1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

“Исломга бағишланган умр” хотира китобини ўқиб...

17:25 / 27.03.2017 6959 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизларнинг ичимиздан ҳазрат каби улуғ алломаларни чиқарган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! 

  Ўзидаги мукаммал шариат илмларини уламоларга мерос қилиб қолдирган ҳабиб Пайғамбаримиз алайҳис саломга беҳисоб саломларимиз бўлсин! 

   Ҳазратимизнинг укалари Муҳаммад Амин ҳожи акамизнинг ҳазрат хақидаги хотиралари китоб қилиб нашр қилинганлигини эшитиб китоб дўконга ошиқдим. Йўлда борар эканман  ҳожи аканинг бу ишларидан  мамнун бўлиб, китобни ўқиб ҳазратимизни янгидан кашф этсам керак деб, ўйладим. Дўконга кириб китобни қўлга олиб варақлаб ҳам шу сўзларга кўзим тушди.  Китобни ўқиш давомида ҳазратимиз хақларида ҳеч нарса билмаслигим аён бўла бошлади. Мен билган эзгу ишлари заррадан томчи экан.

   Хотираларни ўқир экансиз, гўё ўша кунларда яшаётгандек ичига сингиб кетасиз. Қиблагоҳлари Муҳаммад Юсуф алайҳи рохманинг оиласининг дину-диёнатда мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси, динига муҳаббати ва бу йўлдаги машаққатлар, ситамлар, озорлар, ва буларга гўзал сабрда бўлганлигини ўқиб беихтиёр бу тақводор оилага муҳаббатингиз зиёда бўлади.  Китобга шунчалар берилиб кетибманки ифтор вақти бўлганлигини ҳам сезмабман. Хотираларни  тугаб қолишини ҳоҳламасдим. Улар қанчалар динларига хизмат қилиб, амал қилиб машаққатлар тортган бўлсалар, шунча роҳат кўрганларини ҳам кўп-кўп ўқишни ич-ичимдан ҳоҳлардим.

  Бу битиклар шунчаки ўқиб қўядиган хотиралар эмас эди. Бу бизлар севган, аслида Аллоҳ суйган ва бизни суйдирган буюк инсон, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф рахимаҳуллоҳ ҳазратларининг шонли ҳаёт йўллари эди. Миллат фахри, халқ ифтихори. Ватаннинг забардаст фарзанди, исломнинг порлаган юлдузларидан бири хақида эди. 

   Биз ҳазратни қадрини билдикмикин, ҳаётликларида ардоқлай олдикмикин? У муборак зотнинг хазиналарини халқ энди топиб олдимики, қадрларини энди билмоқдалар, меросларидан кўпроқ манфаат олмоқдалар. Вафотларини эшитиб миллионлаб мусулмонлар андуҳга ботдилар. Марсиялар битдилар. Нега? Негаки ҳазрат бутун борлиғини, ҳаётини, шу одамлар учун, ислом учун бағишлаган улуғ аллома зот эдилар. Динини севган инсонлар албатта бундай зотларни севмаслиги мумкин эмас. Ҳазрат хақида нимаики дил сўзлар битилган бўлса ҳаммаси ҳолис дилдан ёзилган, юракдан чиққан нолалар. Биз ичимизда қандай буюклар яшаётганлигини нечун кеч англаб етамиз. Нега уларга озор берамиз. Наҳот ақлимиз шунчалар ноқис. Ёки бепарвомизми? Нечун аларнинг қадрларига етмаймиз? Хайронман. Аллоҳнинг ҳикмат тўла ишларига бепарво қараш асло мумкин эмас. Ҳазратдек буюкларнинг борлиги элу-юрт учун айни файз баракот эдику.

   Китобни ўқиш давомида ҳазратнинг қиблагоҳлари ва волидаи меҳрибонлари хақига беихтиёр дуолар қиласиз. Уларнинг сабр матонатлари ва жасоратлари олдида таъзим қиласиз. Қани эди дунёдаги жами ота-оналар шулардек бўлса,  дунё ўзи гулистон бўлармиди. Фарзандидан куймасди одамлар, ёмонлар қолмасмиди дунёда балки..

   Ҳазратимизнинг шахсий ҳаёти ва дин йўлидаги меҳнатларининг хаммасида Аллоҳнинг Ўзи тарбиячи бўлганлиги, илоҳи Раббонининг ҳоҳиш иродаси, мехрибонлиги деб биламиз. Буюк Аллоҳ бандаларига ичларидан улуғларни чиқариб ҳам мехр кўрсатар экан.

  Нуктадон ўқувчи хотираларни ўқир экан, ҳазратнинг ҳаёт йўллари замирида ҳикмат яширинганлигини илғаб олиши қийин эмас. Аллоҳ ҳазратни синовларга ҳам солган, имтиҳон ҳам қилганлигини, ҳижратда - айрилиқ, ва ватан соғинчи каби синовларга ҳам қўйган бўлса, муқаддас заминларда “Тафсири ҳилол” ва “Ҳадис ва ҳаёт” китобларининг ёзилганлигини илоҳий ҳикмат деб англамоқ лозим.  

  Ҳазрат ҳижратдалик вақтларида ҳам халқининг тақдири, имон-эътиқодини ўйлаб китоблар тасниф этганлигининг хаммаси Хақ таолонинг иноятидир! Кимга?  Албатта, бизларга! Ҳазратнинг ўша кезлардаги машаққат ва уқубатларининг ширин мевасини бугун мана халқ кўриб, фойдаланиб, бахраманд бўлиб турибди. Бугун миллат ҳазрат сабаб динида илгарлади. Маълум бир даражаларга етди. Халқ бир сура ёзилган китобга, ҳадиси шариф битилган муқовага зор бўлган кезларни учратасиз китобда. Мусулмонлар бугун эса эмин эркин шариатларини китоблардан ўрганмоқдалар. Бу Аллоҳнинг ҳазрат сабаб бизларга ином этган хазинаси эмасми?! Ҳа, айнан шундай!

  Одамлар орасида: “диний китоблар ёзиб бўлмайди, динни оммаи халққа илм аҳли етказиб туриши керак” деган калта ўйлайдиганлар ҳам бор экан. Ҳайҳот! Одам ўз дини учун  ҳам шунчалар ҳасис бўладими. Ахир китоб маънавий нур эмасми! Марифат қуёши эмасми! Китобларсиз шариатни тасаввур қилиб бўладими. Илм чиқариш учун, марифатли бўлмоқ учун китоб албатта керакку! Китоби йўқ уй, чироғи йўқ уйдир. Одамлар мунча дунё чироғига ошиқдилар. У нафсни ёритади ҳолос, қалб эса марифат чироғисиз зулматда қолаверади. Шунисидан асрасин. Бас, одамлар қалб чироқларини ёқинглар! 

   Ҳа, ана шундай марифат чироқларини ҳазрат миллатга, динга, том маънода беқиёс хазина қилиб  қолдирдилар. Бу илоҳий иноятни Аллоҳдан эканлигини ким инкор этади. Ким бугун ҳазратнинг хизматларини қадрламабди, Аллоҳнинг бизга мехрибонлигини, иноятини қабул қилмабди. Аллоҳ сақласин! 

  Китобни ўқиш давомида дафъатан сиз кутмаган, ҳали ҳеч қаерда берилмаган, ҳазратнинг мехрибон волидаларидан ажралиб қолганда ёзилган юрак нолалари, марсияларига дуч келасиз:

  “ОНАЖОНИМ, ВОЛИДАИ МЕҲРИБОНИМ!!!” деб бошланувни бу кўнгил оҳини ўқиган хар қандай бағритош инсон хам чидаб туролмайди. У нидолар юрак тубидан чиққанлиги учун инсонни баданларини титратиб юборади. Кўзлар жиққа ёшга тўлади. Онага бўлган муҳаббат қошида таъзим қиласиз. Ҳайҳот! Ҳайҳот! Мухтарама волидалари хақларида илтижолари кўнгилларни сел қилади. Буларни тасвирлашга тилим лол. 

  Бу марсия инсоният учун намуна, ўрнак, дарс ҳам. Фарзанд тарбиясида, ота-онага муҳаббат борасида бундан ортиқ насиҳат бормикин. Бу марсияни мен зарҳал харфлар билан ёздириб хар бир хонадонга тортиқ қилган бўлардим. Токи  инсоният бахт саодатла яшасин. Ота-онани қандай улуғ зотлар эканлигини фарзандлар англасинлар. Ҳазрат каби улуғлар ҳадеб туғилавермаслигини, аларнинг кўнгил нолаларида ҳам буюк панд-насиҳатлар борлигини билиб яшасинлар. Ибратлансинлар!  Насиҳат олсинлар!

  Ҳазрат оналари вафот этганларида ҳижратда бўлган эканлар. Бу нарса қалбларида армон бўлиб қолган. Лекин онаизори хақларида Кабаи муаззамада қилган илтижолари, юрак нолаларини ўқиб чидолмайди инсон. Кўнгиллар сел бўлади уларни ўқиб. 

  Қиблагоҳларининг жанозаларини ўзлари ўқиган эканлар. Ўшанда халққа қилган ваъзлари ҳам китобга киритилган ва бу жуда аҳамиятли. Ўшанда биз ёш йигитча эдик. Масжидда эшитгандим “Муҳаммад Юсуф домла ўтибдилар” деса, танимасдан, “ким-ким у киши деганмиз”, “Ҳазратнинг оталари дегандилар”, ўшанда ҳазратни номларини биринчи бор эшитишим эди. Ўшандан кейин ҳазратнинг  китобларини ўқий бошладим. Бир китобни олиб кейин бозорга борсам (у пайтларда китоб бозори бўларди) янгилари босилиб чиққан бўларди. “Битта китобни ҳали ўқиб бўлмадим, бир нечта янгилари нашрдан чиқибди-я” деб хайрон бўлардим. Кейин англаб етсам Аллоҳ ҳазратга шундай баракотли умр ҳам берган экан. Эзгуликка шунчалар шошган инсон борми яна. Ё Раббим мунчалар мехрибонсан. Ичимиздан ҳазратдек улуғларни чиқармоғинг бизларни суйганингдан-да.

  Шу тариқа ҳазратга мехримиз, муҳаббатимиз зиёда бўла бошлади. Ҳазратни биринчи бора Ҳасан Ҳусан қориларимизнинг никоҳ тўйларида кўрганман. Ўшандан кейин Аллоҳ холис ниятларимизни мукофотлаб ҳазратнинг дуолари, суҳбатларини бир неча маротаба насиб этди. Бур умрга татигулик таасуротлар қолган қалбимда. Энди кўнгилларига йўл топганимизда... айрилиқ ва ҳижрон изтироби ҳали-ҳали дилларни тирнайди, кўнгилларни беҳаловат қилади. 

   Одамлар ҳазратни бир бор кўрибоқ мехри тушиб қолаверган. Маънавий комиллик ва етук гўзал қалб эгаси эдилар. У зотни Аллоҳ суйди. Аллоҳ суйганни бандалари севмоғи шаксиз. У зотнинг юзлари  шунчалар иссиқ эди. Ёнларида ўтириб бирга тушлик қилганмиз, термулиб тўймасдим муборак юзларига.

  Ҳазратим, сиз бизларни жисман тарк этган бўлсангиз ҳам, сиз доим сизни севганлар билан биргасиз. То рўзи қиёмат қадар азиз номингиз, сиз қолдирган марифат чироқлари хаста дилларга, қоронғи кўнгилларга чироқ бўлиб қалбларни мунаввар этажак!

 Бу қандай ҳам улуғ саодат. Ҳа, ҳазрат миллат ва дин чироғи эдилар.

  Муҳаммад Амин ҳожи ака, сиздан Аллоҳ рози бўлсин! Ҳазратнинг шонли ҳаёт йўлида елкама-елка туриб дин учун белингиздан мадор кетибди. Ўзи сизни саломат қилсин.

   Эй дунё! Мунчалар қахринг қаттиқ бўлмаса, билиб қўй эй дунё барибир сариқ чақага ҳам арзимайсан. Сен балки ичингда ҳазрат каби улуғлар борлиги учун, бегуноҳ гўдаклар борлиги учун тургандирсан. Ҳазратдек улуғлар дуоси ила обод бўласан. Билиб қўй, Аллоҳнинг дўстлари сени тарк этгани сари сен ҳам тугаб, нураб бораверасан, эй дунё!

  Сени Аллоҳ юз йилда бир туғиладиган ўзининг буюк бандаларининг улуғ ишлари учунгина ушлаб турар балки..

 Кўзингни оч эй беҳаё, бевафо дунё! 

 Сен барибир фонийсан.


Фарҳодбек Жўраев.

Андижон шаҳри


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар Агар бир қавм закотни бермасалар, Аллоҳ уларни давоми...

2398 13:54 / 24.03.2017
Маълумки, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи .Ҳазратни хотирлаб, кўрсатувига билдирилган энг давоми...

1409 09:26 / 23.09.2023
Киши қизиқроқ асар ўқиса, анча пайт ўша китобнинг кайфияти билан яшайди, таъсирчан бир кино кўрса, ундаги воқеалар, қаҳрамонлар ҳаёти кўз олдидан ботбот ўтирб давоми...

2587 10:27 / 27.03.2017
Хамр ичишга одатланиб қолган бир кишига Аллоҳга тавба қилмайсизмиrdquo дедим. У менга синиқлик билан қарадида, кўзларидан дувдув ёш оқиб, шундай деди Менга инсоф давоми...

3491 11:30 / 27.03.2017