1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Ҳалол савдо – барака омили

05:00 / 14.03.2017 5201 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло ҳар бир инсонни дунёга рағбатли қилиб яратган. Шу боис у кўпинча мол-дунё тўплаб фаровон ҳаёт кечиришга интилади, турли йўллар билан мол-мулкни қўлга киритиш пайидан бўлади. Мол-дунё, бойлик орттиришнинг ягона йўли тўғри ва ҳалол касб билан меҳнат орқали бойишдир. Зеро, манбаларда касбларнинг энг яхшиси ҳалол савдо ундан кейин чорвадорлик, деҳқончилик, ҳунармандчилик экани келтирилган. Шунингдек, савдо Исломгача ҳам энг шарафли, фойдали ва мақталган касблардан саналган. Аллоҳ таоло савдони ҳалол, рибони эса ҳаром килгани ҳақида бундай деган:"...Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган..." (Бақара, 275).

Чунки тижоратда фойда кўриш ҳам, куйиб қолиш ҳам эҳтимоли бор. Савдогар фойда кўришни умид қила туриб, куйиб қолишни ҳам бўйнига олиб иш бошлайди. Харажат килиб одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди ва зарур барча хизматларни қилади.
"Савдо" арабчада "байъ" дейилиб, луғатда ўзаро бир нарсани алмаштиришни билдиради.
Шариатда эса бир молни бошқа мол эвазига рози бўлиб қабул қилишга айтилади. Умуман олганда, савдо атамаси "тижорат" калимасидан кўра бозор иқтисоди деган сўз маъносига яқинроқдир.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Ростгўй, омонатли тожир (тижоратчи) набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир" (Термизий ривояти).
Дарҳақиқат, ҳадиси шарифда айтилганидек, шундай улуғ зотлар билан бир сафда туриш олий даража ҳисобланади. Чунки мазкур сифатларга эга тижоратчи савдо қилганида фожирлик, алдамчилик ва ҳаромхўрликка йўл қўймайди. Агар у тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, бу дунёда ҳасрат чекади, охиратда эса шарманда бўлади.
Савдогар шариат кўрсатмасига биноан йўл тутса, ибодат саналиши билан бирга баракали бўлади. Сабаби, бундай савдогарлар тижоратлари орқали нафақат ўзларига, балки атрофдаги жамият, қишлоқ, шаҳар ва маҳаллаларга ҳам катта манфаат келтириб, кўпчиликнинг эҳтиёжини қондирадилар. Қолаверса, пайғамбарлардан Нуҳ ва Муҳаммад алайҳимассалом, халифалардан эса, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳумо ва уламолардан ҳам тижорат билан шуғулланганлари кўп бўлган.
Улуғ зотларнинг биридан: "Обид устунроқми ёки омонатдор савдогарми?" деб сўралганида, бундай жавоб берган эканлар: "Омонатдор савдогар устун. Чунки, молни сотиш ёки олиш пайтида шайтон уни тарозидан ўриб қолишга ундайди, у бунинг аксини қилиб, шайтондан устун келади".
Мўмин энг яхши савдогар, ишчи, деҳқон, косиб, муҳандис, табиб (ва ҳоказо) бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Бу талабларга жавоб бериш учун касб қиладиган ишининг ҳақларини ўрнига қўйиш бош вазифаси бўлиши керак. Энг аввало, ўз касбини яхши ҳамда пухта эгаллаши мақсадга мувофиқдир. Оиша розийаллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, Аллоҳ сизлардан бирингиз иш қилганида, уни яхшилаб бажаришини севади", дедилар (Байҳақий ривояти).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бундай деганлар: "Эй камбағаллар жамоаси! Бошларингни кўтариб, савдогарлик қилинглар, албатта, йўл очиқдир, одамларга муҳтож бўлманглар".
Тожир молини ўтказиш учун қасам ичиши тўғри эмас. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир" ( Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоятлари).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Савдогарлик қилинглар, зеро, инсон ризқлари 10 қисм бўлиб, 9 қисми савдогарликда, яъни олди – сотдидадир", деганлар.
Савдо Ер юзида тинчилик, осойишталик ва кишилар ўртасидаги ишонч ришталарини таъминловчи асосий омиллардандир. Жамиятда у билан шуғулланмайдиган киши деярли йўқ. Киши нимадир сотиб олади ёки сотади. Тижоратнинг тартиб-қоидаларига амал қилингандагина баракали ва фаровон бўлади. Ҳар бир нарсанинг тартиб-қоидалари бўлганидек, савдонинг ҳам тартиб-қоидалари бор.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу савдо қонун-қои¬да¬ларини билмайдиганларни ўзига ё ўзгага зарар қилмасин деб бозорга кирит¬мас эканлар. У зот бундай деганлар: "Динда фақиҳ бўлмаган ва савдо қонун – қоидаларини билмаган киши бозорда савдо қилмасин, чунки у ўзига ёки ўзгага зарар қилади". Ҳақиқатан, савдо қоидаларини билмасликнинг оқибати хатарли. Қуйида унинг баъзи қоидалари ҳақида тўхталамиз.
Фақат қийматли молнигина сотиш ёки сотиб олиш мумкин. Ҳамма ёки баъзи инсонлар кўнгли тусайдиган ва керакли вақтгача сақлаб қўйиш имкони бўлган, шаръан фойдаланиш жоиз нарса мол ҳисобланади.
Сотувчи билан сотиб олувчи ўртасидаги олди-сотдида молни сотиш ёки олишга бўлган розиликни билдирувчи сўз ё амал савдо рукнининг асосидир. Савдо бўлиши, тугаллиги, тўғрилиги ва амалга ошишининг ўзига яраша шартлари бор.
Биринчидан, сотувчи ҳам, олувчи ҳам ақли расо бўлиши керак. Мажнун, фойда-зарар фарқига бормайдиган ёш боланинг савдоси тўғри бўлмайди.
Иккинчидан, савдода сотувчи билан олувчининг ўзаро розиликлари бир-бирига мувофиқ, ўтган замонда ҳамда бир жойда айтилиши керак. Масалан, она-бола қўйларни сотувчи: "Буларни юз минг сўмга сотдим" деса, олувчи: "Фақат она қўйни олтмиш минг сўмга сотиб олдим" ё "сотиб оламан" деса, ёки бозорни айланиб келиб сўнг: "юз минг сўмга олдим" деса, тўғри бўлмайди. Чунки биринчидан, олувчининг сўзи сотувчининг сўзига мувофиқ эмас. Иккинчидан, келаси замон шаклида бўлди, учинчидан, сотувчи "сотдим" деган пайтида харидор "олдим" демади, балки айланиб келиб, сўнг айтди. Бундай ҳолатда савдога розиликни билдирувчи сўзлар бир жойда бўлган ҳисобланмайди.
Учинчидан, сотилаётган нарса мавжуд ва уни олувчига топшириш имкони бўлиши керак. Мавжуд бўлмаган ёки йўқ бўлиш хавфи бор нарсани, масалан, етилмаган мева, овланмаган қуш ёки балиқни сотиб бўлмайди.
Тўртинчидан, сотилаётган нарса сотувчининг мулки бўлиши ёки сотувчининг уни сотишга ваколати бўлиши керак. Бу талаб савдонинг мукаммал ва тўғри бўлиш шартидир. Бировнинг мулкини унинг рухсатисиз сотиш мумкин эмас.
Бешинчидан, сотилаётган нарса ва унга тўланадиган пул миқдори аниқ бўлиши, савдони бузувчи шартлар қўйилмаслиги, унда икки тараф рози бўлиши, мол насияга сотилганида пулни тўлаш куни аниқ белгиланиши, кўчмас мулкдан бошқа молларни харидор қабул қилиши лозим. Юқорида санаб ўтилган шартлардан бири топилмаса, савдо тўғри бўлмайди. Уларга риоя қилинган жамиятда фаровонлик ва барака бўлади.
Савдо мол айирбошлаш бўлиши билан бирга кишилар ахлоқини акс эттирувчи кўзгу ҳамдир. Савдода кишиларнинг тўғри сўзлиги, ваъдага вафодорлиги, омонатга содиқлиги каби кўплаб ахлоқий фазилатлар намоён бўлади. Аллоҳ таоло инсоннинг ризқини ҳам бошқа жонзотларники каби азалдан белгилаб қўйган. Фақатгина инсон мавжудотлар ичида ақлли бўлгани учун касб-кор қилиб, ризқини ҳалолдан топиб умр ўтказишга буюрилган.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
"Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно" (Нисо, 29).
Одамлар ризқ-насибасининг муҳим даргоҳи бўлмиш бозорлар ва дўконлардаги олди-сотди ишларида хоҳ сотувчи бўлсин, хоҳ харидор, бир-бирларига хиёнат қилмасликлари керак. Агар сотувчи харидорни алдаса, тош-тарозуда ва ўлчовда уриб қолса, сотилаётган нарсаларнинг айбини яшириб бир амаллаб харидорга ўтказиб юборса, гуноҳкор бўлади. Саҳобалардан бирининг ҳикоя қилишича, Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларида,бу шаҳарнинг бозорларида сотувчилар ҳам, харидорлар ҳам олди-сотди қоидаларига риоя қилмай, хиёнат йўли билан ҳаромдан ҳаромни ҳеч бир фарқ этмай, фақат шахсий бойлик орттиришга одатланишган экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу аҳволга қандай барҳам беришни ўйлаб ҳайрон турганларида Аллоҳ таоло муаммони осон этиб: "Мутоффифин" (бировларнинг ҳақларидан уриб қолувчилар) сурасини туширди. Яна Аллоҳ таоло "Раҳмон" сурасининг 9-оятида: "Эй инсонлар, ўзаро олди-берди муомалаларингизда тўғри, адолат билан тортинглар ва тарозидан уриб қолманглар!", деб хитоб қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ўзингизга раво кўрган нарсани бошқа биродарларингизга ҳам раво кўрмагунингизча комил мўмин бўлолмайсизлар", деган сўзлари қиёматгача барча одамлар учун муқаддас ҳикматдир.
Ҳалоллик ҳақида машҳур муҳаддислардан Имом Муслим шундай бир ривоятни келтирадилар:
"Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда буғдой сотаётган одамнинг олдидан ўтиб қолдилар. Сотувчи олдида тўхтаб қўлларини буғдойнинг ичига тиққанларида қўллари нам бўлиб чиқди. Шунда сотувчига қараб: "Бу нимаси?"-дедилар. У одам : "Ёмғир теккан эди, ё Расулаллоҳ", -деб баҳона қилган бўлди. Он ҳазрат айтдиларки: "Ёмғир теккан бўлса, нега ташқарисига чиқариб қўймай, ичига яшириб қўйдинг? Ахир одамлар молингни яхши-ёмонини билиб, кўриб, ундан кейин харид қилсинлар-да. Кимки бизни алдаса, у биздан, яъни мусулмонлардан эмас",-дедилар.
Савдо молининг айби бўлса, уни харидорга айтиб сотиш керак, айбини кўриб туриб олса, ўзининг иши. Демак, савдода алдамчилик қилиш савдогарни мусулмонга хос ахлоқ доирасидан чиқарар экан. Бозорда ўзининг аччиқ анорини ўтказиш мақсадида шеригининг ширин анорини кесиб кўргазмага қўйиш, сигирни бир икки кун соғмасдан, елинини шишириб, бозорга олиб чиқиш, қазига гўшт тайёрлашда сув сепиб, намлаш эвазига оғирлаштириш, кило ва литрдан уриб қолиш каби кун ўтган сари янгидан-янги усулларини ихтиро қилиш яхши эмас. Чунки шуларнинг барчаси сиртдан қаралганда, фойдали кўринса-да, улар орқали топилган мол-мулк баракасиз бўлиб, эгасига вафо қилмайди. Шу боис савдогар ростгўй бўлиши, қасам ичиб молини ўтказишга уринмаслиги лозим. Тўғрилик билан, бировни алдамасдан қилинган савдода барака бўлади. Бу барака эса, албатта, эгасига ва унинг оиласию рўзғорига юқади, фойда беради. Шунингдек, унинг даражаси ҳам икки дунёда баланд бўлади.

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дарҳақиқат мен жинлар ва инсонлардан бўлган шайтонларнинг Умардан қочишларини кўрдимrdquoРасулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламТермизий ривояти. Ҳадис ҳасан давоми...

6533 12:34 / 15.03.2017
23ҳижрий, 644милодий йил. Мадина. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари. Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бомдод намозини ўқиш учун давоми...

3146 05:00 / 14.03.2017
Аббос ибн Абдулмуттолибдан розияллоҳу анҳуnot ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳни ndash Робб, Исломни ndash дин, Муҳаммадни ndash Расул, деб давоми...

2959 12:20 / 15.03.2017
Йиғи инсон табиатининг ажралмас қисмидир. Имом Қуртубий Аллоҳ таолонинг quotАлбатта, кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг ўзидирquot оятининг тафсирида шундай дейди давоми...

5803 05:00 / 14.03.2017