1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг кайфияти (20-дарс)

05:00 / 09.01.2017 3695 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

20-дарс

37‑Матн:

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ташаҳҳуддан кейинги дуоларини ўқиб бўлгач ўнг томонларига қараб “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ” дея салом берар эдилар. Чап томонларига қараб ҳам худди шундай салом берардилар.

37‑Матннинг далиллари:

۱-عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ أَنَّ النَّبِيَّ - صلى الله عليه وسلم - كَانَ يُسَلِّمُ عَنْ يَمِينِهِ وَعَنْ يَسَارِهِ : السَّلَامُ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَةُ اللَّهِ ، السَّلَامُ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَةُ اللَّهِ حَتَّى يُرَى بَيَاضُ خَدِّهِ . وَصَحَّحَهُ التِّرْمِذِيُّ .

1. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: : “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг ва чап томонларига: “Ассалааму алайкум ва роҳматуллооҳ”, (дея) салом берардилар”. Имом Термизий ривоят қилган ва: “Ҳасан саҳиҳ”, деган.

Бу ҳадис салом бериш ҳолатида ўгирилиб қараш суннат эканига далолат қилади.

۲-وَعَنْ عَامِرِ بْنِ سَعْدٍ عَنْ أَبِيهِ قَالَ : كُنْتُ أَرَى النَّبِيَّ - صلى الله عليه وسلم - يُسَلِّمُ عَنْ يَمِينِهِ وَعَنْ يَسَارِهِ حَتَّى يُرَى بَيَاضُ خَدِّهِ

2. Омир ибн Саъд отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўнглари ва чапларига салом бераётганларини кўрар эдим. Ҳатто (ўгирилганларида) ёноқларининг оқи кўринарди”. Муслим ривояти 1/216.

Бу ҳадис салом беришдаги ўгирилишнинг миқдорига далолат қилмоқда. Ушбу миқдор ўгирилган тарафдаги киши унинг ёноғини кўришидир.

۳-وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ - صلى الله عليه وسلم - قَالَ : وَحَذْفُ التَّسْلِيمِ سُنَّةٌ

3. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Саломни ҳазф қилиш суннатдир”. Яъни уни чўзиб айтмайди. Термизий ривоят қилган ва : “Ҳасан саҳиҳ”, деган. 1/29.

۶-وَعَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ من حديث طويل مرفوع قَالَ رَسُولُ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم -فيه : إنَّمَا يَكْفِي أَحَدُكُمْ أَنْ يَضَعَ يَدَهُ عَلَى فَخِذِهِ يُسَلِّمُ عَلَى أَخِيهِ مِنْ عَلَى يَمِينِهِ وَشِمَالِهِ » . رَوَاهُ مُسْلِمٌ .

4. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун марфуъ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жумладан шундай дедилар: “Дарҳақиқат бирингизга қўлини сонига қўйиши сўнгра ўнг ва чапида турган биродарига салом бериши кифоя қилади”. Муслим ривояти 1/181.

۵-وَعَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدَبٍ: أَمَرَنَا رَسُولُ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم - أَنْ نُسَلِّمَ عَلَى أنفسنا وَأَنْ ينوى بَعْضُنَا بَعْضا

رَوَاهُ أَحْمَدُ وَ أَبُو دَاوُد وَلَفْظُهُ : أُمِرْنَا أَنْ نَرُدَّ عَلَى الْإِمَامِ ، وَأَنْ نَتَحَابَّ ، وَأَنْ يُسَلِّمَ بَعْضُنَا عَلَى بَعْضٍ .

5. Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзимиз учун салом беришга ва баъзимиз бошқамизни ният қилишга бизни буюрдилар”. Аҳмад ривояти.

Абу Довуднинг лафзида: “Имомга қайтаришимиз ва ўзаро муҳаббатлашишимиз ҳамда баъзимиз бошқамизга салом беришимизга бизни буюрдилар”, дейилган.

Бу ҳадиси шариф салом беришда ўнг ва чап томонидагиларни ҳамда имомини ният қилишга далолат қилмоқда. Баззорнинг лафзида: “Имомларимиз учун салом беришга ва баъзимиз бошқамизга салом беришига буюрдилар”, дейилган. Ҳадиснинг санади ҳасандир. “Ат‑талхисул Ҳабир” 1/271.

Салом беришда икки елкадаги фаришталарни ва икки тарафдаги  кишиларни ният қилса уларнинг барчасига салом берганнинг  ажрини олади. Чунки амаллар ниятлар билан баҳоланади. Имомга эргашувчи ўгирилган тарафида имом бўлса унга ҳам саломни ният қилади. Агар у имомнинг тўғрисида бўлса икки тарафдаги саломда ҳам имомни, кишиларни ва фаришталарни ният қилади. 

Ёлғиз ўқувчи киши фақат фаришталарнинг ўзини ният қилади. Киши намозга киришгач, гўё дунёдан узулгандек бўлади. У намозда экан ҳеч кимга гапирмайди, гапирганларга жавоб ҳам қайтармайди.  Намозини тугатгач эса ҳудди дунё ҳаётига қайтади ва шунда ҳаммага салом беради. Намоздан салом бериб чиқишнинг маъноларидан бири шудир. Валлоҳу Аълам...

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқидим. У зот ўнг томонларига: “Ассалааму алайкум ва роҳматуллооҳи ва барокаатуҳ”  деб, чап томонларига ҳам: “Ассалааму алайкум ва роҳматуллооҳи ва барокаатуҳ”,  деб салом берар эдилар”. Абу Довуд ривояти.

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний роҳматуллоҳи алайҳ бу ҳадисни “Талхис”да иллатли эканини айтган: “Абу Довуд ва Табаронийлар Воил ибн Ҳужрнинг ҳадисини, Абдулжаббор ибн Воил отасидан ривоят қилади деб келтиришган. Ваҳоланки у ундан эшитмаган. Шунга кўра санад узулиб, ҳадис иллатли бўлиб қолган”. “Талхисул Ҳабир” 1/271.

Имом Нававий: “Ва барокаатуҳ” калимаси бидъат, бу борада саҳиҳ ҳадис келмаган балки уни тарк қилишлик саҳиҳдир”, деган. Имом Нававий роҳматуллоҳи алайҳнинг бу сўзида мулоҳаза бор. Чунки Ибн Ҳиббоннинг “Саҳиҳ”ида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан “Ва барокаатуҳ” қўшимчаси ривоят қилинган. Бу зиёда Ибн Можада ҳам бор. Ибн Салоҳ роҳматуллоҳи алайҳнинг нима сабабдан: “Ушбу қўшимча ҳадис китобларининг бирортасида йўқ”, деганини билмаймиз. Лекин бу ривоятлар саҳиҳ бўлсада оз ҳолатларда унга амал қилинган деймиз. Шунинг учун амал юқоридаги ҳадисларга кўра бўлиб, уммат ҳам ўша ҳадисларга амал қилишда якдилдир.

Айримларнинг “ва барокаатуҳ”ни айтиб, фақат бир томонга салом беришларини кўрамиз. Бу бидъат амалдан ошиб, жамоатдаги кишиларнинг орасини ажратишга ҳам киради. Бундайлар “Ихтилоф қилсанг машҳур бўласан” деган мақолга ихлос билан амал қиладиганлардир. Улар қаерда ихтилоф бўлса, ўшани топиб амалга оширишга қизиқишади. Далилларни атрофлича ўрганишга  тоқатлари етмайди. Аллоҳ таоло умматни бирлаштирсин!

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар қироатни: “Алҳамду лиллааҳи робил ааламийн” билан бошлашар ва бир салом беришарди”. Мажмаъуз Завоид 1/202.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз бир салом берар эдилар”. Байҳақий ривояти. Зайлаъий ҳам буни келтирган. 11/225. Ҳадиснинг рижоллари сиқалардир.

Бу ҳадис юқорида зикр қилганимиз Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳадисига қарши келиб қолди. Унда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг ва чап томонларига: “Ассалааму алайкум ва роҳматуллооҳ”, (дея) салом берардилар”, дейилган.  Имом Термизий ривоят қилган ва: “Ҳасан саҳиҳ”, деган.

Ҳофиз Ибн Ҳажар “Фатҳ”да шундай дейди: “Сўнгра қачон Ибн Масъуд ва Анас розияллоҳу анҳумоларнинг қарашлари бир‑бирига қарши келиб қолса, Ибн Масъуднинг қараши устун қўйилади. Чунки Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Анас розияллоҳу анҳудан кўра олимроқ, ишончлироқ, улуғроқ ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида кўпроқ бўлган, намозда у зотга мувофиқроқ бўлган”. 2/280.

Бу икки ҳадиснинг ўртасини жамлаш мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир томонга жаҳрий салом бериб, иккинчи томонга саломни пастроқ овозда айтганлари, бир марта салом берганларини ривоят қилганлар эса иккинчи саломни эшитмай қолган бўлишлари мумкин. Лекин икки томонга ҳам салом берганларини саҳиҳ ривоятлар таъкидлайди. Шунинг учун айрим уламолар шундай дейишади: “Саломнинг иккинчиси биринчисидан пастроқ бўлиши суннатдандир”. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли илм саҳобалари, тобеъинлар ва улардан кейингилар шунга амал қилишган. Бир томонга салом бериш борасидаги ривоятлар оз бўлиб, улар билан далил қоим қилиб бўлмайди. Валлоҳу Аълам.

Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг аҳли байти ва саҳобаларига салоту саломлар бўлсин.!!!

13.05.2013. 0:27. Душанба.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Шарт, сўзи луғатда .аломат, маъносини билдиради.Шаръий истилоҳда эса, бир нарсанинг ҳақиқати ва моҳиятидан ташқари бўла туриб, ўша нарсанинг вужудга келиши учун давоми...

5958 09:42 / 09.01.2017
Намозхонлар орасида юз берадиган саволлардан баъзиси ушбу маънода бўлмоқда Такрори жамоат дурустми Яъни, масжидда жамоат бўлиб намоз ўқилган бўлса, кейин келган давоми...

5104 05:00 / 09.01.2017
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Намозда гаплашар эдик. Бир одам намозда ёнида турган шеригига гапираверар эди. Токи .Аллоҳ учун тоат ила жим давоми...

4502 05:00 / 09.01.2017
Руку вақтида .Субҳана роббиял ъазийим, 3 марта. Сунан аҳллари ва Имом Аҳмад ривояти. .Субҳанакаллоҳумма роббана ва биҳамдика, Аллоҳуммағфирлий,. Имом Бухорий ва давоми...

1976 15:14 / 10.11.2022