1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Намозни муҳофаза қилинглар!

12:24 / 15.03.2017 3070 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг ҳижрий 1430 йил 12 жумадус соний, мелодий 2009 йил 5 июнда қилган жумъа хутбалари)


Алҳамдулиллаҳ. Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ таолога неъматларига мувофиқ, зиёдасига кофий ҳамдлар бўлсин! Эй Роббимиз, Важҳинг жалоли ва салтанатинг азаматига муносиб ҳамдлар Сенга хосдир. Эй Аллоҳ, Сен Субҳонсан. Мен Сенга сано айта олмайман. Сен Ўзингга Ўзинг сано айтгандексан. Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Унинг шериксиз эканлигига гувоҳлик бераман. Саййидимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳнинг қули, расули, танлагани, халили ҳамда юборган набийларининг энг хайрлиси эканлигига, шунингдек, Аллоҳ у зотни бутун оламларга баширу назир қилиб юборганлигига шаҳодат келтираман. Аллоҳим, саййидимиз Муҳаммад ва у зотнинг олига қиёматга қадар доимий ва тўхтовсиз салоту салом ва баракотлар юборгин. Эй мусулмонлар, сизларга ва ўз гуноҳкор нафсимга Аллоҳдан тақво қилишни тавсия қиламан. Аммо баъд. 

Эй Аллоҳнинг бандалари! Менга айтингларчи, агар кенг, бепоён саҳронинг барча жойларида аскарлар юрган бўлса-ю, уларга муҳим ва хатарли вазифа топширилган бўлса, ўша вазифани муваффақиятли бажаришларининг гарови нима деб ўйлайсизлар? Албатта, бунинг гарови ўша аскарлар ўзларининг энг катта қўмондонлари билан алоқа тармоғи орқали боғланиб туришларидир. Агар улар ўз офисида ўтирган бош қўмондон билан узлуксиз боғланиб турсалар, уни саҳрода бўлаётган воқеалардан хабардор қилиб турсалар ҳамда бош қўмондон ҳам уларга керакли кўрсатмаларни доимий тарзда бериб турса, мазкур хатарли топшириқ муваффақият билан бажарилиши кафолатланиб, ижобий тарзда амалга ошиш эҳтимоли анча ортади. Агарда бош қўмондон билан боғланиб туришмасачи? У ҳолда вазифани адо этолмасликларида, мағлубиятга учрашларида, хатто ҳалок бўлишларида ҳам шубҳа йўқ. 

Биз бу ерда бандалар билан уларнинг ҳеч қандай замон ва макон билан чегараланмайдиган Мавлолари, Холиқлари ўртасидаги алоқа тармоғи ҳақида сўз юритамиз. Агар ушбу тармоқ мавжуд бўлса ва мазкур тармоқ орқали бандалар билан Аллоҳ азза ва жалла ўртасида боғланиш ҳам мавжуд бўлса, бандалар учун Аллоҳ тарафидан ёрдам, бахту саодат насиб бўлади. Мана шунда Аллоҳ таоло бандаларини бу дунёда ҳам, охиратда ҳам тинчлик, хотиржамлик, кенгчилик билан икром қилади. Аксинча, бандалар билан Роббилари ўртасидаги алоқа тармоғи узилиб қолса, у ҳолда улар дунёю охиратда зиёнга, муваффақиятсизликка учрашларида шак-шубҳа йўқ. Лекин ўша тармоқ нима, эй Аллоҳнинг бандалари? У тармоқ биргина нарса – намоздир. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига намозни ва унинг аҳамиятини такрор-такрор эслатган. Биз ҳаммамиз Аллоҳ таолонинг Китобини ўқиймиз. Ўқиётганимизда бизга намознинг аҳамиятини англатадиган, ер юзида тарқалиб кетган миллиардлаб мусулмонлар билан уларнинг Роббилари ўртасидаги боғланиш тармоғининг нечоғли муҳим эканлигини билдирадиган оятларга кўп дуч келамиз. Намоз ўқишимиз учун бизга Аллоҳ таолонинг “Намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир” (Нисо, 103) деган ояти етарли эмасми? Ёки У Зотнинг “(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз. Дарҳақиқат, у (намоз) оғир ишдир. Илло, итоатли (хокисор) кишиларга (оғир) эмас” (Бақара, 45) деган сўзи етарли эмасми? Ёки бизга “Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!” (Тоҳа, 14) деган оят кифоя қилмайдими? Мени зикр қилишингни бошланиши учун намозни тўкис адо эт! Мен сени зикр қилишимни бошланиши учун намозни тўкис адо эт! Ўйлайманки, биз билан Мавлойимиз, Холиқимиз ўртасидаги ушбу алоқа тармоғининг муҳимлигини, зарурлигини эслатувчи яна бошқа оятларни келтиришимизга ҳожат йўқ. 

Эй Аллоҳнинг бандалари! Агар мен бирор ишга ажабланадиган бўлсам, ўзини Аллоҳга иймон келтирган мўмин деб билиб, ўзини Аллоҳни улуғловчи банда деб билиб, ўзини У Зот ҳаром қилган ишларни ҳаром деб билувчи инсон деб билиб, ўзини Аллоҳни яхши кўрувчи муҳиб деб билиб, намоз эслатилганда, яъни ўзи билан ўша Улуғлагани, Яхши кўргани, иймон келтирган Роббиси ўртасини боғловчи ришта эслатилганда ундан юз ўгирадиган кимсадан кўпроқ, қаттиқроқ ажабланаман. Нафақат ўзи юз ўгиради, балки бошқаларни ҳам намоз ўқишдан қайтарадиган, юз ўгиришга ундайдиган кимсалардан ҳам қаттиқ ажабланаман. 

Ажабо! Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг йўлбошчимиздирлар! У зот алайҳиссалом: “Кўзимнинг қувончи намозда қилиб қўйилди” деб турган бўлсалару, қандай қилиб ўз иймонида содиқ бўлган мўмин кишининг кўз қувончи намоздан узоқлашишда, намоздан чалғитадиган нарсаларга мойил бўлишда бўлиши мумкин?!  Саҳиҳ ҳадисда у зот алайҳиссалом ўз муаззинлари Билол розияллоҳу анҳуга “Бизни намоз ила роҳатлантир, эй Билол!” деганлар. Бугунги кунимизга назар солсак, кўпчилик мусулмонларда намозга чорланганда, азон айтилганда ўзларида қийинчилик, машаққат туяётганларини кўрамиз. Ҳақиқий роҳатдан ўзларича “роҳат” деб ўйлаган нарсалари томон қочаётганларини кўрамиз. Мана шу ҳолатлар энг ажабланарли нарсалар эмасми, эй Аллоҳнинг бандалари?! 

Мавлойим мени яхши кўргани, менга икром кўрсатгани учун Ўз ҳузурига, даргоҳига, суҳбатига чақириб турса-ю, мен Унинг чақириғига лаббай демасам, қандай қилиб Уни яхши кўрган бўламан?! Агар менда Роббимга нисбатан заррачалик муҳаббатим бўлганида эди бутун вужудим, борлиғим, ҳис-туйғуларим билан “Лаббай, эй Хожам” деган бўлардим. У Зот мени Ўз ҳузурига чорлаганда мен бу таклифни ҳурмат-эътибор билан, ҳурсанд бўлиб, қизғин кутиб олган бўлардим. У Зотнинг ҳузурида туриш қанчалар бахтли лаҳза эканини бутун вужудим ҳис қилган бўлар эдим. Муаззиннинг азони ўша дақиқалар завқидан қалбимга сурур бахш этган бўлар эди. У Зот мени чақирганда, Унинг даргоҳига бориб: “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз” (Фотиҳа, 4) деб хитоб қилган бўлардим. Унга “Бизларни, ғазабга дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш — Тўғри йўлга йўллагайсан” (Фотиҳа, 5-7) деб дуо қилган бўлардим. Кейин Хожамдан, гарчи қулоғим билан эшитмасамда, қуйидаги жавоб келарди: “Сени яхши кўрганим ва икром қилганим сабабли ибодат билан Менга юзланишга қилган азму қарорингни амалга ошиши учун сенга ёрдам бераман. Сени энг тўғри йўлга ҳидоят қиламан. Бу йўлда сени мустаҳкам юрғизиб, дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтиёр қиламан”. Қандай қилиб?! Қандай қилиб Холиқ мени ўз даргоҳи сари чорласа-ю, кейин мен ўша чорловдан юз ўгирсам?! Қандай қилиб Унинг ушбу даъватидан узоқлашсам-да, яна ўзимни Унга иймон келтирган мўмин деб ўйласам?! Қандай қилиб ўзимча мана шундай мусулмонлигим билан азиз бўламан деб ўйлайман?! Ахир бу жуда ажабланарли нарса-ку, эй Аллоҳнинг бандалари! 

Яна бир нарса борки, барчамиз уни эсдан чиқармаслигимиз керак. Қиёмат қоим бўлиб, инсонлар оламлар Роббисининг ҳузурида турганларида ҳисоб қилинадиган жойдан осонлик билан, енгиллик билан, юмшоқлик билан ўтиш рухсатномаси нималигини биласизларми? Ўтиш рухсатномаси бу – намоздир. 

 Сени Аллоҳ азза ва жалланинг Сирот номли кўпригидан яшиндек тез, атрофингдаги ловуллаб турган алангадан қўрқмай, тинч ва хотиржам ўтиб олишингга ёрдам берадиган ушбу рухсатнома нималигини биласанми? Албатта, бу намоздир. 

Аллоҳнинг олдида турганингда сени У Зотнинг итоаткор бандаларидан бири қилиб кўрсатадиган сиймо нима? 

Бу дунёда Аллоҳга юзланиб, Унга бандаликни изҳор қилиб ҳаёт кечирганингни кўрсатадиган сиймо нима? Албатта, бу сиймо намоздир. Ҳа, намоздир, эй Аллоҳнинг бандалари! Сизлар Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини ўқимаганмисизлар “Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб рукуъ ва сажда қилаётган ҳолларида кўрарсиз. Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир” (Фатҳ, 29). 

Уламолар ушбу оятдаги “сиймо” қиёмат куни банданинг Аллоҳ таолога сажда қилаётганда, Уни кўрмасдан муножот қилаётганда, Мавлосига эгилиб рукуъ қилаётганда туядиган ҳурсандчилиги миқдорича бўлишини айтганлар. Ушбу сиймо қиёмат куни банданинг юзида нур бўлиб порлаб туради. Ушбу сиймо Аллоҳнинг мағфиратига сабаб бўлади. Сизлар саҳиҳ ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларини эшитмаганмисизлар. У зот қиёмат куни Ҳавз бўйида ўзлари кўрмаган биродарларини кутиб олишларини таъкидлаб айтдилар. Шунда саҳобалар: “Уларни танийсизми, эй Аллоҳнинг Расули? Уларни кўрмаган бўлсангиз, қандай танийсиз?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Қани менга айтингларчи, бир кишининг қора отлари орасида пешонаси ва оёқлари оқ рангли оти ҳам бўлса, у одам ўша отини танирмиди?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Ҳа” дейишди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Мен ҳам уларни таҳорат асаридан юзлари ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турганидан танийман” деб жавоб бердилар. Бу таҳорат намоздан олдинги босқич, унинг муқаддимасидир. Бу таҳорат Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурида туришга тайёргарликдир. 

Яна қайтариб айтаманки, ажабо, ўзини ҳақиқий мусулмон деб, ҳақиқий мўмин деб, Аллоҳни яхши кўрувчи деб, Аллоҳни улуғловчи деб ўйлайдиган инсон қандай қилиб Аллоҳнинг Ўз ҳузурига чорлашидан қочади?! Қандай қилиб Аллоҳнинг икромидан қочади? Ахир У Зот уни Ўз даргоҳига чорлаяпти-ку! Ахир У Зот унга: “Даргоҳимга кел! Менга муножот қил! Менга сўзла, Мен ҳам сенга сўзлайман. Мени зикр қил, Мен ҳам сени эслайман” деяпти-ку! 

Эй Аллоҳнинг бандалари! Ушбу алоқа тармоғини муҳофаза қилинглар! Агар муҳофаза қилиш тўла-тўкис бўлса, билингларки, биз ғолиб умматмиз. Ана шунда Аллоҳ бизни икром қилади. Билингларки, Аллоҳ бу умматни қувват ва ғалаба билан икром қилади. 

Сўзимиз аввалида айтганимиздек, боғланиш тармоғи бу - намоздир. Ҳеч бир муассаса бу тармоқдан узилиб қолмаслиги керак. Шаҳар ҳам, қишлоқ ҳам бу тармоқдан узилиб қолмаслиги даркор. Аллоҳ билан бизнинг ўртамиздаги ришта намоздир. Қиёматда бизга шафоатчи бўлишини умид қиладиганимиз намоз қурбат риштасидир. Ўзимизнинг гуноҳимиз кўп. Қусурларимиз бисёр. Аллоҳнинг ҳузурида бизга шафоатчи бўлиб, қўлимиздан етаклаб, жаннатларга бошлаб кирадиган ришта намоздир. Сизларга мана шу гапларимни айтаман. Улуғ Аллоҳдан гуноҳларни кечиришини сўрайман.


Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу ndash quotМан ташаббаҳа биқавмин, фаҳува минҳумquot Кимки ўзини бирор қавмга ўхшатса, бас, у ўша қавмдандирrdquo маъносидаги арабча жумлаларни кўпчилик уламо ва давоми...

4447 05:00 / 14.03.2017
Бу китобни ёзиб битиргандан сўнг .Хотима, сарлавҳасини ёзиб, бошқа нарса ёзмасдан, тарк қилган эдим. Хотима кеййнроқ ёзилар, деган фикр бор эди. Китобнинг таҳрири давоми...

3312 05:00 / 14.03.2017
Ўн учўн тўрт аср илгари битилган китобларимизда қул озод қилиш тўғрисида алоҳида фасл ва бобларнинг бўлиши биз мусулмонлар учун фахрдир. Бу масалада ҳаммадан давоми...

3862 05:00 / 14.03.2017
Қуръон отабоболарга, бошлиқларга ва йўлбошчиларга кўркўрона тақлид қилишдан қайтариш билан бирга, фақат бир тарафлама фикрлашдан ҳам қайтаради ва бирор нарса давоми...

3095 05:00 / 13.03.2017