1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

НАМОЗЛАРНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

05:00 / 04.01.2017 4562 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Намознинг фазли ҳақидаги ҳозиргача ўрганган ҳадисларимиздаги маънолар Аллоҳ таоло томонидан бўлса ҳам, иборалар Пайғамбаримиз томонидан бўлиб келаётган эди. Аммо, бу ҳадиси шарифдаги маъно Аллоҳ таоло билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларидаги суҳбат шаклида, Аллоҳ таоло томонидан намознинг фазлини баён этиш учун олинган алоҳида тадбир шаклида келмоқда. Ҳадиси шарифнинг бу шаклда келишининг ўзи ажойиб бир руҳоний ҳолатни вужудга келтирмоқда. Маънолар алоҳида тус ва куч бермоқда...


Алоҳ таоло: «Намозларни, ўрта намозни муҳофаза қилинг ва Аллоҳга тоат ила қоим бўлинг», деган.

Шарҳ: Намозни муҳофаза қилиш дегани, уни маҳкам ушлаш, доимо ўз вақтида адо этиш деганидир.

«Ўрта намоз» ҳақида турли фикрлар бор. Уларни иншааллоҳ келажакда ўрганамиз. Кўпчилик уламолар, ўрта намоздан мурод - Аср намози - деганлар.

Намоз Аллоҳга итоатнинг бош рамзи бўлганидан оятнинг охирида: «Аллоҳга тоат ила қоим бўлинг», дейилмоқда.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббим менга энг гўзал сувратда тажалли қилди ва: «Эй, Муҳаммад», деди.

«Лаббайка Роббии ва саъдайка», дедим.

«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди.

«Эй, Роббим, билмадим», дедим. У зот қўлини икки кифтим орасига қўйди. Бас, унинг муздеклигини икки эмчагим орасида сездим. Бас машриқу мағриб орасидаги барча нарсани билдим. У зот: «Эй, Муҳаммад!» деди.

«Лаббайка Роббии ва саъдайка», дедим. У зот: «Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди.

«Даражотлар, каффоротлар, қадамларни жамоатлар томон босиш, таҳоратни қийинчиликларда ҳам яхшилаб қилиш, намоздан сўнг намозга интизор бўлиш, ва ким у(намоз)ларни муҳофаза қилса, яхшилик ила яшаб, яхшиликла ўлиши ва гуноҳларидан онаси туққан кунидек (пок) бўлиши ҳақида», дедим», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло орасида бўлиб ўтган баъзибир муомала ва суҳбатларни ҳикоя қилиб бермоқдалар.

Аввал баъзи истилоҳлар билан танишиб олайлик: «Роббим менга энг гўзал сувратда тажалли қилди».

Бу тажаллининг қай васфда бўлганини Аллоҳ ва Унинг Расули биладилар, холос. Баъзи уламолар тушда бўлган дейишса, бошқалари ўнгда бўлган, дейишади. Энг яхшиси, лафзини ўрганиб, кайфиятини Аллоҳнинг илмига ҳавола қилганимиз маъқул.

«Лаббайка Роббии ва саъдайка».

Арабларда бир чақириққа жон деб жавоб беришда ушбу сийға ишлатилади. Луғавий маъноси: «Сенга лаббай устига лаббай дейман, хизматингга тезда тайёрлик устига тайёрлик эълон қиламан, Эй Роббим», дегани бўлади.

«Олий тўплам» деб таржима қилган таъбиримиз арабчада «ал-Малаъул Аъло» дейилиб, Аллоҳга муқарраб фаришталар тўпламини англатади.

«У қўлини икки кифтим орасига қўйди».

Бу араб тилидаги мажоз қоидасига биноан айтилган жумла. Аслида, Аллоҳ таолога жисм нисбати бериб бўлмайди. Бу ерда Аллоҳ таолонинг раҳмати, розилиги ва хурсандлиги зоҳир бўлганини мажоз услиби ила ифода этилмоқда. Чунки, одатда катта одам ўзидан кичикни раҳм-шафқат қилса, бирор яхши нарса бермоқчи ва ўргатмоқчи бўлса, ундан хурсанд бўлса қўлини елкасига қўяди.

«Бас, унинг муздеклигини икки эмчагим орасида сездим».

Яъни, Аллоҳнинг раҳим-шафқати ва марҳамати ила кўксим илм-маърифатга, сиру-асрорлар билимига тўлди, хотиржам бўдим, деганлари.

«Бас машриқу мағриб орасидаги барча нарсани билдим».

Бошқа бир ривоятда: «Бас, осмонлардаги нарсалару, ердаги нарсаларни билдим», дейилган.

«Даражотлар» - яъни, бандалар қандоқ қилиб юқори дарожотларга эришишлари мумкинлиги тўғрисида тортишмоқдалар.

«Каффоротлар» - яъни, бандаларнинг гуноҳларини қандоқ амаллар каффорот қилиши, ювиши ҳақида тортишмоқдалар.

«Қадамларни жамоатлар томон босиш» - яъни, жамоат намозга қадам босиб боришнинг савоби улуғлиги ҳақида тортишмоқдалар.

Намознинг фазли ҳақидаги ҳозиргача ўрганган ҳадисларимиздаги маънолар Аллоҳ таоло томонидан бўлса ҳам, иборалар Пайғамбаримиз томонидан бўлиб келаётган эди. Аммо, бу ҳадиси шарифдаги маъно Аллоҳ таоло билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларидаги суҳбат шаклида, Аллоҳ таоло томонидан намознинг фазлини баён этиш учун олинган алоҳида тадбир шаклида келмоқда. Ҳадиси шарифнинг бу шаклда келишининг ўзи ажойиб бир руҳоний ҳолатни вужудга келтирмоқда. Маънолар алоҳида тус ва куч бермоқда.

Бизнинг тасаввуримиздан юқори бир шаклда Аллоҳ таоло Ўзининг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга тажалли қилди ва:

«Эй, Муҳаммад», деб нидо этди.

«Лаббайка Роббии ва саъдайка», дедилар ўта хурсанд бўлиб кетган Ҳабиби Роббил оламийн.

«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди Аллоҳ таоло, Ўз Пайғамбарига унинг Аллоҳ таолога энг яқин бўлган фаришталар тўплами нима дейишини билмаслигини эсига солиб. Чунки, Аллоҳ маълумот, ахборат олиш учун сўрамайди. У зот ҳар бир нарсани пухта билувчи зотдир. Аллоҳ олий тўплам нима ҳақида тортишаётганларини билмасликларини ҳам билади. Лекин, бу саволи ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ўзларининг ҳолини яна бир бор тушунтирмоқда ва ҳамма нарса Ўзининг лутфи марҳамати ила бўлишини яна бир бор намоён қилмоқда.

«Эй, Роббим, билмадим», дедилар Пайғамбари охири замон, олий тўпламнинг гапларидан бехабарликларини эътироф қилиб.

Шунда Роббил Оламийн Ўзининг маҳбуб бандаси, суюкли Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзига хос услуб ила Ўз сир-асрорларидан файзу футуҳ ато этди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вужудлари ва хусусан, қалблари тамоман бошқача бўлиб бу файзу футуҳни тўла ҳис этдилар. У зот Ўзларида бирдан улкан ўзгариш бўлганини англаб етдилар. Ҳамма жойдаги нарсаларни, мағрибу машриқдаги, осмонлардаги ердаги барча нарсаларни. Жумладан олий тўпламдаги нарсаларни ҳам билими ҳосил бўлганини сездилар.

«Эй, Муҳаммад!» деди Аллоҳ таоло, ҳолат ўзгаргандан кейин яна янгидан хитоб бошлаб.

«Лаббайка Роббии ва саъдайка», деб жавоб бердилар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жону диллари ила.

«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди-Аллоҳ таоло уларни нима ҳақида тортишаётганларини жуда яхши билиб турса ҳам, Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга берган фазлини изҳор қилмоқчи мўмин-мусулмон бандаларига намознинг фазлини бошқача услуб ила билдирмоқчи бўлиб. Энди, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ берган файзу футуҳ ила ҳамма нарсани билиб олган эдилар.

Олий тўплам нима ҳақида тортишаётганларини ҳам жуда яхши билиш даражасига эришган эдилар. Шунинг учун ҳам олий тўплам нима ҳақида тортишаётганларини батафсил баён қилишга киришдилар: «Даражотлар, каффоротлар, қадамларни жамоатлар томон босиш, таҳоратни қийинчиликларда ҳам яхшилаб қилиш, намоздан сўнг намозга интизор бўлиш, ва ким у(намоз)ларни муҳофаза қилса, яхшилик ила яшаб, яхшиликла ўлиши ва гуноҳларидан онаси туққан кунидек (пок) бўлиши ҳақида», дедилар.


Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тажалли қилиб туриши.

Асосан, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жиброил алайҳиссалом орқали алоқа қилиши маълум ва машҳур. Шунингдек илҳом бериб туриши ҳам. Меърожда бевосита сўзлашув бўлгани ҳам маъруф. Бу ерда эса, ўзига хос, қандоқлигини фақат Аллоҳ таоло ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биладиган тажалли ҳақида сўз кетмоқда.

2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло ҳузурида олий мақомга эга эканликлари.

3. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турса ҳам баъзи бандаларга хос манфаатлар учун савол бериши.

4. Аллоҳ таолонинг ҳузурида олий тўплам-муқарраб фаришталар тўплами борлиги.

5. Олий тўпламнинг ҳолини Аллоҳдан бошқа зот билмаслиги.

6. Аллоҳ хоҳласа, бир зумда бандасини файзу-футуҳ ила машриқу мағрибдаги нарсаларни биладиган қилиб қўйиши.

7. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга файзу-футуҳ ила мағрибу машриққдаги, осмонлару ердаги нарсаларнинг илмини ато қилгани.

8. Аллоҳнинг файзу футуҳи ила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олий тўплам нима ҳақида гаплашаётганларини биладиган бўлганлари.

9. Олий тўплам бандаларнинг даражотлари юқори қиладиган ва гуноҳларига каффорот бўладиган нарсалар ҳақида тортишганликлари.

10. Жамоат намози ўқиш учун босилган қадамлар банданинг даражасини кўтарилишига ва гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлиши.

11. Таҳоратни қийинчиликларда ҳам яхшилаб қилиш банданинг даражасининг кўтарилишига ва гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлиши.

12. Намоздан сўнг намозга интизор бўлиш, банданинг даражасининг кўтарилишига ва гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлиши.

13. Намозларини муҳофаза қилиш банданинг бу дунёда яхшилик ила яшаб, яхшилик ила ўлишига, гуноҳларидан онаси туққан кунидек пок бўлишига ва даражаларининг кўтарилишига сабаб бўлиши.


Демак, нафақат ердаги тўпламда, балки осмондаги олий тўпламда ҳам намознинг фазийлати ҳақида сўз кетар экан.

Бу дунёда яхши яшашни хоҳласак, намозларимизни бир вақт ҳам қолдирмай, арконларини жойига келтириб, хушуъ-хузуъ билан адо этиб, муҳофаза қилайлик.

Онамиздан туғилган пайтимиздан қанчалик бегуноҳ бўлсак, худди ўша ҳолатга қайтайлик, десак ҳам, намозларимизни муҳофаза қилайлик.

Бу дунё-ю охиратда даражотларимиз юқори бўлсин, десак ҳам, намозларимизни муҳофаза қилайлик.

Масжидларга қатнаб жамоат намози ўқиш учун қадамларимизни кўпайтирайлик.

Таҳоратимизни доимо яхшилаб қилайлик.

Бир намозни ўқиб бўлиб иккинчисини интизорлик билан кутайлик.


Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Кечаси ойга назар солдиларда: «Албатта, сизлар Роббингизни мана шу ойни кўргандек кўрурсизлар. Унинг кўришда қийинчиликка учрамассиз. Бас, агар қуёш чиқиши ва ботишидан олдин намоз ўқишдан қолмасликка қодир бўлсангиз. Шуни қилинг, дедиларда «Қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин Роббингга ҳамд ила тасбиҳ» айт оятини ўқидилар». Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги қуёш чиқишидан олдинги намоздан мурод, Бамдод намози, қуёшни ботишидан олдинги намоздан мурод, Аср намозидир.


Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:


1. Охиратда намозхон бандалар Аллоҳ таолонинг жамолини, худди тўлин ойни кўргандек қийналмасдан кўришлари ҳақ экани.

2. Бамдод ва Аср намозларининг ўта аҳмиятли экани.

3. Бамдод ва Аср намозларига алоҳида эътибор билан қараш лозимлиги. Чунки, уйқу ва бошқа нарсалар бу икки намозни ўз вақтида адо этишга монеъ бўлиб туради.

4. Гапирилган маънога Қуръондан далил келтириш яхшилиги.


Ушбу ҳадиси шарифга амал қилароқ Бамдодга ухлаб қолишнинг олдини олайлик. Асрни ўтказиб юбормаслик тадбирини кўрайлик. Ана шунда, қиёматда Аллоҳ таолонинг жамолини кўришга муяссар бўлиш учун муҳим омилни амалга оширган бўламиз.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятларда: «Ким икки совуқ (намоз)ни ўқиса, жаннатга кирур», дейилган.

«Икки совуқ намоз»дан мурод ҳам Бамдод ва Аср намоздир.

Баъзи уламолар, Бамдод ва Хуфтон, деганлар. Ушбу ҳадисларда Бамдод ва Аср намозларига алоҳида эътибор берилишининг сабаблари бор. Аввало бу икки намознинг вақти, ер юзида муҳафаза учун тушуб-чиқиб турадиган фаришталар тўпларининг алмашиши учун тўпланадиган вақтидир. Ўша алмашинишдан кейин чиққан фаришталардан Аллоҳ таоло, бандаларимни қай ҳолда тарк этиб келдингиз? деб сўрайди.

Шунинг учун ўша вақтларнинг намозини ўқиб турган бандалар катта фазлга эга бўладилар. Шунингдек, Бамдод намози ширин уйқу ва дам олиш пайтида, Аср намози одамлар маишат учун роса уриниб турган пайтда бўлади. Ким бу икки намозни ўз вақтида адо этса, жаннатга дохил бўлади.


Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аср намозини ўтказиб юборса, гўёки, аҳлини ва молини йўқотибди», дедилар». Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадисда Аср намозининг инсон учун аҳли аёли ва молу дунёси каби қимматли экани ҳақида сўз кетмоқда. Бир вақт асрни ўқимаган одам аҳли аёлини ва молу дунёсини йўқотган одамдек қайғуруши лозимлигини таъкидланмоқда.

Шундоқ экан, умри бўйи аср намозини ўқимаганлар, нимани йўқотган бўладилар?

Минглаб, юзлаб, ўнлаб Аср намозини ўтказиб юборганлар қанчалик нарсани йўқотган бўладилар?

Доимо, Аср намозини ўқиб юрганлар қанча нарсани ютган бўладилар?


Абул Малийҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бурайда розияллоҳу анҳу билан ғазотда бирга бўлдик. Кун булутли эди. У киши: «Аср намозини тарк қилса, амали беҳуда кетади», деганлар», деди». Бухорий ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Абул Малийҳ розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Абул Малийҳ куняси билан машҳур бўлган бу кишининг тўлиқ исмлари Омир ибн Усома ал-Ҳазмийдир. Тобеинларда эдилар.

Ҳадисларни оталаридан, Маъқал ибн Ясор, Нубайшатал Ҳузамий, Авф ибн Молик, Оиша онамиз, Ибн Аббос, Абу Изза ал-Хузаий, Ибн Умар, Амр ибн Осс, Жобир, Анас, Абдуллоҳ ибн Утба Абу Суфён ва бошқа саҳобалардан ривоят қиладилар.

Бу кишидан ўғиллари Абдурраҳмон, Муҳаммад, Мубашшир ва бошқалар ривоят қилишади.

Бу зот ҳижратнинг тўқсон саккизинчи санасида вафот қилганлар.

Ҳадисда номлари келган Бурайда розияллоҳу анҳу машҳур саҳобийлардан бўлиб, тўлиқ исмлари, Бурайда ибн ал-Ҳусойн ал-Асламийдирлар.

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир юз олтмиш тўртта ҳадис ривоят қилганлар. Марвда ғозий ҳолларида вафот этганлар. Бу ҳодиса 62 ҳижрий санада бўлиб, Бурайда розияллоҳу анҳу Хуросонда энг охири вафот этган саҳобий ҳисобланадилар. У кишининг қабрлари ҳозирги Туркманистон ҳудудида.

Бурайда розияллоҳу анҳу булутли кунда билмай қолиб Аср намозининг вақти чиқиб кетишидан қўрқиб, ғазотдаги шерикларига уни тезроқ ўқиб олишни тавсия қилибдилар ва ўзларининг бу ишларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисларини далил қилиб келтирибдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аср намозини тарк қилса, амали беҳуда кетади», деганлар» экан.

Бу ҳам аср намозининг аҳамияти улкан эканлигидан дарак беради.

Уламоларимиз аср намозини тарк қилиш ила амал беҳуда (ҳабата) бўлиши ҳақида турли мулоҳаза қилганлар.

«Ҳабата» сўзи аслида ётмайдиган ўт-ўлан еб қўйиб қорни шишган ҳайвонга ишлатилади. Унинг еган нарсаси беҳуда кетади, фойда беришнинг ўрнига зарар беради.

Қуръони Каримда: «Ким иймонидан кейин куфр келтирса амали беҳуда бўлади», дейилган.

Шундан келиб чиққан умумий қоидага биноан, куфр амални ҳабата қилади. Бошқа нарса ҳабата қилмайди.

Мазкур уламоларнинг Аср намозини тарк қилиш амални ҳабата қилиши ҳақидаги мулоҳазалари ҳам намозни тарк қилиш куфрми йўқми эканлиги тўғрисидаги фикрларига боғлиқ.

Намозни қасддан тарк қилса, кофир бўлади, деганлар бу ҳадисда ҳам, Аср намозини қасддан тарк қилса, амали ҳабата бўлади, дейишган.

Намозни қасдданми, ноқасдданми, умуман тарк қилган одам бўлса, бўлди, кофир бўлади, деган одамлар. Ўз фатволарига ушбу ҳадисни ҳам далил қиладилар.

Намозни ноқасддан тарк қилган одам кофир эмас, осий бўлади, деганлар ҳам бир намозни тарк қилиш ёмон, лекин Аср намозини тарк қилиш ҳаммасидан ҳам ёмонлигини билдириш учун шу ҳадисда ўта шиддатли ибора келтирилган. Аслида кофирликкина амални ҳабата қилади, дейдилар.

Нима бўлганда ҳам, Аср намозини тарк қилиш жуда ҳам катта гуноҳлиги билиниб турибди.

Бу, Асрни ўқиса бўлди, бошқа намозлар унчалик аҳамиятли эмас, дегани ҳам эмас. Ҳар бир намозни ўқимаслик, улкан гуноҳ. Лекин, асрни ўқимаслик, яна ҳам улканроқ гуноҳ. Нима учун эканлиги аввалги ҳадислар шарҳида айтиб ўтилди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир йигит айтади .Менинг онам ёшлигимда барчага таом тайёрлар эдилар, аммо чой эса фақат намозхонлар учун эди. Онам .Ким намозини ўқиса, бир пиёла чой бераман, лекин давоми...

2477 15:00 / 06.12.2021
.Шарт, сўзи луғатда .аломат, маъносини билдиради.Шаръий истилоҳда эса, бир нарсанинг ҳақиқати ва моҳиятидан ташқари бўла туриб, ўша нарсанинг вужудга келиши учун давоми...

6789 05:00 / 09.01.2017
Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сажда қилсалар, икки тиззаларини икки қўлларидан олдин қўяр эдилар. давоми...

4426 05:00 / 04.01.2017
Инсон бу фоний дунёда нимаики тўплаган, йиққан бўлса, чин дунёга кетар чоғ ўзи ила кўтариб кетолмайди. Шу дунёнинг ўзида қолдиради. Бунга на кучи, на эҳтиёжи, на давоми...

10016 19:03 / 03.08.2017