1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисларининг ҳурмати

05:00 / 14.03.2017 3053 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оламларга раҳмат бўлмиш зот – расули акрам ва ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳар бир ҳадислари, иршодлари, кўрсатмалари ислом умматининг ҳар бир жамоаси, тоифаси, фирқалари ва мазҳаблари томонидан ҳурмат билан қабул қилинган. Уламолар, мужтаҳидлар уларни тушунишга, амалиётга жорий қилишга бор имкониятлари солиб, ҳаракат қилиб келганлар. Ҳар бир макон ва замоннинг мусулмонлари ўз уламоларининг Расулуллоҳ алайҳиссаломдан келтирган сўзларини қабул қилишга одатланганлар.

 Ҳеч ким Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадислари айтилганида, бирданига уни заиф ёки мавзуъ дейишга ботина олмаган, очиқчасига инкор қилишга журъат қилмаган. Ҳадиси шарифнинг саҳиҳ, заиф ёки мавзуълиги чуқур илм талаб қиладиган, изчил изланишлардан сўнг маълум бўладиган нарса бўлгани боис, оддий шароитда, ҳадис дейилган иборага ҳурмат кўрсатилаверган. Амалда мазкур айтилган ҳадисдаги ҳукмдан бошқаси қилинаётган бўлса-да, ушбу амални пеш қилинмаган. Балки, ундан бошқа шу хилдаги ҳадиси шариф борлиги изҳор қилинган. Ҳадиси шарифни ёки ундаги ҳукмни инкор қилиш, Расулуллоҳ алайҳиссаломдан бошқа ким бўлишидан қатъий назар, унинг фикрини Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисига қарши айтиш айб ҳисобланган. Зотан, Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳадисларига ҳақиқий маънода қарши чиқиш куфрдир. Агар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисларига юзаки, оғзаки тарзда, суратан қарши чиқилса, бу қабоҳатдир. Ҳадис айтилганда, бирданига қўпол равишда қарши чиқиш асло мумкин эмас. Гарчи муайян ҳадис саҳиҳ мақсад ва тўғри қараш ила тарк қилинаётган бўлса ҳам, ҳурмати юқори қўйилиши шарт.

Мавлоно Али ал-қори (р.ҳ.) ўзининг машҳур "Мирқот ал-мафотиҳ" асарида келтиришича, Имом Абу Юсуф (р.ҳ.) бир даврада Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қовоқни яхши кўрганлиги айтилганида, бир кимса: "Мен қовоқни ёмон кўраман!" дейди. Шунда Имом Абу Юсуф (р.ҳ.) унга қиличини ёлонғочлаб, "Имонингни янгила ёки сени ўлдираман" деган. Шунда ўша кимса дарҳол тавба қилган экан.

Юқоридаги ривоятга ўхшаган воқеалар салафи солиҳинлардан кўплаб ривоят қилинган. Уларнинг Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисларига бўлган ҳурматлари жуда ибратлидир:

Муҳаддис Имом Муслим (р.ҳ.) ривоят қилишича, саҳоба Имрон ибн Ҳусайн (р.а.) Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг: "Ҳаёнинг ҳаммаси яхшидир. Ҳаё фақат яхшилик келтиради", деган ҳадисни айтган. Шунда яна бир саҳоба Башир ибн Каъб (р.а.): "Мен баъзи китобларда ва айрим ҳикматларда ҳаёда Аллоҳ учун аниқ виқор ва сакина бор эканлигини кўрганман. Сизнинг у ҳадисингиз эса заиф бўлса керак" дейди. Унинг бу гапидан саҳоба Имрон ибн Ҳусайн (р.а.) қаттиқ ғазабланиб кетади, икки кўзи қизариб, жаҳли чиқади ва "Мен Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисини айтсам, сен унга муораза қилиб, қарши чиқасанми?" дейди. Саҳоба Имрон ибн Ҳусайн (р.а.) ҳадисни яна қайтаради. Башир ибн Каъб (р.а.) ҳам гапдан қолмай, ўз гапини такрор айтади. Имрон ибн Ҳусайн (р.а.) баттар ғазабланади. Шунда Башир ибн Каъб (р.а.) Имрон ибн Ҳусайн (р.а.)нинг нима учун ғазабланаётганининг асл сабабини билиб қолади ва "Биз бунақа-да тортишаверамиз, эй, Абу Нужайд (Имрон), мен сиз тарафдаман, ҳечқиси йўқ!" деб уни тинчлантиради.        

Таниқли саҳоба Ибн Умар (р.а.) Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг: "Кечаси масжидларга боришга аёлларга изн беринглар!" деган ҳадисини айтади. Шунда ўғли Билол (ёки Воқид): "Аллоҳга қасамки, мен уларга изн бермайман!" деб дағаллик билан қасамини такрорлайди. Ибн Умар (р.а.) унга: "Мен Расулуллоҳ алайҳиссалом аёлларга изн беринглар, деган десам, сен изн бермайман, дейсанми?!" деб ғазабини сочиб, сўккан экан. Бу ривоятни муҳаддислардан Имом Муслим (р.ҳ.), Абу Довуд (р.ҳ.) ва Имом Аҳмад (р.ҳ.) ривоят қилган бўлиб, Имом Аҳмад (р.ҳ.) ривоятида: "Ибн Умар (р.ҳ.) шундан сўнг бу ўғли билан умуман гаплашгани йўқ", дейилган. Имом Муслим (р.ҳ.) ривоятида эса ровийнинг: "Ибн Умар (р.ҳ.)нинг бу тариқада қаттиқ ғазабланиб, сўкканини кўрган эмасман!" дейилгани келтирилган.

Имом Дорақутний (р.ҳ.) ривоят қилишича, саҳоба Ибн Умар (р.а.): "Ухлаб турганингизда қўлларингизни уч марта ювинг, чунки, ҳеч ким қўли қаерда ётганини билмайди" деган маънодаги ҳадисни айтганида бир кимса: "Ҳовуз бўлса, нима қилади?" деган кинояли савол беради. Шунда Ибн Умар (р.а.): "Мен сенга Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар десам, ҳовуз бўлса, нима қилади, дейсанми?" деб ғазабланган экан.      

Саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал (р.а.) жияни билан бирга ўтирганида, у тирик жонзотни нишон қилиб ота бошлайди. Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал (р.а.) унга бундай қилмасликни, чунки, Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай қилишдан қайтарганларини айтади. Шунда жиян бу қайтариққа эътибор бермасдан ўз ишини давом қилдира бошлайди. Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал (р.а.) яна гапини такрорлаб, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисларини айтади. Жиян яна ота бошлайди. Шунда Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал (р.а.) унга: "Сен билан абадий гаплашмайман!" деб қасам ичади ва бу қасамига умрбод содиқ қолади. Ушбу ривоятни Ибн Можжа (р.а.) ўз ҳадис тўпламида келтирган.

Имом Термизий (р.ҳ.) ривоят қилишича, тобеъинлардан Вакиъ (р.ҳ.): "Ҳажга олиб борилаётган қурбонлик жониворларига белги осиш суннатдир" дейди. Шунда бир кимса: "Иброҳим ан-Нахаъий (р.ҳ.) бу белгини жониворнинг бирор жойини кесиб қўйиш билан бўлади, деган" деб қўшимча қилади. Вакиъ (р.ҳ.): "Мен сенга Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар, десам, сен Иброҳим ан-Нахаъий (р.ҳ.) бундай деган деб турибсан?!" деб қаттиқ ғазабланадилар. Сўнг: "Сен ушбу гапинг учун то бу гапингни қайтиб олмагунингча ҳибсга солиб қўйсам, бўларкан" дейди.

Юқоридаги ривоятлардан Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари айтилган вақтда, бирор нарса суннат деб тилга олинганида, унга ҳурмат бажо келтириш, суннатлигини тан олиш керак бўлади. Агар ҳадислар ҳукми эшитувчининг фиқҳий мазҳабига тўғри келмаса, унда бу айтилган ҳадисни бошқа мазҳаб қабул қилган, дейиш керак бўлади. Ҳадиси шарифлар ўта заиф дейилган бўлса-да, унга қандайдир шартлар ила амал қилиш мумкин. ҳаттоки мавзуъ дейилган ҳадисларни қайсидир олим ундай эмаслигини айтган бўлишининг эҳтимоли катта. Банобарин, ҳадис дейилган ҳикмат ва ҳукмларга ҳурмат бажо келтириш шарт. Умуман олганда, расули акрам ва ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисларини қандай бўлишидан қатъий назар ҳурмат қилишимиз лозим.


Ҳамидуллоҳ Беруний



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким бир ҳидоятга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрларича ажр бўлади. давоми...

3109 05:00 / 13.03.2017
Аллоҳ таоло .Роббингнинг аскарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. Ва у дўзах башар учун эслатмадан ўзга ҳеч нарса эмас,, деган.Бу ояти каримадаги .аскарлар,дан давоми...

4285 05:00 / 13.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим .Бир чўпон қўрадаги қўйларини боқиб давоми...

3176 05:00 / 13.03.2017
Араб мушриклари гаплари ва кучларини бир қилиб, Ислом ва мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлашга қаттиқ ҳаракат қилдилар. Барча далолатлар, барча ўлчовлар давоми...

10164 05:00 / 13.03.2017