1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Исломнинг шаръий маъноси

05:00 / 14.03.2017 16968 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом Аллоҳ ягона деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик ва Аллоҳ буюрган диний эътиқодга иймон келтирмоқликдир. 


Қуръони Каримда Ислом ширкка (Аллоҳнинг шериги бор деб ишонишга) қарши қўйилган. Бошқа оятларда Ислом Аллоҳга ихлос қўйиш ва унга бўйсуниш, итоат қилиш маъноларида ҳам келган.

Аллоҳга итоат қилган ва Аллоҳ юборган пайғамбарларга эргашган киши мусулмон дейилади. 

Нуҳ пайғамбар тўғрисида Қуръони Каримда шундай дейилади: 

«Ва мен мусулмонлардан бўлишга амр қилинганман» («Юнус» сураси, 72-оят). 

Иброҳим пайғамбар ҳақида шундай оят бор: 

«Чунки Робби унга: «Мусулмон бўл!» деганида, у: «Оламларнинг Роббига мусулмон бўлдим», деди», деган («Бақара» сураси, 131-оят). 

Юсуф пайғамбар ҳам Аллоҳга қараб шундай деган: 

«Сен дунёю охиратда менинг валиййимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот этдиргин ва солиҳларга қўшгин»(«Юсуф» сураси, 101-оят). 

Яна Қуръони Каримда Мусо алайҳиссалом тилидан шундай дейилган: 

«Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирган бўлсангиз, агар мусулмон бўлсангиз, фақат Унгагина таваккал қилинг» («Юнус» сураси, 84-оят). 

Ийсо пайғамбар ҳақида шундай дейилган: 

«Ийсо улардан кофирликни сезиб қолганда: «Кимлар Аллоҳ йўлида менга ёрдамчи бўлади?!» деди. Ҳаворийлар: «Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз, Аллоҳга иймон келтирдик ва бизнинг мусулмонлигимизга гувоҳ бўл», дедилар» («Оли Имрон» сураси, 52-оят). 

Сўнгра Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни аввалги пайғамбарларнинг шариатларини тўлдириб келгувчи пайғамбар қилиб юборди. Аллоҳ таоло ул кишига Қуръони Каримда шундай деган: 

«Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги Набийларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик» («Нисо» сураси, 163-оят). 

Юқоридагиларни билгач, шундай савол туғилади: «Агар Аллоҳ таоло Муҳаммад пайғамбарга ўзидан ав¬валги пайғамбарларга ўхшаб ваҳий юборган бўлса, нима учун динлар ҳар хил бўлиб қолган?» Бу саволга Қуръони Каримда очиқ-ойдин жавоблар келган. Жумладан, Қуръони Карим хабар берадики, Аллоҳ барча пайғамбарларни тавҳидга, яъни, Аллоҳнинг ягоналигига даъват қилиш учун юборган. Бу борада Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга қарата шундай хитоб қилади: 

«Сендан илгари юборган ҳар бир Пайғамбарга: «Албатта, Мендан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қилинг», деб ваҳий қилганмиз»(«Анбиё» сураси, 25-оят). 

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга яҳудий ва христианларни ягона Аллоҳга Иймон келтиришга даъват қилишни буюрган: 

«Сен: «Эй аҳли китоблар! Бизга ҳам, сизга ҳам баробар сўзга келинг: Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, баъзимиз баъзимизни Робб қилиб олмайлик», дегин. Бас, агар юз ўгирсалар: «Гувоҳ бўлинглар, биз, албатта, мусулмонлармиз», деб айтинглар» («Оли Имрон» сураси, 64-оят). 

Мана шу оятлардан кўриниб турибдики, Аллоҳ тао¬ло барча пайғамбарларини тавҳидга (ягона Аллоҳга эътиқод қилишга) даъват қилиш учун юборган. Тавҳиддан бошқа эътиқод эса динга ётдир. Шундан келиб чиқадики, дин аслида бир нарса, лекин диний иш юритувчилар ўз мақсадларини амалга ошириш, бойлик, мансаб илинжида динларга ўзгартириш киритганлар. 

Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлгандан сўнг бу ҳақиқат юзага чиқди. Барча одамларни Ислом дини атрофига йиғилишга чорловчи даъват янгради. 

Қуръони Каримда шундай дейилади: 

«Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир. Китоб берилганлар фақат уларга илм келгандан сўнг ўзаро ҳасад қилишибгина ихтилоф қилдилар» («Оли Имрон» сураси, 68-оят). 

Агар дин битта бўлса, унда келишмовчилик туғилиши мумкин эмас. Христиан, яҳудий ва Ислом динига эргашувчиларнинг ўзаро келишмовчиликлари Аллоҳнинг таълимотига хилофдир. Аллоҳ тао¬ло барча динларни ер юзида тинчлик ҳукм суриши, одамлар ва давлатлар ўртасида муҳаббат қарор топиши учун юборган. Шунинг учун ҳам Муҳаммад алайҳиссалом олиб келган дин келишмовчиликларни тузатиш ва уларга ҳақ йўлни кўрсатиш муддаосида юборилгандир. 

Динларнинг асли бир эканлиги Қуръони Карим эълон қилган ҳақиқат бўлиб, динлар орасидаги ихтилофларга қараб туриб, дин бекор гaп, деювчиларнинг шубҳасини чиппакка чиқаради. Уларнинг айтишича, ҳар бир пайғамбар ўз хоҳишича янги бир дин ихтиро қилиб, ўзидан аввалги ўтган пайғамбарларга қарши чиқар эмиш. Бу, ҳақиқатдан узоқ гапдир. Ҳақиқатда эса, Қуръон нуқтаи назаридан, динларнинг асли бир бўлиб, шариатлар турличадир. Чунки бу борада кишиларнинг ижтимоий, ақлий ва бошқа ҳолатлари эътиборга олингандир. Аллоҳ таоло Ислом дини охирги дин бўлишини ихтиёр қилди. Муҳаммад алайҳиссаломнинг шариати эса ўзидан олдинги барча шариатларни насх - бекор қилди. Бу шариат ниҳоятда ривожланган инсонлар учун барча замон ва барча маконга мос келадиган шариатдир. Бу борада Қуръони Каримда шундай дейилади: 

«Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўладир»(«Оли Имрон» сураси, 85-оят).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръон отабоболарга, бошлиқларга ва йўлбошчиларга кўркўрона тақлид қилишдан қайтариш билан бирга, фақат бир тарафлама фикрлашдан ҳам қайтаради ва бирор нарса давоми...

3095 05:00 / 13.03.2017
Оламларга раҳмат бўлмиш зот ndash расули акрам ва ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳар бир ҳадислари, иршодлари, кўрсатмалари ислом умматининг ҳар бир давоми...

3054 05:00 / 14.03.2017
Абдуллоҳ ибн Амрдан розийаллоҳу анҳу ривоят қилинади .Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Кимнинг Исломи яхши, деб сўради. .Таом берганнинг ҳамда давоми...

3179 12:20 / 15.03.2017
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари У зотга, тезроқ келинг, ўғлим қабзи руҳ бўлмоқда, деб одам юборди. У зот давоми...

4155 05:00 / 13.03.2017