1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Нега бир-биримизни яхшиликка ундаб, ёмонликдан қайтарамиз?

05:00 / 14.03.2017 2883 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонларга қарата шундай деган: 

“Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин!” (Оли Имрон, 104). 

Бу оятдаги “сизлардан” сўзидан араб тили қоидаси бўйича икки хил маъно олиш мумкин. Яъни сизлардан бир жамоат чиқиб, яхшиликка даъват қилиш, амри маъруф, наҳйи мункар ишлари билан шуғуллансин, деб ҳам тушуниш мумкин. Бу тафсирга кўра, амри маъруф ва наҳйи мункар билан шуғулланиш фарзи кифоя саналиб, умматнинг ҳаммаси эмас, балки маълум бир қисми – уламолар шуғулланса, шунинг ўзи кифоя қилиб, бошқаларнинг зиммасидан бу вазифа соқит бўлади.

     Яна, Имом  Бағавий (вафоти 516 ҳижрий йил) каби олимлар бу оятдан “сизлар ҳаммангиз мазкур ишларни қиладиган уммат бўлингиз”, деган маънони олиш ҳам жоиз, дейдилар. Муфассирларнинг аксарияти шу иккинчи тафсирни қўллаб-қувватлаганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам шу иккинчи тафсирга биноан, амри маъруф ва наҳйи мункар билан шуғулланишни фарзи айн, яъни ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир, деб билганлар.    

     Жумладан, Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари ҳам “Таъвилоту Аҳлиссунна” номли тафсир китобларида шу суранинг 110 “Моида” сурасининг 79-оятлари ва бир неча ҳадиси шарифлардан далил келтириб, амри маъруф, наҳйи мункар ишларини қилиш ҳар бир мусулмонга фарзи айн қилинган, деб таъкидлаганлар. 

Демак, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ҳар биримизнинг зиммамиздаги фарз экан, бу ишни нима мақсадда амалга оширамиз? Бу саволнинг жавобини қуйида кўриб чиқамиз. 


1. Аввало, Аллоҳ таолонинг ушбу “Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин!” (Оли Имрон, 104), оятига бўйсуниб шу ишни қиламиз. 

2. Инсонларга динни, фойдали нарсаларни ўргатиш орқали Аллоҳ азза ва жаллага яқинлик ҳосил қилиш учун: 

Аллоҳ таоло айтади: “(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!” (Наҳл, 125). 

3. Ўтган пайғамбарларнинг динни ёйиш борасида қилган ишларидан бизларга ҳам насиба бўлиши учун: 

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Дарвоқе, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва шайтондан йироқлашингиз!” (деган ваҳий билан) пайғамбар юборганмиз” (Наҳл, 36). 

4. Роббимиздан ажру мукофот умид қилганимиз учун:

Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Ким бировни яхши ишга ундаса, ўша ишни қилувчининг ажрининг мислида ундовчига ҳам ажр бўлади”. Муслим ривояти. 

5. Ишларимиз ўнгланиб, гуноҳларимиз кечирилиши учун: 

Роббимиз марҳамат қилиб айтади: “Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар” (Аҳзоб, 70-71). 

6. Фарзанларимиз салоҳиятли бўлиши учун: 

Аллоҳ таоло айтади: “(Васийлар) мабодо заиф (норасида) фарзандларни қолдириб, (вафот этганларида ўзлари ҳам) улардан хавотир олганлари каби, (ўзга етимларнинг ҳаққини ейишда) Аллоҳдан қўрқсинлар ва (уларга) тўғри гапирсинлар” (Нисо, 9). 

7. Аллоҳнинг азобидан қўрққанимиз учун:

Роббимиз марҳамат қилиб айтади: “Раббингиз аҳолиси ислоҳотчи бўлган шаҳарларни (аҳолисини) ноҳақлик билан ҳалок этувчи эмасдир” (Ҳуд, 117). 

8. Ёмонлик ва бузғунчилик кўпаймаслиги учун:

Зайнаб розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга дедилар: “Ичимизда солиҳ инсонлар бўлса ҳам ҳалок қилинамизми?” Шунда у зот: “Ҳа, агар бузуқликлар кўпайиб кетса” дедилар”. Бухорий ривояти. 

9. Қиёмат кунида солиҳ амалларимиз тарозуда оғирроқ келиши учун: 

Ушбу ҳадис бунга далил: “Ким тўғри йўлга чорласа, ўша йўлга эргашганларнинг ажрлари мислича унга ҳам ажр бўлади. Бу билан эргашганларнинг ажрлари камайиб қолмайди”. Муслим ривояти. 

10. Бизга лаънат етмаслиги учун:

У зот айтади: “Исроил авлодидан кофир бўлганлар Довуд ва Исо ибн Марям тили билан лаънатландилар. Бунга итоатсизликлари ва тажовузкор бўлишлари сабаб (бўлди)” (Моида, 78). 

Шанба куни синовидан ўта олмаган Айла қишлоғидаги бир тоифа яҳудийлар ҳаққига Довуд алайҳиссалом дуои бад қилганида улар маймунларга айланиб қолишган. Исо алайҳиссаломнинг қавмидан бир тоифаси дастурхон неъматига ношукрлик қилганларида у зот: “Уларга дунёда ҳеч кимга берилмаган жазони бергин!” - деб қарғаганларида улар чўчқаларга айланиб қолишган. Уларнинг сони беш минг нафар эди, деган ривоят бор. 

11. Қариндош-уруғларимизга меҳрибонлик ва шафқат қилганимиз учун: 

Аллоҳ таоло айтади: “Яқин қариндошларингизни (Аллоҳ азобидан) огоҳлантиринг!” (Шуаро, 214). 

12. Макру ҳийла ишлатиб, бузғунчилик қиладиган фосиқу фожирлар ва мунофиқларнинг ёмонликларини тўхтатиш учун: 

Аллоҳ таоло айтади: “Мунофиқ эркаклар билан мунофиқ аёллар бир-бирларидандирлар. (Улар одамларни) ёмонликка буюрадилар, яхшиликдан қайтарадилар ва қўлларини (хайр-эҳсондан) тиядилар. Аллоҳни унутишгач, (У) ҳам уларни “унутади”. Мунофиқлар, албатта, фосиқдирлар” (Тавба, 67). 

Бу оятдан маълум бўлишича, мунофиқлар куфрда бир-бирларидан фарқ қилмайдилар ва улар мўминлардан эмаслар. Пайғамбар алайҳиссалом даврларида мунофиқларнинг умумий сони уч юз киши бўлиб, улардан бир юз етмиштаси аёллардан эди.

13. Жамиятимиз ислоҳ бўлиб, иззату шараф мусулмонларники бўлиши учун: 

Роббимиз марҳамат қилиб айтади: “(Улар) шундай кишиларки, агар Биз уларни ер юзига ғолиб қилсак – намозни баркамол адо этадилар, закотни берадилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадилар.  (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг измидадир (барча ишнинг тақдирини У белгилайди)” (Ҳаж, 41). 

14. Қалб эшиклари очилиши, турли нопокликлардан қутулиб, пок бўлиши ҳамда панду насиҳатларни эшитишга тайёр, яхшиликни севадиган, ёмонликдан нафратланадиган салим қалб бўлиши учун.


Нозимжон Ҳошимжон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг мелодий 2002 йил 4 январда қилган жумъа хутбалариАлҳамдулиллаҳ. Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ таолога давоми...

5709 12:29 / 15.03.2017
Тақводор ва обид сифатида танилган саҳобалардан бири Абу Зарр алҒифорий р.а. бир қанча ҳадиси шарифларни ривоят қилган. Улардан бири жуда машҳур ҳадиси шариф давоми...

3642 12:17 / 15.03.2017
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари У зотга, тезроқ келинг, ўғлим қабзи руҳ бўлмоқда, деб одам юборди. У зот давоми...

4155 05:00 / 13.03.2017
Аббос ибн Абдулмуттолибдан розияллоҳу анҳуnot ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳни ndash Робб, Исломни ndash дин, Муҳаммадни ndash Расул, деб давоми...

2957 12:20 / 15.03.2017