1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Истинжо

05:00 / 04.01.2017 21804 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Истинжо» луғатда ахлат кетказишдир.


Фуқаҳолар истилоҳида эса нажосатни сув ва унга ўхшаш нарса ила кетказиш ёки тошга ўхшаш нарса ила артишга истинжо дейилади.

Уйқу ва елдан бошқа ҳар бир таҳоратни кетказувчи нарсадан тошга ўхшаш нарса ила истинжо қилмоқ суннатдир. Суяк, тезак ва ўнг қўл билан эмас. Сўнг уни ювмоқ одобдир. Агар у махраждан бир дирҳамдан кўпроқ тарқалган бўлса, ундан истинжо қилмоқ вожибдир.

Қўлини ювгандан кейин уни бармоқларининг ич тарафи ила махражини муболаға ила бўшаштирган ҳолда ювади. Кейин қўлни ювади. Халода қиблага қарамоқ ёки ортини қилмоқ макруҳдир.

Бу сарлавҳа остида келган маълумотларни хало одоблари десак ҳам хато қилмаган бўламиз. Ҳар бир кишининг кундалик ҳаётида бир неча бор такрорланиб турадиган бу муҳим амалга шариатда катта эътибор берилган. Бугунги кунда шахсий озодалик деб номланаётган ишни ислом қадимдан ўта тартиб ила йўлга қўйгандир. Келинг, ўша маълумотларни ўрганишга киришайлик.

Уйқу ва елдан бошқа ҳар бир таҳоратни кетказувчи нарсадан тошга ўхшаш нарса ила истинжо қилмоқ суннатдир.

Уйқу ва елга ўхшаш хушидан кетиш, жиннилик, мастлик каби таҳоратни кетказувчи нарсалардан ҳам истинжо қилинмайди. Қолганларидан, агар нажас бир дирҳам миқдоридан кам бўлса, истинжо қилиш суннатдир. Кўпчилик уламолар истинжо қилиш эркаку аёлларга суннати муаккададир, деганлар.

Чунки Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассалом бу ишни доимо қилганлар.

Имом Абу Довуд, Ибн Можа ва Аҳмадлар Абу Ҳурайра р-у.дан қилган ривоятда Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассалом:

«Ким тош ила истинжо қилса, тоқ қилсин. Ким шундоқ қилса, яхши. Ким қилмаса, танглик (гуноҳ) йўқ», деганлар.

Суяк, тезак ва ўнг қўл билан эмас.

Бу ҳукмни фуқаҳолар қуйидаги шаръий далиллардан олганлар.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатларига чиқувдилар, ортларидан бордим. Одатда у киши ортларига қарамас эдилар. У кишига яқинлашувдим:

«Менга тошлардан олиб кел, улар билан истинжо қиламан, (ёки шунга ўхшашроқ, гап айтдилар) суяк ёки тезак олиб келма», дедилар. Кийимимнинг этагига тош солиб келтириб, ёнларига қўйдим ва ўгирилиб кетдим. У киши қазои ҳожат қилиб бўлиб, уларни ишлатдилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шунингдек, бу икки нарсанинг хусусиятларига эга бўлган нарсалар билан ҳам истинжо қилиб бўлмайди. Суяк-таом чиқиндиси, тезак-ҳайвон чиқиндиси ҳисобланиши эътиборидан шу гап айтилган. Баъзи уламолар таом, кўмир, шиша, латта, дарахт баргига ўхшаш нарсалар билан истинжо қилиш ҳам макруҳ, деганлар.

Шундоқ бўлганидан кейин фойдали нарсалар билан истинжо қилиб бўлмаслиги ўз-ўзидан маълум бўлади.

Баъзи қадимги уламоларимиз, қоғоз билан истинжо қилиш макруҳ, деганлар. Чунки уларнинг вақтида қоғоз камёб бўлган. Ҳозир ҳам фойдаланадиган қоғоз билан, хусусан, ёзуви бор қоғоз билан истинжо қилишга рухсат берилмаган. Аммо истинжо учун алоҳида тайёрланган қоғоз билан истинжо қилишга ҳамма уламолар рухсат берганлар. Чунки бу шу мақсад учун махсус тайёрланган нарсадир.


Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У кишига: «Пайғамбарингиз сизларга ҳамма нарсани, ҳатто, қандоқ бўшанишни ҳам таълим берди», дейилди.

Бас, у киши:

«Тўғри. Батаҳқиқ, у зот бизни қазои ҳожат қилганимизда ёки сийганимизда қиблага қарамоғимиздан, ўнг қўл билан истинжо қилмоғимиздан ёки учтадан кам тош билан истинжо қилмоғимиздан ёки чиқинди ва суяк билан истинжо қилмоғимиздан наҳий қилганлар», деди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Сўнг уни ювмоқлик одобдир.

Ибн Можа, ал-Ҳоким ва Байҳақийлар Анас ибн Молик р-у.дан ривоят қиладилар:

«Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор» ояти нозил бўлганда Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассалом:

«Эй Ансорийлар жамоаси! Аллоҳ сизларни покликда мақтади. Сизнинг поклигингиз нимадир?» дедилар.

«Намозга таҳорат қиламиз. Жанобатдан ғусл қиламиз. Сув ила истинжо қиламиз», дейишди.

«Мана шунингиз! Уни маҳкам тутингиз!» дедилар».

Агар у махраждан бир дирҳамдан кўпроқ тарқаган бўлса ундан истинжо қилмоқ вожибдир.

Чунки, бир дирҳам афв қилинган миқдордир. Ундан зиёдини покланиш, албатта, вожиб бўлади.

Қўлини ювгандан кейин уни бармоқларининг ич тарафи ила махражини муболаға ила бўшаштирган ҳолда ювади.

Махражидаги нажасни ювишдан олдин қўлни ювиш унинг тозаланиш асбоби бўлганидандир. Махражини бўшаштириш ила унинг барча ерларидаги нажасотни ювишни осонлаштирилади.

Кейин қўлни ювади.

Шунда қўлига теккан нажосат ва ноқулай ҳидлар кетади.

Халода қиблага қарамоқ ёки ортини қилмоқ макруҳдир.

Охирги жумладаги ҳукмни фуқаҳоларимиз қуйидаги ва шунга ўхшаш бошқа далиллардан олганлар.


Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки, бирортангиз қозои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин ва унга ортини ҳам ўгирмасин. Шарққа ёки ғарбга қаранглар», дедилар».

Ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида:

«Мен сизларга худди отанинг ўрнидаман, сизларга таълим бераман. Қачонки, бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин», дедилар.

Демак, қазои ҳожат қилаётган одам қиблага қараб ҳам, қиблага ортини қилиб ҳам, қазои ҳожат қилмаслиги керак.

Ҳадисдаги шарққа ёки ғарбга қаранглар, деган гап Мадинаи Мунаввара аҳлига айтилгандир. Улар шарққа ёки ғарбга қарасалар қибла ён томонларида қолади. Бошқа жойларда қибла шарқ ёки ғарбда бўлиши мумкин. Уларга бу гап тегишли бўлмайди. Улар қиблага қараб ёки ортларини қилиб, қазои ҳожат қилмасликлари зарурлигидан шарқ ёки ғарбга қарамасликлари керак бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги гаплари Ислом дини хало одоби масалаларига жиддий эътибор берганидан далолат беради. Аввал айтганимиздек, инсоният тарихида Ислом биринчи бўлиб, бу ишларни тартибга солишни бошлаган. Масаланинг жиддийлигидан бу иш ҳақида Ислом шариатининг иккинчи масдари бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида алоҳида эътибор берилган. Энг мўътабар ҳадис, фиқҳ ва одоб китобларида, албатта, «хало одоблари» боби бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мазкур Заллат улқориrdquo Ўқувчининг янглишувиrdquo рисоласининг муаллифи машҳур Ақоид анНасафиййаrdquoнинг соҳиби Абу Ҳафс Нажмиддин Умар анНасафий 10681142 давоми...

4290 05:00 / 09.01.2017
...Намозхон инсонлар жуда эрта турадилар, ўзлари тетик, руҳлари енгил, кўнгиллари хуш юрадилар. Тавфиқсизлар эса, ухлабухлаб кун оғиб, боши оғриб ўрнидан зўрға давоми...

38973 05:00 / 04.01.2017
Хуфтонни жамоатда ўқиб уйига қайтган мўмин киши болаларини ухлаб ётганларини кўрди. Аёлидан .Болалар намозни ўқишдими,, дея сўради. Шунда аёли .Йўқ, уйда бирон давоми...

2796 16:00 / 18.03.2023
Яъни, охирги вақти чиқмай туриб бир ракати ўқиб қолинган намоз, вақт чиқмай туриб ўқилган ҳисобига ўтади. Гарчи бир ракатдан бошқаси ўз вақтида ўқилмаса ҳам.Абу давоми...

3642 05:00 / 04.01.2017