1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Чиройли хулқ – бу одамийлик зийнати

14:03 / 24.03.2017 6455 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло инсонларнинг суратини гўзал шаклда яратиб қўйган. Бу гўзаллик инсонни Аллоҳ таоло яратган бошқа маҳлуқотларига қиёслаганда яққол намоён бўлади, агар инсон ўз сийратини ҳам, хулқини ҳам гўзал қилса, ҳақиқий комил инсон бўлади. Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзида жамлаган ва шу хусусда инсонлар учун намуна бўлган зот Расулуллоҳ (с.а.в) эдилар.


Азизлар, инсон илмга қанча муҳтож бўлса, гўзал хулққа ҳам шунча муҳтождир. Зеро, илм ва гўзал хулқ инсонни камолотга етказувчи икки қанотдир. Ахлоқи комил, бир-бирига меҳрибон ва мададкор жамият бахтли ва фаровон жамиятдир. 

Муқаддас динимизнинг ҳаётбахш ва ўлмас қадриятлари мана ўн беш асрдирки, ҳамон бутун башарият назарида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлиб келмоқда. Албатта, бу биринчи навбатда, биз уммати муҳаммадияни ўз динимизга бўлган муҳаббатимизни янада зиёда бўлишига сабаб бўлса, иккинчидан, унинг таълимотларига чин ихлос билан амал қилмоқликка ундайди. 

Маълумки, Ислом дини инсониятни гўзал хулқу одобга чорлаш, уларни чин инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялаш учун нозил қилинган бўлиб, унинг таълимоти инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олгандир.

Аллоҳ таоло Ўзининг энг сўнги ва комил динини мукаммал ахлоқи ҳамида соҳиби бўлмиш сарвари олам Муҳаммад (с.а.в)га нозил қилиши ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, Муҳаммад (а.с) динимизнинг ҳар бир замон ва маконга муносиб бўлган, шунингдек, ҳар бир шахснинг иқтидорига қараб таклиф қилинган кўрсатмаларини биз умматлари учун ўзларининг ҳаётларига тадбиқ қилиб кўрсатиб бердилар.

Муқаддас динимиз хушхулқликка ва тотувликка рахна солувчи иккиюзламачилик, манманлик, ғийбат, ҳасад ва хиёнат каби иллатларни харом қилган. Хусни-хулқлик ва тотувликка хос ҳамма хислатларни тарғиб этади ва уларни ибодат санайди. Меҳр-шафқат, самимий муносабатлар хусни-хулқлик ва тотувликка етказувчи хислатлардир. Барчага меҳр-шафқат кўрсатиш, самимий муносабатда бўлиш суннатдир.

Муҳаммад (с.а.в)нинг ҳаётлари ҳар бир мўмин-мусулмон учун улкан тарбия мактабидир. У зоти шарифнинг ҳаёт йўлларини қунт билан ўрганиб чиққан ҳар бир инсон албатта, бунга амин бўлмай чораси йўқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят) – деб, Муҳаммад (с.а.в)ни барча мўмин-мусулмонларга намуна бўлишга энг лойиқ зот эканликларини баён қилган. 

Юқорида зикр қилиб ўтганимиздек, муқаддас динимиз кўрсатмалари асосан, инсониятни гўзал ахлоқли бўлишга, бандага Аллоҳ таолонинг олдидаги ҳамда жамият олдидаги бурчу вазифаларини гўзал суратда адо этишга, инсонлар ўртасидаги муносабатларни самимий ва беғараз амалга оширишга тарғиб қилади. Албатта, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) буларнинг барчасида мўмин-мусулмонларга ўрнак кўрсатганлар.

Шахс саодати ва жамият осудалигига оид омиллар ичида хушхулқлик ва тотувлик муҳим аҳамиятга эга. Хушхулқ инсон доимо бахтиёр бўлади.

Пайғамбаримиз (с.а.в) бундай деб марҳамат қилганлар: "Менга фарзларни адо этиш буюрилгани каби, инсонларга хушмуомалада бўлиш ҳам буюрилди... Инсонларга хушмуомалада бўлиш садақадир" деганлар.

Пайғамбаримиз (с.а.в) оила аҳллари билан хушмуомалада бўлар, уй юмушлари билан ҳам шуғулланар эдилар. Оиша (рз.)дан: “Расулуллоҳ (с.а.в) оила аҳллари билан ёлғиз қолганларида ўзларини қандай тутардилар” – деб сўрашганда, у киши:

“Жуда мулойим муомала қилар, кулиб, табассум билан боқар эдилар. Шунингдек, оила аҳллари хизматида бўлар эдилар. Ҳеч ким У зотни саҳобалари орасида оёқларини узатиб ўтирганларини кўрмаган” – деб жавоб берганлар.

Кўриниб турибдики, сарвари коинот пайғамбар бўлишларига қарамай оилага нисбатан зиммаларидаги бурчларини бекаму кўст адо этганлар. Уларнинг рўзғор юмушларига кўмаклашар, имкониятлари даражасида аҳли аёлларини нафақа билан таъминлар эдилар. Баъзи бир оила раҳбарлари эса, иш ва тирикчиликни баҳона қилиб ёки тарки дунёчиликка берилиб оиласи, бола чақасини нафақа билан таъминлаш, фарзандларининг таълим-тарбияси билан шуғулланишни унутиб қўймоқдалар. Албатта, бу мусулмончиликка тўғри келмайди. Ҳар бир нарсанинг, жумладан, ишнинг ҳам, ибодатнинг ҳам ўз вақти бор. Пайғамбаримиз (сав): “Ҳар бир ҳақ эгасининг ҳаққини адо этинг” – деганлар. Шундай экан, аҳли аёл ва фарзандларимиз нафақаси ва таълим тарбияси билан шуғулланишни ҳам унутмайлик. Оиша онамиз (рз.) яна:

“Ҳусни хулқда пайғамбар (сав)дан ўтадиган ҳеч ким бўлмаган, зеро у зот қачон бирор кимса чақирганда доимо лаббай деб жавоб берар эдилар” – деганлар.

Ушбу ҳадисдан Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳушхулқликлари, У Зотга мурожаат қилган кимсага нисбатан ҳушмуомалада бўлишларини кўриш мумкин. Кўришганда саломлашиш, чақирганда лаббай дейиш, хайрлашганда эса, омонлик тилаш биз мўмин-мусулмонлар учун одатга айланмоғи керак. Зеро, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, аҳил ва иноқликнинг зиёда бўлиши биринчи навбатда, ҳушмуомала ва ширин суҳанликка боғлиқдир.

Демак, инсонларга чиройли хулқ билан муомалада бўлиш - бу одамийлик зийнати экан. Шу хусусда Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан "Амалларнинг қай бири афзалроқ?" деб сўраганда, ул зот: "Чиройли хулқ", дедилар. Бошқа бир Ҳадиси шарифларида Расулуллоҳ (с.а.в) "Албатта, Аллоҳ таоло яратилишингизни чиройли қилиб қўйган кишиларсиз, энди хулқингизни ҳам чиройли қилинглар" дедилар.

Инсоннинг хулқи чиройли бўлиши учун аввало, унинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки, қалб инсон жасадининг подшоҳи, қолган аъзолар унга тобеъдир. Агар қалб пок бўлса, қолган аъзолар ҳам унга эргашади, агар у нопок бўлса, барча азолардан нопок амаллар содир бўлади. 

Қалб поклиги борасида буюк аллома Имом Ғаззолий (р.а.) шундай деганлар: “Киши зоҳирини нажосатлардан сақлаши, ундан узоқ юриши лозим. Аммо, ботиний нажосатлар ҳам борки, улардан сақланиш ундан ҳам муҳимроқдир. Чунки, ботиний ифлосликлар яъни қалб нопоклиги киши нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига сабаб бўлади. 

Гўзал хулқ анбиёлар ва сиддиқларнинг, яхшиларнинг сифатидир. Ёмон хулқлар заҳри қотилдир. Ёмон хулқлар ўз эгасини шайтоннинг йўлига ва обрўйини тўкадиган абадий хасталикка бошлайди. Шунинг учун хулқларимизда баъзи қалб касалликлари борлигини сезсак, ўша касалликни унинг зидди билан тезда муолажа қилишимиз зарур. Масалан, бахилликни саховат, ғазабни ҳилм, жоҳилликни илм, кибрликни тавозеъ ва камтарлик билан даволаш керак. 

Расулуллоҳ (сав) Ислом динининг мазмун моҳиятини ўзларининг кундалик ҳаёт тарзлари, амаллари ва пурмаъно сўзлари орқали намоён қилиб берганлар. У зотнинг:

“Пайғамбар бўлиб келишимнинг асосий боиси гўзал ахлоқни тамомига етказишдан иборатдир” – деган сўзларида Ислом динининг асл моҳияти ифодалаб берилгандир. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг ризосини истаган, дунё ва охиратининг фаровонлигини хоҳлаган ҳар бир мўмин-мусулмон киши Пайғамбар (а.с.)ни ўзи учун ибрат қилиб олмоғи лозим.

Аллоҳ таоло барчаларимизни гўзал хулқ соҳиби бўлмоқлигимизни насиб қилсин!


Баҳодир МУҲАММАДИЕВ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу давлатнинг баъзи ҳудудларига муовинларидан бирини волий қилиб жўнатаётиб, унга Агар сенинг ҳузуринга ўғрини олиб келишса, нима давоми...

2390 15:12 / 27.03.2017
Мусулмон хизматчидан барча исломий ахлоқий фазилатлар талаб этилади. Чунки у ўз иши доирасида мусулмонларнинг юзи, вакилидир. Ана шу талаб этиладиган хулқлардан давоми...

2441 10:18 / 27.03.2017
Инсон ҳаёт кечирар экан ҳазил мутойиба билан кўнглини ёзишга муҳтож бўлиб туради. Ушбу эҳтиёж динимизда баён қилинган одобахлоқ доирасида қондирилса ундан давоми...

3640 15:29 / 22.04.2017
Сўфийлик ва тасаввуфнинг ҳақиқати нима Исломнинг унга муносабати қандай Эшитишимизча сўфийларнинг орасидан илми ва амали билан исломга хизмат қилганлари ҳам, давоми...

3493 10:03 / 24.03.2017