1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Футболкада намоз ўқиш ҳукми

05:00 / 09.01.2017 9426 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёз ойларида одамлар енгил кийимларда намоз ўқишга ўтадилар. Ҳар хил енги, етаги калта кийимлар кийилади. Айрим намозхонлар сажда қилганларида орқаси, кети кўриниб, ҳатто кейинги сафда туриб, белининг ярми очилиб қолаётганини кўриш мумкин. Аслида, намоз кийими алоҳида, тоза, чиройли ва кўркам бўлиши керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган:

يَا بَنِي آدَمَ خُذُواْ زِينَتَكُمْ عِندَ كُلِّ مَسْجِدٍ 

"Эй, Одам болалари! Ҳар бир масжид олдида зийнатларингизни олиб олинг!" (Аъроф, 31).

Мазкур ояти каримага кўра уламолар намозхонга сатри аврат лозимлиги, кийимлари озода ва кўркам бўлиши кераклигини таъкидлаганлар.  

Шунинг учун ҳам ҳанафийлик мазҳабида бошяланг, енги калта кўйлакда ёки ишкийимида намоз ўқишни макруҳ дейилган. 

    Енги калта кийимда ёки енгларни тирсакларидан юқоригача йиғиштириб намоз ўқиш ҳақида мўътабар фиқҳий манбаларда ҳукмлар келган. Мазҳабнинг энг мўътабар китобларидан бири бўлмиш «Муҳит»да келишича:

    وقد روى انّ اصحاب رسول الله عليه السلام كانوا يكرهون اعراء المناكب فى الصلوة

 «Ривоят қилинишича, Жаноби Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоби намозда елкаларини очиб ўқишларини макруҳ санар эдилар».

“Муҳити Бурҳоний”дан келтирилган ушбу хабарга кўра асҳоби киромлар намозда енгсиз кийимларда ёки енги йўқ кийимларда намоз ўқишни кариҳ санаганлар. Агар саллани суннат деб билган салафи солиҳинлар ҳозирги футболкаларда бошяланг намоз ўқилаётганини кўрганларида нима қилардилар?!  

Мутааххирийн уламоларнинг улуғларидан Ҳасан аш-Шурунбулолий (р.ҳ.) ёзадилар:

    وقال فى البحر ويدخل فى كفّ الثوب تشمير كمّه كما فى الفتح القدير وظاهره الاطلاق وفى الخلاصة ومنية المصلى قيد الكراهة بان يكون رافعا كمّيه الى المرفقين وظاهره انه لا يكره اذا كان رفعهما الى ما دونهما 

«Баҳр»да айтган: «Кафф ус-савбга, яъни кийимни йиғиштиришга, тортишга енгини чизғаш ҳам киради. Чунончи, «Фатҳ ул-қадийр»да шундай дейилган. Ушбу қавлнинг зоҳири мутлақдир. (Яъни, хоҳ чизғасин, хоҳ кўтарсин ва хоҳ аслан йўқ бўлсин). «Хулоса» ва «Муниййат ул-мусоллий»да кароҳатни енгини иккала чиғаноғигача кўтаришнинг бўлиши билан қайд қилган. Бу қавлнинг зоҳири шулки, қачон енглари чиғаноқларининг пастигача кўтарилса, макруҳ бўлмайди». (Ҳасан ибн Имод аш-Шурунбулолий ал-Ҳанафий: «Ғуниййа ҳошияту Дурар ал-ҳукком». Истанбул: «Ширкат ас-саҳҳофиййа», 1317 ҳ., 1-жузъ, 106-бет.) 

«Сирожиййа»да енгларини тирсакларигача йиғиштириб намоз ўқиш макруҳлиги айтилган. Худди шунингдек, «Аттобиййа»да ҳам:

    ويكره ان يرفع كمّيه الى مرفقين

 «Икки енгини тирсакларигача кўтариб ўқиш макруҳ бўлади», дейилган.    

Ҳанафий мазҳаби уламоларининг енгни чизғаб ўқиш ёки енгсиз кийимда намоз ўқишнинг макруҳ дейишларига ҳадиси шарифлардан далолатан ва ишоратан далиллар мавжуддир, албатта. Чунончи, “ал-Ҳидоя”нинг машҳур шарҳи “Фатҳ ал-қадир”да бунга далил сифатида келтирган ҳадиси шарифни зикр қилиш мумкин: Имом Абу Довуд Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади:

    امر نبيكم ان يسجد على سبعة اعظم ولا يكفّ شعرا ولا ثوبا    

 «Пайғамбарингиз еттита суякли аъзонгиз (икки оёқ, икки тизза, икки кафт ва пешона) ила сажда қилмоқликни буюрдилар. Сочингизни ва тўнингизни йиғиштиришдан эса қайтардилар».

    Ушбу маънодаги ҳадиси шарифларни олтита саҳиҳ тўпламдан ҳам топиш мумкин. Ҳанафий мазҳаби уламолари иттифоқ қилиб, енгни шимариб намоз ўқишни ушбу ҳадисда наҳий қилинган ҳолатга киритдилар ва макруҳ бўлади, деб фатво бердилар.

    Ҳар бир инсон намоз ўқишни ният қилар экан, масжидга келишни ният қилар экан, ўзига қараб олиши керак. Ресторан ва тўйларга тўғри келган кийим билан борилавермайди-ку?! Намоз мўъминнинг меърожи, масжидда ўтириш Аллоҳга меҳмон бўлиш демакдир! Демак, мақоламиз юқорисидаги ояти карима ҳукмига кўра чиройли ва кўркам кийимларда, ҳеч бўлмаганда ресторан ва тўйларга борадиган кийимларда масжидга келмоқ  ва жамоатда намоз ўқимоқ лозимдир. Бунинг учун ихлос, ҳафсала ва уйдаги аёлларимизни огоҳлантириб қўйишимиз кифоя қилса керак. Яна билмадим....

    Валлоҳу аълам бис-савоб!


    Ҳамидуллоҳ Беруний



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Пешиндан олдинги, бир салом билан бўлган тўрт ракъат намозга осмон эшиклари давоми...

4115 05:00 / 04.01.2017
Имомлик шартлари ҳақида келган барча далил ва ҳужжатларни ўрганиб ва уларни керакли қоидаларга солиб чиққан уламоларимиз имомлик тўғри бўлиши учун қуйидаги давоми...

12566 05:00 / 09.01.2017
Ҳамма нарса намозга чорловчи азондан бошланган бўлиши керак. Азон товушидан мафтун бўлган беш ёшли болакайни узоқ давом этган замон ва макон саёҳатидан кейин давоми...

6179 16:15 / 01.06.2018
Пайпоққа масҳ тортиш тўғрисида авваллари ҳеч гап бўлмас эди. Аммо кейинги пайтларда турли кишилар томонидан бу масала ҳам гап қилиб кўтариладиган бўлиб қолди. давоми...

11497 05:00 / 04.01.2017