1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Таҳоратсиз намоз қабул бўлмайди!

05:00 / 09.01.2017 5682 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мақолага кичкина кириш


Таҳорат намоз ўқишнинг шартларидан ва бошланғич фарзларидан бири эканини барча намозхонлар яхши биладилар. Ислом уммати таҳоратни намознинг шартларидан бири сифатида якдиллик билан таъкидлаб келганлар. Намознинг шарти ва фарзи ҳисобланган таҳорат атрофида ҳам айрим масалалар ва ҳукмлар мавжуд бўлиб, улар ҳақида намозхонлар керакли маълумотларга эга бўлиб қўйишлари мақсадга мувофиқдир. Қуйида ана шу масала бўйича биттагина ҳадиси шарифни кенгроқ шарҳ қилиб берилади: 




Таҳоратсиз намоз қабул бўлмаслиги ҳақидаги ҳадис


Намоз таҳоратсиз қабул бўлмаслиги борасида бир неча ҳадиси шарифлар келтирилган. Имом Термизий (р.ҳ.) ўзининг "ал-Жомиъ ас-сунан" номли ҳадислар тўпламидаги биринчи ҳадисни ҳам шунга бағишлаган. Унда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар:

"لا تقبل صلاة بغير طهور ولا صدقة من غلول". 

"Ла туқбалу солатун би-ғойри туҳурин ва ла содақатун мин ғулулин" ("Таҳоратсиз намоз қабул бўлмайди ва ўғирлик (ҳаром)дан садақа ҳам (қабул) бўлмайди").

Мазкур маънодаги ҳадиси шарифларни Имом Бухорий (1/135), Имом Муслим (1/224, 225), Имом Насоий (1/79, 172), Имом Аҳмад (2/8064), Байҳақий (1/568, 726; 2/3195), Дорақутний (1/1357), Ибн Ҳиббон (8/3366), Ибн Хузайма (1/9, 11), Ибн ал-Жоруд (1/66), Абу Авона (1/491), Абу Яъло (9/5614), Ибн Абу Шайба (1/26) каби муҳаддислар ҳам ривоят қилганлар. 

 Кўпчилик муҳаддислар, айниқса, Имом Термизий (р.ҳ.)нинг таржимаи ҳолларидан маълумки, у зотнинг фазилатлари қаторида ўзининг "ал-Жомиъ ас-сунан" асарида ҳадиснинг ўзидан боб номини – сарлавҳасини ясашлари  санаб ўтилади. Иложи борича, ҳадис матнидан сарлавҳа олар эканлар. Бу ерда ҳам ҳадисдаги “Ла туқбалу солатун би-ғайри туҳурин” деган гапни сарлавҳада келтирганлар. Бу ҳам масаланинг жуда зарурлигини англатади.

Хуллас, намоз таҳоратсиз қабул бўлмайди. Садақа эса ҳаромдан топилган молдан қилинадиган бўлса, қабул қилинмайди.


Юқоридаги ҳадис исноди ва матни борасида



Юқоридаги ҳадис борасида Имом Термизий (р.ҳ.) "Мазкур ҳадис бу бобдаги саҳиҳроқ ва ҳасанроқ ҳадисдир!", деган. Шунинг учун унинг мазмунини бошқа муҳаддислар ҳам ривоят қилганлар. Ҳадис ровийларининг барчалари ишончли ҳисобланади.

Ҳадис матнида “би-ғайри туҳурин” деб “туҳур”ни заммалик ўқилди, баъзида “то”ни “фатҳа”лик қилиб, “таҳур” деб ҳам ўқилган. Замма билан келтирилганда, покланиш – таҳорат маъносида бўлади. Ҳақиқий ва ҳукмий таҳоратларнинг ҳар иккисини ўзида қамрайди.

Ҳадис матнидаги “ғулул” нима? Садақа молидан ўғирлашга “ғулул” дейилади. Асли луғатда “ғулул” деб садақа-ғанимат молидан ўғирлашга айтилган. Сўнг ушбу сўзни умумий маънода қўллаб, ҳар бир ўғирликка, яна ҳаромдан касб қилиб топилган мол-дунёга “ғулул” деб ишлатилган. 


Қабули исобат ва қабули ижобат тушунчалари



Қаранг, ҳадисда “ла туқбалу” (“Қабул бўлмайди”) дейилди. Бу ердаги “қабул” деган сўз икки маънода истеъмол қилинади. Қабули исобат ва қабули ижобат бор. Исобат ва ижобат. Қабули исобат нима? Унинг таърифи: 

كون الشئ مستجمعا لجميع الشرائط و الاركان

“Кавн уш-шайъи мустажмиъан ли-жамиъи-ш-шароити ва-л-аркон”. Яъни, бир нарсанинг жами шарт-шароитлари, унга тааллуқли бўлган барча арконлари бажарилса, қабули исобат бўлади. Масалан, таҳорат қилдингиз, кийимингиз пок, жойингиз пок, қиблага юзландингиз – намознинг шартларини бажардингиз; намознинг ҳамма шартларини адо қилиб, намозга қойим бўлдингиз. Бу қабули исобат бўлади. Ният риё бўлса-чи, энди, қабули ижобат бўлмаслиги мумкин. Бу ерда қабули исобат бўлди, қабули ижобат бўлмади. 

Иккинчисини қабули ижобат дедик, сиҳҳатга мутародиф. Бу ерда саҳиҳ бўлаверади, демак, дунёвий эътибордан қабули ижобат бўлган амал зиммадан соқит бўлади. Қабули ижобат бу: 

وقوع الشئ فى حيز مرضات الربّ سبحانه و تعالى

“Вуқуъ уш-шайъи фи ҳаййизи марзоти-р-Робби субҳонаҳу ва таоло”. Яъни, бир нарсанинг Парвардигорнинг розичилиги остида юзага келишидир. Аллоҳнинг розилигига мувофиқ ҳолатда адо этилиши қабули ижобат бўлади. Бу ухровий эътибордан охиратда савоб берилишидир. 

Қуръон ва ҳадисларда “қабул” сўзи мана шу икки маънода ҳам истеъмол қилинган. Масалан:

لا تقبل صلاة الحائض إلا بخمار

"Ла туқбалу солату-л-ҳоизи илла би-химорин"

“Ҳайз кўрадиган аёлнинг намози фақат рўмоли билан қабул бўлади” (Термизий, 2/377; Ҳоким, 1/917; Байҳақий, 2/3071; Аҳмад, 6/25208).

дейилган. Бу дегани сатри аврат бўлгани учун намоз ўқиб бўлмайди, намози қабул эмасдир. Бир шартни амалга оширмади. Дунёвий эътибордан қабул қилинмайди, бу ерда қабули исобат мурод, қабули ижобат эмас. 

Иккинчисига мисол: 

من شرب الخمر لم يقبل له أو لم يتقبل الله له صلاة أربعين صباحا (او ليلة او يوما)

"Ман шариба-л-хамра лам туқбал лаҳу солату арбаъина сабоҳан” (“Кимки ароқ ичса, унга қирқ кун эрталаб (кеч ёки кун) намози қабул қилинмайди”) ҳадисидир (Термизий, 3/1924; Ибн Можжа, 3/3377; Аҳмад, 8/4917; Табароний, 12/13441; Абу Яъло, 11/5686; Баззор, 2/4074). 

Бу ерда нима бўлади? Қабули ижобат. Қабули исобат бўлаверади: кайфи тарқагандан кейин намознинг барча шартларини қилиб, намоз ўқияпти. Шундай ҳолатда у намоз ўқиши шарт, фарз бўлаверади. Намозим қабул бўлмас экан, деб бир марта ароқ ичган одам қирқ кун намози ўқимасдан юрмайди. У намоз ўқиши керак. Бу ерда намози зиммадан соқит бўлади, бироқ, охиратда бунга савоб ололмайди. 


Ҳадисда қабул қайси маънода ишлатилган?



Бир нарсанинг ҳақиқий маъноси бўлади, мажозий маъноси бўлади. “Қабул” деган сўзда у маъно ҳам бор, бу маъно ҳам бор. Биз ўрганаётган ҳадисда маъно ҳақиқийси қайси-ю, мажозийси қайси? Қиёссиз (қаринасиз) бир нарса тушунилса, у ҳақиқий маънода, қиёс (қарина) билан тушинилса, у мажозийдир. Бу ерда ихтилоф бор: 

Ҳофиз Ибн Ҳажар (р.ҳ.) айтганларки, бу ерда қабули ижобат ҳақиқий, исобат эса мажозий маъносидир. 

Шабиҳ Аҳмад Усмоний (р.ҳ.) “Фатҳ ул-мулҳим”да эса исобат ҳақиқий, ижобат эса мажозий маънода, деган қарорга келган. Бу энди Шабиҳ Аҳмад Усмоний (р.ҳ.)нинг ўзининг фикри. 

Ихтилоф бўлди, лекин нафси ҳадисда, ҳадиснинг айнан ўзида қайси маънода? 

Бунга жавобан Ибн Дақиқ ал-Ийд (р.ҳ.) айтган эканларки, бу ердаги қабулдан мурод иккита маъно ўртасида муштарак. Қабули исобат ҳам ирода қилиниши мумкин, қабули ижобат ҳам. Аслида ҳадисда на у маънога ва на бу маънога далолат бор. Шунинг учун бу борада Ибн Дақиқ ал-Ийд (р.ҳ.) бирор фикрни қатъий билдирмасдан жим турамиз, деган экан. 

Лекин, жумҳур уламоларнинг наздида бу ерда қабулдан мурод қабули исобатдир. Энди, бундай дейилса, Шабиҳ Аҳмад Усмоний (р.ҳ.)нинг гапига ҳеч қандай эътироз йўқ. Бироқ, Ибн Ҳажар (р.ҳ.)нинг гапига билдириш мумкин бўлган битта шубҳа бор. Ҳақиқий маъноси эмас, мажозий маъноси истеъмол қилинаётган бўлса, бундай бўлишига қиёс (қарина) қаерда, деган савол пайдо бўлади. Ҳақиқий маъноси нима учун тарк қилинди? 

Бу ерда бир қиёс (қарина) бор. Ушбу қаринага мувофиқ ҳақиқий маъноси тарк қилиниб, унинг мажозий маъноси олинди. 

Бунга сабаб, жумла уммат шунга ижмоъ қилган: намоз таҳоратсиз қабул бўлмайди. Намоз бетаҳорат саҳиҳ бўлмайди. Таҳоратсиз ўқилган намоз эътиборга олинмайди, деган тамоми умматнинг ижмоъси “қабул”дан ҳақиқий маъноси эмас, мажозий маъноси олингани қарина ҳисобланади. 

Лекин, Муҳаммад Тақий ал-Усмоний (р.ҳ.) айтадиларки, Имом Термизий (р.ҳ.)нинг китобидаги тартибидан шу нарса маълум бўлади: “қабул”дан қабули ижобат мурод, қабули исобат эмас. Бу борада Имом Термизий (р.ҳ.) яна бир алоҳида боб ёзган. Бундай зотлар бир нарсани бекорга такрор қилмайдилар. “Бобу мифтоҳ ас-солат ат-туҳуру” ("Намознинг калити покликдир"), деган алоҳида боб бор. Шундан маълум бўлаяптики, бу ерда "қабул"дан мурод қабули ижобатдир, исобат эмас. Чунки, такрор тўғри эмас. “Мифтоҳ ас-солат ат-туҳур”дан эса қабули исобат муроддир. Бу ерда ҳам исобат назарда тутилса, такрори боб лозим келиб қолади. 

Имом Термизий (р.ҳ.) бу биринчи ҳадисида “Иннама-л-аъмолу би-н-нийёт” (“Ниятлар амалга боғлиқдир!”) деб бошламайди. Чунки, бу аҳком ҳадисларга бағишланган китоб-ку! Ана шунинг учун бу ҳадисда қабули исобатни назарда тутган бўлиши ҳам мумкин. 


Ҳадисда қайси намозлар назарда тутилган?



Энди, “Таҳоратсиз намоз қабул бўлмайди”даги намоз “накра” – номаълум бўлиб турибди. Яъни, аниқ бир намоз эмас, балки барча намозлар бунга киради. Мутлақ намоз, қандай намоз бўлишидан қатъи назар таҳоратсиз жоиз бўлмайди. Анваршоҳ Кашмирий (р.ҳ.): “ما رجل فى الدار” (“Ҳовлида ҳеч ким йўқ”) деган гап каби умумийликни ифода қилади, деган. Бирорта кимса ҳовлида йўқ, деганига ўхшаш бирорта намоз таҳоратсиз қабул бўлмайди. Намоз сурати ва моҳияти бор ибодат таҳоратсиз қабул эмас. Бу жумҳур уламоларнинг ва ҳанафийларнинг далилидир. Имом Молик (р.ҳ.)дан бир ривоят: "Таҳоратсиз намоз зиммадан соқит бўлади", деган гап бор экан. Лекин вожиби иъода – қайтариб ўқиш вожиб, деганлар. Зарурат бўлганда ўқилса ҳам, сўнг қайтариб ўқиш вожиб бўлади, дейилади. Имом Молик (р.ҳ.)нинг бу гаплари ҳақиқий таҳорат борасидадир, ҳукмий таҳорат борасида эмас. Кийимда нажосат бўлса, майли, ўқиб қўяверсин. Ҳанафий мазҳабида ҳам шундай, ҳозир суратларини айтамиз. Бироқ, Имом Молик (р.ҳ.)нинг мана шу гапининг зиддига жумҳур уламолар наздида ушбу ҳадис далилдир. 

“Мутлақ намоз ирода қилинади” деган гапдан, демак, барча намозлар киради, деймиз. Саждаи тиловат бор, унда намознинг бир ҳолати бор. Солати жаноза бор. Рукуъ, сажда қилинмаса-да, намоз ҳукмидадир. Намознинг баъзи арконлари бунда мавжуд. Ана ўшаларни бетаҳорат қилса бўладими ёки йўқми? 

Ибн Жарир Табарий (р.ҳ.) ва Омири Шаъбий (р.ҳ.) икковларининг маслагида жаноза намозини таҳоратсиз ҳам жоиз бўлади, дейилган. Бу фикрни Имом Бухорий (р.ҳ.)га ҳам нисбатланган. Лекин, бу тўғри эмас. Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг бир китобларида “Жаноза намозини таҳоратсиз ҳам ўқиса бўлади” деган гап сароҳатан келмаган. Лекин, бир ҳадисдан нотўғри тушунча пайдо бўлган. Бу тушунчани унинг келтирган ҳадисларидан олинган. У киши ўзи амал қилган, мақбул санаган ҳадисларни китобига киритган-ку! Чунки, Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг бир ҳадиси остида “انما هو دعاء كسائر الأدعية” (“Ушбу жаноза намози бошқа дуолар каби дуодир”) деган гаплари ўтган экан. Шундан инсонларда нотўғри тушунча пайдо бўлган. Қолган дуолар бетаҳорат бўлаверармиди, худди шундай жаноза ҳам бетаҳорат бўлади, деган муғолата гап, хато гап ўтган. Бу ерда Имом Бухорий (р.ҳ.) намоз эътиборидан ўхшатаётгани йўқ, балки бир ҳайъати, сурати эътиборидан ўхшатган. Жаноза маййитнинг ҳаққига дуои хайрми? Шу эътибордан ташбеҳ қилди, холос. Қилинадиган ҳаракатлари дуога ташбеҳ қилгани йўқ. 

Бироқ, саждаи тиловат борасида Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг маслаги юқорида тилга олинган ат-Табарий (р.ҳ.) ва Омир аш-Шаъбий (р.ҳ.) мазҳабларига мувофиқ экан. Буларнинг наздида саждаи тиловат таҳоратсиз ҳам бўлади, унга таҳорат шарт эмас. Уларнинг далили Имом Бухорий (р.ҳ.)да бир ҳадис келтирилган экан, Ибн Умар (р.а.)дан таълиқан келган (2/1071 олдидан келган). Бунда ҳадис исноди келтирилган эмас. Унда: يسجد على غير وضوء – “Йасжуду ъала ғайри вузуъин” (“Таҳоратсиз саждаи тиловат қилди”) дейилган. Бу Ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинган гап (асар) бўлиб, шу билан далилланишган. Бунга жавоб шуки, "Саҳиҳи Бухорий"нинг бошқа бир қўлёзма нусхасида: يسجد على غير وضوء – “Йасжуду ъала ғайри вузуъин” (“Таҳоратсиз саждаи тиловат қилди”) нинг ўрнига: يسجد على وضوء – “Йасжуду ъала вузуъин” (“Таҳоратли саждаи тиловат қилди”) деб келтирилган экан. Бу жумҳурнинг фойдасига бир далилдир. 

Имом Термизий (р.ҳ.)нинг биринчи бобининг ўзи ҳам жумҳурнинг фойдасига, уларга эса қарши ҳужжат бўлади. Чунки, саждаи тиловат ҳам бир эътибордан намоз. Чунки, Қуръони каримда сажда гапирилиб, намоз ирода қилинган ўринлар бор. Аллоҳ таолонинг ояти бор: 

وَمِنَ اللَّيْلِ فَاسْجُدْ لَهُ وَسَبِّحْهُ لَيْلاً طَوِيلاً {26}

“Ва мина-л-лайли фа-сжуд лаҳу ва-саббиҳҳу лайлан тавийла!”. 

("Яна кечанинг бир қисмида ҳам У зотга сажда қилинг ва тунда узоқ (бедор бўлиб) У зотга тасбеҳ айтинг!"), (Инсон, 26). 

Бу оятдаги “Ва-сжуд лаҳу” (Унга сажда қилинг!) дан мурод нима? Бу намоздир. Сажда гапирилиб, намоз ирода қилиниши  Қуръонда ҳам ўз аксини топган.


Таҳорат қилишга ҳам, таяммум қилишга ҳам имкон бўлмаган ҳолатда
намозни нима қилади?



Энди, ҳадисдан аҳкомлар ҳам истинбот қилинади, фиқҳий масалалар чиқарилади. Бу ҳадисда икки масала бор экан. “Фоқид ут-туҳурайн”, яъни тупроғи ҳам йўқ, суви ҳам йўқ одам қандай намоз ўқийди? Бу масала мутақаддиминлар даврида юз бериши мумкин бўлмаган нарса эди. Ҳамма жойда чанг бор эди. Ҳозирда эса бунинг юз бериши кўп учрайди. Самолётга чиқиш мумкин, поездга чиқиш мумкин. Ҳамма ёқ топ-тоза, ҳеч қаерда чанг йўқ. Ҳозирда чанг ҳамма нарсанинг душмани-ку! Чанг бўлса, бир ифлослик белгиси бўлиб қолди. Ана шу вақтда кийимларда ҳам чанг-гард йўқ бўлса, нима қилиш керак. Сув йўқ, тупроқ ва чанг йўқ. Бу масалада ихтилоф бор, бир неча фиқҳий қарашлар келтирилган. 

Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) фикрларида бундай одам намоз ўқимайди, кейин қазо қилиб беради. Шарт топилмади-да! 

Имом Аҳмад (р.ҳ.) қарашларида эса ўша пайт намоз ўқийди, бетаҳорат бўлса ҳам. Қазоси эса кейин вожиб эмас, дейди у киши. 

Имом Молик (р.ҳ.) қарашларида бундай киши намоз ўқимайди, на ўша вақтда ва на ундан сўнг намоз ўқиш лозим бўлади. 

Имом Шофиъий (р.ҳ.)дан эса бу борада тўртта фиқҳий қараш ривоят қилинган: 

Бири, Имом Абу Ҳанифа (р.ҳ.)га мувофиқ, ўқимайди, кейин вожиб бўлади. Иккинчиси, Имом Аҳмад (р.ҳ.)га мувофиқ ўша вақт бетаҳорат ўқийди, кейин ўқимайди. Буни Имом Шофиъий (р.ҳ.)нинг шогирдлари Имом Музаний (р.ҳ.) ҳам ихтиёр қилган. Учинчиси, “йусоллий истеҳбобан ва йақзий вужубан” дейилган. Яъни, ўша вақт намоз ўқиса мустаҳаб, бироқ кейин қайтариб ўқиш вожиб бўлади. Тўртинчиси, “йусоллий ва йақзий” – намоз ўқийди, кейин қазо қилиб яна ўқийди. Мана шу охиргиси Имом Шофиъий (р.ҳ.)нинг энг саҳиҳ қавли ҳисобланади. 

Бизнинг имомларимиз нима дейди? Имом Абу Юсуф (р.ҳ.) ва Имом Муҳаммад (р.ҳ.) фикрларида ўша вақтда “ташаббуҳ би-л-мусоллийн” бўлади: ният қилмасдан, намозга кирмасдан, фақат намоз ўқигандек амаллар бажаради, рукуъ, саждасини қилади. Яъни, тупроқ ҳам, сув ҳам топаолмаган бетаҳорат одам намознинг ҳайъатини ихтиёр қилади. Қироат ҳам қилмайди. Кейин эса қазоси вожиб бўлади. Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.)дан ҳам ушбу гапга ружуъси, қайтгани собит бўлган. Ҳанафийларда мана шу гап муфто биҳ – фатво берилган ҳисобланади (Абдулҳайй ал-Лакнавий. Нафъ ул-муфтий ва-с-соил. – Ҳиндистон: Мустафоий, 1304. – Б. 23). 

Фиқҳий эътибордан олиб қаралганда, имомайнлар – Имом Абу Юсуф (р.ҳ.) ва Имом Муҳаммад (р.ҳ.) томонидан ўртага ташланган  ушбу гап энг эътиборлидир. Шариатда бунга ўхшаш амаллар бор. Бир амални бузиб қўйса, муташаббиҳ бўлиб – ўзини ибодат қилаётгандек қилиб кетаверади. Масалан, ҳажда ҳажни бузиб қўйди. Ҳажни бузиб қўйган одам нима қилиши керак? Давом этаверади, лекин ҳажидан ҳисоб бўлмайди. Кейинги йили қазо қилади. Ҳожиларга ўхшаш бўлиб юраверади. Ҳожилар нима амални қилса, ўшани бажаради, лекин зиммадан соқит бўлмайди. Шунингдек, масалан бир бола рамазонда болиғ бўлиб қоладиган бўлса ёки ҳайз кўраётган аёлнинг ҳайзи кун ўртасида тўхтаса ёхуд сафардан келган мусофир муқим кун ўртасида юртига келса, “муташаббиҳ би-с-сойим” кайфиятида кечгача рўзадорларга ўхшаб юришни ихтиёр қиладилар. Шунинг учун шариатда бунга ўхшаш масалалар бўлгани боис “муташаббиҳ би-с-солат” бўлишини авло деймиз.


Намоз ўртасида таҳорат синса, нима қилади?



Энди, иккинчи фиқҳий масала – бино масаласидир. Намозга киришган одам намознинг ўртасида таҳорати синиб қолса, нима қилади? 

Агар намоз ўқиб турганида таҳоратини қасддан синдирса, намознинг бузилишига шак-шубҳа йўқ. Шунингдек, маҳсининг муддати тугаб қолса, соҳиби узрнинг узри тўхтаб қолса ҳам таҳорат синган бўлади, бу намозни бошидан қайта ўқийди. Уламолар ўртасида бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Бироқ, беихтиёр таҳорат синса, масалан, бурни қонаб кетса, нима бўлади? 

Бу масала фақат бизда бор, ҳа! У одам таҳорат қилиб келиб, ўша намозини давом қилаверади. Ҳанафийларда намоз ўртасида таҳорати синиб қолган одам бориб таҳорат қилиб келиб, сўнг намозини қолган еридан давом қилдириб тугатса бўлади (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 17-18). Намози тўғри бўлаверади, буни “лоҳиқ” ҳам дейилади. 

Бошқа жумҳур уламолар наздида бу сурат – намоз ўртасида таҳорати синиб қолган кимса бориб таҳорат қилиб келиб, намозни келган жойидан бошлаши жоиз эмас. Ибн Ҳажар (р.ҳ.) биз ўрганаётган ушбу ҳадисни ҳанафийларга қарши далил сифатида келтиради. Ўртада таҳоратсиз бўлиб қолди-ку, ўша билан “намоз қабул бўлмайди”, деб далил қилади. Ҳанафийлар таҳоратсиз юрган вақтини намоз деб ҳисоблайдилар. У бундай намозни дуруст эмас, дейди ва бу фикрни ҳанафийлар зиддига ҳужжат санайди. Ҳанафийлар унга жавоб берадилар: 

Биз жавоб берамизки, ўша таҳоратсиз юргани, таҳоратхонага боргани, таҳорат қилиб қайтиб келгани намознинг жузъи эмас. Агар намознинг бўлаги бўлса, у қайтиб келиб имомнинг келган жойидан қўшилиб, давом эттириб намозни тугатиб қўймайди-ку?! Бир-икки фавт бўлган, қолдирилган ракъатларни ҳам ўқийди-ку?! Демак, ўша муддат намознинг бўлаги эмас экан. 

Бироқ, бу гапимизга эътироз бўлади: намоз бўлмайдиган бўлса, намоздан чиқиб кетган бўлади, деган савол берилади. Намоздан чиқиб кетгандан сўнг намози бузилган бўлиши керак. Бориш-келиш намознинг бўлаги бўлмаса, "амали касир" ("кўп иш") бажарган бўлади. "Амали касир" билан намоз бузилади. "Амали касир" намознинг ўртасида бўлса, намозни фосид қилади. Агар ўша муддат намоз бўлмайдиган бўлса, гапириш ҳам жоиз бўлиши керак. Биз эса гапиришни жоиз эмас, деймиз. Бу эътирозга ҳанафийлар бундай жавоб беради: 

Бу ердаги "амали касир" билан намознинг бузилмаслиги, гапиришнинг ман қилингани хилофи қиёсдир, раъйга ва ақлга хилофдир. Қиёсга кўра "амали касир"да намоз бузилиши керак эди, гапириш ҳам мумкин бўларди. Лекин, ҳанафийлар ҳукми борасида ҳадис ворид бўлган. Биз нима қилайлик, бу борада ҳадиси шариф бор. Қиёс ва раъй тўғри, бироқ ҳадис бўлса, унга амал қилиш керак бўлади, бундай ҳолатларда ҳанафийлар ҳамма вақт раъйга эмас, ҳадисга суянганлар. Ҳанафийларнинг бу ҳукми қиёс ва раъйга хилоф қилиб бўлса ҳам ҳадисга амал қилинди. Ибн Можжа (р.ҳ.)да бир ҳадис бор, Абдурраззоқ (р.ҳ.)да ҳам бор. Булар Ойша (р.а.)дан, Дорақутний (р.ҳ.) эса Абу Саид Худрий (р.а.)дан ва Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилганлар.


Ҳанафийлар раъйга эмас, ҳадисга амал қилганлар



Гарчи ҳанафийларни, хусусан, ушбу мазҳаб муассиси Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.)ни раъйга амал қиладилар, ҳанафийлар асҳоби раъй деб таъна қилсалар ҳам, аслида ҳолат бундай эмаслигини биз ўрганаётган масала ҳам яққол исботлайди. Шуни доим ёдда сақлаш керакки, ҳанафийлар ҳадис бор жойда, гарчи у заиф ҳадис бўлса-да, ўз раъй ва қиёсларини қўйиб, ҳадисга амал қилганлар. Бу ҳолатда раъй ва қиёсни муқаддам қилган эмаслар, балки ҳадисни қўллаб-қувватлаганлар.

Шундай қилиб, ҳанафийлар намоз ичида беихтиёр таҳорат синиб қолса, ҳеч нарса гапирмасдан бориб таҳорат қилиб, қайтиб келиб намозини келган жойидан давоб эттириб тугатишини мумкин, деб фатво берганлар. Бошқа мазҳаблар аҳли эса бу борада қиёс ва мантиққа суяниб, таҳорат синганидан кейин намоз ҳам ўз-ўзидан бузилиб кетади, деган қарорга келганлар. Ҳанафийлар бу қарорга қўшилмаганларининг сабаби ушбу қарорнинг зиддига ўз фикрларини қувватлайдиган ҳадислар борлигидир:    

من اصابه قئ او رعاف او فصد او مذى فلينصرف و ليتوضأ ثم يبن على صلاته و هو فى ذلك لا يتكلم 

“Кимгаки қайт ёки бурун қонаш ёки бадани қонаш ёки мазий етса, борсин ва таҳорат қилсин, сўнг намозини бино қилсин – келган жойидан бошласин. У бунда гапирмасин!” (Ибн Можжа, 1/1221).

Имом Абдурраззоқ (р.ҳ.) уни бу тарзда зикр қилган:

 إذا رعف أحدكم في الصلاة أو ذرعه القيء فإن كان قلسا يغسله أو وجد مذيا فلينصرف فليتوضأ ثم يرجع إلى ما بقي من صلاته ولا يستقبلها جديدا وهو مع ذلك لا يتكلم حتى يرجع إلى ما بقي من صلاته

"Қачон намозда сизлардан бирингизнинг бурни қонаса ёки унга қайт ғолиб келса, агар оғзига келиб қайтса, уни ювиб қўяверади ёки мазий топса, бориб, таҳорат олсин. Сўнгра намозининг қолган жойига қайтсин, янгидан бошламай қўяқолсин. Шу билан бирга у то намозининг қолган жойига қайтиб келгунча гапирмасин!" (Абдурраззоқ, 2/3618).

Имом Байҳақий (р.ҳ.) уни бу тарзда зикр қилган:

إذا قاء أحدكم أو قلس أو وجد مذيا وهو في الصلاة فلينصرف فليتوضأ وليرجع فليبن على صلاته ما لم يتكلم

"Қачон сизлардан бирингиз намозда турган ҳолда қайт қилса, ёки қайти оғзига келса ёки мазий топса, борсин-да таҳорат олсин ва модомики гапирмаса, қайтиб келиб намозини бино қилсин!" (Байҳақий, 1/653; Дорақутний, 1/581).

إذا قاء أحدكم في صلاته أو قلس فلينصرف فليتوضأ ثم ليبن على ما مضى من صلاته ما لم يتكلم قال بن جريج فإن تكلم استأنف

"Қачон сизлардан бирингиз намозида қайт қилса ёки оғзига қайт келса, борсин-да таҳорат қилсин. Сўнгра модомики гапирмаса намозидан ўтиб кетганини бино қилсин". Ибн Журайж айтади: "Бас, агар гапирса, намозни бошидан бошлайди" (Байҳақий, 2/3198).

Бу ҳадислар ҳанафийларнинг манфаатига ҳужжат бўлди. Биз ҳадисни келтирдик, ҳадис билан қутилиб кетмоқчи эдик, улар: “Бу келтирган ҳадисингиз заиф”, дейдилар. Чунки, Ибн Можжа (р.ҳ.)нинг Ойша онамиз (р.а.) ҳадиси ровийлари ичида Исмоил ибн Айёшнинг Ибн Журайждан олган ривояти келган. Унинг шомийлардан бошқалардан олган ривоятлари мақбул эмас экан, Ибн Журайж эса шомий эмас. Фақат шомликлардан келтирган ривоятлари мақбул. Ибн Журайж ҳижозийдир. Абдурраззоқ (р.ҳ.)нинг ривоятида Сулаймон ибн Арқам бор. У матрукдир. Дорақутнийда эса Абу Бакр Зоҳирий бор. У ҳам заиф ровийдир. Ибн Аббос (р.а.)дан бўлган ривоятда эса Амр ибн Рабоҳ деган ровий ҳам заиф. Шунинг учун бу ҳадис қобили эътимод эмас, далил олишга ярамайди, дейишган. Уларнинг бу гапига учта жавоб бор:

Биринчи жавоб, ҳамманинг хаёлига келган жавобдир: ҳадис ҳар хил тариқдан келди. Бундай турли йўл билан келган ҳадис заиф бўлса ҳам ҳасан ли-ғайриҳи даражасига кўтарилади. Ҳасан ли-ғайриҳи ҳадис билан далилланиш дуруст. 

Иккинчи жавоб шуки, мавқуф келтирилган ҳадисларни заиф дедилар. Лекин, Абдурраззоқ (р.ҳ.), Дорақутний (р.ҳ.) ва Ибн Абу Ҳотим (р.ҳ.)да ҳам “Илал ал-ҳадис” китобларида бу ҳадис Ибн Абу Мулайка (р.а.) – саҳоба бу киши – ундан мурсал ҳам ривоят қилинган (Ибн Абу Ҳотим. Илал ал-ҳадис, 1/512). Ибн Абу Мулайка (р.а.)дан қилинган бу ҳадис саҳиҳдир. Мурсал ҳадис саҳиҳ бўлса, у билан ҳужжатланиш мумкин. 

Учинчи жавоб шуки, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилинган бу ҳадиснинг марфуъсида заифлик бўлса ҳам, лекин айни ҳадиснинг маъноси аксар саҳобалардан ҳам ривоят қилинган. Мавқуфан саҳобаи киромлардан шу ҳадиснинг мазмуни келтирилган. Чунончи, Дорақутний (р.ҳ.) томонидан Али (р.а.)дан нақл қилинган. 

إذا وجد أحدكم في بطنه رزءا أو قيئا أو رعافا فلينصرف فليتوضأ ثم ليبن على صلاته ما لم يتكلم

“Қачон сизлардан бирингиз қорнида офат топса ёки қайт ёхуд бурун қонашини топса, бориб таҳорат қилсин. Сўнгра модомики гапирмаган бўлса, таҳоратини бино қилсин!” (Дорақутний, 1/21; Ибн Абу Шайба, 2/5955). 

Шу ҳадис келтирилган. Бошқа саҳобалардан ҳам айни ҳадиснинг мазмуни мавқуфан ривоят қилинган. Жумладан, Ибн Умар (р.а.) ҳам бундай деган:

مَنْ رَعَفَ فِي صَلاَتِهِ فَلْيَنْصَرِفْ فَلْيَتَوَضَّأْ ، فَإِنْ لَمْ يَتَكَلَّمْ بَنَى عَلَى صَلاَتِهِ ، وَإِنْ تَكَلَّمَ اسْتَأْنَفَ الصَّلاَةَ

"Кимки намозида бурни қонаса, борсин-да таҳорат олсин. Бас, агар гапирмаган бўлса, намозини бино қилади. Агар гапирган бўлса, намозни қайта ўқийди" (Ибн Абу Шайба, 2/5953).

Саҳоба Салмон ал-Форсий (р.а.) ҳам шу мазмундаги гапни айтган:

إِذَا أَحْدَثَ أَحَدُكُمْ فِي الصَّلاَةِ فَلْيَنْصَرِفْ غَيْرَ وَاعٍ لِصُنْعِهِ فَلْيَتَوَضَّأْ ، ثُمَّ لْيَعُدْ فِي آيَتِهِ الَّتِي كَانَ يَقْرَأُ

"Қачон сизлардан бирингизга намозда ҳадас етса, ўз ишидан чалғимасдан таҳорат олсин. Сўнг ўқиётган оятидан қайта бошласин!" (Абдурраззоқ, 2/3608; Ибн Абу Шайба, 2/5954).

Юқоридаги мазмундаги гап ва ишлар тобеъинларнинг улуғларидан ҳам содир бўлганлиги Ибн Абу Шайба (р.ҳ.) ривоятларидан маълум бўлади.

Шунинг учун юқоридаги ҳадис ҳасан ли-ғайриҳи даражасига чиқди. Уни қувватлайдиган шоҳидлари келди. Бу далилланишга лойиқ, деймиз. 

Энди, Ҳазрати Али (р.а.) ва бошқа саҳобаларнинг юқоридаги гапларига келсак, саҳобадан бу хилда гап айтилса,  унинг маъноси“ғайри мудрак би-л-қиёс” бўлса, ушбу мавқуф ҳадис марфуъга ҳукм қилинади. “Ғайри мудрак би-л-қиёс” шундай нарсаки, саҳобадан ривоят қилинган нарса қиёс билан, ақл билан билинадиган нарса бўлмайди. Ўша марфуъга ҳукм қилинади. Бу ерда ҳам худди шундай, деймиз. Чунки, саҳобаларнинг бу хилда намоз тамоман бузилиши мумкин бўлиб турган жойда янгидан намоз ўқишга буюрмасдан, таҳорат қилиб келиб, келган жойидан намозни давом қилдиришга буюришлари айни ҳукмни Расулуллоҳ (с.а.в.)дан аниқ эшитиб олганини билдиради. Акс ҳолда, тақводор саҳобалар бу хилда ҳукм қилмаган бўлардилар. Марфуъ бўлгани билан, бу ҳадислар саҳиҳ ҳисобланади. Бу гувоҳликка ярайди, деймиз.

Шунинг учун ҳанафийларнинг барча фиқҳий манбаларида намоз ичида таҳорати бузилиб қолса, гапириб юбормасдан, бошқа ишларга чалғиб қолмасдан таҳоратхонага бориб, таҳорат олиб келиб, намозини келган жойидан давом қилдириши мумкинлиги борасида алоҳида фасллар берилган. Шу билан бирга намозни қайтадан, бошдан бошлаб ўқиш афзал ҳисобланади.  


Охирги гап: ҳаромдан садақа қабул қилинмаслиги ҳақида



Биз шарҳ қилаётган ҳадиси шарифнинг охирги жумласи: “Ҳаром мол-дунёдан қилинган садақа қабул қилинмайди” деган мазмундадир. Ҳадис матнида келтирилган “ғулул” сўзи садақа ва ғанимат молидан ўғирлашга айтилади. Буни мутлақан омонатга хиёнат қилиш, деб истеъмол қилинган. Баъзи ҳанафийларнинг фикрича, “ғулул” деб ношаръий йўл билан топилган мол-мулкка айтилар экан. Демак, ношаръий йўл билан топилган садақа қабул бўлмайди. 

Агар бу ерда “қабул”дан қабули исобат мурод бўладиган бўлса, агар ношаръий топилган молнинг эгаси таъйин бўлса, маълум бўлса, ўша садақа қабул бўлмайди. Бировнинг молини еди, ўша одам бор, уни билади. Қабули исобат бўлса, ўшани садақа қилиш дунёвий эътибордан жоиз бўлмайди. Бу ерда молни асл моликка – эгасига қайтариш вожиб бўлади. 

Агар бу ерда “қабул”дан қабули ижобат ирода қилинса, эгаси номаълум бўлган сурат ҳам кириб кетади. Чунки, бу ҳолатларда савоб бўлмайди. 

Қисқаси, ўша молни эгаси садақа қилади, садақа қилвориш вожиб, лекин ўзи учун савобни умид қилмайди. Бу ерда фақат фароғи зиммани – зиммасидан соқит қилишни кўзлаши керак бўлади, холос. Зиммамдан мана шу соқит бўлсин, дейди. Абу Ҳанифа (р.ҳ.) мазҳаблари мана шудир. У зотдан: “Сиз бу ҳукмни қаердан олдингиз?” дейилган. Эгаси номаълум бўлган молни ҳам садақа қилишни қаердан олдингиз, дейилганда, Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.): “Осим ибн Кулайб ҳадисидан олдим”, деган эканлар. Бу ҳадис муҳаддислар томонидан ривоят қилинган (Дорақутний, 4/4824; Табароний, "ал-Мўъжам ал-авсат", 2/1602; Аҳмад, 5/22562; Таҳовий, 4/6408): 

Бир аёл Пайғамбар (а.с.)ни даъват қилган, уйига чақирган экан. Гўшт олиб келтирилган. Гўшт ейиш чоғида Пайғамбар (а.с.)га маълум бўлибди: бу гўшт эгасининг ижозатисиз қўлга киритилган экан. Бу таҳқиқ қилинганда, ўша аёл айтибдики, мен қўйни сотиб олиб келиш учун одаб юборган, жўнатган эдим. Лекин қўй топилмади. Қўшнимнинг аёлидан, унинг қўйини сотиб олдим. Қўшнининг ўзидан розилик олинмади, эри буни билмаган. Шунда Пайғамбар (а.с.) ўша қўйни фалончи-фалончиларга садақа қилиб юборинг, деган эканлар. “Атъимуҳа ал-усаро!” – “Уни асирларга едиринглар!” деганлар. Лекин ўзлари емаганлар. 

Мана шу ҳадисдан “розиликсиз олинган бировнинг мулки ҳаром, уни садақа қилиш эса вожиб” бўлиши билинади. Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) шу ҳадисдан бу ҳукмни чиқарганлар. 

Садақа вақтида фароғи зиммани – зиммасидан соқит қилишни ният қилади, дейилди, савоб умид қилмайди, дейилди. Бироқ, баъзи уламолар савоб умид қилиш мумкинлигини ҳам айтишган. Ана шу ҳаром йўл билан топилган мол-дунёни садақа қилишликка Парвардигорнинг буйруғи, Пайғамбар (а.с.) шунга буюрганлар, амрга итоат қилиш савоби бор, деганлар. Садақа қилишнинг ўзининг савоби бўлмайди, балки бу ерда итоат қилишнинг савоби бор. 


Мақолага кичик хулоса



Намознинг шарти ва фарзларидан бири таҳоратдир. Таҳорати мукаммал бўлмаган инсоннинг намози қабул бўлиши даргумон. Шунинг учун таҳорат борасидаги фиқҳий қонун-қоидаларни ва ҳукмларни билиб амал қилиш даркор. Ҳанафийлар фиқҳнинг барча қирралари каби ушбу соҳада ҳам ўзларининг далил ва мустаҳкам мантиққа асосланган сўзларини айта олганлар. "Таҳоратсиз намоз қабул бўлмайди" ҳақдисининг шарҳида ҳанафий олимлар жуда катта илмий изланишлар олиб борганлар.        

Демак, таҳоратсиз намоз қабул бўлмайди.


Ҳамидуллоҳ Беруний



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ЖУМАНИНГ ФАЗЛИ ВА ФАРЗЛИГИ ҲАҚИДА Аллоҳ жалла шаънуҳу .Эй, иймон келтирганлар Қачон Жума куни намозга нидо қилинса, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тарк давоми...

47962 05:00 / 04.01.2017
Намоз ўқиш олдидан кийимларни, намоз ўқиш жойларини нажосатифлосликлардан тозалаш, баданни ғусл, таҳорат ёки таяммум кабилар билан поклаш намознинг асосий давоми...

18355 05:00 / 09.01.2017
17Матн Агар қиёмга турсалар такбир айтардилар ва сажда қилардилар. Бунда қўлларини кўтармас эдилар.17Матннинг далиллари۱ quot quot1. Жобир ибн Самура давоми...

3647 05:00 / 09.01.2017
Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ғусл қилгани сув қўйдим. Бас, у зот икки қўлларини икки ёки уч марта давоми...

5784 05:00 / 09.01.2017