1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

НАМОЗДАН КЕЙИНГИ ЖАМОЪИЙ ДУО

05:00 / 04.01.2017 5224 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намоздан кейин имом қавмга қараб ўтириб, жамоат ўлароқ зикрларни айтиб, сўнгра қўлларини кўтариб дуо қилишлари, қавмнинг имомнинг дуосига омийн, омийн, деб туриши ҳақида саволлар кўп. Авваллари бу масалада ҳеч гап кўтарилмас эди. Аммо кейинги пайтда турли сабабларга кўра саволлар кўпайди.


Аслида бу масала аллақачон ҳал бўлган, муҳаддислар ўз китобларида бу борадаги ҳадисларни ривоят қилган ва фуқаҳолар ўз китобларида уни яхшилаб таҳлил қилиб ечиб берган эдилар.

Аммо баъзи одамлар бу масалани яна қайта кўтариб одамларнинг хаёли паришон бўлишига сабаб бўлдилар. Аслида эса, эски гапни яна қайта қўзғадилар.

Начора, модомики ўзи билмаган нарсани ин-кор қиладиганлар бўлар экан, қайта-қайта овора бўлишдан бошимиз чиқмайди.

Шунинг учун муҳтарам китобхонга қисқача баёнот беришни лозим кўрдик.

Аввало, бу масалада алоҳида рисолалар ёзган уламолар ҳам бўлганини айтиб қўймоқчимиз.

Мисол учун, Махдум Муҳаммад Ҳошим ат-Таттавий ас-Синдийнинг «Мухтасари ат-Туҳфатул Марғуба фии афзалияти ад-Дуои баъдал Мактуба» («Фарз намозидан кейинги дуонинг афзаллиги ҳақида марғуб туҳфа мухтасари») китобини келтиришимиз мумкин.

Бу китобда муаллиф фарз намозидан кейин қўлни кўтариб дуо қилиш, жамоат бўлиб дуо қилиш ва омийн, омийн деб туриш ҳақидаги кўплаб ҳадисларни келтирган.

Биз ўзимизга жуда керакли биргина иқтибос келтириш билан кифояланамиз:

«Агар бизга «Шайх Абдул Ҳақ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳи «ас-Сиротул Мустақийм»га қилган шарҳида: «Араб ва ажам юртларида одат бўлиб қолган саломдан кейин имом ва қавмнинг тўпланиб дуо қилишлари, имомлар дуо қилиб, қавмнинг омийн деб туриши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларидан эмас, бу ҳакда бирорта ҳадис келмаган, бу нарса мустаҳаб саналган бидъатдир», деган, бунга қандай жавоб берилади?» дейилса, бундай жавоб берамиз:

«Мифтаҳус Солат»нинг соҳиби аллома Фатҳ Муҳаммад ибн шайх Ийсо аш-Шиторий «Футу-ҳул Аврод» деб номланган китобида қуйидагиларни айтган:

«Албатта, шайх Абдул Ҳақ олти саҳиҳ ҳадис китобларида ва бошқа китобларда намоздан кейин қилинадиган дуолар ҳақидаги ҳадисларни кўрмагани учун бу ишни бидъат деб айтган.

Агар шайх Абдул Ҳақ намоздан кейин дуо қилиш аслида бидъат деган гапни ирода қилган бўлса, шубҳасиз, унинг гапи нотўғри. Чунки биз ривоят қилган фарз намозидан кейинги дуолар ҳақидаги ривоятларнинг ҳаммаси бу гапни рад қилади.

Агар шайх Абдул Ҳақ намоздан кейин икки қўлни кўтариб, иқтидо қилувчиларнинг омийн, омийн, деб туриши шаклидаги дуони бидъат деган бўлса, бу гапи ҳам нотўғри. Чунки, дуода икки қўлни кўтариш суннатдир, дуонинг охирида икки қўлниг юзга суртиш ҳам дуонинг суннатидир, эшитувчиларнинг омийн, омийн, деб туришлари ҳам дуонинг суннатларидан.

Агар бу ишларнинг ҳаммаси мустаҳаб суннатлардан бўладиган бўлса, суннат нарсалардан таркиб топган иш нима учун бидъат бўлар экан?! Бу ишни бидъат дейиш мутлақо нотўғридир».

Кейин муаллиф мазкур уч суннат амалнинг ҳар бирига ўнлаб ҳадисларни далил қилиб келтиради.


ЖАМОАТ ИЛА ДУО ҚИЛИШ


Ҳайъатга жаноб Фаҳддан қуйидаги савол тақдим этилди: «Баъзи одамлар Аллоҳга жамоат бўлиб дуо қиладилар. Мажлислардан бирида буни кўриб, ҳайратландим ва ўша кишидан бу шариатда бор-ми, деб сўрадим. У менга бунинг шариатда борлигини ифода қиладиган ҳадисни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир қавм жамланса ва баъзиси дуо қилсаг қолганлари омийн деса, албатта, Аллоҳ уларни ижобат қилади», деган эканлар.

Бу жамоъий дуо масжиддаги ҳар бир дарс ёки мавъизадан кейин бўлар экан. Доимо шундай қилишар экан. Мен бошқа жойларда бундай дуони бидъат деб эшитган эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинмаган экан.

Мен ҳалиги одамга бу иш, яъни бир имом дуо қилиб, қолганлари унинг дуосига омийн, деб туриши бидъат эканини айтган эдим, у ўз фикрига таассуб қилди ва менга қараб ҳам қўймади. Ушбу саволга жавоб беришингизни умид қиламан. Ташаккурлар бўлсин!»

Ҳайъат қуйидаги жавобни берди: «Истисқо ва қунутда жамоъий дуо қилиш шариатда борлигига ҳамма иттифоқ қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши қавмга имомлик қилиб, уларни қўйиб, хос ўзига дуо қилмасин. Агар буни қилса, уларга хиёнат қилган бўлади», деганлар. Термизий ва бошқалар ривоят қилишган. Ибн Асир: «Бу бир киши дуо қилиб турганида бошқалар омийн деб туришидир. Қунутдагига ўхшаб, деган. Ибн Таймия ҳам шунга ўхшаш гапни айтган. («Шарҳул мунтаҳа». 1/1995)

Жамоъий дуо зикр қилинган ҳолатлардан умумийроқ жойларда ҳам шаръийдир. Ҳофиз «Фатҳ»да Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қачон қори «омийн» деса, сиз ҳам «омийн» денг. Чунки фаришталар «омийн» дейдилар» ҳадисининг шарҳида: «Қоридан мурод намоздаги имомдир. Қоридан мурод ундан ҳам умумийроқ бўлиши эҳтимоли бор», деган.

Бу ишга (жамоат бўлиб дуо қилишга) Ҳоким саҳиҳ иснод билан ва Тобароний Ҳабиб ибн Маслама ал-Феҳрий розияллоҳу анҳудан қилган ривоят ҳам далилдир. У киши дуоси қабул бўладиган одамлардан эди. Бир аскарга амир бўлиб борди. Душманга йўлиққанларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бир қавм жамланса, баъзиси дуо қилса ва қолганлари омийн деса, албат-та, Аллоҳ уларни ижобат қилади» деганларини эшитган эдим», деди. Кейин Аллоҳга ҳамду сано айтиб туриб: «Аллоҳим! Қонларимизни сақлагин. Ажрларимизни шаҳидларнинг ажрларидек қилгин» дея дуо қилиб турган эди, душманнинг амири (таслим бўлиб) Ҳабибнинг чодирига кириб келди.

Ал-Баҳутий Кашфул қиноъ (1/367)да қуйидагиларни айтади:

«Имом бомдод ва асрдан кейин ўша пайтда фаришталар ҳозир бўлиши эътиборидан дуо қилади. Қавм «омийн» деб туради. Шунда ижобатга яқин бўлади. Шунингдек, мазкур иккисидан бошқа намозларда ҳам дуо қилади. Чунки фарз намозидан кейинги пайт дуо қабул бўладиган вақтлардандир».

Бас, жамоат бўлиб дуо қилиш мустаҳабдир. Бидъат эмас. Аммо уни суннат деб билинмайди. «Мажмуъатул фатавои шаръийя». 7-жуз. 45 — 46-бет.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ғусл қилгани сув қўйдим. Бас, у зот икки қўлларини икки ёки уч марта давоми...

5781 05:00 / 09.01.2017
Баъзи оталар фарзандимнинг дўстлари .Намоз ўқимайди, деб шикоят қилади. Шу туфайли болам намозга дангаса бўлиб қолишига туртки бўляпди. Бола масжидга деб чиқиб, давоми...

1981 16:00 / 16.01.2023
Оталардан бири айтади .Бир куни ўғлим намозга дангасалик қилди. Уни урмоқчи бўлдим. У ўзидан ўзи менга қараб .Эй ота Ҳали мен ўн ёшга тўлмаган бўлсам ҳам мени давоми...

3168 14:00 / 12.03.2022
ФАРЗ НАМОЗЛАРИНИНГ СУННАТЛАРИБу намозларни, нафл, татоввуъ, мандуб, ротиб намозлари ҳам дейилади. Бизда фарз намозларга тобеъ бўлганларини суннат, бошқаларини давоми...

17683 05:00 / 04.01.2017