1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Тақдирдан қочиш қийин

05:00 / 14.03.2017 3295 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қадар Аллоҳнинг сиридир. Қадарга ишониш, яъни яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси, хоҳиши, яратиши билан бўлишига ишониш иймоннинг бир шартидир. Ҳамма нарса ва ҳаракат, жумладан инсон хоҳиши ва ихтиёри яхши ёки ёмон, қачон ёки қаерда ва қанча бўлса-да Аллоҳ таолонинг иродаси, илми ва яратиши билан бўлади. Инсон Аллоҳ таоло унда яратган ихтиёр билан танлаган амалига яраша: яхшилик бўлса-савоб, ёмонлик бўлса-гуноҳ олади.


Инсонларнинг тақдири  жумбоқ ва сирли. Бундаги Аллоҳнинг иродаси ҳикматига ақллар ҳайрон, онглар ҳайратда, диллар таажжубда. Илоҳий муқаддарот инсонлардан яширин нарсадир, унинг ҳикматини, бундан Аллоҳ таоло нимани ирода қилганини инсон англаб етмайди. Бунга тарихда мисол тўлиб ётибди.


* * *



Ер юзига Ислом неъматини жорий қилган Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб бу неъматдан бебаҳра қолди, яна бир амакилари Абу Лаҳаб эса жиянларига ва у зот келтирган динга ашаддий душман бўлди.


* * *



Илк Ислом муҳорабаси – Бадр жангида мушриклар байроқдори Абу Азиз қаршисига унинг укаси Мусъаб мусулмонлар яловбардори бўлиб чиққан эди. Шу жангда Абу Бакр Сиддиқ Расулуллоҳ алайҳиссалом ёнларида, у зотнинг ўғли Абдураҳмон душман тарафида, Аббос ибн Абдулмутталиб у томонда, Ҳамза ибн Абдулмутталиб бу томонда, Утба билан Валид душман қўшинида, бошқа бир ўғли Абу Ҳузайфа мусулмонлар сафида, Абу Суфён ибн Ҳорис билан Навфал ибн Ҳорислар мушриклар тарафида, Убайда ибн Ҳорис Пайғамбар қўшинларида, Ақийл ибн Абу Толиб у томонда, Али ибн Толиб бу томонда жанг қилишган. Шунингдек, Расулуллоҳга қарши қилич кўтариб чиққанлар орасида Хадича онамизнинг укалари билан Пайғамбаримизнинг куёвлари – Зайнабнинг эри Абул Ос ҳам бор эди…


* * *



Ҳеч ким умрининг қай ҳолатда якун топишини ҳам билмайди. Пайғамбаримизнинг ваҳий котиби бўлган Абдуллоҳ ибн Саъд шундай улуғ мартабага кўтарилганидан кейин ҳам диндан қайтиб, мушрик бўлиб кетди. Расулуллоҳга саҳобий бўлиш бахтига эришган бир киши шаҳидлик шаробини тотишга бир баҳя қолганида жароҳатига сабр қилолмасдан ўзини чопиб ташлаб, дўзахга кўприк солди. Тарихчиларнинг хабар беришларича, ниҳоятда кўп ибодат қилганидан пешонасида сажда аломатлари кўрина бошлаган Абдураҳмон ибн Мўлжам мўминлар амири Али ибн Абу Толибнинг қотилига айланди.


* * *



 Муҳаммад Абулфазл Иброҳимнинг “Айёмул-араб” китобида зикр этилишича, ҳижрий учинчи йили Ваҳший исмли ҳабаш қул Исломнинг машҳур саркардаси, Пайғамбар алайҳиссалом «Асадуллоҳ» (Аллоҳнинг йўлбарси) деб ном берган Ҳазрати Ҳамзага найза отиб ҳалок қилди. Бундан мақсади қулликдан озод бўлиш ва мушриклардан катта мукофотлар олиш эди. Кейинчалик у Исломга кирди, авф этилди. Саркарда Холид ибн Валид қўшинида бўлган Ваҳший диндан қайтганларга қарши жангда сохта, ёлғончи «пайғамбар» Мусайламани ўлдирди. Ваҳший ўзига ўзи ҳамиша: «Мушриклик пайтимда мусулмонларнинг энг буюгини ўлдириб, катта жиноят қилдим, Исломга киргач, мусулмонларнинг энг катта душманини ўлдириб, савобга қолдим», тасалли берарди.


* * *


 Россиялик олим Али Вячеслав Полосин ёзишича, бундан минг йил муқаддам Киев Руси ҳукмдори (князи) Владимир Византия насронийлиги ва Ислом динидан бирини танлашга мажбур бўлиб қолганида насронийликни маъқул кўрган ва Рус ерига ушбу динни олиб келган эди. Сабаби, ичкиликни ҳаддан ташқари яхши кўрган ҳамда ҳурлик ва халқ ҳокимиятини хуш кўрмаган ҳукмдорга Исломнинг ичкиликка қарши бўлгани ҳамда инсонлар ўртасида адолат ва ҳурриятни тарғиб қилгани ёқмаган экан. Агар илоҳий муқаддарот бошқача бўлганида, улкан мамлакат аҳолиси Ислом билан шарафланган бўлур эди.


* * *



“Ҳазрати Пайғамбаримиз ва Ислом дини” китобида келтирилишича, ҳижрий 36 (милодий 656) йили халифа Ҳазрати Усмон ўлдирилганидан кейин Сабийя фирқаси мусулмонлар орасига фитна солиб, Муовия ва Ҳазрати Алини бир-бирига гиж-гижлаётган бир пайтда Византия императори Сурия устига юриш бошлашга қарор қилди. Шунда Шом волийи (ҳокими) Муовия императорга қуйидаги мазмунда мактуб жўнатди: «Агар Шом устига ҳаракат қилаётганинг рост бўлса, дарҳол халифа Али билан бирлашиб, шахсан сенинг устингга бостириб бораман. Аллоҳга қасамки, давлатинг пойтахти Қустантанияни ер билан яксон қиламан, кулини кўкка совураман». Таассуфки, илоҳий муқаддарот бундай тажалли этмади, Халифа Али ва волий қўшинлари Сиффийнда тўқнашишди, мусулмонлар қони сел бўлиб оқди.  


* * *


 Ислом оламининг икки буюк саркардаси – Усмонли салтанат подшоҳи Боязид Йилдирим ва Самарқанд султони Амир Темур 1402 йил 20 июлда Анқарада тўқнашдилар. Бу жангда ҳар икки тарафдан икки юз мингдан ошиқ жангчи қатнашди. Муҳораба Усмонли салтанатининг тўртинчи султони Боязиднинг мағлубияти билан якун топди, унинг ўзи асир олинди. Натижада Аллоҳ таолонинг иродаси ила Усмонли давлатининг Ғарбга ташланажак қадами кесилди, Қустантания (Истанбул) фатҳи эллик йилга кечикди, Оврупа Ислом неъматидан бебаҳра қолди.  


* * *



 Бир одам қотиллик қилиб, бир кишини ўлдирди. Миршаблардан бир амаллаб қочган эди, энди ўлганнинг қариндошлари уни таъқиб қила бошлашди. Қотил қоча-қоча Нил дарёси бўйига келди, лекин у ерда бир бўрини учратиб, қўрққанидан шохлари дарёга эгилиб турган катта бир дарахтга тирмашиб чиқиб олди ва қалин шох-новдалар орасига яширинди. Не кўз билан кўрсинки, шундоққина рўпарасида каттакон бир илон тебранганича турибди. У илондан қочиб, ўзини сувга отди. Лекин сувда оч тимсоҳ ўлжа кутиб ётган экан, уни шу заҳоти ютиб юборди.


* * *



Ривоят қилинишича, пайғамбарлардан Мусо алайҳиссалом Парвардигорга: «Менга бир адолатингни кўрсат», деб ёлборавергач, У: «Мана шу тоғ этагига бориб ўтир, адолатимни кўрасан», дебди. Ҳазрати Мусо айтилган ерга бориб, тўрт томонга тикилиб ўтирди. Узоқда бир отлиқ киши пайдо кўринди. Суворий отини чоптириб келиб, тоғдан тушаётган бир чашмадан отини суғорди. Ўзи ҳам ташналигини қондирди, кийимларини ва ҳамёнларини ерга қўйиб, юз-қўлини ювди. Бироз ҳорлиқ чиқаргач, кийиниб, отига миниб йўлга тушди. Аммо ҳамёнини унутиб қолдирди. Кўп ўтмай булоқ ёнида бир бола пайдо бўлди. У ҳам сувдан ичди, юз-қўлини ювди. Кетаётганида ҳамённи кўриб қолиб, уни чўнтагига солиб, ўйноқлаганича булоқдан узоқлашди. Шу пайт бир кўр киши ҳассасини дўқиллатиб келиб қолди. У ҳам пайпаслай-пайпаслай булоқни топиб, сувидан ташналигини қондириб, йўлига кетди. У ҳали кўздан йўқолмай, ҳамёнини унутиб қолдирган суворий пайдо бўлди. У келасолиб, булоқ атрофидан ҳамёнини қидирди. Топа олмагач, уёқ-буёққа аланглаб нарироқда кетаётган кўрни кўриб қолди. Уни қувиб бориб, ёқасидан олди:

– Қани, топиб олган ҳамённи буёққа чўз-чи!

– Нималар деяпсиз, қанақа ҳамён? Мен ҳеч қандай пул-мул кўрганим йўқ.

– Боя шу ерда ҳамёнимни унутиб қолдирибман. Бу ерда сендан бошқа ҳеч ким йўқ, демак, уни сен олгансан…– бўш келмади отлиқ.

Суворий аламидан қайсарлик билан тониб турган кўрни ўлдирди. 

Бу ҳолни кўриб турган Мусо алайҳиссалом Парвардигорга муножот қилди: «Эй Раббий, мен гувоҳ бўлган воқеа адолатдан эмас, чунки ҳамённи бола олган эди, Сен эса бегуноҳ кўрни ўлимга ҳукм қилдинг!»

Шунда У зот бундай деди: «Кўрганларингнинг бари адолатимдандир! Отлиққа ҳамёнини унуттирдим, бола келиб уни топиб олди. Чунки ҳамён боланинг ҳаққи эди: отлиқ бир вақтлар боланинг отасидан бир ҳамён олтин қарз олиб, вақтида бермаган эди. Сўнг боланинг отаси ўлди, отлиқ бола бўлган ишлардан бехабар, деб қарз олганидан тонди ва олтинларни болага қайтармади. Мана, адолатимга кўра бола ҳақини олди. Кўр эса бир вақтлар отлиқнинг отасини ўлдирган эди, суворий отаси қотилини ўлдириб, қасос олди ва бу ишда ҳам адолатим адо этилди».


* * *



Бир куни Сулаймон алайҳиссалом дўстлари билан ўтирган эди. Шу пайт ўлим фариштаси Азроил алайҳиссалом кириб, ўтирганлардан бирига диққат билан қаради. У одам ҳазрати Азроилнинг бундай қарашидан жуда қўрқиб кетди. Сўнгра Сулаймон алайҳиссаломга:

– Эй Пайғамбарим, менга ёрдам қилинг, ҳозиргина Азроил алайҳиссалом менга жуда қаттиқ тикилиб қаради, жонимни олса керак? – деди.

– Хўш, нима қилай, мендан нима истайсан? – деб сўради ундан ҳазрати Сулаймон.

– Шамолга буюринг, мени бир зумда Ҳиндистонга элтиб ташласин. Шояд шунда Азроил панжасидан қутулиб қолсам…

Сулаймон алайҳиссалом унинг истагини бажо келтирди. Шамолга буюриб, уни Ҳиндистонга жўнатди. Эртасига яна Азроил алайҳиссалом кўришиш учун Ҳазрати Сулаймон олдиларига келди. Суҳбат асносида Ҳазрати Сулаймон ундан:

– Кечаги одамга бунчалар тикилиб қолганингиз сабаби нима эди? – деб сўради.

Шунда Азроил алайҳиссалом бундай деди:

– Аллоҳ таоло менга у одамнинг жонини Ҳиндистонда олишни буюрган эди. Унинг олдингизда ўтирганини кўриб, жуда ҳайрон бўлдим. Аллоҳ амрини янглиш англадиммикин, дея ҳайратландим. Шу боис, унга диққат билан тикилган эдим… Буйруқни тўғри англаган эканман. Орадан бироз ўтгач, Ҳиндистонга бордим. Уни ўша юртдан топиб, жонини олдим.


Аҳмад МУҲАММАД тайёрлади.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло мусулмон умматини сифати ҳақида Қуръони каримнинг .Бақара, сурасида Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг давоми...

3291 05:00 / 13.03.2017
Ўн учўн тўрт аср илгари битилган китобларимизда қул озод қилиш тўғрисида алоҳида фасл ва бобларнинг бўлиши биз мусулмонлар учун фахрдир. Бу масалада ҳаммадан давоми...

3862 05:00 / 14.03.2017
Муслимнинг ривоятида .Роббингиз нима деганига қарамайсизми Бандаларимга қайси бир неъматни берсам, албатта, улардан баъзилари унеъматга кофир бўлурлар. Юлдуз ва давоми...

3660 05:00 / 13.03.2017
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча .Эй қалбларни айлантирувчи Зот, қалбимни динингда собит қилгин,, дер давоми...

2598 05:00 / 13.03.2017