1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Хотима ("Мукаммал саодат йўли" китобидан)

05:00 / 14.03.2017 3311 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу китобни ёзиб битиргандан сўнг «Хотима» сарлавҳасини ёзиб, бошқа нарса ёзмасдан, тарк қилган эдим. Хотима кеййнроқ ёзилар, деган фикр бор эди. Китобнинг таҳрири тамом бўлганидан сўнг муҳаррир қилган ишларни кўргач, мулоҳазаларни ҳисобга олиб, баъзи аниқликлар киритиб, охиригача келдим. Шунда «Хотима» деган сарлавҳа яна кўз ўнгимда намоён бўлди. Табиий ҳолда «Нима қилиш керак?» деган савол кўндаланг бўлди. Сарлавҳани ўчириб қўйсаммикан, деган фикр бир оз ўйлантирди. Кейин қисқача бўлса ҳам, бир нарса ёзиш керак, деган фикр такрор-такрор хаёлга келди.


Ва ниҳоят, Ислом динидан бехабар бўлган икки кишининг оз бўлса-да, ундан хабардор бўлгач, бу динга кирганларидан сўнг эришган бахти ҳақидаги ўзим эшитган ва қаттиқ таъсирланган икки ҳикояни тақдим қилиш истаги туғилди.

Зотан, китобимизнинг бош мавзуси ҳам инсонларни Ислом билан таништириш, унинг ҳақиқатидан хабардор бўлишга чақириш, ким бўлишидан қатъи назар, бугунги кун кишиси Ислом билан тўғри шакл-да танишса, албатта фойда олишини таъкидлашдир.

Ҳикоя бугунги кунимизда, Тошкент шаҳрида жойлашган шифохоналардан бирида бўлиб ўтган. Иттифоқо, шифохонага даволаниш учун келган икки киши бир хонага жойлашибдилар. Улардан бири — ёши ўтиб қолган рус миллатига мансуб киши, иккинчиси — ўзбек миллатига мансуб ёшроқ инсон.

Икки бемор бир хонада даволана бошлаганлар. Орадан бир муддат ўтгандан сўнг рус киши ўзбек йигитдан:

«Нима учун сени кўргани жуда кўп одамлар келишяпти?» деб сўрабди.

«Биз мусулмонмиз. Динимиз беморларни зиёрат қилишга, улардан ҳол сўрашга чақирган ва бу иш учун савоб берилишини таъкидлаган», — дебди йигит.

«Менимча, бошқа мусулмон беморлардан кўра сенинг ҳузурингга зиёратчилар кўпроқ келишяпти», — дебди рус миллатига мансуб бемор.

«Менинг диний илмим бор, шогирдларим ҳам келишяпти», — дебди қори йигит.

Ушбу суҳбатдан кейин уларнинг орасида савол-жавоблар, сўраб-суриштиришлар бўлиб турибди. Рус миллатига мансуб бемор ўзини қизиқтирган саволларга қониқарли жавоблар олишга сазовор бўлибди. Ўзбек миллатига мансуб бемор ўз дини ҳақида билганларини айтиб берибди.

Кўп ўтмай, рус миллатига мансуб бемор мусулмон бўлиш истагини билдирибди. Аллоҳ таоло унга шаҳодат калималарини нутқ қилиб, мўмин-мусулмон бандалардан бўлиш бахтини ато этибди. Фурсати етганда намоз ўқишга тайёргарлик кўрилибди.

Билимли мусулмон янги мусулмонга керакли маълумот ва таълимотларни тақдим қилибди. Таҳоратлар олиниб, жойнамозлар солинибди. Билимли мусулмон имом бўлиб, янги мусулмон иқтидо қилиб, намоз ўқиш бошланибди. Такбири таҳрима айтилиб, қулоқ қоқилибди. Қироат қилиниб, рукуъга, сўнгра саждага кетилибди. Имом саждадан кейинги ракъатга турибди. Аммо иқтидо қилган янги мусулмон турмабди. Имом шошилиб, салом бериб, қараса, янги мусулмон Ўз Роббига жон таслим қилган экан...

Бу ажойиб ҳикояни бизга айтиб бераётган ибодати, тақвоси билан танилган инсон «жон таслим қилган экан» деган иборани айтиши билан кўзидан дув-дув ёш тўкиб, йиғлаб юборди. Бу йиғи оддий йиғи эмас эди. Бу йиғи йиғиларнинг ичида тенги йўқ йиғи эди. Бу йиғи ҳавас йиғиси эди. Ҳа, ота-бобосидан тортиб, мустаҳкам эътиқодли, бардавом ибодатли су-лола фарзандининг янги мусулмон бўлган, Роббига биринчи сажда қилиш жараёнида жон таслим қилган саодатманд инсонга ҳавас қилиб йиғлаши эди. У ўша умридаги биринчи саждаси пайтида Роббига жон таслим қилган, абадий саодатга аниқ ишонган кекса ёшдаги янги дин қардошига ҳавас қилиб йиғлаётган эди. Ўзининг оқибати нима бўлишини билмагани учун янги диндошига ҳавас қилиб йиғлаётган эди.

Ҳа, Ислом ана шундай ажойиб дин. Инсонларга икки дунё саодатини тақдим қиладиган дин. Фақат инсонларнинг ўзлари бу диндан бехабар қолиб, бахтдан мосуво бўладилар, холос.

Юқорида келтирилган ҳикоя уни айтиб берган кишининг йиғиси билан қўшилиб, менда катта таассурот қолдирган биринчи ҳикоя эди.


Айтиб берган кишисининг йиғиси билан қўшилиб, катта таассурот қолдирган иккинчи ҳикояни севикли қизим Оминахон айтиб берди.

Нонушта пайти эди. Оиламиздаги одатга кўра, ўз-аро ҳазил-мутойиба ва фикр алмашув ила гаплашиб, нонушта қилар эдик. Оминахон «Кечаси интернетда Абу Муслим ака қўйган бир ҳикояни ўқиб, роса йиғладим», деб қолди. «Нима ҳикоя экан?» деб сўрадик, ундан. Оминахон кечаси интернетда ўқиб, йиғлаган ҳикоясини ўз услубида айта бошлади. Айтиб бераркан, ҳикоя охирлаган сари йиғиси ҳам кучайиб борди. Унга қўшилиб, биз ҳам йиғладик. Ҳаммамиз дуо қилиб, дастурхондан туриб кетдик.

Кейинроқ Оминахондан бу ҳикояни интернетда қаердан топиш мумкинлигини сўрадим. Ўзим топа олмай, Абу Муслимга қўнғироқ қилдим. У киши кўчада экан. Топиб, юборишини ваъда қилди. Аммо эсидан чиқиб қолдими ёки бошқа сабаб бўлдими, юбормади. Яна Оминахонга айтдим. У ҳикоя матнини флеш-хотирага ёзиб келиб, менинг жиҳозимга қўйиб берди. «Ҳазратга» деб номланган файлни очиб, ўқий бошладим...

«Қирқ йилдан буён саратон (рак) касалига йўлиққан беморларни даволайман. Бу вақт мобайнида турли ҳодисаларга дуч келдим. Шуларнинг ичидан 1976 йили содир бўлган бир воқеани ҳикоя қилиб бермоқчиман...

Бош шифокор лавозимида ишлаган пайтимда Сароб исмли ёш беморим бўлиб, кўкрак саратонига чалинган эди. Уни шахсан ўзим даволар эдим. Аллоҳнинг изни билан қисқа муддат ичида унинг аҳволи яхшилана бошлади. Фақат у камида беш йилгача ўзини қаттиқ парваришда сақлаши керак эди. Тўрт йил ўтиб, Сароб Измирга бориб келишни истади. Қиш ойи бўлгани учун самолётда кетиш шарти билан рухсат бердим.

Афсуски, у самолётга чипта ололмай, автобусда йўлга чиқибди. Бунинг устига, автоҳалокат туфайли олти соат совуқда қолиб кетибди. Касаллик тезда унинг суяк ва ўпкаларига тарқаб кетди. У метастаза (касалликнинг бошқа аъзоларга ёйилиши) сабабли умуман юра олмас, ўпкасига доимий кислород жиҳозлари қўлланар, шунинг учун гапириши ҳам осон эмас эди. Бир сафар уйига борганимда:

«Доктор... Мен сиздан... жуда хафаман», — деди у. «Нима учун?» деб сўрадим.

«Сиз... диндор одам... экансиз... Нега менга ҳам... Аллоҳни, ўлимни, охиратни тушунтирмадингиз?»

Унинг диний илми оз эди. Буни билар эдим. Шунинг учун унинг бу саволидан бир оз шошиб қолдим.

Саробнинг кўнглини олишга, хафа қилмасликка ҳаракат қилиб:

«Докторларга боғланиш осон, пулини берасан-у, истаган муолажангни олаверасан. Аммо иймон муолажасини чин дилдан исташинг керак», — дедим.

У «Истайман» деган маънода бош ирғади. Шундан сўнг умидсиз тиббий муолажанинг ёнига шифобахш иймон муолажаси қўшилди. У мен ўргатаётган иймон ҳақиқатларини бутун вужуди билан тинглар, ора-сира саволлар сўраб турар эди.

«Доктор, — деди у вафотига бирор ҳафта қолгани-да. — Мен... ўлаётганимда нима дейишим... керак?»

«Сенинг ҳолатинг ўзига хос. Сенга калимаи шаҳодатни айтиш узунлик қилади. У онни сезганингда «Аллоҳ, Муҳаммад», десанг кифоя», — дедим. У табассум билан бош силкиди.

Оғриқ кучли бўлгани учун Саробга давомли равишда морфин қилар эдик. Орада сафарга кетиб қолиб, бир муддат уни кўра олмадим. Қайтиб келганим-да онаси қўнғироқ қилиб:

«Сароб бир ҳафтадан бери морфин қилдирмаяпти», - деди.

Тезда унинг уйига бордим ва нима учун укол қилдирмаётганини сўрадим. Саробнинг жавобини ҳалигача унутолмайман. Эсласам, титраб кетаман:

«Дорининг таъсири билан ўлимга уйқуда дуч келсам ва «Аллоҳ, Муҳаммад», дея олмай қолсам-чи?» — деди у.

Ўшанда Жумъа куни эди, унинг чамаси тўрт кунлик умри қолган эди. Эртаси куни унга:

«Ҳеч қўрқма, — дедим, — бемалол укол олишинг мумкин».

Сароб бу учрашувимизда охирги саволини берди:

«Доктор! Азроил... менга қай... шаклда кўринади?»

«Қизим, Азроил алайҳиссалом бир фаришта. Ҳеч сиқилма, у сенга гўзал кўринишда келади», дея таскин бердим.

Сешанба куни Саробнинг оғирлашганини эшитганим заҳоти уйига йўл олдим. Лекин афсуски, у билан видолашиш менга насиб қилмади. Унинг оиласи бутунлай паришон ҳолатда эди. Фақат уни узоқ муддат парваришлаган бир диндор аёл қариндоши тик турган эди. Мени кўрган заҳоти ёнимга келиб, унинг сўнгги онларини гапириб берди:

«Доктор, бир оз олдин бу уйда мўъжиза содир бўлди. Сароб кислород жиҳозини ечиб, отди ва «Ўрнингдан қимирлама», дейишимизга қарамасдан, туриб, таҳорат қилди. Сўнг икки ракъат намоз ўқиди. Ҳаммамиз қотиб қолдик. Кейин эса калимаи шаҳодат келтирди ва «Докторга айтинглар, ўлим фариштаси у айтганидан ҳам гўзал экан», — деди-ю, жони узилди»...

Ўлим фариштаси келганида ғафлатда қолмаслик учун морфин қабул қилмай, қаттиқ оғриқларга ҳам бардош берган қизни Аллоҳ ёлғиз ташлаб қўймади. Бу дунёнинг эшигини табассум ила ёпиб, у дунёнинг эшигини табассум ила очиш неъматини ато этди...»

Ҳикоя тугади.

Мен яна йиғладим.

Оминахон ҳам беҳуда йиғламаган экан.

Бу йиғи оддий йиғи эмас эди. Бу йиғи йиғилар ичида тенги йўқ йиғи эди. Бу ҳавас йиғиси эди. Ҳа, ота-бобосидан тортиб мустаҳкам эътиқодли, бардавом ибодатли сулола фарзандининг ўз динини билмай юриб, кейин таниган, Роббига иймонини янгилаб, оғир дард чангалида жон таслим қилган саодатманд инсонга ҳавас қилиб йиғлаши эди. У ўша ўзи ҳавас қилаётган, ўлим фариштасини гўзал суратда кўриб, Роббига жон таслим қилган дин қардошининг абадий саодат сари йўл олганига аниқ ишонгани учун унга ҳавас қилиб йиғлаётган эди. Ўзининг оқибати нима бўлишини билмагани учун ўша диндошига ҳавас қилиб йиғлаётган эди.

Ҳа, Ислом ана шундай ажойиб дин. Инсонларга икки дунё саодатини тақдим қиладиган дин. Фақат инсонларнинг ўзлари бу диндан бехабар қолиб, бахтдан мосуво бўладилар, холос.

Икки абадий саодат соҳибининг қиссаси. Уларнинг бири ота-бобосидан тортиб, Ислом нималигини билмай яшаб ўтган кекса инсоннинг қиссаси. У умрининг сўнгги лаҳзаларида Исломдан хабардор бўлиб, уни қабул қилди, сўнг эса калимаи шаҳодат ҳамда бир сажда билан абадий саодатга эришди. Иккинчиси эса турли сабабларга кўра ота-боболарининг дини бўлмиш Исломдан узоқда бўлди. Ёшгина бўла туриб, оғир дардга чалинди. Ихлосли мусулмонни учратиб, Ислом ҳақида озгина маълумот олди ва калимаи шаҳодат ҳамда икки ракъат намоз ила гўзал суратдаги ўлим фариштасини қувонч билан қарши олди.

Бу нақадар бахт! Бу нечук саодат!

Ушбу бахт ва саодат бу дунёда Исломга амал қилиб яшаган кишилар учун неча чандон кўп бўлишини бир ўйлаб кўринг-а!

Шунинг учун бу диндан бехабар қолмасликка ҳаракат қилиш, уни ўрганиш ва унга мувофиқ яшаш керак. Ана шунда бу дунё ва охират саодати тугал бўлади. Мукаммал саодат насиб қилган бўлади.

Аллоҳим! Барчамизга икки дунёнинг мукаммал саодатини насиб этгин! Омин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
"Мукаммал саодат йўли" китобидан



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Еб ичгандан кейин ҳамд айтишда Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи ризқ беруви зот эканини эътироф қилиш бор. Шу билан бирга бу ишда Аллоҳ таолога шукрни доимий янгилаб давоми...

3155 05:00 / 13.03.2017
Олам ҳозирги кундаахлоқсизлик, разолат ва жиноятнинг кенг тарқалганидан аянчли аҳволда қолди. Бунинг сабаби инсон Аллоҳни эсдан чиқариши, унинг улуғлигини давоми...

3138 05:00 / 13.03.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Оли Муҳаммад алайҳиссалом Мадийнага келганларидан бошлаб, то қабз қилингунларича кетмакет уч кеча тўйиб буғдой таом давоми...

3319 05:00 / 14.03.2017
Аллоҳни зикр қилар эканмиз, уни кўпайтиришга ҳаракат қилишимиз лозим. Чунки, Аллоҳни зикр қилингларrdquo ояти билан Аллоҳни кўп зикр қилингларrdquo ояти ўртасида давоми...

109250 10:35 / 18.07.2020