1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг кайфияти (7-дарс)

05:00 / 09.01.2017 3576 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

7-дарс

10‑Матн:

Сўнгра у зот алайҳиссалом Китобнинг Фотиҳасини ва унга қўшиб бир сурани ёки хоҳлаган сурадан уч оятни ўқир эдилар.

10‑Матнинг далиллари:

۱-عن أبي هريرة لا صلاة إلا بقراءة

1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Қироатсиз намоз йўқ”. Муслим ривояти 1/170.

Бу ҳадис намоз қироатсиз дуруст бўлмаслигига далолат қилади. Чунки намозда мутлақ қироат қилишлик фарз эканлиги Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти билан собит бўлган: “Бас, ундан муяссар бўлганини қироат қилинглар”.

Ҳадис эса қироатсиз намоз дуруст бўлмаслигига ҳамл қилинади.

۲-عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، عَنِ النّبِيّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "مَنْ صَلّى صَلاَةً لَمْ يَقْرَأْ فِيهَا بِأُمّ الْقُرْآنِ فَهِيَ خِدَاجٌ" ثَلاَثاً، غَيْرُ تَمَامٍ.

2. Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намоз ўқиб унда “Уммул Қуръон”ни ўқимаса, у (намоз) хидож”, деб уч марта айтдилар ва: “Тугал эмас”, дедилар”. Муслим ривояти 1/169.

Ушбу ҳадиси шариф Фотиҳа сурасисиз намоз нуқсонли бўлишига далолат қилади. Хидожнинг маъноси нуқсонли демакдир. Хидож намознинг асли ботил бўлишига далолат қилмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тугал эмас”, дея изоҳламоқдалар. Бу эса намознинг мукаммалигига нуқсон етишини билдиради. “Тугал эмас”, дейиш “Дуруст эмас”, деган маънони билдирмайди. Шундай экан, Фотиҳа сураси намознинг рукнларидан эмас, уни тарк қилиш билан намоз ботил бўлмайди. Балки бу сурани намозда ўқиш вожибдир. Уни саҳван тарк қилиш билан саҳв саждаси вожиб бўлади. Аммо қасддан тарк қилса намозга нуқсон етиб, уни қайтадан ўқиш керак. Қайтариб ўқимаса гуноҳкор бўлади. Лекин фарз адо қилинган ҳисобланади.

۳- عَنْ أَبِي سَعِيدٍ ، رَضِيَ الله عَنْهُ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم لاَ تُجْزِئُ صَلاَةٌ لاَ يُقْرَأُ فِيهَا بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ

3. Абу Саид розияллоҳу  анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Китоб”нинг Фотиҳаси ўқилмаган намоз қониқарли бўлмайди”, дедилар. Ибн Хузайма ўзининг “Саҳиҳ”ида ривоят қилган. 1/248.

→Фотиҳа сурасини қироат қилиш намознинг рукнларидан биридир, дейдиганлар ушбу ҳадисни далил қилишади. Улар: “Ҳадиснинг зоҳири Фотиҳасиз намоз дуруст ва қониқарли бўлмаслигини билдиради. Нарсанинг туришида бир нарса муҳим бўлса, у унинг фарзи бўлади”, дейишади.

Бунга қуйидагича жавоб берамиз:

Фотиҳанинг қироати намознинг рукнларидан эканлигига ушбу ҳадисни далил қилиш ўринли эмас. Чунки биз “қониқарли” деб таржима қилган калима араб тилида “ал‑ижзоъ”бўлиб, бунинг луғатдаги маъноси кифоя қилмоқ ва беҳожат бўлмоқдир. Икки маънонинг ҳам баланд ва паст даражалари бор. Модомики Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кифоя қилмасликнинг мутлақлиги ёки олий даражаси борасида очиқ матн ворид бўлмас экан, бошқа эҳтимолни кўтариши мумкин бўлган далил билан унинг рукн эканлиги собит бўлмайди.  Чунки қоидага кўра: “Агар эҳтимол топилса истидлол ботил бўлади”. Яъни агар матннинг маъносида бошқа эҳтимол мавжуд бўлса ундан олинган далил қатъийликни ифода қилмайди.

Биз ҳам Фотиҳа сураси ўқилмаган намозни қониқарли намоз эмас, деймиз, яъни бу намоз қабул учун етарли бўлмайди. Киши бир ишга буюрилган бўлса, ўшани бажариш унинг мажбурияти ҳисобланади. Аммо бу намоз қайси даражага етарли бўлмайди? Бу хусусда ҳадиси шарифда ҳеч нарса айтилмаган. Бизнинг ушбу гапимизни Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги лафз билан қилган ривояти қувватлайди: “Уммул Қуръон ўқилмаган намоз қабул қилинмайди”.

Маълумки, қабул қилинмайди, дейиш билан нуқсонли намоз қабул қилинмаслиги эмас, балки мукаммал ҳолда қабул қилинмаслик тушунилади. Яна бизнинг сўзимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Хидождир, тугал эмас”, деган сўзлари ҳам қувватлайди. Хидожнинг маъноси нуқсонли демакдир. Нуқсон эса нарсанинг асли эмас, балки сифатидир. Шунга кўра фосидлик нарсанинг аслига тегишли бўлади. Ҳадиси шариф Фотиҳани тарк қилиш билан намоз нуқсонли бўлишига, Фотиҳасиз у тугал бўлмаслигига далолат қилади. Ким Фотиҳасиз намоз бузилиб, ботил бўлади, деган даъвони қилса, унга буни баён қилиб бериши вожиб бўлади. Намоз қониқарли бўлмаслиги борасидаги ҳадис ҳеч қандай қийинчиликсиз нуқсонга ҳамл қилинади. Хусусан бунга Имом Аҳмад роҳматуллоҳ алайҳнинг: “Уммул Қуръон ўқилмаган намоз қабул қилинмайди”, лафзи билан келтирган ҳадиси қўшилса масала яна ҳам ойдинлашади. Шулардан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қониқарли бўлмайди”, дейишлари комил суратда қабул қилинмасликни билдиради.

 

۶-حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ بَشَّارٍ قَالَ حَدَّثَنَا يَحْيَى عَنْ عُبَيْدِ اللَّهِ قَالَ حَدَّثَنِي سَعِيدُ بْنُ أَبِي سَعِيدٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ دَخَلَ الْمَسْجِدَ فَدَخَلَ رَجُلٌ فَصَلَّى فَسَلَّمَ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَرَدَّ وَقَالَ ارْجِعْ فَصَلِّ فَإِنَّكَ لَمْ تُصَلِّ فَرَجَعَ يُصَلِّي كَمَا صَلَّى ثُمَّ جَاءَ فَسَلَّمَ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ ارْجِعْ فَصَلِّ فَإِنَّكَ لَمْ تُصَلِّ ثَلَاثًا فَقَالَ وَالَّذِي بَعَثَكَ بِالْحَقِّ مَا أُحْسِنُ غَيْرَهُ فَعَلِّمْنِي فَقَالَ إِذَا قُمْتَ إِلَى الصَّلَاةِ فَكَبِّرْ ثُمَّ اقْرَأْ مَا تَيَسَّرَ مَعَكَ مِنْ الْقُرْآنِ ثُمَّ ارْكَعْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ رَاكِعًا ثُمَّ ارْفَعْ حَتَّى تَعْتَدِلَ قَائِمًا ثُمَّ اسْجُدْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ سَاجِدًا ثُمَّ ارْفَعْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ جَالِسًا وَافْعَلْ ذَلِكَ فِي صَلَاتِكَ كُلِّهَا

4. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирдилар. Шунда бир киши кириб, намоз ўқиди сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. У зот уни қайтардилар ва: “Қайт, намоз ўқи! Сен намоз ўқимадинг”,  дедилар. У қайтиб, (аввал) ўқиганидек намоз ўқиди. Кейин келиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. Шунда у зот: “Қачон намозга турсанг такбир айт. Ўзингда Қуръондан борини муяссар бўлганингни қироат қил. Кейин рукуъ қил ҳатто рукуъ ҳолда хотиржам бўл. Кейин (гавдангни) кўтар ҳатто қиём ҳолида ростлан. Кейин сажда қил ҳатто сажда ҳолида хотиржам бўл. Сўнг (гавдангни) кўтар ҳатто ўтирган ҳолда хотиржам бўл ва мана шуларнинг барчасини намозингда бажар”, дедилар”. Муҳаддисларнинг пешвоси Имом Бухорий роҳматуллоҳ алайҳ ўзининг “Саҳиҳ”ида (1/184) “Қироат вожиблиги” бобида ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шариф Фотиҳа сурасининг намознинг рукнидан эмаслигига далолат қилади. Ҳадиснинг кўрсатмасига кўра, агар кишига Фотиҳадан бошқа сура муяссар бўлса, ўшани ўқийди ва намозни адо қилган бўлади.

→Фотиҳа намознинг рукни дейдиган уламолар: “Фотиҳани рукн эканлигига қарши ушбу ҳадисни далил қилиш, мутлақни қайдлаш ҳисобланади”, дейишади.

Аслида ҳадиси шариф ҳар тарафлама мутлақ эмас, балки ҳадисда муяссар бўлиш қайди ила муқайядлик бор. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзингда Қуръондан борини муяссар бўлганингни қироат қил”, демоқдалар. Бу ихтиёрни тақозо қилади. Агар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқи”, деб кейин: “Китоб”нинг Фотиҳасини ўқи”, деганларида эди, буни мутлақ десак бўларди.

→Яна бу ҳадисни мужмал, деганлар ҳам бор.

Аслида ҳадис мужмал ҳам эмас. Чунки, аслида мужмал деб, далолати очиқ‑ойдин бўлмаганга айтилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ўзингда Қуръондан борини, муяссар бўлганингни қироат қил”, дейишлари ўқувчининг ихтиёрли эканлигини очиқ‑ойдин билдириб турибди.

→Имом Нававий роҳматуллоҳ алайҳ айтади: “Аммо ҳадисдаги: “Муяссар бўлганингни қироат қил...”, жумласи Фотиҳа сурасига ҳамл қилинади. Чунки муяссардир, яъни осондир ёки ундан кейин Фотиҳадан зиёда нарсага ҳамл қилинади. Ёки Фотиҳани ўқишдан ожиз бўлган кишига ҳамл қилинади”.

Ҳадисдаги калиманинг таркиби Имом Нававий роҳматуллоҳ алайҳнинг: “Фотиҳа осондир”, деган сўзига асло далолат қилмайди. Чунки калиманинг зоҳири Фотиҳа сурасини ҳам ва Қуръон номи билан мутлақ айтиладиган бошқа сураларни ҳам ўз ичига олади. Агар шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, Ихлос сураси Фотиҳадан кўра осонроқ ва енгилроқдир. Шундай экан, осон дейилганда Фотиҳанинг ўзини тайин қилишнинг маъноси нима? Бу далилсиз ҳукм қилишдир.

→Яна у кишининг: “Ёки ундан кейин Фотиҳадан зиёда нарсага ҳамл қилинади”, деган сўзига келсак;

Ҳадиснинг зоҳири Фотиҳа сурасининг ўзига далолат қилмагач, Фотиҳадан зиёда сурага далолат қилиши ҳам ҳақиқатдан узоқ гапдир. Шу билан бирга агар Фотиҳадан зиёда сурани ўқишга буюрилган бўлса, демак ўша зиёда ҳам уларнинг наздида Фотиҳани қироат қилиш каби фарз бўлиши керак эди. Имом Шофеъий роҳматуллоҳ алайҳ буни айтмаган.

→Имом Нававийнинг: “Ёки Фотиҳани ўқишдан ожиз бўлган кишига ҳамл қилинади”, деган сўзларига келсак, бу ҳам тўғри ҳамл эмас. Ҳадисда бунга далолат қиладиган ҳеч нарса йўқ.

رفاعة بن رافع ثم اقرأ إن كان معك قرآن فإن لم يكن معك قرآن فاحمد الله وكبر وهلل

 Руфоъа ибн Рофеънинг ҳадисида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кейин агар ўзингда Қуръон бўлса қироат қил, агар сенда Қуръон бўлмаса, Аллоҳга ҳамд, такбир ва таҳлил айт”,  дедилар.

كذا في رواية الطحاوي وفي رواية الترمذي رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم فإن كان معك قرآن فإقرأ وإلا فاحمد الله وكبره وهلله

Шунингдек бу Таҳовий ривоятида ҳам келган. Термизийнинг ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ўзингда Қуръон бўлса , уни қироат қил, (ёд олмаган бўлсанг)  Аллоҳга ҳамд, такбир ва таҳлил айт”, дедилар.

Шундай экан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Муяссар бўлганини қироат қил...”, деган сўзларини қандай қилиб Фотиҳани ҳам ўқий олмайдиган кишига ҳамл қилиш мумкин?  Ваҳоланки, қироатдан ожиз бўлган кишининг ҳукмини алоҳида баён қилганлар. 3/74

→Фотиҳани намознинг рукнларидан дейдиган уламолар яна Имом Бухорий ўзининг “Саҳиҳ”ида Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят қилган қуйидаги ҳадисни ҳужжат қилишади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Китоб”нинг Фотиҳасини ўқимаган кишининг намози йўқ”, дедилар. 1/184, “Қироатнинг вожиблиги” боби.

Бунга қуйидагича жавоб берамиз:

Ушбу ҳадиси шариф оҳод хабар бўлиб Аллоҳ таолонинг:  “Бас, ундан муяссар бўлганини қироат қилинглар”, оятининг умумийлигини хослай олмайди. Усулга кўра бу тўғри бўлмайди. Оят қатъий бўлиб зонний далил унга қарши тура олмайди.

→Агар: “Оятдаги “мо” лафзи умумга ҳукм қилинадиган омм эмас, балки у зоҳирдир, дейилса, бунга шундай жавоб берамиз:

Ояти кариманинг лафзи мутлақдир. Унда Фотиҳа ёки бошқа сурани хослигини қайдламаган. Далолати зонний ҳадис Қуръондаги мутлақликни қайдлай олмайди.

→ Агар: “Мутлақни қайдлаш бизнинг наздимизда жоиздир ва у насх эмасдир”, дейилса, бунга қуйидагича жавоб берамиз:

Ояти карима ҳар жиҳатдан мутлақ эмасдир, балки у ўқувчига ихтиёрни тақозо қиладиган муяссар бўлганини ўқиш қайди билан қайдлангандир. Агар бу қайдни Фотиҳа сурасига қайдлаб қўйсак, ихтиёр маъноси ботил бўлиб қолади. Шунга кўра, намоздаги қироатнинг  энг кам  фарз миқдори бир бутун оят эканлиги оятнинг мутлақлиги ила собит бўлади. Фотиҳа сурасини ўқиш ва унга битта сура қўшиш вожиблиги ҳадислар ва хабарлар ила хосланган. Демак шунда икки далилга тенг амал қилинган бўлади. Энди бир киши Фотиҳани намознинг фарзи ва рукни деса, у оятнинг умумийлигини тарк қилиб, фақат суннатда собит бўлган хабарнинг ўзигагина амал қилган бўлади.

→ Агар: “Оят далолатига машҳур ҳадис билан зиёдалик киритиш жоиз, ушбу ҳадис эса Имом Бухорий таъкидлаганидек машҳурдир”, дейилса, бунга шундай жавоб берамиз:

Ушбу ҳадис машҳур эмасдир. Чунки машҳур тобеъинлар бир овоздан қабул қилган ҳадис ҳисобланади. Бу масалада эса тобеъинлар орасида ихтилоф бўлган. Бадриддин Айний роҳматуллоҳ алайҳ “Умдатул Қорий”да (2/65) шундай деган: “Агар бу ҳадисни машҳур десак ва ушбу машҳур ҳадис оят далолатига зиёдалик киритиши мумкин, деган сўзни қабул қилсак ҳам, машҳур ҳадис муҳкам бўлишилиги шартдир. Аммо ҳадиснинг маъноси муҳкам бўлмай эҳтимолий бўлса унинг оят далолатига зиёдалик кирита олишини қабул қила олмаймиз. Бу ҳадис эса шу каби эҳтимолий ҳадислардандир. Бунга ўхшаш ҳадислар жоизликни ва фазилатни нафий қилиш учун ишлатилади. Байҳақий ривоят қилган қуйидаги ҳадис бунга мисол бўла олади:

أَخْبَرَنَاهُ أَبُو عَبْدِ اللَّهِ الْحَافِظُ أَخْبَرَنَا أَبُو بَكْرٍ : إِسْمَاعِيلُ بْنُ مُحَمَّدٍ الْفَقِيهُ بِالرَّىِّ حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ الْفَرَجِ الأَزْرَقُ حَدَّثَنَا يَحْيَى بْنُ إِسْحَاقَ حَدَّثَنَا سُلَيْمَانُ بْنُ دَاوُدَ الْيَمَامِىُّ عَنْ يَحْيَى بْنِ أَبِى كَثِيرٍ عَنْ أَبِى سَلَمَةَ عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ :« لاَ صَلاَةَ لِجَارِ الْمَسْجِدِ إِلاَّ فِى الْمَسْجِدِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Масжид қўшнисининг намози масжиддан бошқа жойда намоз эмасдир”, дедилар. Бошқа бир ўринда:

لا صلاة للعبد الآبق حتى يرجع

Қочган қулнинг қайтмагунча (намози) намоз эмасдир”, дедилар. Яна бир ерда: “Бисмиллаҳ”ни айтмаган кишининг (таҳорати) таҳорат эмасдир”, дедилар. Бу каби ҳадисларда амалнинг дуруст бўлмаслиги эмас, балки унинг мукаммал бўлмаслиги назарда тутилади. Валлоҳу Аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иймон келтирган бандаларимга айтгин, намозни тўкис адо этсинлар. Савдосотиқ, оғайнигарчилик йўқ бўлган Кун келмасидан олдин уларга ризқ қилиб берган давоми...

6278 18:24 / 09.02.2018
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисда умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари учунгина, ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр давоми...

16819 05:00 / 31.12.2016
Намоз мўъминмусулмон учун муҳим амалдир. Унга жиддий ёндашиш, мукаммал, тўлиқ адо қилишга ҳаракат қилиш, намозни шариатда тўлиқ қабул қилинадиган тарзда ўқиш давоми...

4119 05:00 / 09.01.2017
1. Намознинг шартларидан бири узрсиз бажарилмай қолса қасддан таҳорат бузиш, қибладан гавдани буриш, бир рукн миқдорича авратнинг очилиб қолиши, кийимда ёки давоми...

3480 14:00 / 26.04.2023