1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Янги ҳикматлар

11:27 / 27.03.2017 4173 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар: “Сизни нима йиғлатди, эй Аллоҳнинг Расули?” деб сўрашди. У зот: “Бирордарларимни соғиндим” дедилар. Бу гапни эшитган саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз сизнинг биродарларингиз эмасмизми?” дея ҳайрон бўлишди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Йўқ. Сизлар саҳобаларимсизлар. Биродарларим эса, мендан кейин келиб, мени кўрмай, менга иймон келтирган кишилардир” деб жавоб бердилар. Эй Аллоҳ, бизларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соғинган кишилар қаторида қил! 


Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳидан сўрашди: “Банданинг Аллоҳга яқинлашишига сабаб бўладиган амалларнинг энг улуғи қайси?” Шунда у зот йиғладилар ва: “Аллоҳ қалбингга назар солганда, сени, дунё ва охиратдан фақат Унигина хоҳлашингни кўришидир” деб жавоб бердилар. Аллоҳим, бизларга ҳам Ўзингга яқинлаштирадиган мана шундай қалб ато эт!


 Ўтган азизларимизнинг бирларидан “Сабр нима?” деб сўрашди. Шунда у зот: “Сабр – бировингиз мусибатга учраган чоғида ҳам қалби “Алҳамдулиллаҳ”ни такрорлаб туришидир” деб жавоб бердилар.


 Эй Аллоҳ, эртанги кунимизни бугунги кунимиздан кўра чиройлироқ, ажру мукофот ва савобларга бойроқ қилгин!


 Агар сен танангдаги оғриқни ҳис қилаётган бўлсанг, демак, сен тириксан. Агар сен бошқаларнинг танасидаги оғриқларини ҳис қилаётган бўлсанг, демак, сен инсонсан. Мўмин одам бошқаларнинг дардларини ҳис қиладиган, улар учун куйинадиган ҳақиқий инсондир.


 Сен бошқаларни рози қилиш учун яшайсан. Бошқалар эса сени муваффақиятсизликка учратиш ва бутунлай “синдириш” учун яшашади. Қани бу ерда адолат?!


 Эй Аллоҳим, биздаги ёмонликлар сабабли ҳузурингдаги яхшиликлардан бизни маҳрум қилма!


 Барча нарсалар синган пайтда ҳунук овоз чиқаради. Буни ҳамма эшитади. Аммо қалб... Қалб синса овоз чиқармайди, балки у инграйди. Унинг инграшини эгасидан бошқа ҳеч ким эшитмайди.


 Эй Аллоҳим, менга гўзал хотима бер! Ёмон ўлимдан Ўзинг асра! Руҳимни мендан рози бўлиб турганингда қабз қил!


 Мени кўрасан, эшитасан, паноҳингда асрайсан, таом берасан, ичимлик берасан, бошпана берасан, барча ишларимнинг тадбирини қилиб турасан, Эй Аллоҳим, Сен Ўзинг менга етарлисан!


 Биргина хато қилганингдаёқ, одамлар бир вақтлар сени “зўрсан” деб, сенга қарсак чалганларини унутишади.


 Чинакам бахтнинг таъмини фақат ишини Аллоҳга топширган қалб соҳибларигина билади.


 Ҳаёт тугаб,  руҳ жасаддан ажралаётганда, у ўзига амалдан бошқа шерик олмайди.


 Кўздаги нур қалбдаги нурнинг асаридир. Аммо қалбдаги нур Аллоҳнинг нуридандир.


Жалолиддин Румий



Қилган ҳар бир ишингга надомат қилмасликни хоҳласанг, барча ишни Аллоҳ учун қил!


Муҳаммад Мутавалли Шаъровий



 Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди.


Абдулла Қаҳҳор




Ким тажриба денгизидан сув ичмаса, ҳаёт саҳроларида ташналикдан ўлиб кетади. Ҳаёт мактаб бўлса, замон – у ерда ишлайдиган устоздир. Тажрибалар эса, у ерда ўқитиладиган дарслардир.


Замон ҳеч кимни ўзгартирмайди. Балки, замон кимнинг аслида қандайлигини очиб ташлайди, фош қилади.


 Ухлаганимиздан сўнг бизларни ким уйғотишини билмаймиз. Бизларни ё оила аъзоларимиздан бири уйғотади, ёки қабрда сўроқ қилувчи икки фаришта уйғотади. Эй Аллоҳим, хотимамизни гўзал қил!


Баъзи дўстлар борки, қорнинг очганда таомга муҳтож бўлганингдек, уларга ҳам бир кунда бир неча марта муҳтож бўласан. Баъзи дўстлар борки, касал бўлганингда дорига муҳтож бўлганингдек, уларга ҳам баъзи вақтларда муҳтож бўласан. Баъзи “дўстлар” борки, касалликка ўхшайди. Уларга ҳеч қачон муҳтож бўлмайсан, ишинг ҳам тушмайди.


 Биргина олма ерга тушиши биланоқ дунё аҳли тортишиш қонуни борлигини билиб олди. Аммо минглаб бегуноҳ, жонсиз жасадлар ерга қулаб тушяпти-ю, дунё аҳли инсонийлик нималигини билолмаяпти.


 Аллоҳни қанчалик зикр қилишингга қараб, У зотга бўлган муҳаббатинг миқдори билинади.


Юзингга атайин ёпилган эшикни иккинчи марта қоқишдан сақлан!


Одамларнинг энг хулқи ёмони сендан ғазабланса, сендаги фазилатларни, унга қилган яхшиликларингни инкор қилади, унга айтган сирларингни ошкор қилади, сен билан бир вақтлар яқин бўлганини унутади, сени сенда йўқ нарсалар билан айблайди. 


Икки хил одам сен билан юзма-юз турганда, кўзингга тикилиб қарай олмайди. Бири ёлғонни яширишга уринаётган шахс, иккинчиси эса, сенга бўлган муҳаббатини яширишга уринаётган шахс. 


Эй Аллоҳ, гуноҳларимизнинг барчасини: аввалгисини ҳам, охиргисини ҳам, яширинини ҳам, ошкорасини ҳам, каттасини ҳам, кичигини ҳам, билиб туриб қилганимизни ҳам, билмасдан қилганимизни ҳам, кечир! 


Гўзал қалб зангламайдиган олтинга ўхшайди. Машаққатлар уни ҳар қанча қийнаб, тинкасини қуритиб юбормасин, биргина артиш (ширин сўз) билан яна ялтираб, аввалгидек бўлиб тураверади. 


Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан: “Тунда таҳажжуд ўқувчиларнинг юзлари чиройли бўлишига сабаб нима?” деб сўрашди. Шунда у зот: “Улар тунда Аллоҳ билан ёлғиз қолишади. Шунинг учун У Зот уларга ўз нуридан либос ҳадя этади” деб жавоб бердилар.


Қочиб кетган нарсада яхшилик йўқ. Агар унда яхшилик бўлганда, қочиб кетмас эди. 


Эй Роббим, мен қабр сиқишидан, қабр зулматидан, қабрдаги ёлғизликдан, қабрдаги турли азоблардан қўрқаман. Амалларимни қабримни ёритувчи чироқ қилгин. Мени Ўз раҳматинг ила қабрдаги азоблардан асрагин. Албатта, Сен раҳимлиларнинг Энг раҳимлироғисан! 


Агар сув ўсимликларнинг яшаши учун зарур бўлса, Аллоҳни зикр қилиш қалбларнинг яшаши учун зарурроқдир. 


Бир киши Довуд Тоийга: “Менга насиҳат қилинг” деди. Шунда у зот: “Ўлим аскарлари сени кутиб туришибди” дедилар. 


Барча ғамлар дуо пайтида сўлиб, қовжираб қолади. Сажда пайтида ориқлаб кетади. Аллоҳдан рози бўлиб турилган чоғда эса, ўлади. Аллоҳим, Сенга яқин бўлиб яшаш бунчалар ажойиб-а! 


Эй Аллоҳим, менга қиёмат куни бошимни нурдан бўлган тож билан безайдиган фарзанд ато эт! 


Эй Аллоҳим, менга шундай хабарларни эшиттирки, уни эшитиб, ҳурсанд бўлганимдан кўзимдан ёшлар оқиб кетсин! 


Агар шам ўчиб қолса ёки тугаб қолса, бозордан янгисини сотиб олишимиз мумкин. Аммо, онамизни йўқотганимиздан сўнг, бозордан янги она сотиб ололмаймиз. Аллоҳим, барча оналарнинг умрларини узун қилгин!!!


Cен учун бу дунёда учта аёл энг чиройли ва энг қадрлидир. Улар: онам, онамнинг сояси ва онамнинг кўзгудаги акси. 


Эй Аллоҳим, онам мени бу дунёда ҳеч нарсадан маҳрум этмади. Нима яхшилик бўлса, менга илинди. Охиратда уни жаннатингдан маҳрум этма! 


Аллоҳим, бизларни зулҳижжа ойидан гуноҳларимиз кечирилган, амалларимиз қабул қилинган ва қалбларимиз оппоқ ҳамда салим ҳолатда чиқаргин! 


Баъзи инсонларнинг сенинг ҳаётингдан кетиши Аллоҳнинг неъмати бўлиб, буни вақт ўтгандан кейин англаб етасан. 


Барча севгининг, муҳаббатнинг ўзига яраша оғриқ ва азоблари бор. Фақатгина Аллоҳнинг севгиси, Аллоҳнинг муҳаббати бундай эмас. Аллоҳни яхши кўришда буюк ҳаловат бор. 


Яхши кўрган кишиларимизни ҳар доим ҳам ҳимоя қила олмаймиз. Аммо Аллоҳдан уларни ҳимоя қилишини сўраб, доимо дуо қила оламиз. 


Дунё уч кундан иборатдир: кечани яшаб ўтдик, энди у ҳеч қачон қайтиб келмайди, бугунги кунда яшаяпмиз, аммо у ҳам абадий давом этмайди, эртага қаерда бўламиз, билмаймиз!!! 


Модомики, саломат эканмиз, оғриқсиз, кулиб яшаяпмизми, қийналмай ҳаракат қиляпмизми, демак, биз бахтлимиз! 


Эй Роббим, мақсади менга озор бериш ёки мени синдириш бўлган кишилардан мени узоқ қил! 


Эй Аллоҳим, қалбларимизни ислоҳ қил, гуноҳларимизни мағфират қил, айбларимизни беркит, тавбаларимизни қабул эт, омин!!! 


 Бир бола онасининг қабри ёнига келиб ўтирди ва шундай деди: “Онажон, мен билан уйга кетинг. Муаллим мени доим уради. Ҳамма талабаларни олдида мени изза қилади. “Онанг бепарво аёл. Сенга ҳеч эътибор бермайди. Сени ўз ҳолингга ташлаб қўйган” деб мени йиғлатади. Эй Одам боласи, бировни гап билан ўлдиришдан олдин айтадиган сўзларингни тарозида тортиб кўр!!! 


Луқмони Ҳакимдан “Қандай қилиб ҳикматли гапирадиган бўлдингиз?” деб сўрашди. Шунда у зот: “Рост сўзлаш, омонатни адо этиш ва ўзимга фойдаси бўлмаган нарсаларни тарк этиш сабабли” деб жавоб бердилар. 


Сенда қуйидаги тўрт нарсани кўра оладиган кишига бемалол ишонавер:


1. Табассуминг ортидаги маҳзунлигингни.

2. Ишинг ортидаги ниятингнинг гўзаллигини.

3. Йиғлаётганингдаги қувватингни.

4. Жим туришинг ортидаги мантиқни. 


Агар биз бошқаларнинг қалбларига кира олганимизда эди, уларга нисбатан меҳрибон бўлардик. 


Эй Аллоҳим, мен Сендан саломатликни, иффатни, тинчликни, гўзал хулқни ва қадарга рози бўлишни сўрайман! 


Дунёдаги энг қийин таъмир - ўртадаги ишонч дарз кетган алоқани қайтадан тиклашдир. 


Аллоҳнинг маъсиятида ўтган биргина лаҳза узун маҳзунликни қолдиради. 


Агар ниятинг яхшилик устига қурилган бўлса, Аллоҳ олдингдаги барча ишларни сенга осон қилиб қўяди. 


Эркак аёлни бойликка ўч, бойликни яхши кўради, келишган йигит уни ўзига жалб қилади деб ўйлайди. Аслида, аёл отасини, онасини, ака-укаларини, яқин дугоналарини ҳамда ҳақиқий маънода суянчиқ ва ғамхўр бўладиган, унинг ақлини ҳурмат қиладиган, қандай бўлса, шундайлигича сева оладиган кишини яхши кўради. 


Қийинчилик миқдорича олийликка эришилади,

Ким олийликни истаса, кечаларни бедор ўтказсин.

Кимки қийналмасдан олийликка эришишни кўзласа,

Бутун умрини беҳуда нарсани деб совурибди. 


Имом Шофеий



Кутишдан шу нарсани ўргандимки, мен Роббимнинг раҳматидан бошқа нарсани кутмаслигим керак экан.


Жим туриш розилик аломати дейилади. Лекин, кўпинча, жим туриш оғриқ, изтироб ва аламнинг аломати бўлади.


Инсон фақирлиги учун ёки хунуклиги учун айбланмайди. Чунки, бу борада инсонда ихтиёр ҳам, қувват ҳам, ўзгариш имконияти ҳам йўқ. Аммо инсон тилининг заҳарлиги, хулқининг ёмонлиги учун айбланади. Чунки, мазкур нарсаларни ўзгартириш инсоннинг ўз қўлидадир.


Уч нарсани зеҳнингга яхшилаб жойлаб ол: ўлимдан қочиб қутулишнинг имкони йўқ, ҳақиқий роҳат бу дунёда эмас, одамлардан саломат бўлишнинг иложи йўқ.


Солиҳ ал-Мағомисий




Твиттерда 3000 та “друзянг” бор. Ватсапда 400 та “дўстинг” бор. Однода 50 та “суҳбатдошинг” бор. Фейсбукда 100 та “шеригинг” бор. Қийинчиликка тушиб қолганингда ҳам 2 та дўстинг ёнингда бўлади. Аммо қабрда бир ўзинг бўласан. Ҳайрон бўлма! Бу ҳаёт! Эй Аллоҳим, солитҳ амалларимизни қабримизда бизларга ҳамроҳ қил!


  Эй Аллоҳим, менга мени ҳурсанд қиладиган нарсанинг хушхабарини бер! Менга зарар берадиган нарсани мендан қайтар! Иймонимни собит қил! Менга кифоя қиладиган миқдорда ҳалол ризқ ато эт! Барча азият берадиган нарсаларни мендан узоқлаштир! 


Ким “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деб айтса, унинг учун жаннатда бир хурмо экилади.

Ҳар куни ҳамма нарсани ўқисагу, аммо Қуръон ўқимасак, бу энг катта маҳрумликдир!


Эй Роббим, таналарим тупроқ остида чириб, фақат суякларим қолиб, унутилиб кетганимда ҳам менинг руҳим шод бўлиши учун ҳаққимга дуо қиладиганларни кўпайтиргин! 


Эй Аллоҳим, менинг онамни ва буни ўқиб омин деган барча бандаларингнинг оналарини жаннат аҳлининг саййидаларидан қилгин!


Муаммойим ўлим эмас, балки, қандай ҳолда ўлишдир. Эй Аллоҳим, “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб вафот этишимни насиб қил! 


Эй Ёлғиз Роббим, Сен Ўзинг менга яқинсан! Сен менинг Эгамсан! Сен менинг Ҳабибимсан! Дуоларимни қабул қилувчи фақат Сенсан! Касал бўлсам шифо берувчи ёлғиз Ўзингсан! Фақатгина Ўзинг менинг қалбимдаги нарсаларни биласан! Эй Роббим, заифлигимга раҳим қил! Қалбимни хотиржам ва масрур қил! Ғамларимни кетказ! Мени безовта қиладиган ва покиза ҳаётимни лойқалатадиган нарсаларни мендан буриб юбор! Хафалигимни ҳурсандчиликка айлантир! Хотимамни гўзал қил!  


Агар жаннатни сўрасанг, “Эй Аллоҳ, Сендан жаннатни сўрайман” деб айтмагин. Чунки, дўзахдан чиққанидан кейин жаннатга кирадиганлар ҳам бор. Шунинг учун сен: “Эй Аллоҳ, Сендан ҳисоб-китобсиз ва дўзах азобига йўлиқмасдан жаннатга киришни сўрайман” деб айт! 

Солиҳ ал-Мағомисий




Гоҳида лаҳзалар қийматини ўша лаҳза ўтиб кетиб, хотирага айлангандан кейингина англаб етамиз.


Роббингдан кўра сенга раҳимлироқ ҳеч ким йўқ.

Роббингдан кўра сенинг ғамларингни кўпроқ биладиган ҳеч ким йўқ.

Роббингдан кўра сендан балоларни даф қилувчироқ ҳеч ким йўқ. 


Денгиздаги барча сув кемани чўктира олмайди. Аммо ўша сувдан бир қисми кеманинг ичига сизиб кирса, ана ўшанда чўктириши аниқ. Шу каби муваффақиятсизлик ҳам сени устингдан ҳукмронлик қилиб, бирданига сени ўраб ололмайди. Аммо ичингга ёмон ўйлар, шумланишлар ва ишончсизликлар кирадиган бўлса, ана ўшанда сени ҳақиқатан ҳам келажакка умидсизлик билан қарашга ундаши ва муваффақиятсизликка гирифтор этиши аниқ.  


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, қиёмат кунида инсонларнинг ичида менга энг яқин бўладигани менга энг кўп саловот айтганларидир” дедилар. 


Аллоҳим, мен Сен буюрганингдек сабр қиламан. Сен ваъда қилганингдек, мени неъматларинг билан шод эт! 


Гоҳида ҳаёт игнанинг тешигидан ҳам торроқ бўлиб кетади. Лекин, шуни унутмайликки, Аллоҳнинг нусрати яқиндир. Ахир У зот: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” деган-ку! 


Эй Аллоҳим, менга яхшилик ва енгиллик эшигини очгин! Ёмонлик ва оғирлик эшигини беркитгин! Омин!!! 


Агар ёлғиз турганингда кимнидир эслаб, юзингда табассум пайдо бўлса, бу нарса ўша инсонга бўлган муҳаббатнинг аломатидир. 


Яхшилик қил! Чунки, сен вафот этганингдан кейин ҳам ўлмай қоладиган ягона нарсанг шудир! 


Чумчуқ ўзи қўнган шохнинг синишидан қўрқмайди. Бунга сабаб чумчуқнинг ўша шохга ишонганидан эмас, балки, ўз қанотларининг қувватига ишонганидандир. 


Ҳикоя қилишларича, бир оғриқ бор экан. Уни йўқотишга ҳеч кимнинг кучи етмас экан. Бир куни оғриқнинг эгаси бир марта сажда қилиши биланоқ ўша оғриқ йўқолибди. 


Агар бошингга мушкул иш тушса, қуйидаги уч нарсани эсла:


-         албатта, у вақтинча, ўтиб кетади;

-         албатта, у қадарда бор эди;

-         агар унга сабр қилсанг, кўп ажрга эга бўласан. 


Тақдиримизда “содир бўлади” деб ёзилган нарса, биз истамасак ҳам содир бўлади. Тақдиримизда “содир бўлмайди” деб ёзилган нарса, биз ҳар қанча ҳаракат қилмайлик, барибир, содир бўлмайди.   

Дунёда ҳамма сендан ўтаман дер экан. Ҳатто энг яқин дўстинг ҳам сендан-да бой бўлиб, сенга ёрдам қўлини чўзишни хоҳлар экан. Нима қилса ҳам, сендан бир поғона юқори бўлишни орзу қилар экан. Фақатгина, ҳа, фақатгина ота-онанг сени ўзларидан ҳам юқори мартабаларга эришишингни хоҳлашар экан. Ўзлари кўрмаган кунни сен кўришингни исташар экан. Истаганда ҳам чин кўнгилдан, юрак-юракларидан исташар экан. Аллоҳим, ота-оналаримизнинг ўтганларини Ўз раҳматингга ол. Борларини Ўз паноҳингда асра. Бизни қанчалар меҳрибонлик ила парваришлаб, тарбия қилган бўлсалар, Сен ҳам уларга раҳм қил, омин!!!


Агар фарзанд ноқобил чиқиб, ота-онасини куйдирса, халқдан ота-онасига раҳмат эмас, лаънат олиб берса, шунда ҳам она фарзандидан хафа бўлиб, уни қарғамас экан. Туғилмай ўл, деб унга ўлим тиламас экан. Балки, жуда ҳам жонидан ўтиб кетса, "Сени туғмай мен ўлай" дер экан. Ҳа, бу сўзни фақат ОНА айта олади. Бошқа ҳеч ким айта олмайди.


Бахтнинг калити табассум, эшиги муҳаббат, боғи ҳурсандчилик, нури иймон, девори эса, тинчликдир. 


Эркак аёлни яхши кўриши табиий фитратдир. Аммо, уни муҳофаза қилиши мардликдир. Ҳақиқий эркак миллионта аёлни севмайди. Балки, битта аёлни бошқалардан кўра миллион баробар кўпроқ севади. 


Сен ота-онангга яхшилик қилувчи, ака-укаларингга суянчиқ-ёрдамчи, дўстларингга вафодор, аёлинг ва фарзандларингга меҳрибон, қўшнингга яхши қўшни бўл! 


Эй Одам боласи, кундузинг меҳмонингдир. Сен унга яхшилик қил. Шунда у сенинг яхшиликларингни олиб кетади ва вақти келганда сенинг фойдангга гувоҳлик беради. Борди-ю, унга ёмонлик қилсанг, у сенинг ёмонликларингни ўзи билан олиб кетиб, вақти келганда сенинг зарарингга гувоҳлик беради. 


Болаликдаги энг гўзал хотираларимдан бири – кечқурун уйқум келганда, қаердадир, устим очиқ ҳолда ухлаб қолганимда, эрталаб кўзимни очиб қарасам, ўзимнинг ётоғимда, иссиқ кўрпалар орасида бўламан. Эй Аллоҳим, мени меҳр билан парвариш қилган ота-онамга раҳм қил! 


Оғриқларингни бир ўзинг муолажа қила олсанг, мана шу ҚУВВАТдир.


Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Ҳошимжон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таассуб, мутаассибликmdashбу сўзлар асли араб тилидан олинган бўлиб, бирон ғоя, фикр ёки мазҳабга кўркўрона эргашиш, қаттиқ берилиш, ғулув кетиш, ҳаддан ошиш ва шу давоми...

2681 15:48 / 22.04.2017
Ибн Сийрийн айтади Биз Абу Убайда ибн Абий Ҳузайфа билан бирга унинг чодирида эдик. Унинг олдида ўчоғи бўлиб, ичида олов ёниб турган эди. Шу пайт бир киши келиб давоми...

2885 15:23 / 27.03.2017
Абдуллоҳ ибн Динор айтади Мен Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан бирга Маккага келаётган эдим, биз йўлда дам олиш учун тўхтадик. Бизнинг олдимизга тоғдан бир давоми...

2917 15:11 / 27.03.2017
Бир куни бемор устозимизни кўргани бориб ўтирган эдик, ишлатилган электр энергиясининг пулини сўраб бир электросет ходими келиб қолди. Пулни санаб олиш асносида давоми...

2735 10:12 / 27.03.2017