1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Икки марта кўп ажр олувчилар

12:16 / 15.03.2017 3608 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло ўз бандаларига жуда меҳрбон эканлиги барчага маълум. “Бисмиллоҳ...”нинг маъносида ҳам бу таъкидланган. Парвардигори олам бандаларига қилган амалларига яраша ўндан етти юз баробар қилиб савоб битиши Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам зикр этилган. Баъзи бандалар борки, уларга савоб икки карра кўпроқ берилади. Ушбу мақоламизда ана шундай бахтиёр бандалар ҳақида тўхталмоқчимиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда улар ҳақида ҳам айтиб ўтган. Шулардан энг бахтлилари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидир. Аллоҳ таоло айтади:

ومن يقنت منكنّ لله ورسوله تعمل صالحا نؤتها أجرها مرتين وأعتدنا لها رزقا كريما

“Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва эзгу амал қилса, Биз унинг мукофотини икки ҳисса қилиб берурмиз ва унинг учун фаровон ризқ (жаннат)ни тайёрлаб қўйгандирмиз”. (Аҳзоб сураси 31-оят).

    Икки карра ажру савоб олишга муносиб бўлган зотлар аҳли китоблардан мусулмон бўлганлари эканлиги бир қанча ояти карима ва ҳадиси шарифларда таъкидланган. Жумладан, Аллоҳ таоло бундай дейди:

الذين آتيناهم الكتاب من قبله هم به يؤمنون. واذا يتلى عليهم قالوا آمنا به انه الحقّ من ربنا انا منا من قبله مسلمين، اولئك يؤتون أجرهم مرتين بما صبروا...

“Биз (Қуръондан) илгари Китоб (Таврот, Инжил) берган зотлар (яҳудий ва насронийлар) унга (Қуръонга) имон келтирурлар. Қачонки, уларга (Қуръон) тиловат қилинса: “Бизлар унга имон келтирдик. Албатта, у Раббимиз томонидан (келган) ҳақиқатдир. Бизлар (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам мусулмон эдик”, дерлар. Ана ўша зотларга (имон йўлида) сабр қилганлари сабабли мукофотлари икки баробар ато этилур”.  (Қасас сураси 52-54 оятлар).  Шу маънода Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадис иршод қилиб бундай демишлар:

من أسلم من أهل الكتابين فله أجره مرتين، ومن أسلم من المشركين فله أجره

“Икки Китоб (Таврот ва Инжил) аҳлидан кимки мусулмон бўлса, бас, унга икки марта ажрдир. Мушриклардан кимки мусулмон бўлса, унга битта ажри бўлади”. (Табароний ривояти).

    Меҳрбон Аллоҳ таоло ўзига тақво қилган, Пайғамбарига имон келтирган аввалига Исо алайҳиссаломнинг умматларидан бўлган мусулмонларни икки карра кўпроқ ажр беришини яна бир бора уларга хос хитоб билан эслатади:

يا أيها الذين آمنوا اتقوا الله وآمنوا برسوله يؤتكم كفلين من رحمته

     “Эй, (Исога) имон келтирган зотлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унинг пайғамбари (Муҳаммад)га ҳам имон келтирингиз, (шунда) У сизларга ўз раҳматидан икки баробар ато этур…”. (Ҳадид сураси, 28-оят).

    Шунинг Аллоҳ таоло имон келтирган, эзгу ишларни қилиб, бойликларини Аллоҳ рози бўладиган муносиб ўринларга сарф қилувчи, фарзандларини тарбияли, илму маърифатли, солиҳ-солиҳа қилиб тарбиялайдиган мўъмин-мусулмонларни ҳам икки карра ажр насибасидан маҳрум қилмайди:

وما أموالكم ولا أولادكم بالتى تقربكم عندنا زلفى الا من آمن وعمل صالحا فأولئك لهم جزاء الضعف بما عملوا وهم فى الغرفات آمنون

“На молларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин қилувчи эмасдир. Фақат имон келтирган ва солиҳ амал қилган зотлар айнан ўшаларгагина қилган амаллари сабабли бир неча баробар мукофот бордир ва улар (жаннатдаги) кўшкларда осойишталикда бўлурлар”. (Сабаъ сураси 37-оят).

    Савобни бошқаларга нисбатан икки карра қилиб оладиганлар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам хабар берилган. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Мусо ал-Ашъарий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанобимиз: “Уч нафар (инсон) бор, уларга икки ажр берилур: Ўз пайғамбарига ҳам имон келтирган ва Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламни топиб, унга ҳам имон келтирган, унга тобиъ бўлган, уни тасдиқлаган аҳли китобдан бўлган кимса, унга икки ажр бўлади. Аллоҳ таолонинг ҳам ҳаққини ва саййиди, хожасининг ҳаққини ҳам адо этган мамлук қул, унга икки ажр бўлади. Чўри, канизаги бўлган кимса, унга чиройли одоб ўргатади, сўнг озодқилиб унга уйланади, шунга икки ажр бўлади”, деганлар. Имом Табароний Абу Умома разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айни уч нафар бахтиёрлар ёнига Расули акрамнинг аёллари ҳам қўшилган. Имом Бухорий ва Муслим иттифоқи билан Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Солиҳ мамлук қулга икки ажр бордир”, дейилади.

    Қуръон аҳли, Қуръоннинг маҳоратли қори ва ҳофизлари Аллоҳ таолонинг аҳли эканлиги саҳиҳ ҳадиси шарифларда таъкидланган. Лекин уни қийналиб ёд олган ва эсдан чиқишига йўқ қўймасдан доим Қуръонни ўқишни одат қилган қори акаларимизга икки карра ажр берилиши ҳам ҳадиси шарифларда ўз аксини топган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо риовят қилишларича, Қуръонга моҳир қори улуғ фаришталар билан бирга бўлади, уни қийналиб ўқийдиган кимсага эса икки карра ажр ато этилади. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Имом Доримийнинг ривоятида эса бундай дейилган:

ومن كان عليه حريصا وهو يتفلت منه وهو لا يدعه أوتى أجره مرتين

“Кимки қуръонга ҳарисманд бўлса, қуръон ундан қочишга уринади, лекин у Қуръонни асло тарк қилмайди, ўшанга икки карра ажр берилади”. Имом Доримий яна Қуръонни ихлос билан тинглайдиган, Қуръонни эшитгувчиларга ҳам икки карра ажр бўлиши башорати берилган ҳадиси шарифни ҳам ривоят қилган:

انّ الذى يقرأ القرآن له أجر وانّ الذى يستمع له أجران

“Албатта Қуръонни қироат қиладиган кимсага битта ажр, уни эшитадиган кимсага эса икки ажр бордир”.

    Имом Табароний ва Байҳақийлар ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

قراءة الرجل فى غير المصحف ألف درجة، وقراءته فى المصحف تضاعف ألفى درجة

“Кишининг мусҳафсиз (ёддан) қироат қилиши минг даражадир. Унинг мусҳафга қараб қироат қилиши эса икки минг даражага зиёда бўлади”, деганлар. Имом Байҳақийнинг Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қлган эканлар:

من قرأ القرآن فأعربه كان له بكلّ حرف عشرون حسنة، ومن قرأ بغير اعراب كان له بكلّ حرف عشر حسنات

“Кимки Қуръонни тушиниб, фаҳмларб ўқиса, унга ҳар бир ҳарфига йигирма савоб бўлади. Кимки тушунмасдан, фаҳмламасдан қироат қилса, унга ҳар бир ҳарфига ўнта савоб бўлади”.

    Ислом оламининг маърифат боғида мужтаҳид зотларнинг ўрни бўлакчадир. Улар ўз ижтиҳодлари билан бу боғнинг хушбўйликларини оламга таратиб турадилар. Бинобарин, уларнинг ажрлари ҳам икки карра бўлиши табиий. Имом Бухорий ва Абу Довудлар Амр ибн ал-Осс ва Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар:

اذا اجتهد الحاكم فأصاب له أجران واذا اجتهد فأخطأ فله أجر

“Қачонки ҳукм қилувчи ижтиҳод қилса-ю, тўғри топса, ишни тўғри ҳал қилса, унга икки ажр ва вақтики ижтиҳодида хато қилса, унга битта ажр бўлур”. 

    Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳу халифа бўлган куни хафа бўлиб ўтирганида Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу унга шу маънодаги ҳадиси шарифни айтиб, унинг кўнгилини тинчлантирган экан. (Байҳақий ривояти). Имом Табароний ривоятида мамлакатини машаққат билан адолатли бошқарган подшоҳга икки карра кўпроқ ажр берилиши башорат қилинган.

    “Аввал хеш, кейин дарвеш” деган гап бор. Аввал ўз қариндошларга яхшилик қилишнинг, хайр-эҳсонни улардан бошлашнинг яна бир ҳикмати икки карра ажру савобга эга бўлиш экан. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятида Ибн Масъуднинг завжаси Зайнаб разийаллоҳу анҳумо бир ансория аёли билан келиб Ҳазрати Билол орқали қариндошларга садақа қилиш тўғрисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўратганларида, у ҳужраи саодатдан ушбу ҳадиси шарифни олиб чиққан экан:

لهما أجران أجر القرابة وأجر الصدقة

“У икковига икки ажр бор: қариндошлик ажри ва садақа ажри”.

Имом Табароний ривоятида эса: “Қариндошларга қилинган садақа икки марта ажрни кўпайтиради”, дейилган.

    Ибн Можжа Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза сув олдириб, таҳорат қилиб кўрсатганликлари зикр этилади. Ул зоти шариф аъзолари бир мартадан ювиб: “Бу таҳоратнинг вазифасидир”, дебдилар. Кейин икки мартадан юювганларида эса: “Бу таҳоратни ким қилса, Аллоҳ унга ажрдан икки карра қилиб беради”, дебдилар. Сўнгра уч-уч мартадан аъзоларини ювиб: “Бу менинг ва мендан олдинги мурсал пайғамбарларнинг таҳоратидир”, деган эканлар. Аъзоларимизни уч мартадан ювиб таҳорат олсак ҳам, инша Аллоҳ, ана шу ҳадиси шарифда айтилган ажру савобларга эга бўлсак ажаб эмас.

    Масжидларда, умуман жамоат намозларда сафни ўнг тарафдан олиш одат бўлган. Чўпчилик шундай қилиш керак, деб ўйлашади. Шу боисдан одатда чап тараф бўш қолади. Масжидларда чап тарафни обод қилганларга икки карра кўпроқ савоб берилишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат қилганлар:

من عمر ميسرة المسجد كتب الله له كفلين من الأجر

“Кимки масжиднинг чап тарафини обод қилса, Аллоҳ унга ажрдан икки ҳисса қилиб ёзади”. (Ибн Можжа Ҳазрати Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривояти). Шу маънодаги ҳадиси шарифни Имом Табароний Ҳазрати Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган:

من عمر جانب المسجد الأيسر لقلة أهله فله أجران

“Кимки масжиднинг чап томонини аҳли кам бўлгани учун обод қилса, бас, унга икки ажрдир”.

    Имоми Аъзам мазҳабида ўнг ва чап тарафлар баробар тўлиб бориши учун сафни ўртадан – имомнинг орқасидан бошлаш мақбул саналади.

    Машаққатли ҳар қандай амалнинг савоби кўп бўлиши шубҳасиз. Икки киши сафарда сув топа олмай таяммум билан намоз ўқишибди. Кейинчалик сув топганларида биттаси таҳорат қилиб, ўқиган намозини қайта ўқибди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишганида, намозни қайта ўқимаганга суннатга амал қилганини айтибдилар. Таҳорат қилиб, намозини қайта ўқиган кимсани эса: “Сенга икки карра ажр-савобдир”, дея алқабдилар. (Имом Абу Довуд Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳудан ривояти). Шунингдек, Имом Табароний “Кимки шиддатли совуқда таҳоратини комил қилиб олса, унинг ажри икки ҳисса бўлади”, деган ҳадиси шарифни ривоят қилган. Имом Ҳоким Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

الوضوء قبل الطعام حسنة وبعده حسنات

“Таомдан олдинги таҳорат бир ҳасана, ундан кейинги таҳорат эса бир неча ҳасанадир”, деганлар.

    Имом Табароний Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

اذا تسارعتم الى الخير فامشوا حفاة فانّ الله يضاعف أجره على المنتعل

“Қачон хайрга шошилсангизлар, яланг оёқ юринглар. Зеро, шак йўқки, унинг ажрини калиш кийганга нисбатан зиёда қилади”, деганлар.

    Илм талаб қилиш ҳам машаққатлидир. Бинобарин, унга бериладиган ажру мукофот ҳам шунга яраша бўлиши керак. Доримий, Байҳақий ва Табароний ҳамда Абу Яъло каби муҳаддислар ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ деб марҳамат қилганлар:

  من طلب علما فأدركه كتب الله له كفلين من الأجر ومن طلب علما فلم يدركه كتب الله له كفلا من الأجر

“Кимки илм талаб қилиб, уни топса, яъни ўзлаштирса, Аллоҳ унга ажрдан икки ҳисса ёзади. Кимки илм талаб қилиб, уни идрок қила олмаса, Аллоҳ унга ажрдан бир ҳисса қилиб ёзади”.

    Имом Абдурраззоқ ривоятида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимки хутбани топса, жумъани топган бўлади. Кимки хутбани топган бўлса, намозни топган бўлади. Кимки имомга яқинроқ ўтириб, хутбани жим ўтириб эшитса, унга ажрдан икки ҳисса бўлади”, деган бўлсалар, Имом Табароний ривоятида жумъа учун ғусл қиладиганларга шундай савоб берилишини башорат қиладилар. Имом Байҳақийнинг Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай марҳамат қилганлар:

أيعجز أحدكم ان يجامع أهله فى كلّ جمعة؟! فانّ له أجرين اثنين: أجر غسله وأجر غسل امرأته

“Сизлардан бирингиз ҳар жумъада хотини билан қўшилишдан ожизми?! Чунки, унга икки ажр бордир: ўзининг ғусл қилгани учун ва хотинининг ғусл қилгани учун”. Бошқа бир ҳадиси шарифда ғусл қилиб, жумъага пиёда борга кимсага ҳар бир қадами учун йигирма савоб берилиши баён этилган. 

Ул зоти шариф Ибн Аби Шайба ривоятида жаноза намози ўқиганларга икки ҳисса савоб берилишини ҳам айтган бўлсалар, жанозада юриб борганларга икки қийрот (ўлчов бирлиги), бирор маркабга миниб борганларга битта қийрот ажр берилишни зикр қилганлар.

Имом Аҳмад ривоятида эса ул зоти шариф Уммон орқали узоқлардан машаққат  билан ҳажга келувчиларга бошқаларга нисбатан икки ҳаж афзаллиги борлигини марҳама этадилар. 

    Энг шарофатли ўлим шаҳидлик эканлигини барча яхши билади. Унинг савоби ҳам энг кўп бўлиши керак. Ибн Аби Шайба ривоятида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Денгизда шаҳид бўлганга қуриқликдаги икки шаҳиднинг ажри бўлади”, деганлар. бошқа ривоятда эса: “Қатл қилинган ёки ғарқ бўлган одамга икки шаҳиднинг ажри бўлади”, деганлар. (Саид ибн Мансур ривояти). Аҳли китоблар ўлдирган фарзанднинг онасига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғлига айнан шу боисдан икки ажр берилишини башорат қилганлар. (Абу Довуд ривояти). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ўзини ўзи билмасдан ўлдириб қўйган Омир ибн ал-Акваъ разийаллоҳу деган саҳобийга ҳам икки карра ажр берилишини айтиб, шундай ўлиб топганларнинг оилаларига таскин берган бўлдилар. (Бухорий ва Муслим ривояти). Аллоҳ йўлида жангга отланган лашкар жанг қилмасдан қуруқ қайтсалар ёки овчилар ҳеч нарса қўлга киритолмай қайтсалар ҳам уларга икки ажр бордир. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аби Шайба ривоятида марҳамат қилганлар.

    Имом Муслим ва Насоийлар Абу Басра ал-Ғифорий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аср намозининг бошқа намозлардан савоби кўпроқ бўлишини мана бу сўзлари билан ифодалаганлар: 

انّ هذه الصلوة عرضت على الذين من قبلكم فضيّعوها، ألا ومن صلاها ضعف له أجره مرتين

“Албатта бу намоз сиздан олдинги қавм-умматларга ҳам арз қилинган эди-ю, (бироқ) улар уни зое қилдилар. Аё, огоҳ бўлингки, кимки уни ўқиса, унга савоби икки марта орттирилади”.

    Риёни уламоларимиз гуноҳи кабиранинг жумласига киритганлар. Унинг энг хавфли томони риё аралашган амалга бирорта савоб берилмаслигидир. Агар бир одам ўз амалини махфий бажарса, лекин ўша бажарилган амални одамлар сезиб қолиб, гапириб юрсалар, уни бажарган одамга икки карра савоб берилар экан. Имом Термизий ҳазратлари Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, бири киши келиб: “Эй Расулуллоҳ, бир одам амалини яшириб бажаради, бироқ, ногоҳ ошкора бўлиб қолса, таажжубга тушиб (қувониб) ҳам қўяди”, деганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга икки ажр бор: махфийлик савоби ва ошкоралик савоби”, деганлар. Мазкур ҳадисни яна Имом Табароний Абу Масъуд ал-Ансорий разийаллоҳу анҳудан, Ибн Аби Шайба эса Ҳабиб разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган.    

    Савоблар икки карра қилиб берилгани каби гоҳида гуноҳлар, жазолар ҳам икки карра бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримида Тавба сурасининг 101-оятида мунофиқларни икки карра азобга мубтало қилишини айтиб ўтган.    Ибн Аби Шайба ривоятидаги ҳадиси шарифда жумъа куни яхши амалларнинг савоби ҳам, ёмон амалларнинг гуноҳлари ҳам икки ҳисса орттириб берилиши зикр этилган.

    Бинобарин, ҳар бир мўъмин-мусулмон гуноҳ ва маъсият жазоларини орттирмасдан, савобини кўпайтиришга, икки ҳисса савобга эга бўлишга ҳаракат қилмоғи даркор. Хусусан, ҳозирги замонда кўпроқ савоб амаллар қилиб қолишга, амал борасида пешқадам бўлишга интилган яхшироқдир. Зотан, саҳобийи киромлардан Абу Мусо ал-Ашъарий разийаллоҳу анҳу хутба асносида бундоқ деганлар:

أيّها الناس، انكم فى زمان لعامل الله فيه أجر واحد وانه سيكون من بعدكم زمان يكون لعامل الله فيه أجران

“Эй одамлар, сизлар шундай замонда яшаяпсизларки, Аллоҳ учун амал қилувчига битта ажр берилади. Яқинда сизлардан кейин шундай замонлар келадики, унда Аллоҳ учун амал қилувчига икки ажр бўлади”.


Ҳамидуллоҳ Беруний



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Қуръон ўрганувчи ва ўргатувчи киши мусулмонларнинг энг яхшисидир.Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизларнинг давоми...

4424 12:09 / 15.03.2017
Мазкур ҳадиси шариф quotЖаброил ҳадисиquot номи билан шуҳрат қозонган бўлиб, у ҳақида Ибн Дақиқ алийд р.ҳ. quotХудди Қуръоннинг онаси quotФотиҳа сурасиquot бўлгани каби давоми...

3466 05:00 / 14.03.2017
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар Ким бир мўминни дунё ғамларининг биридан халос қилса, Аллоҳ таоло уни давоми...

3426 12:17 / 15.03.2017
Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири одамлар мақтовига учиш ва уларнинг танқидини ёқтирмасликдир. давоми...

2683 05:00 / 13.03.2017