1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Аҳли суффа

05:00 / 13.03.2017 4167 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг масжидларида усти ёпилган суффа бўлиб, унда фақир, мискин мусулмонлардан бир гуруҳи истиқомат қилар эдилар. Улар доимий равишда ўша ерда яшар, бировдан бирор нарса сўрамас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари уларнинг ҳолларидан хабар олиб турар эдилар. Уларда зоҳидлик сифатлари зоҳир бўлганлигидан, бу китобда алоҳида зикр қилинмоқдалар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши: «Ундан ўзга илоҳи маъбуд йўқ. Аллоҳ ила қасамки, очликдан жигарим ила ерга қадалиб қолар эдим. Очликдан қорнимга тошни боғлаб олар эдим. Бир куни улар чиқадиган йўлга ўтирдим.

Бас, Абу Бакр ўтиб қолди. Мен ундан Аллоҳнинг Китобидаги бир оят ҳақида сўрадим. Фақатгина у мени тўйғазиб қолса ажаб эрмас, деб сўрадим. У буни қилмай, ўтиб кетди.

Сўнгра олдимдан Умар ўтиб қолди. Мен ундан Аллоҳнинг Китобидаги бир оят ҳақида сўрадим. Фақатгина у мени тўйғазиб қолса ажаб эрмас, деб сўрадим. У буни қилмай ўтиб кетди.

Сўнгра олдимдан Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб қолдилар. У зот мени кўрганларида табассум қилдилар. Менинг ичимда нима борлигини ҳам, юзимда нима борлигини ҳам билдилар. Кейин у зот:

«Эй Абу Ҳирр!» дедилар.

«Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим.

«Эргаш!» дедилар.

У зот юрдилар. Мен эргашдим. У зот ичкарига кирдилар. Изн сўрадилар. Менга изн бердилар. Мен кирдим. У зот бир қадаҳда сутни кўрдилар ва:

«Бу сут қаердан?» дедилар.

«Уни сизга фалончи киши ёки фалончи аёл ҳадя қилди», дейишди.

«Эй Абу Ҳирр!» дедилар.

«Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим.

«Аҳли суффанинг олдига бориб, уларни менга чақириб кел», дедилар.

Аҳли суффа Исломнинг меҳмонлари бўлиб, аҳлга ҳам, молга ҳам, бирор кишига ҳам эга эмасдилар. У зотга садақа келса, ўзлари ҳеч нарсага тегмай, уларга юборар эдилар. Қачон У зотга ҳадя келса, уларга ҳам юборар, ўзлари ҳам олар, уларни ўзларига шерик қилар эдилар.

Ҳалиги гап менга оғир ботиб, ичимда: «Бу сут аҳли суффага нима бўлар эди. Бу сутдан бирор ҳўплам ичишга мен ҳақли эдим. Ўшанда бир оз қувват топармидим. Улар келганларида менга амр қиладилар. Сутни уларга тутаман. Ўзимга етмай қолади», дедим.

Аммо Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилиш лозим эди. Бориб, уларни чақириб келдим. Улар келиб, изн сўрадилар. У зот уларга изн бердилар. Улар уйга жойлашдилар. У зот:

«Эй Абу Ҳирр!» дедилар.

Мен: «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули», дедим.

«Ол! Уни уларга бер», дедилар.

Қадаҳни олдим. Уни бир кишига берсам, у тўйгунича ичиб, қадаҳни менга қайтарар эди. Кейин бошқа одамга берар эдим. У ҳам тўйгунича ичиб, қадаҳни менга қайтарар эди. Қавмнинг ҳаммаси тўйиб бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим. У зот қадаҳни олиб, қўлларига қўйдилар ва менга назар солиб, табассум қилдилар ва:

«Эй Абу Ҳирр!» дедилар.

«Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим.

«Мен билан сен қолдикми?» дедилар.

«Рост айтдингиз, эй Аллоҳнинг Расули», дедим.

«Утир! Ич!» дедилар.

Ўтириб, ичдим.

«Ич!» дедилар.

Ичдим. У зот «Ич!» дейишда давом этдилар. Охири:

«Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, бошқа жой қолмади», дедим.

«Менга кўрсат-чи», дедилар.

У зотга қадаҳни бердим. Бас, Аллоҳга ҳамд айтдилар ва бисмиллаҳни айтиб, ортиб қолганни ичдилар».

Бухорий, Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

Абу Ҳурайранинг фазллари.

Оч қолганда ҳам иффатни сақлаб, очлигини бировга билдирмасликка уриниш одобдан эканлиги.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз саҳобаларига меҳрибонликлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садақани ўзларига олмасликлари.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадяни ўзларига олишлари.

Ўша вақтда мусулмонлар қийинчиликда яшаганликлари.

Кишилар Пайғамбар алайҳиссаломга сут ҳам ҳадя қилганликлари.

Аҳли суффа ҳеч кими йўқ кишилар бўлиб, ўз иффатларини сақлаб, бировдан бирор нарса сўрамаганликлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари: озгина сутнинг ҳаммага етганлиги.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларини бошқалардан юқори қўймай, сутни ҳаммадан кейин ичганликлари.


Фазола ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ила намоз ўқиганларида баъзи кишилар ўта очликдан намозда қулаб тушар эдилар. Улар аҳли суффа эдилар. Аъробийлар: «Анавилар жиннилар», дейишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқиб бўлсалар, уларга бурилиб қараб туриб: «Агар сиз учун Аллоҳнинг ҳузурида нималар борлигини билганингизда, фақирлигингиз ва ҳожатмандлигингиз яна зиёда бўлишини хоҳлаган бўлар эдингиз», дедилар.

Фазола: «Уша куни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим», деди.

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу икки ривоятда ўша вақтдаги қийинчиликлардан бир кўриниш васф қилинмоқда. Албатта, суффа ахдлари бошқа имконлари бўлса ҳам, бу ҳолатга ўз ихтиёрлари билан, қасддан тушган эмаслар. Кейинчалиқ умумий иқтисодий ҳолат яхшиланганда уларнинг ҳоллари хам, айниқса, Абу Ҳурайранинг ҳоллари тамоман яхшиланган.

Демак, тақозои ҳол ила ночор аҳволга тушиб қолган одам сабр қилмоғи лозим экан.

Тилни тиймоқ – ФАРЗ.

Тилни қабоҳатли гап-сўзлардан тиймоқ ҳар бир инсон учун фарзи айндир. Чунки бу нарса катта гуноҳдир.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Банда бир калимани гапиради. Унда нима борлигини ажратмайди. У билан дўзахга, машриқ ва мағриб орасидан ҳам узоқроққа қулайди».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Киши бир калимани гапиради. У бунда ҳеч гап йўқ, деб ўйлайди. У билан дўзахга етмиш йилга қулайди», дейилган.

Шарҳ: Шунинг учун тилни тийиш керак. Оғзига келганни бўғзига ютмай гапиравериш керак эмас. Мўмин банда оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзнинг жавобини беришини унутмаслиги зарур. Шу билан бирга, банда бир оғиз сўз билан дўзахи бўлиб қолиши ҳеч гап эмаслигини зинҳор эсдан чиқармаслиги керак.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Банда Аллоҳнинг розилигига оид бир калимани гапиради. Унга эътибор ҳам бермайди. Аммо Аллоҳ у билан ўша банданинг даражасини кўтаради.

Банда Аллоҳнинг ғазабига оид бир калимани гапиради. Унга эътибор ҳам бермайди. Аммо у билан дўзахга қулайди», дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Бирингиз Аллоҳнинг розилигига оид бир калимани гапиради. Унинг етадиган жойини гумон ҳам қилмайди. Аллоҳ у билан унга Ўзига рўбарў бўладиган кунгача ўз розилигини битади.

Бирингиз Аллоҳнинг ғазабига оид бир калимани гапиради. Унинг етадиган жойини гумон ҳам қилмайди. Аллоҳ ўша бандага у Ўзига рўбарў бўладиган кунгача ўз ғазабини ёзиб қўяди», дедилар».

Шарҳ: Демак, бир оғиз сўз билан дўзахи ёки жаннати бўлиб қолиш ҳеч гап эмас экан. Шунинг учун ёмон гап-сўзлардан тилни тиймоқ ва яхши гап-сўзларнигина сўзлаб юрмоқ лозим экан.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Фақат яхши гапни гапириш, ёмон гапдан мутлақо узоқ бўлиш Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига бўлган иймоннинг аломати экан.


Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасидаги нарсанинг ёмонликдан тийиш кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Банда тилини ва фаржини ёмонликдан тийса, жаннатга кириши кафолатли бўлиб қолар экан. Бас, ҳар банда ўша кафолатни Пайғамбар алайҳиссаломдан олишга ҳаракат қилмоғи лозим.


Суфён ас-Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менга бир сўз айтинг, уни маҳкам тутай», дедим.

«Роббим Аллоҳдир, дегин ва кейин мустақим бўлгин», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен учун энг кўп қўрқадиган нарсангиз нима?» дедим.

У зот қўллари билан тилларини ушлаб туриб:

«Мана бу!» дедилар».


Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, нажот недир?» дедим.

«Тилингни тий. Уйингга сиғ. Хатоингга йиғла», дедилар».


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг зикрисиз гапни кўпайтирманглар. Чунки Аллоҳнинг зикрисиз гапни кўпайтириш қалбни қаттиқ қилади. Албатта, Аллоҳдан энг узоқ киши қалби қаттиқ кишидир», дедилар».


Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласининг барча гапи унинг зиддигадир. Унинг фойдасига эмасдир. Илло, амри маъруф ва наҳйи мункар ёки Аллоҳ таолонинг зикри бундан мустасно», дедилар».


Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одам боласи тонг оттирса, барча аъзолари тилга зорланиб:

«Бизнинг ҳаққимизда Аллоҳдан қўрқ! Албатта, биз сенга боғлиқмиз. Агар сен тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз. Агар сен қийшайсанг, биз ҳам қийшаямиз», дерлар», дедилар».


Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биров ўз биродарини бир гуноҳда айбласа, ўшани ўлимидан олдин ўзи ҳам қилиши бор», дедилар».

Шарҳ: Бировларнинг айбини беҳуда равишда, ғийбат тариқасида гапириш ўз эгасининг бошига кулфат келтиради. Тавба қилиб, хатосини яшириб юрган одамларни айблаш яхши эмас. Аммо тавба қилмай, ошкора тарзда гуноҳ қилиб юрганларни танқид қилиш жоиз.


Восила розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биродарингни сўкишни зоҳир қилма. Тағин Аллоҳ унга раҳм қилиб, сени балога гирифтор қилиб қўймасин», дедилар».

Ушбу еттитани Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Банда ҳеч қачон ўзидан паст даражадаги одамни ҳақорат қилиб, унга паст назар билан қарамаслиги лозим. Чунки замон айланиб, ўринлар алмашиб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун эҳтиёт бўлмоқ керак.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шунда марҳамат қилади Бас, Мени ёд этингиз, Мен ҳам сизларни ёд этурманrdquo Бақара, 152.Бу ерда ёд этиш зикрrdquo лафзи билан келган. Зикр давоми...

7476 12:09 / 15.03.2017
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ давоми...

4823 12:32 / 15.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким бир ҳидоятга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрларича ажр бўлади. давоми...

3104 05:00 / 13.03.2017
Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога беадад саловоту саломлар бўлсин. Муҳтарам ўқувчилар, ушбу рисолада мазҳабимизнинг давоми...

3215 12:16 / 15.03.2017