришидир. Намозхон йигитнинг киндигини очиб юрадиган қизга уйланиши ёки намозхон афифа қизни гиёҳванд, беадаб йигитга узатиш манъ қилинади. Айрим олимлар шунга молни ҳам қўшганлар. Яъни камбағал, мол-давлати йўқ йигитга пулдор аёл «كفء» – тенг, мос эмас, дейишган.
Олимлар шуни алоҳида таъкидлашадики, «илмдор эркак ҳар қандай бой, насабдор аёлга «كفء» – тенг ва мосдир». Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади:
« – «Айтинг: биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» Зумар сураси, 9-оят.
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даражаларга кўтарур» Мужодала сураси, 11-оят.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Фотима бинт Қайсга «Муовиянинг моли йўқ, камбағал», деб, камбағалликда Муовиядан қолишмайдиган Рабиъани уйлантиришларига келсак, бу – иккинчи томон, яъни қиз томонни риоя қилиб айтилган сўздир. Аёлнинг феъл-атворини билган пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима учун Абу Жаҳм ёки Муовия эмас, балки Усома муносиблигини билдилар ва Усомани унга тавсия қилдилар. Аслида мол-давлатнинг кўп-ози мўътабар эмас. Лекин қиз мол-дунё ичида ўсган бўлса, мол-дунё қизни қизиқтирса, уни камбағал йигитга узатиш ҳикмат бўлмас. Турмуш узоқ давом этмайди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари учун энг севикли қизлари Фотимани камбағал, моли йўқ Алига берганлар. Чунки Фотима бинт Муҳаммад отасидек молни суймайдиган қиз эди.

Рабиъатул Асламий камбағал бўлсада, ор-номуси, иззат нафси кучли йигит эди. Бировнинг эшигини таққиллатиб ёрдам сўраш, юзининг сувини оқизиб тиланиш у ва бошқа саҳобалар учун ўлимдан оғир бўлган. Салаф солиҳлар «бировдан бир нарса сўрашдан кўра игна билан қудуқ қазиш осон» деб билишарди.
Шунинг учун Рабиъа ғамгин бўлиб росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига келди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рабиъанинг муаммосини ҳал қилиш орқали биз умматга шу каби муаммоларни қандай ҳал қилишни таълим бердилар. Ўзаро ёрдам, бирдамлик, ҳамжиҳатлик билан ҳар қандай муаммолар ҳал бўлишини амалий кўрсатиб бердилар.

Дарҳол Бурайдани чақириб: «Эй Бурайда Асламий, унга данак вазнича тилло жамланглар», – дедилар.
Айтилган вазнда тилло олиб келишади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тиллони Рабиъага топшириб:
«Буни олиб уларга бор. Мана бу қизнинг маҳри, деб айтгин», – дедилар.
Заргарга топширса битта ёки иккита узук ясаб берадиган тиллони олиб қуда томонга берилди. Улар шу оз маҳрни мамнуният билан қабул қилиб: «жуда кўп, жуда соз», дейишади.
Арзимаган оз маҳрни кўп ўрнида кўриб куёвга чиқишга рози бўлган қиз биргина бу хонадон қизи эмас. Балки кўплаб қиз-жувонлар ва уларнинг ота-оналари йигитнинг молига эмас, динига, ахлоқ-одобига қарашар эди. Саҳобиялардан Умму Сулаймга (Румайсо) Абу Талҳа номли йигит совчи бўлади. Ҳали Ислом динини қабул қилмаган бу кишига Умму Сулайм шундай жавоб беради: "Абу Талҳа, сиздек кишининг сўзи ерда қолдирилмайди, лекин мен мўминаман, сиз эса кофир. Агар Исломга кирсангиз мен сизга турмушга чиқишга розиман, менга ҳеч қандай мол-дунё керак эмас. Исломингизни ўзи мен учун катта маҳр".
Замонамиз хотин-қизларини ҳам худди шундай гўзал ахлоқ-одобда кўришни орзу қилган ғазалгўйлардан бири деган эди.

Ажаб ақли расо ёринг, гўзал хулқли қамар бўлса,
Тавозели, малак сиймо, насаб гарчи башар бўлса.

Бўлиб озода ҳовлиси, бирам уйлар саранжомлиғ,
Идишлар тозадур, ўрни саришта ҳам басар бўлса.

Хато қилса ўгит берсанг, кўзин доим тикиб ерга,
"Тасаддуқман, бегим" , деб ул, сўзинг чин мўътабар бўлса.

Табассумлиғ, қабоқ читмас, иши Тангри ризосидур,
"Фидодур" – дер –"ширин жоним, агар ёрим сўрар бўлса".

Шариатни тутиб устун, кечиб нафси ҳавосидан,
Гапирсанг гар ҳадис, оят кўзидан ёш тўкар бўлса.

Салафларға муҳаббатлиғ, олиб ўрнак Румайсодин,
Иши вақтингни хуш қилмоқ, ғамингдан бохабар бўлса.

Кечиб зар, зебу зийнатдин, жавоб қилса Ҳумайродек,
Ҳалол жуфти билан бирга таҳажжудда турар бўлса,

Чиқиб кўчаға бул фосид замонда ташвишинг ортур,
Кулиб ҳовлида, нози юз ғамингни кетказар бўлса.

Фироқи ўртаса дилни, олур жон ғамзаси ўқдек,
Пиширган ҳар таоми ҳам асал, новвот, шакар бўлса.

Мунингдек васфга молик бўлса ёринг гар кулиб бахтинг,
Нисор айла анга жонинг насибанг шул қадар бўлса.

Сабаб бўлган кишини кўп дуо қилғил Муниб дилдан,
Худо рози бўсин деб илтижо айла саҳар бўлса.

Қизларни арзимаган баҳоналар сабабли турмушга чиқишини кечиктирган ота-оналар ҳам йўқ эмас. "Опаси турганда синглисига йўл бўлсин!", деб сингилга келган совчилар қайтарилди. "Ўқиб олсин! Нони бутун бўлади", деб ёшгина қизлар умри увол қилинди. Баъзилар қизи орқали келаётган мўмай даромад бегона бўлиб кетишидан чўчиб қизини турмушга чиқишини кечиктиради. Шундай оталардан бири вафот қилаётган пайтида қизидан кечирим сўрайди. Қиз кечиролмаслигини очиқ айтиб: "Дада, тенгдошларим қизини чиқармоқда. Сиз турли баҳоналар билан мени қирқ ёшгача сақладингиз... Кечиролмайман, Қиёматда барини Аллоҳга айтиб бераман", дейди. Шу қизга қисматдош бўлган қизларнинг бири дуо қилиб деган эди: "Эй бор худоё, дадам мени ҳалол жуфтдан тўсгани каби Сен ҳам ундан Ўз жамолингни тўсгин".

Рабиъа кўтариб борган озгина маҳр мамнуният билан қабул қилинади. У эса қувониш ўрнига қайғуга чўмиб, росулуллоҳ ҳузурларига хомуш бўлиб қайтади.
Дардини ота-онасига айтай деса, ота-она йўқ. Бировдан пул сўрай деса, иззат нафси йўл қўймайди. Кимнинг ёнига келсин? Қалбига қулоқ тутди. Қалб эса фақат яхшилик қилувчи инсонларни яхши кўради. Фақат олиҳиммат, олижаноб, боадаб, улуғ инсонлар, яхшилик ортидан миннат қилмайдиган ширин сўз, очиқ юз инсонлар томон интилади. Қалб ҳеч қачон кўз, тил ва лабга ўхшаб ёлғончилик қилишни билмайди. Тил бировни ёмон кўрса ҳам мақтайверади. Кўз билан лаб эса гоҳида душманига ҳам тиржаяверади. Қалб эса бундай муомалани билмайди.
Рабиъа қалб кўрсатмаси билан бағри кенг зот, раҳматан лил-оламийн соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. Одамлар дарди ва ғам-ташвишини кўзидан ўқиб, улардан ғамни аритишга шошувчи зот Рабиъа оғиз очмасдан олдин :
«Рабиъа, сенга нима бўлди? Яна хомуш кўринасан?» – дедилар.
Рабиъа тўй ташвишини ўртага солди. Аслидаку мунчалар қайғурмаса ҳам бўларди. Чунки уни уйланишга ундаган кишининг ўзлари қолган ишларни ҳам режалаб қўйгандилар. Лекин бари бир йўқчилик ёмонда. У йўқчилик ёнига иззат- нафс қўшилса, аҳвол янада оғирлашади.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарҳол мусулмон жамиятнинг кучли дастгири – ўзаро ёрдам, бирдамлик, ҳамжиҳатлик, ҳашар воситасини ишга солдилар.
«Бурайда, бир қўй топинглар. Сен эса Оишага бориб айт, уйда егулик таом бўлса жўнатсин», – дедилар.
Бир йигитнинг уйланишига ҳамма жалб қилинаяпти, ҳаттоки пайғамбарнинг хотини ҳам бу майдонда намоён бўлиб:
«Уйдаги бор егулик мана шу тўққиз соъ арпа, олинг», деб уйдаги бор будини олиб чиқиб беради.
Саҳобалар катта, семиз қўчқор олиб келишди.
Мусулмонлар бундай ҳолда қўл қовуштириб турмайдилар. Эзгу ишларда мусобақа қилиб, охирги нафас ва охирги тийин қолгунча эзгуликка, маррага интиладилар. Марра эса — жаннат. Бировнинг олқиши, ташаккур билдириши, газета ё телевиденияда исми тилга олиниши уларни қизиқтирмайди. «Ўзинг учун ўл етим» деган гап «ла илаҳа иллаллоҳ» деган оғиздан чиқмайди. «Йўққа беролмас, борни кўролмас» тушунчаси Исломга ёт!
Қуръонда инфоққа чақирувчи энг ажабланарли оят Инсон сурасидаги 8-оятдир. Аллоҳ мўмин бандаларининг сифатини баён қилиб дейди:
«Ўзлари суюб – хоҳлаб турган таомни (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирга егизашади».
Етим билан мискинга ҳамма ҳам бериши мумкин, аммо асирга, маҳбус бандига ўзи суйган таомни ҳар ким ҳам беролмайди. Илло чин мусулмонларгина шу уч тоифага – етимлар, мискинлар ва асир тушган маҳбусларга ҳар қандай бемаза овқатни эмас, балки ўзлари суйган таомларни едирадилар.
Шунга кўра мусулмонлар жамияти билан мусулмон бўлмаганлар жамиятининг фарқи масжиддаги намозхонларнинг кўплиги билан эмас, балки ўша жамиятдаги ночор одамларнинг озлиги билан билинади. Қайси жамиятда етимлар кўз ёшласа, заиф-бечоралар егулик тополмай очликдан мижжа қоқмай чиқса, қишга кийгани кийими, ёққани ўтини бўлмаса, намозхонлар масжидга сиғмай, зич тургани билан бу жамият мусулмонлар кам яшайдиган жамият ҳисобланади.
Шунинг учун ҳар бир мусулмон ушбу оятга амал қилиб, шу уч тоифага жуда тотли, танқис таомдан едирмоғи керак. Ҳадеб жўралар билан ошхўрлик қилмай, Худо тайинлаган шу уч тоифа – мискин, етим ва асирга ҳам илинмоғи керак.
Рабиъа мискинлардан эди. Бағавийнинг «معجم الصحابة» китобининг ҳошиясида «الإصابة 1/511»дан нақл қилинади: «Рабиъа уй-жойи йўқлар учун тикланган супадаги камбағаллардан эди».

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларидан келган арпани Рабиъага бериб:
«Буни уларга (келин томонга) олиб бор, нон ясашсин», – дедилар.
Куёв жўралар тўққиз соъ арпани елкага ортиб, қўчқорни етаклаб келинникига келишди. Хизматлар тақсимланди. Нон билан гўштни дастурхонга тортиб, валима – тўй ўтказилди.
Саҳиҳ Муслимнинг «Никоҳ китоби»да келади: Анас ибн Молик дейди: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинлари ичида Зайнаб онамизга қилганчалик яхши тўй қилмаганлар». Собит Буноний сўради: «Қандай тўй қилганлар?». «Гўшт билан нон қўйиб тўй қилгандилар», – деди Анас.
Демак, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига ўтказган энг яхши тўйларини ходимларига раво кўрдилар.
Асри саодатдаги энг катта тўй гўшт ва нондан иборат экан. Ана шу даврдан роппа роса 14 аср ўтгандан кейинги тўйларнинг аҳволи қандай? Тўйларимиз таърифга муҳтож эмас. Дастурхонга оқ-сариқ сақичларгача етиб келаяпти. Яқинда овқатни ҳазм қиладиган дорилар, бўкиб қолганни даволайдиган дўхтирларгача олиб келинса ажаб эмас. «Қўли гул ошпазни таклиф қилганмиз», «хушовоз хонандалар чақирилган», деган гаплар ёнига «кучли врач олиб келинган», деган гап ҳам пайдо бўлар.
Хуллас, аввалгилар тўйидан Аллоҳ рози бўлган экан, кейингилар тўйидан ғазаби келиши аниқ.
Қадимда аҳли илмлардан бири қизини чиқарибди. Тўй жуда ихчам, гўзал ўтади. Маҳалладан икки-уч нафар мўйсафид, қариндошлардан икки-уч нафар ҳамда уч-тўрт нафар куёв жўра. Бир хил тотли таом пиширилибди. Тўй тугагач қизнинг дадаси халтада тўла олтин олиб чиқибди ва меҳмонларга қарата: «шу пуллар тўйга аталган эди, лекин шунча пулни бир кеча-кундузда совуриб юборгандан кўра куёв ўғлимизга беришни маъқул кўрдим. Янги ҳаёт бошлаб турган ёшлар пулга муҳтож бўладилар», – деб ҳамённи куёвга узатибди.

Рабиъа Асламий таом ҳозир бўлгач Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳуни тўйга таклиф қилди. Икки улуғ инсон бир камбағал ходим тўйига ташриф буюришди.
«Бой бойга боқар, сув сойга оқар», деган одамлар ўртасидаги мақол ота-боболаримизга ёт бўлса керак. Чунки тилидан Қуръон ва ҳадис ҳикматлари тушмай, ҳаётлари шу икки муқаддас китобга асосланган даврларда бу каби мақоллар бўлмаган. Бу мақолларнинг илдизини яқин тарихдан излаш керак.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўйга атаб тўёна билан келдилар. Рабиъа дейди:
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ер бердилар.
Бўйдоқ йигитлар олдидаги тўртта катта муаммо ҳақида айтиб ўтган эдик. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда гўзал тадбирлари билан ёш Рабиъа олдидаги бу кўндаланг муаммоларнинг ҳаммасини ўзлари ҳал қилиб бердилар.
Уй-жой муаммоси ҳамма асрларда энг олди, катта муаммо ҳисобланган. Муаммо ечимлари турлича бўлган. Адолатли, адолатсиз, оқилона, аҳмоқона...
«Бир қарич ерни зулмона тортиб олган киши елкасига қиёмат кунида етти қат ер юклатилади», деган маънода Содиқ ал-Масдуқ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан хабарлар келган.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилиб бўлганларидан кейин: «اللهم اغفر لي ذنبي، ووسع لي في داري، وبارك لي في رزقي» — «Аллоҳум, гуноҳимни мағфират эт, ҳовлимни кенг қил ва ризқимга баракот ато эт». Насоий ривоят қилган. Нававий «الأذكار»да саҳиҳ деганлар.
Бу дуони нафақат таҳоратдан кейин, балки бошқа вақтларда ҳам тез-тез айтилаверади.
Уй-жой учун алоҳида шукр қилиш керак. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйқуга ётишдан олдин доимо: «الحمد لله الذي أطعمنا وسقانا وكفانا وآوانا، فكم من لا كافي له ولا مؤوي» — «Бизни едирган, ичирган, кифоя қилган ва бошпана берган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Кифоячиси ва бошпана бергувчиси бўлмаганлар қанча». Муслим ривоят қилган.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рабиъага ер берганларини кўрган Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўша заҳоти, кечиктирмай ер бердилар. Рабиъа дейди:
«وأعطاني أبو بكر أرضًا» — «Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам менга ер бердилар».
Ҳамма яхшилик росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишда деб билган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир катта-кичик феълларига эргашардилар. росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рабиъага ер берганларини кўриб, шунга ҳам эргашайин деб ҳаммадан олдин ер бердилар.
Замонамиз мусулмонларининг муаммоси ўзлари билган ёки ўзларига ёққан суннатни ушлаб, қолганини ташлашади. Уларга маълум бўлмаган суннатни бажарган мўминни мухолифга чиқаришади.
Суннат амални бажараётган ҳар икки томон бир-бирини бидъатчига чиқаради. Ўзини ҳақда, ўзгани эса ботилда деб билади. «Ҳар иккиларинг ҳам суннатга амал қиляпсиз. Энди фарзга амал қилиб, бирлашинг», деган учинчи одамни ҳам ёмон отлиқ қилишади.
Камбағал қалбига қувонч олиб кириш суннатидан кўпчилик ғафлатда.

Рабиъа ҳаётида янги саҳифа очилди. Кеча бўйдоқ эди, бугун хотинлик бўлди. Кеча уйсиз камбағал эди, бугун эса иккита ери бор бой. Шу ҳолатини Рабиъа қуйидагича баён қилади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ер бердилар, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам ер бердилар. Шу ондан дунё келди...».
Дунё келгач, нима бўлади? Рабиъага қулоқ осинг:
Дунё келгач, бир хурмо дарахтида талашиб қолдик.
Бу Рабиъа қиссасининг кульминацион нуқтаси.
Дунё келди. Бир хурмо дарахтида талашиб қолдик.

Қиссани шу ергача ҳузурланиб ўқиётган эдик. Саҳобалар сабри, уларнинг қаноати ва саховати ҳақидаги ажойиб мисоллардан намуна олиб, ибратланаётган эдик. Лекин икки саҳобанинг арзимаган бир хурмо дарахтида талашиб қолиши бекор ёзилибди-да. Иложи бўлса, шу жойни олиб ташлаш керак, дегувчилар ҳам топилар. Начора, бунинг сира иложи йўқ. Рабиъанинг ўзи бу қиссани саҳобаларга ва тобеинларга ҳикоя қилиб берган. Тобеинлар ўз шогирдларига, улар эса ўзларидан кейинги авлодга нақл қилган. Ҳадис илмининг олтин даври ҳисобланмиш учинчи асрда имом Аҳмад ибн Ҳанбал 750 минг ҳадис орасидан танлаб, ушбу қиссани ҳам ўз Муснадларига киритганлар. Худо ёрлақаб, 40 минг ҳадис ичидаги Рабиъа ҳадиси сиз азизларга ҳам етиб келди. Изтиробга ўрин йўқ. Улуғ динимизда, севимли пайғамбаримиз ва саҳобалар ҳаётида бизни хижолатга қўядиган жой йўқ. Биз улардан эзгу амалларни таълим олганимиздек, хатоларни тўғрилашни ҳам таълим оламиз. Аслида, ўз ҳаётидаги айб ва хатони тилга олиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Ўз айбини тан олиб, очиқ айтиш ҳам бир нав мардлик ва олижанобликдир. Ўзи ҳақида гапираётган ёки ёзаётган кишининг ўз хатоларини очиқ айтганини ҳеч кўрганмисиз? Бор, лекин жуда оз. Армиядан келган йигит оғиз кўпиртириб хизматдаги мардонаворликни гапираётганда яхшилаб диққат қилсангиз, ҳамма воқеалар охирги олти ойга бориб тақалади. Хизмат бошидаги олти ой хотирадан ўчмасада, бироқ тилга келмайди.
Нафақахўр ёзувчи кўчада кетаётиб ҳамкасби билан учрашиб қолибди.
– Нима ёзяпсан? – сўрабди ҳамкасби.
– Мемуар ёзяпман, – дебди у.
– Мендан қарз олган жойингга келиб қолдингми?
– ...
Шундай, ҳеч ким ўз айбини очгиси келмайди. Мартаба ўсиб, мансаб поғоналари кўтарилган сайин айблар беркилиб, гуноҳлар савобга, камчиликлар ютуққа айланиб бораверади. Мансаб поғонасининг энг чўққисига амаллаб чиқиб олган киши бегуноҳ, қанотсиз фариштага айланади. Илло чин мўмингина ортда қолган айбларини унутмайди, доим эслаб Аллоҳга истиғфор айтади. Ҳикмат тақозо қилса, оммага сўзлаб беради, йўқса Аллоҳ беркитган айбни ҳамманинг ёнида фош этмайди.
Амирул мўминийн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир куни муаззинга буюриб, одамларни масжидга жамладилар. Ҳозирги замон таъбири билан айтганда, навбатдан ташқари фавқулода мажлис чақирдилар. Одамлар такбир айтиб йиғилди. Умар ибн Хаттоб минбарга кўтарилиб, Аллоҳга ҳамд айтдилар, пайғамбаримизга салавот ва салом ўқидилар. Ҳамманинг нигоҳи халифада. Бор эътибор унга қаратилган. Ахир бундай чақирув ҳар куни бўлавермайди. Ўта муҳим ишлар учун одамлар чақирилади.
Амирул мўминийн ҳамду санодан сўнг муддаога ўтдилар:
«Халойиқ! Мен аслида Бани Махзум қабиласидан бўлган тоғаларимнинг туяларини боқувчи туякаш бўлганман. Эртадан кечгача туя кетидан юрар эдим. Хизмат ҳаққим гоҳ бир ҳовуч хурмо, гоҳ бир ҳовуч майиз бўлган...».
Гапни тугатибоқ, минбардан тушиб кетдилар. Ҳамма ҳайрон. Ҳеч ким бир оғиз сўз демади. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф Умарга қараб:
– Амирул мўминийн, ўзингизни айблашдан бўлак гап айтмадингиз, тинчликми? – деди.
– Эй Ибн Авф, уйда ёлғиз қолган эдим. Шунда хаёлимга «сен мўминлар амирисан. Сендан бошқа афзал киши борми?» деган ўй келиб қолди. Дарҳол шунинг олдини олиб, кимлигимни эслаб ва эслатиб қўйдим, – дедилар .

«Дунё келди. Бир хурмо дарахтида талашиб қолдик».

Дунё кўпчилик ўртасига раҳна солган, солиб келмоқда ва бундан кейин ҳам солаверади.
Ибн Ҳишомнинг «Сийра» китобларида келади: «Убода ибн Сомитдан Анфол сураси ҳақида сўраладиган бўлса: «Биз ҳаққимизда, Бадрда иштирок этганлар борасида нозил бўлган. Бадр жанги тугагач, ўлжа ҳақида ихтилоф қилиб қолдик. Мол-дунё учун ахлоқимиз ўзгарганда ушбу сура нозил бўлган...», – дердилар» .
Демак, хато ҳар кимдан содир бўлади. Лекин ўша хатодан кейинги ҳолат кишининг ким эканлигини кўрсатиб беради. Ҳақиқатда иймон бор-йўқлигини, ахлоқ-одоб нечоғлик экани намоён бўлади.
Икки саҳоба хатосини билдик. Энди хатодан кейинги мавқифга (позицияга) эътибор қаратайлик.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу иккимиз бир хурмо дарахтида талашиб қолдик.
– Бу мен томонда, – дедим мен.
– (Аксинча), у мен томонда, – деди Абу Бакр.
Иккимиз ўртамизда бироз гап-сўз ўтди. Шунда Абу Бакр оғзидан бир гап чиқди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу гапни ёмон ҳисоблаб, қилмишига пушаймон бўлди. Дарҳол менга:
– Эй Рабиъа, худди шу гапни менга қайтар, токи шу дунёнинг ўзида қасос бўлиб қолсин, – деди.
– Мен бундай қилолмайман, – дедим.
– Менга ҳам худди шу сўзни қайтариб айтгин, бўлмаса ишни росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўтараман.
– Мен асло бундай қилмайман.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу ерни ташлаб пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига кетди. Мен у киши ортидан эргашдим.
Хато содир бўлди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу оғизларидан бир сўз чиқиб кетди. Қандай сўз? Буни билиш мушкул. Чунки ровий бу сўзни нақл қилмаган. Бу ҳам унинг буюк одобига далолат қилади. Улуғлар хатосини фош этиш пасткашлар хулқи. Айниқса, олимлар, фозиллар, кўпчиликка моддий-маънавий ёрдами тегадиган олиҳиммат инсонлардан содир бўлган хатони овоза қилиш қалбида касали бор, ахлоқсизлар иши.
«Гуноҳ, маъсият, хато» деган калималар истеъмоли кишининг иймон-эътиқоди ва тақвосига қараб ўзгаради. Масалан, солиҳ кишининг «гуноҳкор бўлдим» деган сўзи билан фожир кишининг «гуноҳкор бўлдим» деган сўзи ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Солиҳ киши жамоат намози, такбиратул эҳромга етиб келолмаса, «гуноҳкор бўлдим», деб тавба-тазарру қилади. Фожир эса куни билан намоз ўқимай, «гуноҳ қилиб қўйдим» дейиши мумкин. Солиҳ киши бегона аёлга кўзи тушиб қолиб «исён қилдим, дўзахи бўлдим», деб ўзини ўзи койиши мумкин. Фожирчи, зино қилиб қўйиб ҳам ўзини исёнкор, дўзахи деб билмайди. Бунга бир воқеий мисол келтирай. Менинг ўзимга шахсан таниш мадиналик мударрислардан бири ёзги таътилда Суриядаги олимлардан таҳсил олгани сафарга чиқади. Бу унинг мамлакат ташқарисига биринчи сафари эди. Ҳазил-мутойибани суядиган хушчақчақ бу йигит Дамашқ аэропортига тушиши билан кайфияти ўзгариб қовоғини солиб олади. Сафарда унга ҳамроҳ бўлган кишиларнинг айтишича бир ой давомида у бирор маротаба кулмайди. Доим маҳзун, доим хомуш. Мадинага қайтиб келишгач, бунинг сабабини сўрашганда қуйидагича жавоб берибди: «Мен шу ёшга кириб икки аёлнинг сочини кўрган эдим холос. Бири рафиқам, иккинчиси синглим. Онамнинг сочи оқми, қорами билмайман. Сурияда эса аёллар бошяланг экан. Турли хил очиқ хотинларга кўзим тушиб гуноҳкор бўлдим».
Абу Бакр розияллоҳу анҳу сўзлари айримлар ўйлаганчалик бузуқ, уятли, бепарда сўз бўлмаган. Ровийга қулоқ тутайлик: «فقال أبو بكر كلمة كرهها وندم». Ровий сўзларига диққат қилинг: «Абу Бакр сўкинди, ҳақорат қилди, берган ерини миннат қилиб юзимга солди» ва шунга ўхшаш ибораларни ишлатмай «فقال كلمة كرهها» – «ўзи ёмон кўрадиган калимани айтиб қўйди», деди. Ва орқасидан дарҳол: «وندم» – «пушаймон бўлди», деб қўйди.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзлари нобоп санаган сўзни айтишга айтиб қўйиб, ўша заҳоти ўзларига келдилар. Афсус-надомат қилдилар.
«Эй Рабиъа, худди шу гапни менга қайтар, токи (шу дунёнинг ўзида) қасос бўлиб қолсин», – деди.
«Ҳодисатул ифк» – Оиша онамизга туҳмат қилиш ҳодисасида ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу хатога йўл қўйиб, ўша заҳоти тўғриликка қайтгандилар.
Саҳиҳ Бухорийда узун ҳадисда келишича, Абу Бакр розияллоҳу анҳу Мистаҳ ибн Усосага моддий ёрдам бериб турардилар. Мистаҳ Абу Бакр розияллоҳу анҳуга қариндош, фақир киши эди. У Оиша онамиз розияллоҳу анҳога бўҳтон қилиб гап тарқатганларга қўшилиб, бир-икки оғиз ножўя гап айтганди. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу:
والله لا أنفق على مسطح شيئًا أبدًا بعد الذي قال لعائشة ما قال — «Қасам Аллоҳгаким, Оиша ҳақида айтган гапидан кейин Мистаҳга ҳеч қандай ёрдам бермайман», дедилар. Шунда Нур сурасининг 22-ояти нозил бўлади. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Қуръон оятларидан таъсирланиб: «Аллоҳга онтким, Мистаҳга ҳамиша ёрдам бераман», дедилар.
Рабиъа Абу Бакрнинг оғзидан чиққан гапни Абу Бакрнинг ўзига ҳам қайтармади, ривоятда ҳам зикр қилмади. Ҳар иккилари биринма-кетин росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига йўл олдилар.
Шу пайт:
«Аслам қабиласидаги айрим кишилар етиб келиб: «Аллоҳ Абу Бакрни раҳм айласин, қайси иш учун росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёрдам талаб қилади. Ахир унинг ўзи сенга нима деган бўлса, деди-ку?!» – дедилар».
Субҳоналлоҳ!
Яхшиликнинг ҳам ўз ёрдамчилари бор, ёмонликнинг ҳам. Булар гапни қаердан эшитди-ю, қандай жамланиб, етиб келди. Агар ақлли бир одам бунинг олдини олмаса, ярашиб турган икки томон чинакамига душманга айланади.
Инсонлар ўртасида ихтилоф бўлиши аниқ. Ихтилоф жанжалга айланиши ҳам мумкин, иш катталашиб қонли тўқнашувга ҳам олиб бориши мумкин. Лекин, иймонли кишилар билан иймон неъматидан маҳрум бўлган кишилар ўртасида бир неча фарқлар борким, ўша фарқлар билан икки тараф ажраб туради.
1- Иймонсизлар галаси ортида гиж-гижловчилар беркинган.
Мусулмонлар жамоаси ортида муслиҳлар бор.
2- Охиратдан умиди йўқ киши хатоси учун афсус-надомат чекмайди.
Охиратга умид боғлаган киши хатоси учун пушаймон бўлади, тавба-тазарру қилади.
3- Иймонсизда қасоскорлик руҳи аланга олиб, хилофга алоқаси бўлмаган кишилардан ҳам қасос олишга, рақибининг қариндош-уруғларига озор беришгача етиб боради.
Иймонли эса рақибидан бошқасига ёмонликни раво кўрмайди.
4- Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мунофиқ сифатини баён қилганларида: «إذا خاصم فجر» – «Хусумат қилса, фожирлик йўлини тутади», – дегандилар.
Мўмин эса, аксинча, хусуматда ҳам содиқ бўлади, одоби ўзгармайди.
5- Иймон неъматидан бебаҳра одамлар ихтилофдан сўнг юз кўрмас бўлиб кетади, мусулмонлар эса уч кундан кейин салом-аликни бошлайди.
6- Рақибига қарши ҳар кимнинг кучидан фойдаланади. Қабиласини чақиради, дўст-душманни чорлайди, нима қилиб бўлсада, рақибидан аламини олади.
Мусулмонлар эса даҳанаки – оғзаки жанг қилиши мумкин, бир-бирига қўл кўтариши мумкин ва ҳатто қабиладошларининг ёрдамга чақириши мумкин . Лекин ҳеч қачон мўминга қарши кофир ёки ғайридинни ёрдамга чақирмайди. Мўмин мўминдан қасос олиш мақсадида ёки умуман бошқа мақсадларда кофир қўлига топшириб қўймайди, чақимчилик қилмайди. Агар шундай қилса, иймонига халал етади, оқибати аянчли якун топади.
Аслам қабиласи тарафкашлик қилиб, Рабиъанинг олдига кўмакка келишди. Рабиъанинг ўзи ақллилик қилиб, уларни тўхтатди.
–Абу Бакр кимлигини биласизларми? Абу Бакр (ғорга беркинган) икки кишининг иккинчиси, мусулмонларнинг (муҳтарам) оқсоқоли. Асло менинг тарафимни ола кўрманглар. Сизлар менга ёрдам бераётганларингни кўриб, Абу Бакр ғазаб қилмасин. Уни ғазабнок ҳолда кўриб росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ғазаб қилмасинлар. У икки (улуғ) инсон ғазабидан Аллоҳ ҳам ғазаб қилса, Рабиъа ҳалок бўлиб кетади, – деди.
– Бўлмаса, бизга нима қил, дейсан, – дедилар.
– Ортларингга қайтинглар, бу ишга аралашманглар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу бўлиб ўтган ишни росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сўзлаб берди. Он ҳазрат соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларини кўтариб менга қарадилар.
–Рабиъа, Сиддиқ билан тортишиб нима қилардинг, – дедилар.
– Ё росулаллоҳ, шундай-шундай иш бўлди, кейин Абу Бакр бир калима айтиб қўйдилар ва ўзлари бу калимани нобоп, ёмон калима ҳисоблаб пушаймон бўлдилар. Қасос бўлсинчун мендан айни шу калимани у кишига қарата айтмоғимни талаб қилдилар. Мен айтишдан бош тортдим.
– Тўғри, Абу Бакрга бу гапни қайтарма, унинг ўрнига: «Абу Бакр Аллоҳ сизни мағфират қилсин», дегин, – дедилар.
Мен Абу Бакрга қарата: «Аллоҳ сизни мағфират қилсин», – дедим.
Абу Бакр кўзлари ёшга тўлиб чиқиб кетдилар».

Аслида, Абу Бакр розияллоҳу анҳу кечирим сўрашга лойиқ ёмон сўз ҳам айтмаган, ёмон иш ҳам қилмаган эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қўрққан жойи ва йиғлаш сабаби Рабиъага қилган яхшилиги холис, Аллоҳ учун бўлмай қолдими, деган хавфда эди.
Ўғрилар, жиноятчилар ўз қилмишини қанчалар беркитса, Аллоҳ учун, холис яхшилик қилувчилар ҳам эзгу амалларни шунчалар беркитиб, махфий тутадилар.
Олимлар дейди: «Шогирдлардан бири қўлида юк кўтариб келаётган устозига салом бермай, қўлидаги юкни олмай ўтиб кетган пайтда устози аччиқланиб, ичида: «шу болани ўқитган эдим, салом ҳам бермади, юкимни ҳам олмади», деса, унинг берган таълими Аллоҳ учун холис бўлмабди...».
Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзининг амалидан чўчиган эди. Ҳар бир калима Аллоҳнинг ҳузурида ҳисоб-китоб қилинишини билар эди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рабиъани уйлантиришлари баҳонасида бетакрор саодатли замонга саёҳат қилиб олдик. Ўйлайманки, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўришга муштоқ сиз азизлар ушбу қиссадан баҳраманд бўлгандирсиз. Асар сизга манзур бўлса, энди амал қилишга ўтинг. Қўлингиздан келганча росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳамма суннатларига амал қилинг. Уйда, ишхонада, бозорда, тўйда, азада севимли пайғамбаримиздан намуна олинг.
Ҳадис сўнгида илмий анъанага биноан ҳадисдан олинган фойдаларни тартиб билан санамоқчи эдик. Лекин шарҳ орасида сочилиб кетган фойдаларни қайта жамлаш ўрнига янги фойдаларни истинбот қилиш маъқул кўрилди. Бу вазифани эса ҳурматли ўқувчиларнинг ўзларига топширамиз. Мен эътиборингизни иккита асосий фойдага қаратмоқчиман.
Биринчиси ушбу рисола мутолааси мобайнида икки юздан ортиқ ўринда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номларини тилга олиб у зоти бобаракотга икки юздан ортиқ салавот айтдик. Салавот айтиш эса буюк ибодатдир. Ҳадисда келади: "Ким менга бир бор салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтгай". Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти.
Иккинчиси саҳобалар ҳаётни жоҳилий урф-одат, асъаса-дабдабалардан тозалаб фаровон, тотли ҳаёт бино қилишди. Орзу-ҳаваслар занжирига боғланмай енгил, камтарона ҳаёт кечиришди. Биз эса олдимизга турли тўсиқларни қўйиб олиб енгил ҳаётни оғирлаштириб оляпмиз. Асар ёзилиш асносида Рабиъа уйланган шаҳарда таксига миндим. Таксист ёш йигит экан. Бир қизга унашиб қўйилибди. Бечора ўксиниб:
– Бир юз эллик минг риёл пул топишим керак. Топмасам тўй чўзилиб кетаверади,– деб қолди.
– Нега? – дедим.
– Урф-одатларни биласанку, – деб жавоб берди.
Шу тарзда қолган фойдаларни ўзингиз истинбот қилиб олинг. Жоҳилият сарқитларига эмас, аксинча имкон қадар росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳамма суннатларига амал қилинг. Уйда, ишхонада, бозорда, тўйда, азада севимли пайғамбаримиздан намуна олинг.

* * *

Сизлар билан вақтинча хайрлашиб, толиби илмлар қулоғига бир-икки оғиз сўз айтмоқчимиз.
Айтмоқчи бўлганим улуғ имом, художўй, зоҳид олим Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ўз шогирдлари Абу Юсуфга қилган насиҳатларидир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ дейдилар:
«Аввало илм ўрган, сўнгра ҳалол мол жамла, ана ундан кейин уйлангин. (Агар сен тартибни ўзгартириб), илм оладиган пайтингда мол топишга киришсанг, кейин илм ололмайсан. Чунки мол молни чақириб, сени дунё билан овора қилиб қўяди.
Илм таҳсил қилмасдан олдин хотин ҳақида асло ўйлама. (Агар илм таҳсилидан олдин уйлансанг), вақтинг уларга сарфланади, фарзанд, аҳли-аёл ҳожатларини ўтайман, деб илмни ташлаб юборасан. Йигитликда – қалб хотиржам, мия бўш пайтида илм ўрган, сўнгра молиявий иш билан шуғуллан. Қўлингга пул тушгач, оила қур...» .
Абу Юсуф устозининг насиҳатини олиб кам бўлмади.
Хатиб Бағдодий «الجامع لأخلاق الراوي وآداب السامع» китобида дейди: «Толиби илм имкон қадар сўққабош бўлгани маъқулдир. Аҳли-аёл ҳаққини адо қиламан, деб талаби илмдан қолади. Суфён Саврий деган эди: Ким уйланса, денгиздаги кемага минибди, бола туғилса, кема синади...».
Уламолар дейди:"كتاب العالم ولده المخلد " "Олимнинг китоби умрбоқий фарзандидир".
Ана шундай "фарзандлар" бунёди учун енг шимаринг. Ота-боболарингиз бу борада илғор бўлган. Улар қолдирган илмий мерос жаҳон кутубхоналарининг кўркига айланган. Минг афсуским, боболар набирасининг пушти куйиб "умрбоқий фарзандлар" кўрмай қўйди. Бор, йўқ эмас. Лекин жаҳон бозорида унга талабгор йўқ.
Айтишларича японияликлар бир йилда қирқта китоб ўқирмиш. Ғарбликлар йигирмата, араб оламида шунинг учдан бири. Россияда эса биринчи кўзга ташланадиган манзара русларнинг йўлда, автобусда, метрода китоб очиб ўқишидир.
Биздачи, бизда аҳвол қандай?!
Китоблар қанча-ю, савияси қандай?!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
РаббимСенга аҳволимдан арз қилдим.Жавоб бердинг Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангrdquo Зумар, 53.Айтдим Ҳеч ким қалбимни тушунмайди, таскин беролмайдиrdquo.Жавоб давоми...

2388 14:33 / 27.03.2017
Инсон дунёга келар экан кимнингдир меҳрига, эътиборига муҳтож бўлиб яшайди. Ҳақиқий инсон кимдандир меҳр кўриб тасалли топса, кимгадир меҳр бериб хушнуд бўлади. давоми...

2797 16:44 / 27.03.2017
Ҳар бир иши айни ҳикмат бўлган ва ҳар бир ишга қодир бўлган Аллоҳ таолога битмастуганмас ҳамду санолар бўлсинЎз умматларига Роббиси амри ила ҳикматни ўргатган давоми...

9240 20:07 / 22.04.2017
Бир куни бемор устозимизни кўргани бориб ўтирган эдик, ишлатилган электр энергиясининг пулини сўраб бир электросет ходими келиб қолди. Пулни санаб олиш асносида давоми...

2735 10:12 / 27.03.2017