1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Мусулмонга ёрдам бериш, унинг айбини беркитиш ва уни ҳимоя қилиш

05:00 / 13.03.2017 5007 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Киши ўз биродарига у золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам берсин. Агар у золим бўлса, уни қайтарсин. Бу унга берган ёрдами бўлади. Агар мазлум бўлса, унга ёрдам берсин», дедилар». 
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадиси шарифларининг айтилишига бир ҳодиса сабаб бўлган. Муҳожирлардан бир ғулом ансорлардан бўлган бир ғулом билан уришиб қолди. Муҳожир муҳожирларни ёрдамга чақирди, ансорий ансорийларни. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб:
«Бу нима?! Бу жоҳилиятнинг чақириғи-ку!» дедилар.
«Йўқ, Эй Аллоҳнинг Расули!! Биздан икки ғулом уришиб қолди, холос. Улардан бири иккинчисининг орқасига урибди», дейишди. Ана ўшанда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадиси шарифни айтдилар.
Ҳа, мусулмон одам ўз биродарига фақат яхшилик йўлида ёрдам беради. Мусулмон ўз биродарини зулмдан қайтаради. Бу ҳам унга берилган ёрдамдир. Агар унинг биродари мазлум бўлса, унга албатта ёрдам беради. Чунки бу ҳолда мазлумга ёрдам бериш вожибдир.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким бир авратни кўриб, уни беркитса, худди тирик кўмилган қизни қайта тирилтиргандек бўлади», дедилар». 
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган. 
Шарҳ: Мусулмон одамнинг айбини беркитиш ана шундоқ улуғ иш. Бир мусулмон иккинчи мусулмоннинг айбини фош қилиб, уни одамлар ичида шарманда қилиши худди уни тириклайин кўмиб юбориш билан баробардир. Бир мусулмоннинг кишилар ичида шарманда бўлишидан ўлгани афзал.
Шунинг учун ҳам ўз биродарининг айбини беркитган одам уни ўлимдан сақлаб қолган билан баробар бўлади.

Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким бир мўминни мунофиқдан ҳимоя қилса, Аллоҳ қиёмат куни бир фариштани юбориб, унинг гўштини жаҳаннам ўтидан ҳимоя қилади. 
Ким бир мусулмонни бир нарса ила уни шарманда қилиш учун айбласа, Аллоҳ уни жаҳаннам кўприги устида то у гапидан қайтгунча ушлаб туради», дедилар». 
Шарҳ: Бир одам мўмин кишини ғийбат қилиб обрўсини тўкаётган бўлса, уни эшитиб турган кишилар ичидан мазкур мўминни ҳимоя қилган одам катта ажрга эга бўлади. Унинг мўмин кишининг обрўсини ҳимоя қилгани қиёматда ўзига катта бахт бўлиб қайтади. Аллоҳ таоло уни дўзахдан ҳимоя қилади. Бас, шундоқ экан, мўминлар бир-бирларини мунофиқларнинг ғийбат ва бўҳтонларидан ҳимоя қилишлари зарур.
Аксинча, бу дунёда мўмин-мусулмоннинг айблаш билан машғул бўлган одам қиёматда хижолатда қолар экан. Маҳшарга тўпланганлар ҳузурида қилган нобакорлиги жазоси ўлароқ, жаҳаннам кўпригидан ўта олмай тўхтаб қолар экан. Бас, шундоқ экан, мўмин банда зинҳор ўз биродарини айблашга ўтмасин

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Қай бир одам бир мусулмон кишини уни беҳурмат қилинаётган ва обрўси тўкилаётган жойда ҳимоясиз қолдирса, Аллоҳ ҳам уни У Зотнинг ҳимоясини истаб турган жойда ҳимоясиз қолдиради. 
Қай бир одам бир мусулмон кишини уни беҳурмат қилинаётган ва обрўси тўкилаётган жойда ҳимоя қилса, Аллоҳ ҳам уни У Зотнинг ҳимоясини истаб турган жойда ҳимоя қилади», дедилар».

Иккисини Абу Довуд ривоят қилган. 
Шарҳ: Бинобарин, мусулмон киши ўз биродарини ҳеч ҳам беобрў ва беҳурмат қилинишига йўл қўймасин. Ўшандоқ ҳолат пайдо бўлса, дарҳол уни ҳимоя қилсин. Ана шундагина у қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳимоясидан баҳраманд бўлади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким ўз биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, Аллоҳ қиёмат куни унинг юзини дўзахдан ҳимоя қилади», дедилар». 
Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган. 
Шарҳ: Ҳа, мусулмонлар бир-бирларини ёмонларнинг ғийбат ва бўҳтонларидан сақлашлари, ҳимоя қилишлари лозимдир. Агар бу иш қилинмаса, жамият иғвохонага, бўҳтон марказига айланиб қолади. Бу билан жамият аъзолари орасида ўзаро адоват авж олади. Аста-секин бундоқ жамият таназзулга юз тутади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Мўмин мўминнинг ойнасидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради», дедилар». 
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида: 
«Албатта, сизнинг бирингиз ўз биродарининг ойнасидир. Агар унда кирни кўрса, артиб қўйсин», дедилар». 
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифга амал қилингандагина мўминлар катта ютуқларга эришишлари мумкин. Бу ҳадиси шарифга амал қилмай туриб, ёки унинг тескарисини қила туриб, бирор яхшиликни кутиш мумкин эмас.
«Мўмин мўминнинг ойнасидир». 
Ойна ҳар бир кишининг айбини беркитишга хизмат қилади. У ўзи билан муомалада бўлган кишига индамаса-да, айбини кўрсатиб тураверади. Ойнага қараган киши бошқалар олдида уятга қолмаслик учун ҳам унинг ёрдамида ўзини ўнглаб олади.
Мўминлар ҳам бир-бирлари учун айбни тузатиш борасида худди ойна ўрнидадирлар. Мўмин одам ўз биродарида бирор айбни кўрса, дарҳол бошқалар кўрмай туриб, ўша айбни тузатишга ҳаракат қилади. Иккинчи мўмин ҳам бу гапни тўғри қабул қилади ва ўз айбини тузатишда ёрдам берган биродарига раҳмат айтиб, унинг ҳаққига дуолар қилади.
«Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради». 
Ҳа, мўмин мўминга худди шундай муносабатда бўлади. У ўз биродарига доимо яхшиликни раво кўради. Агар унинг бирор нарсаси йўқолиб қолса, ўша нарсани топиб беришга ҳаракат қилади. Агар ўз биродарининг йўкдигида бирор айби очилиб қолса ҳам ўша айбини беркитиб, ҳимоя қилади. Энди аъзолари орасида бундоқ ҳамкорлик ҳукм сурган жамиятнинг қандоқ бўлишини кўз олдимизга келтираверайлик.
«Албатта, сизнинг бирингиз ўз биродарининг ойнасидир. Агар унда кирни кўрса, артиб қўйсин». 
Агар биродарининг кирини кўриб туриб, уни артиб қўймаса, биродарлиги қолармиди!?

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўтган кишиларга сиғиниш, барча халқлар ўртасида кенг тарқалган ақидадир. Одамлар ўтиб кетганларга ўзларича худонинг сифатларини беришади. Кимки бу эътиқод давоми...

2626 05:00 / 13.03.2017
Аббос ибн Абдулмуттолибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳни ndash Робб, Исломни ndash дин, Муҳаммадни ndash Расул, деб давоми...

2955 05:00 / 14.03.2017
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Эй Абу Мунзир, Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласанми, давоми...

9097 05:00 / 13.03.2017
Ислом Аллоҳ ягона деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик ва Аллоҳ буюрган диний эътиқодга иймон келтирмоқликдир. Қуръони давоми...

16969 05:00 / 14.03.2017