1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

“БИР ВИЖДОН УЙҒОНУР”

10:19 / 27.03.2017 3986 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дўстлар, келинг, бир зумга дунёнинг барча ташвишларини унутиб туринг. Қандай муҳим қўнғироқлар, учрашувлар бўлмасин бир лаҳзага ҳаммасини бир чеккага қўйинг. Оилавий муаммолар, ҳаёт қийинчиликлари, ҳамма-ҳаммасидан кўз юминг. Сиз билан ҳақиқат оламига сайр этайлик. Инсоф калитлари ила иймон деб аталмиш ҳовлининг ҳақиқат эшикларини очайлик. Бизга виждонимиз йўриқнома бўлгани ҳолда эшикдан ичкари томон аста қадам ташлаймиз…

“Марҳабо “Иймон” деб аталмиш кошонанинг азиз меҳмони! Мен сизнинг виждонингиз ушбу ҳовли билан сизни таништираман. Ҳовли жуда катта, ҳа ҳақиқатдан ҳам ниҳоятда улкан. Буни сайр этиб охирига етиб бўлмайди. Сиз ҳақиқат эшигидан кирганингиз учун сизга яқин жойларни таништираман. Азиз меҳмоним! Сиз мени диққат билан эшитинг. Мен сизнинг виждонингиз бўламан. Мен ҳар доим сизга насиҳат қилишга ҳаракат қиламан. Лекин мени кўп ҳолларда оғзимни очишимга қўймайсиз. Агар бордию, интернетга қадам қўйсангиз, мен “Вақтингни бекор кетказадиган ишлар қилма” демасимданоқ овозимни ўчириб, фойдасиз нарсаларга вақтингизни кетказасиз. Уйга қорнингиз оч келганда аёлингиз сизга таом тайёрлаб кутиб ўтирганда, сизнинг аҳволингиз ҳақида сўраганида сиз аёлингиз жеркиб берасиз “Овқатни тезлаштир” деб. Шу онда мен сизга яна насиҳат қилай десам яна оғзимга урасиз. Нима қилай? Сизга айтай десам эшитмайсиз, тағин иймонни даъво қиласиз яна. Бугун ўзингиз ўз оёқларингиз ила олдимга келдингиз. Сизга йиғиб қўйган гапларимни айтиб олай. Меҳмоним, фақат мендан зинҳор ва зинҳор хафа бўлманг. “Қайтиб бу ерга келмайман” деган ўй ҳам хаёлингиздан ўтмасин. Мен сизни абадий бахтга эришишингиз учун сўзлайман. Сўзларимни ёдингизда сақлаб қолинг. Сизга саволим бор: Нима учун ҳар бир нарсани бориде эмас, йўқ бўлгандан сўнг қадрига етасиз? Бирор ҳақиқатни англаш учун албатта бошингиз деворга урилиши шартми? Нима учун айтинг? Нега? Отангиз ёнингизда бўлганида гап қайтарасиз, бошқаларнинг отаси ундай, бундай дейсиз. Лекин отангиз юрак ҳовучлаб қолиб, шифохонага тушганларида хизматларидан тўхтамайсиз. Нима қилиб бўлмасин отангизнинг саломатлиги учун бор давлатингизни бериб юборасиз. Ахир, шу эътиборингизни отангиз саломат эканида, сизга бирор иш буюрганида қилсангиз бўлмасмиди?! Шу бойликларингизни "Ўғлим, бугун бозорлик қилиб чиққин" деганларида "Хўп бўлади, ота" деб қилсангиз бўлмасмиди?! Онангизнинг қадрларига вафотларидан олдин етсангиз бўлмайдими? Она қадрини, меҳрини, муҳаббатини ҳис қилиш учун албатта уни қабрга қўйиш шартми?! Онасиз қолиб, барча яқинларингиз олдингизга келиб, таъзия билдирганида "Онамни хизматини қила олмадим" деб кўз ёш тўккандан кўра онангиз ҳаёт эканларида олдиларига 2 та иссиқ нон кўтариб келиб, дуо қилаётганларида тиззаларига бош қўйиб, йиғласангиз бўлмасмиди? Акангиз ишида муаммо чиқиб уни ҳал қилиш учун қанча бўлмасин пора беришга тайёрсиз. Аммо ўша пулни акангиз бош эгиб қарз сўраб келишидан олдин берсангиз бўлмасмиди? Нега кўзингиз кеч очилади? Айтинг нега? Аёлингиз фарзанд кўра олмайдиган дардга чалинганда "Худойим менга қиз бўлса ҳам фарзанд бер" дея қилган илтижойингизни онангиз туғруқхонадан қўнғироқ қилиб, "Ўғлим, қиз фарзанд муборак" деганларида айтсангиз бўлмасмиди? Ширин таъмни тотиш учун албатта тилни заҳарга текказиш зарурми? Уйингизда сув бўлмай қолганида, бир челак сувни кўзингизга суртиб ишлатганингизда "Оллоҳим сув неъматини берганингга шукур" деб қиладиган шукрингизни жўмракни тўлдириб бураб қўйишдан олдин ўйласангиз бўлмасмиди? Тинчлик деб аталмиш буюк неъматни қадрини билиш учун албатта бир марта юртингизда урушни кўришингиз шартми? Олаётган нафасингизни қадрини туюш учун жарроҳлик столига ётиб, сунъий ҳаво беришларини кутишингиз шартми?! Қадрдоним, айтай десам, гап жуда ҳам кўп. Ҳар бир нарсанинг қадрига етишни ўрганинг. Оллоҳ сизга неъматларини мўл қилиб берган, фақат уни ҳис қилсангиз бўлгани. Бир бора кўча-куйга чиққанингизда мени ҳамроҳ қилиб чиқинг, мени сўзларимни тингланг, ана шунда биласиз қанчадан-қанча неъматлар кўп эканлигини. Агар мен билан суҳбатлашмоқчи бўлсангиз, мен ҳар доим мана шу ҳовлида бўламан. Қай пайт эшикни қоқманг, албатта мен ҳозир-у нозир бўламан. Сизни малоллантирмаслик мақсадида бугунги саёҳатимизни ниҳоясига етказамиз. Сизни шукр деб номланган эшикдан кузатиб қўйишга ижозат беринг. Яна меҳмоним бўлинг, сизни кўзларим интизор бўлиб кутаман!"

Ҳа, дўстлар, ҳақиқатдан ҳам, бу мезбон ҳар биримизни ичимизда бор бўлган ВИЖДОНимиздир. Баъзимиз у билан маслаҳатлашиб иш кўрамиз, яна баъзимиз у ким эканлигини ҳатто билмаймиз. Унинг гапларига бир қулоқ тутинг, шундай суҳбатдош бизни жаҳаннам томон етаклаши мумкинми?! Ҳар ким бу саволга жавоб топиши учун бир виждонига қулоқ тутсин...

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмоннинг барча иши пухта ва мукаммал бўлиши керак Чин мусулмоннинг шахсияти барча ижобий хислатларни ўзида мужассамқилиб, салбийларидан йироқ бўлади. давоми...

4206 21:33 / 21.04.2017
Бизни Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган ва .Батаҳқиқ, сизлар учун ndash Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва давоми...

6543 13:50 / 24.03.2017
Қаҳрамонимиз ҳар куни газеталар сотиладиган дўконча олдида тўхтар, сотувчига салом берар, пулни тўлаб, керакли газетани олиб кетарди. Лекин унинг саломига давоми...

3981 15:27 / 22.04.2017
Бу дунё ва борлиқни йўқдан мавжуд қилган Зотни таниш, унинг улуғлиги ва буюклигини эътироф этиш икки дунё саодати эшигини очишга муяссар этадиган калитдир. Буни давоми...

3035 17:21 / 27.03.2017